1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Олий даражалар одамларнинг ҳожатларидадир

05:00 / 03.03.2017 3983 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади.

Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади.

Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади.

Модомики, 6анда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади.

Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.

Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади.

Кимнинг амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида бошқа яхши амаллар қатори, бировнинг ҳожатини чиқариш фазлини ҳам баён қилганлари учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи уни бу бобда келтирмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар. Шу орқали сиз билан биз умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Келинг, ўша амаллар ва уларнинг натижаларини бирмабир кўриб чиқайлик:


1. «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак гапларида ҳар бир мўминни бошқа бир мўминнинг бошига тушган оғирликни аритишга ёрдам беришга чақириқ бор.

Бу дунёда одамларнинг бошига тез-тез турли ғам-ғусса, қийинчилик ва машаққатлар тушиб туради. Бошига машаққат тушган одам дарҳол ўз яқинларинидан ёрдам кутади. Чунки бир ўзи машаққатга қарши туриши осон эмас.

Ислом дини мусулмон жамиятидаги кишиларни доимо ўзаро ёрдам асосида яшашга чақиради. Айниқса, қийинчиликда қолган кишиларга алоҳида эътибор беришни тайинлайди.

Лекин ҳозирги пайтда кўпчилик бошига машаққат тушган кишидан ўзини олиб қочади, унинг машаққатига шерик бўлишни хоҳламайди. Аксинча, яхшилик ичида юрган одам атрофида ўралашади. Унинг яхшилигидан фойдаланиб қолишни умид қилади. Бу эса, беш кунлик дунёнинг матоҳига учган кишиларнинг ишидан бошқа нарса эмас.

Ҳақиқий мўмин киши, охиратни ўйлаган киши бу ҳадисга амал қилади. Биродарининг бошига иш тушган машаққатни аритишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, қиёмат куни ўз бошига тушадиган бир машаққатни аритган бўлади. Демак, у биров учун эмас, ўзи учун амал қилибди. Шунинг учун у бошига машаққат тушган биродарига миннат қилмай, раҳмат айтиши, «Эй биродар, Аллоҳ сенга сабр берсин, сенинг сабабингдан мен охират машаққатларининг биридан халос бўлдим», дейиши керак.


2. «Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади».

Бу дунёда қийинчилик билан кун кўрадиган кишилар доимо учраб туради. Чунки дунё ўзи шундоқ тузилган.

Шунингдек, мусулмонлар жамиятида ҳам қийинчилик билан кун кечирадиган, камбағал, бечора кишилар учраб туради. Шундай кишиларга нисбатан бошқа мўмин-мусулмонлар қандоқ муносабатда бўлишлари зарурлигини шу ҳадисдан билиб оламиз.

Демак, бошқа мусулмонларнинг ҳар бири қийин ҳаёт кечираётган биродарининг мушкулини енгиллаштириш учун ҳаракат қилмоғи лозим. Кийим-кечак топишда қийналаётган бўлса, кийим-кечак олиб бериши лозим. Озиқ-овқат топиш машаққат бўлса, озиқ-овқат топишни енгиллаштириши лозим. Турар жой топа олмай қийналаётган бўлса, унга турар жой топишда ёрдам беришлари керак. Даволанишда қийналаётган бўлса, бу ишда ёрдам бериши керак ва ҳоказо.

Қийинчиликда яшаётган мўмин кишининг оғирини енгил қилиш сиртдан бировга ёрдам бериш бўлса ҳам, аслида ёрдам берувчининг ўзига фойда. Фойда бўлганда ҳам бу дунёю охиратда фойда! Чунки, ўша қийинчиликда яшаётган мўминнинг ишини енгиллаштиришга ёрдам бергани учун Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охиратдаги ишларини енгиллаштиради.


3. «Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади».

Уламоларимизнинг айтишларича, айбини беркитиш моддий ва маънавий жиҳатдан бўлади.

Биринчиси - моддий камчиликларни беркитиш, мисол учун, баданини беркитиш учун кийим олиб бериш бўлса, маънавийси эса, ёмон иш қилганини кўриб қолиб, ҳеч кимга айтмай беркитишдир. Бу ҳам инсон ҳаётида доимо учраб турадиган ҳолат. Бир жамиятда яшаб турган кишилар бир-бирларининг айбларини беркитиб яшасалар, қандай яхши!

