1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Қуръон ва туш

05:00 / 03.03.2017 35527 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Қуръони каримданда туш асосан Юсуф сурасида зикр қилинган. Бу сура туш билан бошланади, унинг ўртасида ҳам, охирида ҳам туш ва унга оид нарсалар зикр қилинади.

Сураи каримада Юсуф алайҳиссалом кўрган тушини отаси Яъқуб алайҳиссаломга сўзлаб бераётганини тасвирлаш билан қиссага кирилади:

Эй Пайғамбар!

«Юсуф отасига: «Эй отажоним, мен ўн битта юлдузни ҳам қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», деганини эсла».

Бу тушни кўрганда Юсуф алайҳиссалом ёш бола эди. Одатда ёш болалар бунчалар аниқ ва башоратли туш кўрмайдилар. Яъқуб алайҳиссалом кичик ўғли Юсуфдан кўрган тушини эшитиб, шу гаплар хаёлидан ўтди. Бу туш улуғ келажакдан башорат эканини англади.

Аммо бу башоратдан ҳамма ҳам хурсанд бўлавермаслигини, жумладан, Юсуфнинг ўгай акалари рашк қилишлари мумкинлигини ҳисобга олиб, мушфиқ оталарга хос эҳтиёткорлик билан у киши ўғиллари Юсуфга:

«У: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла қилмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир».

Яъни, сенинг тушингни эшитсалар, рашклари келиб, уларни шайтон йўлдан уриб қўймасин ва бирон макр-ҳийла ишлатиб, сенга зарар етказмасинлар.

Сўнгра Яъқуб алайҳиссалом сўзларида давом этиб, яна қуйидагиларни айтди:

«Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб олади, сенга тушларнинг таъбирини ўргатади ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, Ўз неъматини батамом қилиб беради. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли зотдир», деди».

Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф кўрган тушни ана шундай таъбир қилган эди. Бу туш Юсуфнинг келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби Пайғамбар бўлишидан дарак берар эди. Пайғамбар бўлгунча эса, Аллоҳ таоло унга тушларнинг таъбирини ўргатади. Бу неъматлар фақат Юсуфнинг ўзигагина эмас, Яъқуб алайҳиссаломнинг бошқа фарзандларига ҳам берилишига башорат бор эди. 

Акаларининг қилмишлари туфайли савдогарлар қўлига туган Юсуф алайҳиссаломни Мисрнинг азизи сотиб олади. Азизнинг хотини томонидан уюштирилган фитна сабабли Юсуф алайҳиссалом қамоққа тушадилар.

«У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: «Мен тушимда, шароб тайёрлаб юрибман», деди. Бошқаси эса: «Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», деди. «Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз». 

Қамоқда турли одамлар бор эди. Жумладан, Юсуф алайҳиссаломга ўхшаб олий табақа истаган ишни қилмай, уларнинг қаҳрига учраганлар ҳам. Юсуфнинг алайҳиссалом ақл-заковати, тақвоси, художўйлиги ошкор кўриниб турганидан қамоқдаги одамлар у зотга кўнгилларини очадиган, маслаҳат сўрайдиган бўлишди.

«У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди». 

Яъни, Юсуф алайҳиссалом қамалганда, бошқа икки йигит ҳам банди эди. Бир куни ўша икки йигит у кишининг ҳузурларига келишди:

«Улардан бири: «Мен тушимда, шароб тайёрлаб юрибман», деди».

Яъни, узумни сиқиб, ундан хамр-шароб тайёрлаб юрибман, деди. Бошқаси эса:

«Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», деди».

Иккинчи йигитнинг туши ҳам ўзига хос эди. Икковлари ҳам тушларининг таъбирини билишни хоҳлардилар.

«Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз».

Шунинг учун ҳузурингга келдик. Бўлмаса, келмас эдик, дейишди.

Ҳақиқий даъватчи Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда ҳар бир ҳолатдан унумли фойдаланади. Юсуф алайҳиссалом ҳам йигитларнинг эҳтиёж туфайли ҳузурларига келишганини даъват учун қулай фурсат билди. Кўнгилларини тўқ қилиш учун аввал уларни қизиқтираётган масалада гап очиб қўйиб, сўнгра даъватга ўтдилар:

«У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати-динини тарк этган одамман».

