1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Муқаддас динимизда ватан туйғуси

05:00 / 04.03.2017 4756 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли ва энг суюкли бўлган даргоҳдир.  Комил инсон ўзи учун қадрли ва суюкли бўлган, унинг бағрида киндик қони тўкилиб туғилган, у жойда тарбия топган, болалик, ёшлик ва ўсмирлик чоғларини эслатиб турадиган, ўзи учун яшаш маскани бўлган, ота-она, қавм-қариндош ва дўсту-ёрлари билан ҳаёт кечирган жойга барча нарсасини тақдим қилишга тайёрдир.


Ватанга муҳаббат қўйишлик табиий, туғма бўлади. Ватанпарварлик соҳибини моли, вақти, кучи, ҳатто жони-ю, руҳини мардларча фидо қилишликка ундайди.

Мусулмон кишиларнинг наздида ватанга муҳаббат қўйишлик кучли ҳис-туйғу бўлиб, улар бу ҳис-туйғуларини сўзлари ва ишларида ифодалаб берадилар. Жоҳиз ўзининг “Ватан соғинчи” рисоласида шундай дейди: “Араблар ғазот ёки сафар қилсалар ўзлари билан ватанларининг тупроғини, қум бўлсин, чанг бўлсин ҳидини ҳидлашлари учун олиб кетардилар”

Пайғамбар с.а.в.дан ҳам ватанга муҳаббат қўйишликка далолат қиладиган ҳолатлар ривоят қилинган. Ривоят қилинишича Пайғамбар с.а.в. Варақа ибн Навфалдан “Сизни ёлғонга чиқаришади, сизга азият беришади ва сизни яшаб ўсган юртингиздан чиқариб юборишади”, – деган сўзларни эшитганларида, безовталаниб “улар мени чиқариб юборадиларми?”, - деган эканлар. Суҳайлий р.а. ушбу ҳолатни ватанга муҳаббат ва ундан ажралишни эса машаққат эканлигига далил қилиб шундай дейдилар: Варақа ибн Навфал “Сизни ёлғонга чиқаришади” деганда Расулуллоҳ с.а.в. ҳеч нарса демадилар. “Сизга азият беришади” деганда ҳам Расулуллоҳ с.а.в. унга ҳеч нарса демадилар. “Сизни яшаб ўсган юртингиздан чиқариб юборишади” деганда эса, Расулуллоҳ с.а.в. безовталаниб “улар мени чиқариб юборадиларми?”,-дедилар. Безовталаниб айтган бу сўзларидан яшаб турган ватанларига нисбатан муҳаббатли эканлиги зоҳир бўляпти.

Расулуллоҳ с.а.в.ни қавми Маккадан қувиб чиқарганларида Макка билан хайрлашиб, унга қарата шундай хитоб қилганлар: “Қандаям яхши шаҳарсан, қандаям менга суюклисан! Агар қавмим мени сендан чиқариб юбормаганида, сендан бошқада яшамасдим” (Термизий ривояти 3926)

Аллоҳ таоло пайғамбар с.а.в.даги Маккадан айрилиш сабабидан ҳосил бўлган изтиробларини енгиллатиб, Маккага қайтиш хушхабарини бериб ушбу оятни нозил қилди:

“(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир.” (Қасос 85)

 Бошқа оятда эса инсонлар ўз юртларидан чиқиб кетишни ёқтирмаслигини жонларини қатл қилишни ёқтирмаслигига ёнма-ён қилиб келтирди.

“Агар Биз уларга: «Ўзларингизни ўлдиринг ёки юртингиздан чиқиб кетинг», – деб буюрганимизда эди, оз қисмидан бошқаси уни қилмаган бўлур эдилар” (Нисо 66)

Яъни, инсон ўлдирилиб азоблангани каби ватанидан чиқарилиб ҳам азобланади. Шунинг учун жазо тариқасида ватанидан ўзга юртларга сургун қилиниш ҳам бежиз бўлмаган экан.

Оятнинг “юртингиздан чиқиб кетинг” лафзи инсоннинг ватанини севиши ва унга боғланиб қолганига ишорадир. Уни ўлим билан ёнма-ён келтириш эса, ватандан чиқиб кетиш, ундан ажралиш на чоғли машаққат эканини англатади. Бу икки иш ўта машаққатли, хос инсонларгина бажариб, омма инсонлар бажара олмайдиган ишлар бўлгани учун Аллоҳ таоло бу ишларни бандаларига фарз қилмади.

Иброҳим ибн Адҳам р.а. айтган эканлар: “мен одамларни текшириб ўрганиб чиқиб, ватанга интилувчидан кўра кучлироғини топмадим.”

Юсуф а.с. ватанига бўлган муҳаббатидан тобутини оталарининг мақбарасига олиб боришни васият қилган эканлар.

Иброҳим а.с. Макка ҳақига қилган дуоларида аввал у жойга тинчлик, сўнгра аҳлига ризқ сўраб дуо қилганлар. Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейди:

“Эй, Роббим, буни (Маккани) тинчлик  шаҳри  қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”

Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш шу жойда тинчлик бардавом бўлсин дейишни ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган эканлар: “Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқлик қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди.”

