1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Убайдулла Уватов – манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси» мавзусида анжуман ўтказилди

20:30 / 23.02.2021 1536 pdf Ўқиш режими + -

Бугун 23 февраль куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таниқли шарқшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Уватов таваллуди муносабати билан «Убайдулла Уватов – манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси» мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов ва раиснинг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Халқаро ислом академияси раҳбарияти, Академия профессори Аҳаджон Ҳасанов, илмий-тадқиқот маркази раҳбари ва ходимлари, давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ҳамда маданият ва санъат намояндалари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, марҳум устознинг яқинлари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Дастлаб анжуманда олимнинг бой илмий маънавий мероси, ёш авлодни тарбиялашдаги ўзига хос мактаби ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг конференсияда сўзга чиққанлар устознинг илм йўлида кўрсатган беназир меҳнати, бой илмий-маънавий фаолияти, унинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб ўтишди. Шунингдек, Убайдулла Уватов хотирасига бағишлаб «Зиё» медиа маркази томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

– Ўзбекистон халқаро ислом академиясида илмнинг улкан устунларидан бири, тенгсиз шарқшунос олим бўлган Убайдулла Уватов Миср олимлари орасида маълуму машҳур эди, – дейди мисрлик олим Аҳмад Саъд Даманҳурий. – У кишини яхши таниган, қадрдон бўлган араб олимлари бизга Убайдулла домланинг араб тилини мукаммал билишлари, ҳаттоки, Миср шеваларида ҳам бехато сўзлай олганини кўп таъкидлашган эди. У киши ёзиб қолдирган кўплаб асарлар ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, олимнинг ҳадис илмига доир асарларида суннат ва ҳадис имомлари ҳақида батафсил маълумот келтирилади. Бундан ташқари, Ислом оламида улуғ зотлардан бири сифатида эътироф этилувчи Имом Бухорий ҳазратларининг фидойи тадқиқотчиси ҳам Убайдулла Уватов бўлгани ҳақида шогирдлари фахр билан эътироф этишади.

Убайдулла Уватов мустақиллик йилларида Ислом оламида жуда машҳур бўлган, аммо ўз ватанида исми ҳам нотаниш бўлган кўплаб алломаларимизнинг ҳаёт йўли, илмий-маънавий меросини халқимизга таништиришдек шарафли ишни амалга оширди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Абу Зайд Ломиший каби юртимизда камолга етган кўплаб алломалар ҳақида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида илмий-маърифий рисолалар 300 дан ортиқ мақолалар ва 50 га яқин китоб нашр эттирди. Мазкур илмий ишлар орасида рус, араб, турк тилларида чоп этилган тадқиқотлар ҳам талайгина бўлиб, улар Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистонда нашр этилган.

Таъкидлаш жоизки, 2017-йилдан вафотига қадар Убайдулла Уватов Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори сифатида ҳам она заминимизда қадимда фаолият юритган юзлаб алломаларимизнинг илмий фаолияти, ма’навий меросини кенг тадқиқ этишда самарали иш олиб борди.

Убайдулла Уватовнинг ҳалол меҳнати, самарали фаолияти, ёшлар таълим-тарбиясига қўшган беқиёс ҳиссаси давлатимиз томонидан ҳам муносиб қадрланиб, 2009-йили «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2017-йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси фахрий унвони, 2020-йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

Шунингдек, конференсияда Убайдулла Уватовнинг шогирдлари сўз олиб, йиғилганларга устоз ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишди. Устознинг ёрқин хотирасига бағишлаб ўтказилган анжуман барчада катта таассурот қолдирди. Анжуман якунида йиғилганлар Убайдулла Уватов ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари хотирасида меҳрибон ва хушфеъл, жонкуяр устоз бўлиб қолиши шубҳасиз эканини таъкидлашди.

Манба: iiau.uz

Мавзуга оид мақолалар
Бугун 2022 йил 15 ноябрь куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган .Hilol nashr, нашриётматбаасига мисрлик уламолардан бири Қоҳира давоми...

2364 20:37 / 15.11.2022
Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 31 июль куни нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаrdquoги қарорини давоми...

1552 19:30 / 24.07.2020
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бўлган устоз Муродхон домланинг аҳлиялари вафоти муносабати билан у кишининг давоми...

1230 12:25 / 18.10.2023
2019 йил 14 сентябрь куни .Hilolnashr, нашриётматбаасининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб .Олам ва одам, дин давоми...

1800 13:03 / 14.09.2019
Видеолар
Аудиолар

135085 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55362 14:35 / 11.08.2021