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, Демак, ўша одамда яхшилик бор.

Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкор қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди.

Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Чунки, у бировнинг айбини ошкор қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши турган гап.

Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди, ҳамда жамият таназзулга юз тутади.


4. «Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади».

Бу сен бировга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради, деганидир. Инсонлар ҳаётлари давомида доимо бир-бирларига ёрдам бериб яшайдиган жамият кучли жамият бўлади. Чунки ўзаро ёрдам кишилар орасидаги алоқаларни яхшилайди, уларни дўст-биродар қилади, турли қийинчиликларни ҳамкорлик билан бартараф қилишни ўргатади.

Шунинг учун ҳам, Ислом мусулмонларни доимо бир-бирларига ёрдам беришга чақиради. Ўз биродарига ёрдам берган мусулмонга ўзининг ёрдамидан бир қанча кўп ёрдамни ваъда қилади. Ожиз банда биродарига ўзининг ожизона ёрдами учун улуғ Аллоҳнинг улуғ ёрдамига сазовор бўлади.

Шунинг учун ҳам бир мўмин бандага ёрдам берган инсон у ёрдамини миннат қилиши керак эмас. Балки ўзига Аллоҳнинг ёрдамини жалб қилишда сабабчи бўлган биродарига ташаккур айтиши керак.


5. «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради».

Илмга тарғиб қилиш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади.

Кези келганда муҳим бир масалани эслаб қўйиш зарур. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ичида тушунмовчиликлар мавжуд. Баъзилар оят ва ҳадисларда зикр этилган илмдан мурод, диний илмлар, дейдилар.

Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Диний илмлар, албатта, биринчи ўринда туради. Аммо бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейиш мутлақо нотўғридир.

Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса, албатта, қайд қилинади. Мисол учун, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди, дейилган ҳадис бор. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади.

Яна бир тоифа кишилар илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда ким бўлса ҳам илмли бўлса, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли, дейдилар.

Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.

Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали илмга «бу менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.


6. «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, унинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» дейилганда масжидлар кўзда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг Китоби - Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.

Бу ҳадиси шарифда эса, уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда:

а) «Албатта, унинг устига сакийна тушади».

«Сакийна» сокинликдан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлиқ хотиржамликни англатади.

Демак, масжидда жам бўлиб, Қуръони Каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлиқ хотиржамлик тушади. Қуръони Каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.

б) «Уларни раҳмат ўраб олади».

Яъни, ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак!

в) «Фаришталар қуршаб олади».

Яъни, ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!

г) «Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

«Аллоҳнинг ҳузуридагилар», «Малауъил Аъло» номли олиймақом зотлардир. Бу энг олий мақомдир. Тўпланиб Қуръон тиловат қилган, уни ўрганиб турган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олиймақом зотлар билан бирга зикр қилар экан.

Энди Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги энг олиймақом зотлар қаторида зикр қилиши қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса, жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг Китоби - Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керақ холос.


7. «Кимнинг амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди».

Яъни, охиратда ҳамманинг насабига эмас, амалига қараб даража берилади. Кимнинг амали яхши бўлса, насаби қандай бўлишига қарамай олдинга сурилади, олий мартабаларга эришади. Кимнинг амали ёмон бўлса, у ортга сурилади, иши чатоқ бўлади. Насаби қанчалик олий бўлмасин, иши олдинга сурилмайди. Шунинг учун ҳеч ким, насабга ишониб, мағрурланмаслиги керак. Аксинча, кўпроқ яхши амал қилишга уриниш лозим.

Ушбу улуғ ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни яна бир бор қисқача зикр қилиб ўтамиз:


1. Бу дунёда ҳар бир мўминдан машаққатни аритишга тарғиб.

2.    Бир мўминдан машаққатини аритган одам ўзидан қиёмат куни машаққати аритилишига сазовор бўлиши.

3.    Қийинчиликда қолган мўмин кишининг оғирини енгил қилишга уринишга тарғиб.

