1447 йил 17 жумадис сони | 2025 йил 08 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

32-боб. Қариндошлик алоқасини узганнинг гуноҳи

12:10 / 21.03.2019 5166 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

64. Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман».

Шарҳ: Силаи раҳмни узиш ана шундай катта гуноҳдир, инсоннинг жаннатга кирмай қолишига сабаб бўладиган гуноҳ ишлардандир. Аллоҳ таоло бундан Ўз паноҳида асрасин.

65. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Раҳм Роҳмандан олинган. У: «Эй Роббим! Менга зулм қилинди. Эй Роббим! Мени узишди. Эй Роббим! Мени…, мени…» дейди. «Сени узганни узишимдан, сени боғлаганни боғлашимдан рози бўласанми?» дейди У Зот».

Шарҳ: Демак, бу дунёда қариндошлик алоқасини узганлардан қиёмат куни Аллоҳ таоло алоқани узар экан, силаи раҳм қилганларга эса раҳм қилар экан. Бу ҳам силаи раҳмни узиш оғир мусибат эканини, бундай қилганлар қиёматда жуда оғир ҳолатда бўлишини, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлишини билдиради.

66. Саъид ибн Самъондан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайранинг ёш болалар ва эсипастлар ишбоши бўлиб қолишидан паноҳ сўраганини эшитдим».

Саъид ибн Самъон айтади:

«Менга Ибн Ҳасана Жуҳаний хабар берди. У Абу Ҳурайрага:

«Бунинг белгиси нима?» деган экан.

«Қариндошлик алоқасининг узилиши, иғвогарга итоат этилиши ва муршидга осийлик қилиниши», дебди у».

Шарҳ: Яъни «Ўшанда қариндошлик алоқаларининг узилиши бошланади», деган эканлар.

Ёшлар қариндошларнинг қадрини билмайди, ҳовлиқиб, ҳар тарафга югуради, қариндош-уруғни эсдан чиқаради. Иғвогарга итоат қилинади. Иғвогарларнинг иши юришиб кетади, ёш болани ишонтириб, ишни ўз фойдасига буради.

Муршид одам, яхши одам, тўғри, мукаммал одамнинг айтганини ҳеч ким қилмай қўяди. Унга исён этилади. Ана шулар одамларнинг бошига тушган кулфатнинг аломатлари экан.

Қаерда қариндошлик алоқалари узилса, иғвогарга итоат, муршидга исён қилинса, бундай жамиятда яхшилик бўлмас экан. Бу ерда ҳам қариндошлик алоқаларининг узилиши биринчи ўринда зикр қилиняпти. Бундан жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги таъкидланмоқда.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ёш болалар ва эси пастларнинг ишбоши бўлиши жамият учун яхши эмаслиги.

2. Қариндошлик алоқаларининг узилиши жамият учун ёмонлик аломати экани.

3. Иғвогарга итоат этилиши жамият учун ёмонлик аломати экани.

4. Муршид – яхшиликка бошловчига осийлик жамият учун ёмонлик аломати экани.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Эй Аллоҳнинг Расули Фалон аёл кечаси намозда қоим бўлади, кундузи рўза тутади, яна бошқа давоми...

2487 19:03 / 07.11.2019
.Силаи раҳм, таркибининг луғатдаги ва уламолар истилоҳидаги маъносини яхшилаб билиб олишдан бошлаганимиз мақсадга мувофиқ бўлади. .Сила, сўзи араб тилида .қўшиш,, давоми...

1053 08:15 / 23 август
Ўзлари муҳтож бўла туриб, муҳожирларга ёрдам қўлини узатган ансорлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган .Улардан аввал бу диёрда ва давоми...

3375 14:00 / 12.07.2022
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди,.Шарҳ Мўминмусулмонлар бирбирларига кўзгу вазифасини давоми...

2649 10:00 / 16.11.2021
Аудиолар

211735 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130985 14:35 / 11.08.2021