1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ёсин – менинг ҳужжатим

17:00 / 06.02.2021 3720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Цемент сотувчи йигитнинг айтганлари)

...Тўғрисини айтсам, мен илгари ўғри бола эдим. Ўрганиб қолган эканман, ов илинжида бош тиқмаган тешигим қолмаган. Бировнинг ҳамёнини ковлаш, дўкондан нимадир сўрамасдан олиш, қўшнининг молига кўз олайтириш – булар мен учун кунлик майда-чуйда ишлар эди. Тухумдан бошланган бу ишлар товуққа, ҳатто ундан ҳам йирикроқларига қўл урган кунларим бўлган. Юрагим ортига тортадиган ўша жоҳилият замонларимни асло эслагим келмайди. Аммо ўн йил муқаддам ажиб бир ибрат содир бўдиким, ўғриликни ташлаттириб, қалбимга иймон чўғини солган ўша ҳикматли воқеани ҳар доим эслаб тураман.

Чинакам инсонпарвар миршаб(мелиса)лар ўғри билан тўғрини жуда яхши фарқлайди. Уларда қандайдир ички сезги, ички туйғу бўлади, шекилли. Сезимсиз бефаҳмлари туҳматдан тоймайди. Тажрибали миршаблар қадам олишиданми, юриш-туриш ёки кўзларининг ўйноқлагани ё қийшиқ қўлнинг ҳаракатиданми – нима бало билмадим – одамни одамдан дарров ажратади.

Бир куни менинг йўлимни тўсган мелисалар ҳам тажрибалилар тоифасидан эди.

– Ўғрига ўхшайди, – деди бири иккинчисига.

Кўп тўқнаш келган эмасманми, аланг-жаланга чек қўйиб, ўзимни эркин, бепарво тутаман. Тумтарақай чап бериб қочишдан фойда йўқ. Улар жуда тез югуришади. Тажрибада бир неч бор синалган бу. Энди жоҳилига бирор ҳақиқатни исботлашга уриниш ҳам бефойда, барибир.

– Бўлимга олиб бориб, яхшилаб текшириш керак, – деди иккинчиси. Худо кўрсатмасин.

– Ока?! – дея бир оғиз сўз билан эътироз ва ҳайрат билдираман.

Мени бошдан-оёқ кўздан кечирар эканлар:

– Ҳов, анави чўнтагингдаги нима? – дейишди.

– Ҳужжатим? – дейман ва беихтиёр кўйлак чўнтагимдан «ҳужжатим»ни чиқариб бераман уларга. Бу «ҳужжат»ни чўнтакка қачон, қаерда ва нима учун солиб қўйганимни ўйлаб, ҳали бугунгача ўйимнинг охирига ета олмайман.

– Ие, бу «Ёсин» сураси-ку?! – дея улардан бири йўл бўйида тик турганича, «Бисмиллаҳ»ни айтиб ўқий бошлайди: – «Ёсин, Вал Қуръанил ҳаким. Иннака ламинал мурсалин ъала сиротим-мустақим. Танзилал-ъазизир-роҳим...»

Кўзим чиқиб кетди, довдираб донг қотдим. Чунки, аввало, ёнимда ҳужжатим йўқ, иккинчидан, ёлғончи бўлдим...

Худо ҳаққи, Аллоҳ уларга инсоф берди. Қўлимга «Ёсин»ни – Аллоҳнинг каломи битилган мўъжаз китобчани тутқазаркан, бири бошқасига:

– Юринг, кетдик, бу бола ўғри эмас, – деди.

Улар ўз йўлига кетди, мен эса уйга қайтдим.

Шу-шу ўғриликни ташладим. Қалбимда Аллоҳнинг каломига ихлосу муҳаббат ўша воқеадан кейин пайдо бўлган...

Тўғрисини айтай, яшириб нима қиламан, мактабда «икки»чи эдим, китобни ҳарфлаб, қийналиб ўқирдим. Аллоҳга осон экан: уйда ётиб олиб, жуда кўп китоб ўқиб ташладим. Арабий имлони тузук-қуруқ билмайман-у, аммо намозни канда қилмайман.

Мана кўриб турганингиздек, тирикчилик учун шу бозорда цемент сотаман. Бир кун ундай, бир кун мундай. Аллоҳ берган ҳалол ризқни олиб бориб бола-чақага едираман, ота-онамнинг дуосини оламан...

Қалбида ички бир ҳаяжон гупуриб турган бу йигитнинг айтадиган гапи кўп эди. Ҳолбуки, вақтим зиқ. Гап-гапга уланиб бошланиб кетган суҳбатни тўхтатиш ниятида цементнинг нархини яна бир марта такрор сўраб, нари кетдим.

Баҳодир Нурмуҳаммад

«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан

Мавзуга оид мақолалар
03.10.2016 й. Энг кучли даъват ndash мўминнингмуносиб ва гўзал хулқидир Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давр талаби, иммунитет танқислиги ҳамда илм олишнинг зарурлиги давоми...

4386 05:00 / 06.03.2017
Амр ибн Ос музаффар саркарда ва ҳайбатли амир бўлишларига қарамай, иш давомида йўл қўйилган баъзи хатолари учун халифадан танбеҳ ёки жазо олганларида ҳам хафа давоми...

4845 18:52 / 27.03.2017
Маълумки, динимиз Ислом раҳмат динидир. У меҳрмурувватга, эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади. Кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг давоми...

9213 05:00 / 02.03.2017
Ислом маданиятида мусулмонларнинг покиза бўлиш билан бирга юксак дидли бўлиш ва атрофмуҳитни ифлос қилмаслик ҳамда кишилар соғnotлиғига зарар етказувчи давоми...

2783 05:00 / 01.03.2017