1446 йил 11 жумадис сони | 2024 йил 13 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Жинсий яқинликка оид ҳукмлар ва одоблар (ўн еттинчи мақола)

20:02 / 21.09.2020 6406 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда ҳаром қилинган жинсий яқинлик қилишнинг яна бир кўриниши бу орқага яқинлик қилишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Сен: Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», деб айт. Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер». (Бақара сураси, 222, 223‑оятлар).

Ушбу оятлардаги «уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг» жумласидан аёлларнинг фақат олд тарафига, яъни фаржига яқинлик қилиш ҳалол бўлиши ва уларнинг орқасига яқинлик қилиш ҳаром эканлиги маълум бўлади. Шунингдек «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг» жумласидан аёлларнинг олдига, яъни фаржига яқинлик қилинганда олд тарафдан ҳам, орқа тарафдан ҳам келиш жоизлиги билинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинининг орқасига яқинлик қилган одам лаънатлангандир» деб айтганлар.

Абу Довуд ривояти.

Ўз орқасига яқинлик қилинишига йўл қўйиб берган аёллар ҳам ушбу лаънат остига кирадилар.

Жинсий яқинликка оид ҳукмлар ва одоблар

Ислом шахс ва жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида энг тўғри кўрсатмаларни бергани каби эр-хотин орасидаги жинсий яқинликка оид кўрсатмаларни ҳам берган. Ушбу кўрсатмаларни уламоларимиз Қуръон ва Суннатдан олиб биз умматларга баён қилиб берганлар.

Жинсий яқинликка оид ҳукмлар ва одоблар қуйидагилардан иборат:

– Аввало инсон ҳожати бўлмаса яланғоч ҳолатда бўлмаслиги керак. Олдида ҳеч ким бўлмаган тақдирда ҳам у Аллоҳдан ҳаё қилиши лозимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдида ҳеч ким бўлмаганда яланғоч бўлиш ҳақида сўралганда: «Аллоҳ ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ҳаё қилинишга лойиқроқ Зотдир» деганлар.

Термизий ривояти.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Зеро қазои-ҳожат ва эр ўз аёлига қўшиладиган вақтдан бошқа вақтларда сизлардан ажралмайдиганлар бор. Улардан ҳаё қилинглар ва икром этинглар» деганлар.

Термизий ривояти.

– Жинсий яқинлик олдидан эр-хотин қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқишлари мустаҳабдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бирортангиз ўз аёлига яқинлик қилишни ирода қилганда: «Бисмиллаҳи, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона, ва жаннибиш шайтона маа розақтанаа» деса, ўша қўшилишдан Аллоҳ уларга фарзанд насиб қилган бўлса, ўша фарзандга шайтон ҳеч қачон зарар бера олмайди».

Бухорий ривояти.

Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг номи ила. Аллоҳим биздан ва бизга ато этадиган фарзанддан шайтонни четда қилгин.

– Жинсий яқинлик вақтида эр-хотин ўзлари холи қолишлари, олдиларида ҳеч ким бўлмаслиги шарт. Уларнинг олдиларида фарзандлари ҳам бўлмаслиги ва овозлари эшитилмайдиган бўлиши зарур.

– Бирдан жинсий яқинликка ўтмасдан ўзаро эркалатиш ила даражама-даража киришиб бориш керак.

– Исломда зўрлаш мумкин эмас. Жинсий алоқа вақтида ҳам қўполлик қилиш, тан жароҳати етказиш каби ишлар жоиз эмас.

– Аёл кишини эри тўшакка чақирганда ҳар қандай ҳолатда бўлмасин ижобат этиши лозим. (Рўзадор бўлган ҳолати бундан мустасно, бунда рўзадор эканлигини эслатиб узр сўраб қўяди).

– Аёл ҳам, эр ҳам бир-бирлари учун зийнатланишлари, хушбўйлик ишлатишлари Исломда гўзал саналган амаллардандир.

– Эр-хотин бир-бирларининг жинсий аъзоларига иложи борича қарамасликлари зарур.

– Қайта жинсий алоқага киришишдан олдин таҳорат олиш мақталган ишлардандир.

– Уламолар Исломда «азл» қилиш маълум ҳолатларда жоизлигини айтганлар. «Азл» – эркак ўз уруғлигини аёлининг бачадонидан бошқа ерга тўкишидир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида «азл» қилар эдик. Буни у кишига етказилганда бизни бу ишдан қайтармаганлар»

Имом Бухорий ривояти.

– Уламолар: «Аёл ҳомиладор бўлган ҳолатида унга жинсий яқинлик қилиш жоиз», деганлар.

– Жинсий алоқадан кейин эр ҳам, аёл ҳам албатта ғусл қилишлари фарздир. Зеро жунуб (жинсий яқинликдан кейин ғусл қилмаган) одамга ғусл қилмагунча намоз ўқиш ва бошқа ибодатларни амалга ошириш мумкин бўлмайди.

– Эр-хотин бир-бирларининг жинсий аъзоларига оғизлари билан тегишлари, ўпишлари жоиз эмас. Бундан бошқа тана қисмларини ўпишнинг ҳечқиси йўқ.

– Эр-хотин бир-бирларининг тўшакдаги сирларини бошқаларга айтмасликлари, бир-бирларининг тана тузилишларини бошқаларга васфламасликлари шартдир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мартаба жиҳатидан одамларнинг энг ёмони аёли билан, аёли у билан яқинлик қилгандан кейин аёлининг сирини ошкора қилиб юрадиган одамдир» дедилар.

Имом Муслим ривояти.

– Исломда ҳаром қилинган ҳайз ва нифос вақтида яқинлик қилиш, орқага яқинлик қилиш, истимно каби ишларни қилиш жоиз эмас. Булар ҳақида юқорида айтиб ўтилди.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни давоми...

5884 21:10 / 04.01.2019
Маййит чиқган хонадоннинг қўшнилари, ёру дўстлари ёки маййитга алоқадор кишилар учун мустаҳаб бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларини давоми...

7983 15:01 / 07.07.2020
Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди.Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни Каъбани ҳаж ndash зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимдаким кофир бўлса давоми...

3098 14:01 / 28.01.2019
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. Пайғамбаримиз дедилар .Қиёмат олдидан олти нарсани давоми...

4438 10:06 / 09.06.2022
Аудиолар

136831 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56925 14:35 / 11.08.2021