Юсуф алайҳиссалом ўзларига умид билан қараб турган икки йигитга латофат билан жавоб бердилар. Дастлаб, улар тушунолмай қийналаётган жумбоқни ечиш осон иш эканлигига ишора қилдилар.

«У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман», деди.

Яъни, келажакда етадиган ризқнинг хабарини бериш имкони борлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, бу фазлнинг ҳақиқий масдарига далолат қилиб:

«Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир», деб қўшиб қўйдилар.

Шу билан бирга, ўзларига Парвардигори Олам бошқа нарсаларни ҳам таълим берганлигини билдирдилар ва ўша Роббоний таълим асосида иш олиб бораётганлари ҳақида хабар бериб:

«Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати-динини тарк этган одамман», дедилар.

Демак, у кишининг ақидалари ва даъват қилаётган динлари бошқа динлар қатори Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришга асосланган. Бу икки унсур ҳамма Пайғамбарларнинг ақидасидир. Сўнгра Юсуф алайҳиссалом сўзларини давом эттирдилар:

«Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати-динига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар».

Юсуф алайҳиссалом бу сўзлари билан куфрни тарк этибгина қолмай, ҳидоят, иймон йўлига юриш зарурлигини ҳам қамоқдаги шерикларига англатмоқдалар. Уларни куфр миллатини ташлаб, иймон миллатига эргашишга даъват қилмоқдалар.

«Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати-динига эргашдим».

Бу миллат холис тавҳид миллатидир. Унда куфр ва ширкдан асар ҳам йўқ.

«Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди».

Агар шундай бўладиган бўлса, мўмин бўлмасдик.

«Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди».

Ҳидоятга эришиб, тавҳид йўлида юриш катта бахт. Бу бахтни эса, фақат Аллоҳнинг Ўзигина бера олади. Ўзини билган одам учун бу улкан фазлдир. Унга шукр этиш, ўша ҳидоятда собитқадам бўлиш зарур.

«Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар».

Оқибатда, бу тенгсиз фазилатдан бебаҳра қоладилар.

«Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман Робблар яхшими ёки ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми?»

Юсуф алайҳиссаломнинг ҳибсдаги шерикларига берган ушбу савол ҳар бир инсон ўйлаб кўриши лозим бўлган саволдир. Ҳамма нарсага хукми ўтадиган, бутун борлиқни Ўзига бўйсундира оладиган, Қаҳҳор сифатига соҳиб ёлғиз Аллоҳни Робб–тарбиякунанда деб билган яхшими ёки бу сифатларнинг тариқчасига эга бўлмаган турли-туман худоларни Робб–тарбиякунанда қилиб олган яхшими? Ҳақ жавоб битта: Қаҳҳор зот бўлмиш ёлғиз Аллоҳни Робб–тарбиякунанда қилиб олишдан бошқа яхшилик йўқ. Чунки:

«Сизлар ундан ўзга, ўзингиз ва отАбу Бакроболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».

Қаҳҳор сифатига эга бўлган ёлғиз Аллоҳни Робб деб билиш тўғри бўлгандан кейин Унга ибодат қилиш, яъни, Унга бўйинсуниш, Унинг айтганини қилиш, Унгагина сиғиниш керак.

«Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва отАбу Бакроболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар».

Яъни, бўйинсунмоқдасиз, уларни рози қилиш учун уринмоқдасиз, сиғинмоқдасиз. Ҳолбуки, сиз ибодат қилаётган нарсалар ўзингиз ва отАбу Бакроболарингиз қўйиб олган номлар, холос. Улар турли-тумандир. Баъзиларини ўзингиз ёки отАбу Бакроболарингиз қўл билан тош-ёғочдан йўниб олгансизлар. Баъзилари эса, ҳайвонлар ёки ўзингизга ўхшаган одамлардир. Яна баъзилари турли-туман урф-одат, тузум ёки фирқалардир. Буларнинг ҳеч бири инсонлар учун парвардигор бўлишлик салоҳиятига эга эмаслар. Аллоҳ уларнинг Робб бўлишлари ҳақида бирон ҳужжат ҳам нозил қилган эмас. Аслида:

«Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир».

