1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ҳамма билиб қўйиши лозим

11:20 / 07.10.2019 3029 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон камолот ёшига етганида куч-қувватга тўлади. Аммо ёши ўтиб, аста-секин кексайиб борар экан, кўзидан нур, белидан қувват кета бошлайди, барча аъзоларида қарилик аломатлари сезилади. Танасидаги куч бора-бора камайиб, ҳаракатлари сусаяди, фикрлаш, эслаш қобилияти ҳам пасайиб боради. Бундай ҳолатлар Аллоҳ таолонинг Каломи – Қуръони Каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизларни яратгандир. Сўнгра сизларни вафот эттирадир. Сизлардан билимли бўлгандан сўнг ҳеч нарса билмайдиган бўлиши учун умрнинг энг заифлигига қайтариладиганлар бор. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта қудратлидир» (70-оят).

Одамларни яратган Зот Аллоҳдир. Шунинг учун ҳам инсон Яратувчисига шукрда, иймонда ва ибодатда бўлмоғи лозим. Лекин кўпчилик бундай эмас, ношукр, кофир ва осий бўлади. Ҳамма билиб қўйиши лозимки:

«Сўнгра сизларни вафот эттирадир».

Табиийки, вафот эттирган Зот ҳисоб-китоб ҳам қилади. Ўлимдан олдин бунга ҳам тайёр бўлиш керак.

«Сизлардан билимли бўлгандан сўнг ҳеч нарса билмайдиган бўлиши учун умрнинг энг заифлигига қайтариладиганлар бор».

Буни ҳам ўйлаб қўйиш лозим. Агар ишлар инсоннинг истаги бўйича бўлса, одамзод ўлимни хоҳламаганидек қариб-чириб, ақли-ҳуши кетиб, ҳеч нарсага ярамайдиган бўлиб қолишни ҳам ҳеч истамаслиги аниқ. Аммо ўлим ҳам, қарилик ҳам ундан сўрамай келади. Инсонлар ўлимдан ваъз-насиҳат олганларидек, қариликдан ҳам ўзларига панд-насиҳат олишлари лозим.

«Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта қудратлидир».

У Зот ҳамма нарсани билиб қилади. У Зотнинг ҳамма нарсага қудрати етади.

Шунингдек, инсон қариганида сочи оқариши, суяги мўртлашиши ва бошқа баъзи хусусиятларини йўқотиши ҳам бор. Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:

«(Бу) Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир» (2-оят).

Яъни «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, ушбу қисса

«Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».

Эй охирзамон Пайғамбари!

«Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла» (3-оят).

Аллоҳдан бирор ҳожатини риёкорона ва хўжакўрсинга эмас, сидқидилдан, ихлос билан илтижо қилиб сўрайдиган одам махфий сўрайди. Шундай илтижоли дуонинг қабули ҳам осон бўлади. Аллоҳ таолонинг барҳақ пайғамбари Закариё алайҳиссалом ҳам Роббларига махфий дуо билан илтижо қилдилар.

«У деди: «Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, Роббим, Сенга дуо қилиш-ла бахтсиз бўлмаганман» (4-оят).

Закариё алайҳиссалом муддаоларини баён этмасларидан бурун аҳволотларининг сабабини зикр этиб, дардларини тўкиб солдилар.

«Роббим, менинг суякларим мўртлашди…»

Суяги мўртлашган одам қариб, бутун вужуди заиф бўлиб қолади.

«...бошга оқ туташди...»

«Бошимдаги сочларга оқ туташди».

Бу ҳам кексаликнинг аломати.

«...Роббим, Сенга дуо қилиш-ла бахтсиз бўлмаганман».

Қачонки Сенга дуо қилдим, саодатманд бўлдим. Дуоларимни доимо қабул айлаб, мени умидда қатъий қилиб қўйгансан.

Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:

ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ

«Эй Закариё, албатта, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга исмдош қилган эмасмиз» (7-оят).

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Ул зотга ўғил фарзанд берди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё деб исм ҳам қўйди ва бу исм билан ундан олдин ҳеч ким шарафланмаганини таъкидлади. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғ эканидан дарак берар эди.

Роббининг бу қадар ҳайратомуз жавобидан Закариё алайҳиссалом шошиб қолдилар:

«У: «Роббим, менда ўғил қаёқдан бўлсин?! Ахир аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб, мункиллаб қолган бўлсам?!» деди» (7-оят).

Закариё алайҳиссалом бу фикрни инсонийлик воқелигидан келиб чиқиб изҳор этдилар. Одатда, бепушт хотиндан бола бўлмайди. Боз устига, унинг жуфти суяклари мўртлашиб, сочлари оқариб, қариб, мункиллаб қолган мўйсафид бўлса, фарзанд туғилмаслиги тажрибалардан аён.

«Қарилик заифликдан иборатдир».

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир. У хоҳлаганини яратадир. У билувчидир, қудратлидир» (54-оят).

Эй одамлар, ўзингизга бир қараб қўйинг.

«Аллоҳ сизни заифликда яратган...»

Ҳамма томонингиз заифликдан иборат. Асли уруғларингиз «нутфа» деб аталмиш бир томчи жирканч сувдир. У жуда ҳам заиф нарса. Аммо Аллоҳ Ўз инояти ила ўша заиф сувдан ҳомила пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади. Ҳеч нарсага қодир эмас. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, бачадонда ётиши, вақти-соати келиб, ундан эсон-омон чиқиши ҳам мумкин эмас. Туғилган чоғида ҳам инсон боласи энг заиф ҳолатда бўлади. Узоқ йиллар давомида ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ

«…заифликдан кейин қувватли қилган»дир.

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унга бу қувватни бермайди. Вояга етган инсон ҳамма жиҳатдан қувватга эришади. Лекин бу ҳам абадий эмас. Аллоҳ унга:

«...қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир».

Вақти-соати етиб, инсон қариб, куч-қувватдан кетади. Дунё ана шундай нарса. Ундаги ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло бажаради.

«У хоҳлаганини яратадир».

Ҳа, Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлади.

«У ўта билувчидир, ўта қудратлидир».

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсага қудрати етувчи Зотдир.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн Муъоз Ашҳалий момосидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй мўмина аёллар Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга давоми...

2587 11:20 / 23.11.2019
.Биз инсонни отаонасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни қорнида қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни сутдан ажратиш давоми...

1773 09:40 / 08 май
Ғарб олимлари деярли ҳар куни одамларга бирор ижобий ишни тавсия қилмоқдалар. Ушбу тавсиялари эса кўп ўринларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3229 14:00 / 02.05.2023
. ,. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Кишига гуноҳ ўлароқ қарамоғидагиларни зое қилиши етарлидир,, давоми...

1282 11:30 / 12 июнь
Аудиолар

210841 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130105 14:35 / 11.08.2021