Демак инсон туғилиб ўсган ватанини севар экан, унинг бағрида ҳузурланиб яшар экан, мазкур инсоннинг зиммасида бу ватаннинг ҳақ ва вожиботлари бор. 

Энг аввало, ҳаётининг ҳар жабҳасида ватанининг номини баланд кўтаришга интилсин. Илмий, аскарий, адабий, спорт, умуман қайси соҳада бўлишдан қатъий назар юқори даражага эришиш учун машаққат-ла меҳнат қилар экан, буларни рўёбга чиқариш билан ватанининг шарафини олий қилиш мақсади ҳам бўлсин.

Мусулмон киши Аллоҳ таоло уни ер юзини обод қилиш учун ўзига ўринбосар қилиб қўйганини ҳис қилганидан  ватанига муҳаббат қўяди ва ер юзини обод қилишлик унинг бурчи эканлигини яхши билади. Қуръони Каримда: 

“У сизларни ердан пайдо қилди ва унга (ерга) сизни ободлиги учун қўйди. ”

Демак умуман барча ерларни, хусусан ватанини обод қилсин. Мусулмон кишидан зинҳор фасод содир бўлмасин. Фақатгина ҳаққини талаб қилиш билан чекланмасдан, зиммасидаги мажбуриятларни ҳам эслаб қўйсин. Менда у кам, бу кам дейишнинг ўрнига, менда у бор, бу бор, деб борларини санасин. Неъматлар шунчалик кўп-ки, санаб адоғига етолмаймиз.

Умар ибн Хаттоб р.а.: “Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати билан обод қилди,” деганлар. Ва яна шундай деганлар: “Агар ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди”.

Аммо унинг ватанига бўлган муҳаббати Аллоҳга ва расулига бўлган муҳаббатидан ва Уларнинг розилигидан устун бўлиб кетмасин. Чунки Қуръони каримда бундай муҳаббатдан қайтариб шундай дейди:

Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас. Тавба-24

Ушбу оятдаги “хуш кўрган масканларингиз” деган сўзда ватанга ишора бор дейилган. Ислом дини мазкур нарсаларга муҳаббат қўйишдан қайтармайди. Чунки бу нарсалар инсон учун энг қадрли бўлган нарсалар ҳисобланади. Лекин мусулмон кишининг мазкур нарсаларга бўлган муҳаббати Аллоҳ ва расулига бўлган муҳаббатидан, Аллоҳ ва  расулининг розилигидан, муқаддас дини ва иймонидан устун бўлиб кетмаслиги керак.

Хулоса шуки, содиқ мусулмон ватанини севади, ватани учун барча яхшиликларни бажаради, унинг хизматида садоқатли ғайрат кўрсатади, унинг ҳимоясида фидокорона бўлади. 

Чунки ҳар бир истиқомат қилувчининг зиммасида яшаб турган ватанининг қарзи ва ҳақлари бор. Улар бу қарз ва  ҳақларни ватанининг ҳаққига хайрли дуо ва унинг равнақига хайрли саъй-ҳаракат қилиб узиши лозим. 

Бугунги кунда, ядровий курашлардан-да хавфлироқ бўлган мафкуравий курашлар авж олган замонда Ватанни, миллатни, динни, маданиятни, миллий урф-одатларни сақлаб қолиш, ҳимоя қилиш, аждодларимиздан силсила бўлиб, бизларгача бидъат ва хурофотлар аралашмасдан, соф ҳолда етиб келган муқаддас динимиз ва миллий қадриятларни келажак авлодга соф ҳолида етказишни ўзимизга омонат ва бурч деб билишимиз лозимдир.

Ҳар бир киши ўзининг касби-коридан келиб чиқиб бу масъулиятли хизматни амалга оширишлари керак. Имомлар хутбаси билан, шоирлар шеъри билан, ўқитувчилар шогирдларни билимли қилиб, ота-оналар фарзандаларига гўзал тарбия бериб, рассомлар мўйқалами билан, мухбирлар ахборотлари билан (ва ҳакозо) хизмат қилсинлар. Яъни, ватан равнақи хизматида ҳамма бир тану-бир жон бўлиб хизмат қилса ва бу қилаётган хизматни ибодат деб билиб, Аллоҳ таолонинг ризосини талаб қилиб, савоб умидида ихлос ва омонат билан бажарса, юртлар, ватанлар йил, ой сайин эмас, балки кун ва соат сайин обод бўлиб боради. Аллоҳ таоло ватан равнақи ва тинчлиги борасида қилинаётган хайрли хизматларни муносиб тақдирласин. Омийн!


Кудратуллох Сидикметов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ато ибн Ясордан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссни кўриб қолиб .Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларини айтиб беринг,, ndash давоми...

3029 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло айтади Агар Аллоҳ барча бандаларининг ризқини кенгмўл қилиб қўйса, албатта улар Ер юзида зулмтажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот давоми...

2972 05:00 / 03.03.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади .Агар бир тоғ иккинчисига тажовуз қилса, тажовузкор парчаланади,.Шарҳ Ушбу ривоятда бировга зулм тажовуз қилишнинг оқибати баён давоми...

3352 05:00 / 03.03.2017
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бирбирини тўлдирувчи бир неча таърифларни давоми...

4937 05:00 / 03.03.2017