Демак, ер юзида бандалар устида ҳукми юрадиган биттагина зот бор, у ҳам бўлса, Аллоҳ таолодир. Ҳаммага, ҳамма нарсага фақат Унинг ҳукмигина жорий бўлмоғи лозим. Ҳамма фақат Унинг ҳукми билангина яшамоғи лозим. Ундан ўзганинг ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Ҳукм қилиш хос бўлган зот Аллоҳдир.

«У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди».

Ундан ўзгага ибодат қилманг, бўйинсунманг, ҳукмига юрманг, рози қилишга уринманг ва сиғинманг.

«Ана ўша тўғри диндир».

Фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишлик, Ундан ўзгага ибодат қилмаслик энг тўғри диндир-бўйинсунишликдир, ибодат қилишликдир, ҳукмига юришликдир.

«Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».

Шунинг учун бу одамлар Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб, турли низомларнинг, ўзларига ўхшаган одамларнинг, фирқаларнинг ҳукмига юрадилар. Бу билан ўша тоғутларга ибодат қиладилар.

Шу билан Юсуфнинг алайҳиссалом зиндондаги дўстларини Аллоҳнинг йўлига даъват қилишлари охирига етади. Энди икки йигитнинг фикрларини ишғол қилиб турган масалага, улар кўрган тушларни таъбир қилишга ўтадилар:

«Эй ҳамзиндон дўстларим, сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қилади. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейди. Сиз билмоқчи бўлган иш битди», деди».

Юсуф алайҳиссалом туш таъбирини айтишда жуда риоя билан, одоб билан иш тутдилар. Ҳалиги йигитларга, сенинг тушингнинг таъбири бу, сеники бу демадилар. Балки тушининг таъбири нохуш бўлган шахсга оғир ботмаслиги учун:

«сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қилади. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейди», дедилар.

Албатта, шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, тушида шароб сиқаётган йигит яна бориб, хўжаси–подшоҳ саройида соқий бўлиб хизмат қилар экан. Тушида бошида нон кўтариб юрган, ўша нондан қушлар чўқиб еяётганини кўрган шахс эса, осилади ва қушлар келиб, бошини ейди.

«Ва у ўзи икковларидан нажот топгувчи деб билган шахсга: «Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», деди. Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди».

Юсуф алайҳиссалом икки ҳамзиндон дўстларига тушларининг таъбирини айтиб бўлганларидан сўнг, улардан нажот топади, деб билган шахсга, яъни, соқийга:

«Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», дедилар.

Чунки туш таъбири бўйича, бу йигит яна саройга кириб, хўжаси подшоҳга соқий бўлиши кутиларди. Худди ўша подшоҳ Юсуфни алайҳиссалом суриштирмай-нетмай, турли иғво-бўҳтонлар асосида қамашга амр қилган эди. Унга яқин бўлган соқий қамоқда ноодил ҳукм ила бир мазлум ётганини эслатса, бирор кушойиш бўлармикан, деган хаёлга бордилар.

Дарҳақиқат, тушнинг таъбири тўғри чиқди. Ҳалиги йигит қамоқдан озод бўлиб, яна подшоҳга соқийлик қила бошлади. Аммо Юсуф алайҳиссаломнинг илтимосини бажо келтирмади.

«Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди».

Яъни, шайтон соқийга подшоҳ ҳузурида Юсуф алайҳиссаломни эслатишни унуттирди. Оқибатда:

«Бас, у қамоқда бир неча йил қолди».

Бу эса, бандалар воситаси ила эмас, фақат Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила ишлар ҳал бўлишидан бир дарс эди. Аллоҳга муқарраб бўлган бандалар доимо унинг ўзидан сўрашлари ва кутишлари лозимлигининг яна бир таъкиди эди.

«Подшоҳ: «Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», деди.

Миср подшоҳининг «кўрмоқдаман» деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.