4.    Мўмин кишининг оғирини енгил қилган одамнинг оғирини Аллоҳ таоло ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда енгил қилиши.

5.    Мўмин кишининг айбини беркитишга тарғиб.

6.    Мўмин кишининг айбини беркитган одамнинг айбини Аллоҳ таоло ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда беркитиши.

7.    Мўмин киши доимо ўз биродарларига ёрдам бериши лозимлиги.

8.    Ўз биродарларига ёрдам берган кишига Аллоҳ таоло ёрдам бериши.

9.    Мўмин киши илм талаб қилиш йўлига юриши лозимлиги.

10.    Ким илм талаб қилиш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон этиши.

11.    Ҳар бир кишига фақат амалигина ёрдам бериши.

12. Ҳеч кимга насаби ёрдам бера олмаслиги.


Аллоҳга шукрлар бўлсин, ушбу ҳадисдан кўплаб фойдаларни ўрганиб олдик. Энди инсоф билан ушбу ҳадиси шариф ҳикматларини ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Сўнгра ўзимизни ким эканлигимизга баҳо берайлик.


1. Мўминлардан бу дунё машаққатларини аритиш масаласини олиб кўрайлик.

Бизда «агар мен бир мўмин биродаримдан бу дунёнинг машаққатларидан бирини аритсам, Аллоҳ мендан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади», деган тушунча борми?

Биз мўмин биродаримиздан машаққатни аритишга устамизми ёки уларнинг бошига машаққат келтиришга устамизми?

Агар бировга машаққатида ёрдам берадиган бўлсак, холис, Аллоҳ учун ёрдам берамизми ёки бошқа мақсадлардами?

Эҳтимол, биз мўмин биродарларимиз машаққатини аритишга уринмаганимиз учун Аллоҳ таоло ҳам бизнинг бошимиздаги машаққатларни аритмаётгандир ?

Эҳтимол, аввал бу ҳақиқатни билмагандирмиз?

Эҳтимол, диний тарбия кўрмай ўсганимиз таъсир қилгандир?

Аммо энди яхшилаб билиб олдик. Бошига машаққат тушган биродаримизнинг машаққатини аритишга Аллоҳ учун, холис ният билан уринайлик!


2. Қийинчиликдаги камбағал мўминнинг оғирини енгил қилиш масаласига ўтайлик.

Агар Исломга тўлиқ амал қилганимизда мусулмон оламида камбағал, муҳтож, бева-бечора қолмас эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз даврларида шундай бўлган. Шунчалик кенг Ислом ўлкаларида закот оладиган одам топа олмай қийналишган. Яъни, ҳамма аҳоли закот берадиган даражада бой бўлган. Ҳукумат ноилож қолиб, закотдан тушган маблағни нима қилиш ҳақида уламолардан фатво сўраган. Ана ўшанда уламолар: агар Ислом юртларида закот олишга ҳакдор камбағаллар йўқ бўлса, закотдан тушган маблағни Ислом динини бошқа ўлкаларда тарқатишга сарфлансин, деб фатво берганлар.

Ҳозирда эса, Исломга амал қилмаганимиздан дунёдаги табиий бойликларнинг қарийб саксон фоизи мусулмон ўлкаларда бўлишига қарамай, мусулмонлар энг камбағали кўп халқлардан ҳисобланади. Ана ўша камбағал ва ночор кишиларнинг риояси ҳам бошқалардан кўра, мусулмонларда ёмон аҳволда. Бошқа миллат ва диёнатларда камбағалларга турли йўллар билан шароит яратилиб турган бир пайтда, мусулмонларда бу иш қаровсиз қолган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни худди мусулмонлардан бошқаларга айтгандек туюлади. Бу ҳам мусулмонларнинг ўз динларига амал қилмасликлари, пайғамбарлари суннатидан узоқ эканликларининг далилидир.

Бошқаларни қўяйлик-да, ўзимизни ҳолимизни инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик.

Қайси биримиз «агар мен бир камбағалнинг оғирини енгил қилсам, Аллоҳ менинг ҳам бу дунёдаги, ҳам у дунёдаги оғиримни енгил қилади», деган эътиқод билан яшамоқдамиз?

