1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Асарлари юз йиллардан бери дарслик сифатида ўқитиладиган Мулла Алий Қорини қанчалик биламиз?

15:08 / 21.09.2020 2682 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Аллома Қуръони каримни ҳар олти ойда (бир йилда икки бор) тўла кўчирар, бирининг пулини Ҳарамдаги фақир-мискинларга садақа қилар, иккинчисиникини эҳтиёжларига сарфлар эди», деб ёзади, Шайх Абдулҳалим Нўъмоний ўзининг «Ал-Имоми Алиюл Қори ва асариҳи фи илмил ҳадис» асарида.

Қайси аллома ҳақида сўз кетяпти бу ерда? Хаттотлик ва таржима ишлари билан кун кечирган, орттириб садақа ва эҳсонлар қилган, шу билан бирга 180 га яқин асар битган буюк зот ким?

Бу киши - Нуриддин Алий ибн Султон Муҳаммад ал-Ҳаровий ал-Маккий ал-ҳанафий, ал-Қори номи билан танилган. У зот қироат илмида имомлардан бўлганлиги учун ал-Қори номи билан машҳур бўлган .

Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи Хуросоннинг энг катта шаҳарларидан бўлган Ҳирот шаҳрида туғилиб ўсди. Ҳиротнинг катта уламоларидан илм таҳсил олиб Маккага риҳлат қилдилар ва шу муборак ерни вафот этгунга қадар ўзига ватан қилиб олдилар.

Аллома исломий илмларнинг барча соҳасида 180 га яқин ўта қимматбаҳо асарлар ёзиб қолдирганлар. Булардан аксарининг ёзма нусхалари ушбу кунимизгача етиб келган.

Жумладан, ақоидга доир китоблари 15 та, ақоидга ёзган шарҳлари 4 та, тафсир ва Қуръон илмига доир китоблари 10 та, ҳадис илмига доир 19 та, фиқҳ илмига доир асарлари 45 та, тасаввуф илмига доир китоблари 15 та, сияр ва тарожими аҳвол китоблари 7 та, араб тили ва адабиётига доир 9 та китоб ва турли масалаларда 5 та муҳим асарларни битганлиги маълум.

Уларнинг ичидан энг машҳурлари қуйидагилардир:

– «Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар» («Фиқҳул акбар»нинг шарҳи ҳақида чаманзор ҳадялари). Бу асар имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг «Фиқҳул акбар» асарига ёзилган энг салмоқли шарҳларидан биридир.

– «Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкатил масобиҳ» («Мишкатул масобиҳ» шарҳи калитларига олиб борувчи зиналар). Бу асар Хатиб Табризийнинг ҳадис илмига оид «Мишкатул масобиҳ» (Чироқлар токчаси1) китобига ёзилган шарҳдир.

– «Шарҳу Шамоил» («Шамоил»нинг шарҳи). Бу асар имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» (Муҳаммад алайҳиссаломга хос хусусиятлар) асарига ёзилган шарҳдир.

– «Шарҳу Айнил илм («Айнул илм» шарҳи). Бу асар Муҳаммад ибн Усмон Балхийнинг «Айнул илм ва зайнул ҳилм» (Илм булоғи ва ақл зийнати) асарига ёзилган шарҳ бўлиб, одоб-ахлоққа тааллуқли мўътабар асар ҳисобланади.

– «Зовъул маолий либадъил амолий» («Бадъул амолий»нинг улуғворлик ёғдуси). Бу асар Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг «Бадъул амолий» асарига ёзилган шарҳдир.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий «Ироқ аҳлининг фақиҳлари ва уларнинг сўзлари» рисоласида: «Имом Абу Ҳанифанинг издошларидан Мулла Алийюл Қори ҳофиз, беназир муҳаддис олим эди», деб ёзади.

Шайх Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий эса «Ат-Таълиқус Сабиҳ» асарида уни: «Улуғ муҳаддис, ақли ўткир, фозил, замонасида тенгсиз, асрининг танҳо олими», дея таърифлайди.

Алломанинг баъзи асарлари неча асрлардан бери ўқув юртларида муҳим дарслик ва қўлланма бўлиб келмоқда.

Олим илм ва ибодатда собитқадам ва мўътадил бўлган. Манбаларда у зотнинг моҳир хаттот ҳам бўлгани айтилади. Аллома мискин ва муҳтожларга кўп ёрдам берган, ҳалол ризқ истаб, таржима ишлари билан шуғулланган.

«Аллома Қуръони каримни ҳар олти ойда (бир йилда икки бор) тўла кўчирар, бирининг пулини Ҳарамдаги фақир-мискинларга садақа қилар, иккинчисиникини эҳтиёжларига сарфлар эди», деб ёзади, Шайх Абдулҳалим Нўъмоний ўзининг «Ал-Имоми Алиюл Қори ва асариҳи фи илмил ҳадис» асарида.

Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи Маккаи Мукаррамада ҳижрий 1014 йили шаввол ойида вафот этди ва Ал-Муъалло номли қабристонга дафн этилди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар Миср уламоларига етиб борганда Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳининг обрў-эътибори улуғ бўлганлигидан Миср уламолари Ал-Азҳар жомеъасида унинг ҳаққига ғоибона жаноза намозини ўқидилар.

Манбалари асосида Бобур Аҳмад тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Абу Дардо розияллоҳу анҳу гуноҳ иш қилиб қўйган бир одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар уни сўкишарди. У киши одамларга қараб, .Агар у қудуққа тушиб кетса, уни давоми...

2308 07:10 / 21.06.2019
Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири ndash ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини давоми...

5493 08:30 / 26.01.2023
Баъзи араб луғати олимлари дуч келган уламолар билан сабабли .Музокара, деб лақабланганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар .Нузҳатул албаб фил алқоб, да айтади .Музокара деб давоми...

2619 15:50 / 01.02.2020
Дажжол ҳақида саҳиҳ ҳадисларДажжолнинг охир замонда чиқиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда аниқ равшан баён давоми...

5946 06:07 / 09.11.2018
Аудиолар

213127 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132349 14:35 / 11.08.2021