«Улар: «Бу алғов-далғов тушдир. Биз бундай тушларнинг таъбирини билувчи эмасмиз», дедилар».

Биз «алғов-далғов туш» деб таржима қилган маъно оятда «адғасу аҳломин» деб келган. Араб тилида «адғас» деб ҳўлу қуруқ аралаш ўт боғламига айтилади, «аҳлом» эса, «ҳулм»нинг жами бўлиб, уйқуда кўрилган бўш хаёл маъносида ишлатилади.

Аслида, аъёнлар подшоҳ тушининг яхшиликка далолат қилмаслигини билсалар ҳам, қандайдир кўнгилсизликка ишора эканлигини англасалар ҳам, бу ҳақда ҳеч нарса демадилар.

Ҳукмдорлар атрофидаги аъёнларнинг доимий одати бу. Ҳукмдорга ёқадиган гапларни ташишда бир-бири билан мусобақа қилишади. Аммо унга ёқмайдиган гап бўлса, айтишдан ўзларини тортадилар. Миср подшоҳининг аъёнлари ҳам худди шу ишни қилдилар. Ўзларини четга олиб, бу алғов-далғов туш экан, бунақа тушларнинг таъбирини билмаймиз, деб қутулдилар.

Подшоҳ ҳузурида аъёнлар иштирокида туш ҳақида баҳс қизиганда, ўша ерда хизмат қилиб юрган соқийнинг эсига қамоқда тушининг таъбирини айтиб берган шахс, яъни, Юсуф алайҳиссалом тушди. Унинг туш таъбирини айтишдаги илмини ҳаётида синаб кўрганидан, у ҳақда жамоатга, подшоҳга хабар беришни лозим топди.

«Ва иккисидан нажот топгани анча муддат ўтгандан сўнг хотирлаб: «Бунинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг», деди».

Яъни, Юсуф алайҳиссалом билан қамоқда бўлган икки йигитдан қутулиб чиққани бир неча йиллар ўтгандан сўнг Юсуфни ва унинг туш таъбири билимдони эканини хотирлаб, подшоҳ ва аъёнларга:

«Бу тушнинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг», деди. 

Яъни, мени Юсуфнинг ҳузурига юборинг, деди. Уни юбордилар. У қамоққа кириб, Юсуфни топди, унга қараб:

«У: «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар», деди».

Соқий йигит Юсуф алайҳиссаломни «сиддиқ»–ростгўй зот, деб атамоқда. Чунки, у Юсуфнинг ростгўйлигини тажрибада синаб кўрган. Сўнгра у подшоҳнинг тушини таъбир қилиб беришни сўради, кейин уларга бориб етказиши зарурлигини ҳам таъкидлади. Юсуф алайҳиссалом унга қуйидагиларни айтдилар:

«У: «Кетма-кет етти йил зироат қиласизлар. Йиғиштириб олган ҳосилингизни бошоғида қолдиринг. Магар озгина ейдиганингизни (қолдирмасангиз ҳам бўлур)».

Яъни, подшоҳ тушида кўрган еттита семиз сигир ва яшил бошоқнинг таъбири шулки, етти йил жуда серҳосил келади. У йилларда сизлар кетма-кет дон экиб, зироат қиласизлар. Ҳосил тўплайсизлар. Ўшанда тўплаган ҳосилларингизни бошоғида қолдиринг. Яхши сақланади. Чиримайди, қурт-қумурсқалар тешиб кетолмайди. Фақат ўзингиз учун ейишга ярашасини олсангиз, бўлаверади.

«Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келур, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Магар озгина асраб қўйганингизгина қолур».

Яъни, серҳосил етти йилдан кейин яна шунча шиддатли, қаҳатчилик йиллари келади. Подшоҳнинг тушидаги етти ориқ сигир ва қуруқ бошоқ шунга ишорат. Ўша етти шиддатли, қаҳатчилик йили ўзидан олдинги етти серобчилик йилини ейди. 

Бошқача қилиб айтганда, етти мўл-кўлчилик йилида тўпланган ҳосилни етти қаҳатчилик йилида ейсизлар. Фақат уруғ учун сақлаб қўйган озгина донгина ейилмай қолади.