Нима учун тўй ва маросимларимизга бойларни териб айтамизу, камбағалларни айтмаймиз?

Нима учун турли беҳуда нарсаларга мол-пул сарфлаймизу, камбағал, бечорага бир дона нон беришга қизғанамиз?

Ёки Аллоҳ таоло оғиримизни енгил қилишининг бизга кераги йўқми?

Бу ноқулай ҳолатни орамиздан йўқотишимиз зарур. Бир-биримизга айтиб, орамиздаги ночор кишиларимизнинг оғирини енгил қилишимиз керак.

Шу билан бир вақтда уларга миннат қилмасдан, аксинча, савоб ишлаб олишимизга, Аллоҳнинг розилигини топишимизга сабаб бўлганлари учун ташаккур айтишимиз лозим.


3. Мўмин кишининг айбини беркитиш лозимлиги ҳақидаги масалага ўтайлик.

Пайғамбаримиз мўмин киши ўз биродарининг айбини беркитиши лозимлигини таъкидламоқдалар. Бу ишни қилган одамнинг айбини Аллоҳ таоло икки дунёда беркитишини ваъда қилмоқдалар.

Хўш, биз шу амрга амал қилмоқдамизми?

Аллоҳ менинг айбимни ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда беркитсин, деган ниятимиз борми?

Бўлса, нима учун керакли амални қилмаймиз? Бировнинг айбини беркитиш у ёкда турсин-у, ҳамманинг айбини қидириш билан оворамиз. Қидирганда ҳам тирноқ остидан кир излагандек ахтарамиз. Унда ҳам топилмаса, ёлғон-бўҳтон тўқиб, айб тақаймиз. Мусулмонман, деб юрганларнинг бу ҳолини кўриб бошқалар, булар ўзи шунақа, бир-бирини ковламаса тура олмайди, дейдиган бўлиб қолишган.

Диний таълимотлардан бебаҳра кишиларнинг узри бордир. Аммо диндорликни, диний илмнинг даъвосини қилаётганларнинг бу борадаги қилмишларини кўриб ёқани ушлайсиз. Мусулмон биродарининг айбини беркитиш улар учун катта мусибатдек туюлади.

Ҳатто «жон биродар, бу иш мусулмончиликка тўғри келмайди, мусулмон одам ўз биродарининг айбини беркитиши лозим, сиз бўлсангиз йўқ нарсани айтиб бўҳтон қилаяпсиз», десангиз ҳам таъсир килмайди.

Охир-оқибат нима бўлади? Кишиларнинг мусулмонлардан кўнгли қолади. Душманлар мусулмонлар устидан кулиб юради. Исломга қизиқиб турганларнинг ҳам кўнгли совийди. Мусулмонларнинг ораси бузилади, ишлари ортга кетади. Ўша мусулмоннинг айбини очган ҳам мақсадига етмайди.

Чунки Аллоҳ ҳам мусулмоннинг айбини очувчининг айбини очмай қўймайди.

Уларнинг айблари шу дунёнинг ўзидаёқ шармандаларча очилиб келмоқда ва очилаверади ҳам. Улар бу дунёдан хору зор ва шарманда бўлиб ўтадилар. У дунёдаги хору зорликлари ва шармандаликлари эса, мислсиз бўлади.

Бас, шундай экан, бир-биримизнинг айбимизни беркитайлик! Шунда Аллоҳ таоло ҳам бизнинг айбимизни беркитади. Баъзи кишилар бу ишни билмай қилаётган бўлсалар уларга тушунтирайлик.

Ана шунда гўзал исломий сифатлардан бирини ўзимизда мужассам этган бўламиз.


4. Мўмин биродарларга ёрдам бериш масаласини олайлик.

Бизда «модомики, мен мўмин биродаримнинг ёрдамида эканман, Аллоҳ менинг ёрдамимда бўлади», деган тушунча борми?

Агар бор бўлса, унга қанчалик амал қиламиз? Инсоф билан айтганда, кўнглимизда мазкур тушунча йўқ. Бир-биримизга ёрдам беришимиз ҳам динимиз талаб қилган савияда эмас.