«Сўнгра ундан кейин бир йил келадики, унда одамлар сероб қилинурлар ва унда (меваларни) сиқурлар», деди».

Бу оятда келаётган башорат подшоҳнинг тушидан ташқаридадир. Яъни, Миср подшоҳи кўрган тушда бундай йилга таъбир қилинадиган ишора йўқ. Бу кейингиси Юсуф алайҳиссаломнинг Пайғамбарлик мўъжизаларидир. Етти йиллик серобчиликдан кейинги етти қаҳатчилик йили тугаб, ундан сўнг келадиган йилда ниҳоятда серобчилик бўлар экан. Унда одамлар устидан барака ёғиб, фаровонлик, мўл-кўлчилик бўлар, одамлар еганларидан ташқари турли меваларни сиқиб, лаззатли ичимликлар ҳам тайёрлашар экан.

Юсуф алайҳиссалом соқийга ушбу гапларни айтганларидан кейин бу кўриниш тамом бўлади. Келаси оятда эса, қиссанинг навбатдаги бошқа бир кўриниши тасвирга чиқади. Унда соқийдан Юсуф алайҳиссалом айтган таъбирни эшитган Миср подшоҳининг сўзи келтирилади:

«Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар», деди. Унга элчи келган пайтда: «Хўжанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, албатта, Роббим уларнинг макрини билгувчидир», деди».

Соқийдан хабарни эшитган подшоҳ Юсуфни алайҳиссалом ҳузурига олиб келишни амр этиб:

«Уни менга келтиринглар, деди».

Подшоҳнинг амри билан элчи тезда Юсуф алайҳиссаломнинг олдиларига, қамоқхонага келди ва хушхабарни етказди. Бундай хабар ҳар қандай одамни қувончга солиши табиий. Беайб ҳолда йиллаб қамоқда ётган инсонни қамашга амр қилган одамнинг ўзи яхши ниятда ҳузурига чорлаётир. Бундай пайтда ҳар қандай одам чақириққа зудлик билан лаббай, деб жавоб берар ва подшоҳ ҳузурига учиб борар эди. Аммо Юсуф алайҳиссалом бундай қилмадилар. Туш таъбирини сўраб келишганда, умумхалқ манфаатини кўзлаб, ҳеч қандай шарт қўймай, содиқлик билан уни таъбир қилиб, кўрилиши лозим бўлган чораларни батафсил сўзлаб берган эдилар, лекин шахсларига тегишли хабар келганда, қамоқдан чиқмай туришга қарор қилдилар.

«Унга элчи келган пайтда: «Хўжанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, албатта, Роббим уларнинг макрини билувчидир», деди».

Юсуф алайҳиссалом қамоқдан чиқишдан аввал подшоҳга ҳам, бошқаларга ҳам ўзларининг беайб эканликларини билдириб қўйишни ва орани очиқ қилиб олишни хоҳладилар. Қамалишларига сабаб бўлган ҳодисани қайта текширишни талаб қилдилар. Лекин бу ишда ҳам юксак одоб намунасини кўрсатдилар. Асосий айбдорни–Азизнинг хотинини эмас, кўпчиликни, яъни, қўлларини кесган хотинларни эсга олдилар. Аллоҳ таоло ишнинг ҳақиқатини билиб турибди, лекин бандалар ҳам бу ҳақиқатни билиб қўйишини хоҳладилар. Шу боис ҳам элчидан подшоҳ олдига қайтиб бориб, қўлларини кесган хотинларнинг ҳоллари нима бўлганини сўрашни илтимос қилдилар.

«У: «Юсуфнинг нафсини хоҳлаган вақтингиздаги ишингиз нима эди?» деди. Улар: «Аллоҳ сақласин! Биз унда бирон ёмонлик сезмадик», дедилар. Азизнинг хотини: «Энди ҳақиқат зоҳир бўлди. Мен унинг нафсини хоҳладим. Албатта, у содиқлардандир», деди».

Ночор ҳолда қолган, тушнинг таъбиридан кейин келажакда Юсуф алайҳиссаломга кўп муҳтож бўлишини сезган подшоҳ у зотнинг талабларини дарҳол амалга оширди. Хотинларни тўплаб:

«Юсуфнинг нафсини хоҳлаган вақтингиздаги ишингиз нима эди?» деди».

Улардан тўқликка шўхлик қилиб, Юсуфнинг чиройига маҳлиё бўлиб, унинг нафсини хоҳлаб, йўлдан уришга ҳаракат қилган пайтларида бўлиб ўтган ишларнинг тафсилотини, хусусан, Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги фикрларини сўради. Ҳамма нарса аён бўлганини, инкор қилишдан фойда йўқ эканини англаб етган хотинлар очиғини айтдилар.

«Улар: «Аллоҳ сақласин! Биз унда бирон ёмонлик сезмадик», дедилар».

Шу эътирофлари билан шаҳар аёллари Юсуф алайҳиссаломни оқладилар. У кишининг қамалишига сабаб бўлган шахслар энди келиб, у кишидан ҳеч қандай ёмонлик кўрмаганларини айтмоқдалар. Вақтида эса, қаматишга ҳаракат қилган эдилар. Воқеанинг асосий «қаҳрамони»–Азизнинг хотини ҳам шу ерда. У ўзига алоҳида савол берилишини кутиб турмади. Ҳақиқатни кўпчилик олдида эътироф этиб:

«Энди ҳақиқат зоҳир бўлди. Мен унинг нафсини хоҳладим. Албатта, у содиқлардандир».

Юсуф алайҳиссаломга муҳаббати тушган бу аёл яна жим турмади. Ҳамма нарсани очиқ айтди. Бўлиб ўтган ишга ўзи сабабчи бўлганини, Юсуф алайҳиссаломда айб йўқлигини ва у киши содиқлардан эканликларини кўпчилик олдида эълон қилди. Шу билан бирга, бу қилаётган тасарруфининг сабабини ҳам тушунтириб, қуйидагиларни айтди:

«Бу мен унга йўғида орқасидан хиёнат қилмаганимни, албатта, Аллоҳ хоинларнинг макрини тўғриликка йўлламаслигини билиши учундир».

Яъни, гуноҳимни эътироф қилиб, унинг пок эканини эълон этишимдан ўша одам билиб қўйсинки, мен унга орқасидан хиёнат қилмадим. Ва яна билсинки, Аллоҳ хиёнаткорларнинг макри-ҳийласини ҳеч қачон ҳидоятга бошламас.

«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир», деди».

Мен бу гапларни нафсимни оқлаш учун айтаётганим йўқ. Аслида, нафс эгасини доимо ёмонликларга ундаб туради. Магар Аллоҳ раҳм қилган зотнигина нафси ёмонликка ундамайди. Энг муҳими:

«Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир».

У Ўзининг Ғофир сифати ила бандаларидан ўтган гуноҳларни мағфират қилади.

У Ўзининг Олимлик сифати ила бандалари нима қилаётганини билиб турибди.

Ҳамма томондан–ҳам қўлларини кесган хотинлар, ҳам Азизнинг хотини томонидан Юсуф алайҳиссаломнинг покликлари исбот этилганидан кейин:

«Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди».

Подшоҳга Юсуф алайҳиссаломнинг пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни амр қилди ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди. 

«Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди».

Юсуф алайҳиссаломни қамоқдан чиқариб олиб келганларидан сўнг, у киши билан гаплашди ва суҳбат сўнгида бу қарорини у кишига ҳам билдириб:

«Албатта, сен бугунги кунда хузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди».

Бу янгилик олдида Юсуф алайҳиссалом бошқалар каби эсанкираб қолмадилар. Подшоҳ «ҳазрати олийларининг» оёқларига йиқилмадилар, унга мақтов сўзларини ҳам айтмадилар, ўзларига кўрсатилган юксак ишончни оқлашга ваъда ҳам бермадилар. Балки обрўларини сақлаган ҳолларида подшоҳга қараб:

«У: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», деди».

Бу ўзига ишонган, қўлига олган ишни тўла-тўкис адо этишга кўзи етган одамнинг гапи. Оммага, халққа қайси жойда кўпроқ фойда келтириши мумкинлигини билган шахснинг гапи. Юсуф алайҳиссалом подшоҳга ўзларини қайси ишга қўйишини айтишлари билан бирга, бу ишга лаёқатлари борлигини ҳам билдириб:

«Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», дедилар.

Яъни, хазинани қандай муҳофаза қилиш–сақлаш ва уни қандай тасарруф қилишни билувчиман, дедилар. Туш таъбирига кўра, Миср ўлкаси келажакда худди шундай сифатларни ўзида мужассам қилган одамга муҳтож эди. Эл-юртни қийинчиликлардан сақлаш учун Юсуф алайҳиссаломга ўхшаш ҳалол-пок, омонатли, жиғилдони ва ҳамёнини эмас, халқни, элу улуснинг ғамини ейдиган, Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор одам керак эди. Юсуф алайҳиссалом худди ўша одам ўзлари эканликларини баён қилдилар. Бу ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тадбири билан амалга ошаётган эди. Шунинг учун ҳам Юсуфнинг алайҳиссалом подшоҳга айтган:

«Мени ернинг хазиналари устига қўй», деган гапларига подшоҳ нима жавоб қилгани зикр этилмай, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари келмоқда:

«Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз».

«Шундай қилиб» яъни, Юсуфнинг беайб эканлигини изҳор қилиб, подшоҳнинг кўнглини унга бурдик. 

«Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик».

Юсуфнинг кўнглига хазинага омилликни сўраб олишни солдик. Бу билан Юсуфга ер юзида–Миср ўлкасида ёки бутун ер юзида маконат бердик. Уни жойлаштириб, турли имкониятларга эга қилиб қўйдик. У ўша ердан хоҳлаган жойига жойлашадиган, хоҳлаган ишини қиладиган салоҳиятга эга бўлди.

«Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз».

Ўша шахсга қийинчиликдан сўнг осонлик, ночорликдан сўнг имконлик, хавф-хатардан сўнг омонлик, хорликдан сўнг фаровонлик берамиз.

«ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз».

Эҳсон қилувчилар, Аллоҳга иймон келтириб, унга тақво қилиб, ибодатида собитқадам бўлувчилар, эртами-кечми барибир ажрларини олурлар. Уларнинг ажри ҳеч қачон зое бўлмас. Бу дунёнинг ўзида кўражаклар.

Юсуф алайҳиссалом ўзлари таъбир қилган тушни воқеъликка келиши учун хизмат қилдилар. Етти йиллик очарчиликда Мисрдаги яхши ҳолатдан дарак топган бошқа ўлкаларнинг одамлари у ерга қути ла ямутни излаб келдилар. Ўшаларнинг ичида Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ҳам бор эди. улар орқали Юсуф алайҳиссалом ота-оналарини ҳам топдилар. Уларнинг ҳаммалари Мсирга келиб Юсуф алайҳиссаломнинг қароргоҳларига киришди.

«Ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир», деди».

Бу ояти каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Юсуф алайҳиссалом:

«Ота-онасини тахтга кўтарди».

Яъни, баланд ўриндиққа ўтқазди. Ана шундан сўнг:

«Улар унга сажда қилиб йиқилдилар».

Бу ҳол қандай бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо қадимги тафсирчиларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, салом маъносида бошларини бир оз эгдилар, дерлар. Бошқалари, берилган бу неъмат учун Аллоҳга шукр саждаси қилдилар, дерлар. Яна бирлари, ўша вақтда катталарнинг оёғига йиқилиб сажда қилиш бор эди, лекин Ислом шариатида бекор қилинган, деган фикрни айтганлар.

Нима бўлса ҳам, ояти карима матнидан Юсуфалайҳиссаломга сажда қилганлари аён. Уларнинг ўзига сажда қилганини кўрган Юсуф алайҳиссалом:

«Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди», дедилар.

У кишининг суранинг бошида зикр этилган тушларидаги ўн битта юлдуз–оға-инилари, қуёш билан ой–ота-оналари бўлиб чиқди. Аллоҳ таоло неча йиллардан сўнг бу тушни ҳақиқатга айлантирди.

Сўнгра Юсуф алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан берилган неъматларни эсладилар:

«Даҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди».

Аллоҳ таоло у кишига кўп яхшиликларни қилди. Жумладан, у кишини қамоқдан чиқариши ҳам ўша яхшиликларнинг бири бўлди. Яна энг катта яхшиликлардан бири:

«Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди».

Мана энди биргалашиб, хурсанд бўлиб ўтирибмиз.

«Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир».

Яъни, хоҳлаган нарсасини нозик услублар ила амалга оширгувчидир.

«Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир».

Ҳамма нарсани билиб ва ҳикмат ила амалга оширади.

Сўнгра Юсуф алайҳиссалом мухлис банда ўлароқ, ўз Роббилари Аллоҳ таолога шукрлар айтиб, илтижо қилдилар.

«Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин».

Ушбу оятда Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолога неъматларини бергани учун шукрлар айтиш билан бирга охиратнинг неъматини ҳам беришини сўрамоқдалар.

«Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг»

Мисрга бош вазир бўлдим. Ҳукмга, обрў-мартабага, молу мулкка эга қилдинг.

«ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг».

Буниси илм неъмати эди.

«Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан».

Эгамсан-дўстимсан. Бу дунёда менга эгалик ва дўстлик қилиб, улкан неъматларингни бердинг, энди охиратда ҳам эгалик ва дўстлик қилиб, менга неъматлар бергин.

«Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин».

Менинг асосий мақсадим шу. Чунки молу мулк, ҳукму мансаб ҳаммаси ўткинчи нарсалар. Боқийси эса, мусулмон бўлиб ўлиш ва охиратда аҳли солиҳларга қўшилишдир.

Шу билан Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари тамом бўлди. Энди бу қиссага таълиқотлар келади, Пайғамбаримиз МуҳаммадгаСоллаллоҳу алайҳи васаллам хитоблар қилинади.

Энди Юсуф сурасининг бош мавзуларидан бири бўлган туш масаласига тўхтайлик. Кўриб ўтганимиздек, Юсуф сурасида воқеалар ривожи, асосан, уйқуда кўрилган тушлар билан боғлиқдир. Қисса Юсуф алайҳиссалом тушларида ўзиларга ўн битта юлдуз, қуёш ва ой сажда қилаётганини кўрганларини баён қилиш билан бошланиб, ўша туш ўнгда ҳақиқатга айланиши билан тугайди. 

Шунингдек, қиссадаги бурилиш нуқталари ҳам тушларга боғлиқ. Аввал Юсуф алайҳиссалом билан бирга қамалган икки йигитнинг кўрган тушлари, кейин эса Миср подшоҳининг кўрган туши.

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга туш таъбири илмини берганлигини неъмат деб ҳисобламоқда. Юсуф алайҳиссаломнинг тушларни тўғри таъбир қилишлари Пайғамбарлик мўъжизаси ўрнида келмоқда. Эҳтимол, ўша пайтда туш таъбири халқ ўртасида ривожланган бўлиши мумкин.

Ҳаётга назар соладиган бўлсак, баъзилар тушни тамоман тан олмайди. Баъзилар эса, ҳамма нарсани тушга боғлаб қўяди. Исломда эса, ҳақиқий мавқиф тутилади. Исломда тушга бўлган муносабат, айниқса, ушбу сурадан очиқ-ойдин билинади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз давоми...

3704 05:00 / 01.03.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари икки елкаларига уриб турар эди,.Бешовларидан фақат Термизий ривоят давоми...

4748 05:00 / 03.03.2017
Бешинчи синф муаллимаси бир куни ўқувчи шогирдларига .Мен сизларни ҳаммангизни яхши кўраман,, дедида, бир ўқувчининг исмини бу рўйхатга киритмади. У ўқувчи доим давоми...

5816 17:00 / 07.06.2022
Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш, деганда руҳни ва жасадни муҳофаза қилиш тушунилади. Бу маънода Ислом энг аввало, одам боласини, у ким бўлишидан қатъи назар, азиз ва давоми...

5664 05:00 / 06.03.2017