Агар бизга Аллоҳ таоло ёрдам беришини истасак, мўмин биродарларимизга ёрдам қўлини чўзайлик. Модомики, биз мўмин биродаримиз ёрдамида эканмиз, Аллоҳ таоло бизнинг ёрдамимизда бўлади.


5. Илм талаб қилиш масаласини кўрайлик.

Илм талаби йўли - жаннат йўли эканини ҳаммамиз тушуниб етганимизми?

Илмга динимиз талаб қилгандек уринамизми?

Нима учун динимиз илм талабини ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз қилган бўлишига қарамай, кўплаб мусулмон юртларида ялпи саводсизлик ҳукм сурмоқда?

Дунёдаги бошқа миллатлар илмнинг юқори чўққисига чиққан бир пайтда кўпгина мусулмон юртлари аҳолисининг ярмидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайди. Кўпларида таълим ишлари йўлга қўйилмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг энг зарур соҳаларида ўз олимлари йўқлигидан ғайридинларга муҳтожлар

Бошқалар болаларини илм олишга ундасалар, мусулмонлар болаларини пул топишга, мол боқишга мажбур қиладилар.

Бошқаларда илм ва олимлар юксак қадрланса, мусулмонларда илм ва олимлар қадри ерга урилади. Исломнинг илм дини эканлигининг аломати шуми?

Қуръони Каримнинг илмга тарғиб қилувчи оятларига амал қилиш шуми?

Илм ҳақидаги ҳадиси шарифларга амал қилиш шуми?

Бу ҳолатга барҳам бериш пайти келган. Ҳар бир мусулмон илмга нисбатан муносабатини Ислом таълимотига мувофиқ қилиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қилиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз фарзи кифоя. Бўлмаса, ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз.


6. Энди Қуръон тиловати ва уни ўрганиш масаласига ўтайлик.

Маълумки, Қуръонсиз Ислом ҳам йўқ, иймон ҳам йўқ. Ҳамма нарса Қуръонга боғлиқ. Нималарга ва қандоқ қилиб иймон келтириш ҳам, нималарга ва қандоқ қилиб амал қилиш ҳам Қуръонда баён қилинган.

Қуръон - илоҳий дастур, икки дунё саодатининг калиди. Қуръон тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган. Уни тиловат қилиш ва ўрганиш кишини олий даражаларга етказади. Қуръонга амал қилиш эса, улуғ мартабаларга мушарраф этади.


7. Амал фойда қилмаса, насаб фойда қила олмаслиги масаласи.

Баъзи бир одамлар ўзининг аслзодалиги, насл-насабига ишониб юргани, амалга эътиборсиз қарагани учун шу гап айтилган. Ислом келишидан олдинги жоҳилият даврида ана шундай фикрда юришар эди.

Йигирманчи аср жоҳилиятида эса, ундан ҳам баттарроқ ҳолат бор. Кўпчилик амалсиз, калимаи шаҳодатни ҳам билмайди, ота-бобосининг мусулмон ўтганига ишониб юрибди. Ҳатто уялмай-нетмай: «Биз ҳам мусулмонмиз, бувамиз намоз ўқиган экан», дейдиганлар анчагина.

Исломнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар:

«Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», деб турибдилар.

Ислом АЛЛОҲ таоло ва Унинг Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қандоқ айтган бўлса, шундоқдир. Исломни ҳар ким ўзича белгилаб олмайди, амалсиз эса, ҳеч қандай насаб, мартаба фойда бермайди.

Демак, амал қилишга, Исломнинг барча кўрсатмаларини бажаришга ўтайлик.


Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ибн Аббоснинг олдига бир тиланчи келиб, тиланчилик қилди. Шунда Ибн Аббос:

«Лаа илаҳа иллаллоҳу» деб шаҳодат келтирасанми?» деди.

«Ҳа», деди у.

«Муҳаммад Расулуллоҳ, деб шаҳодат келтирасанми?» деди.

«Ҳа», деди у.

«Рўза тутиб, намоз ўқийсанми?» деди.

«Ҳа», деди у.

«Сен сўрадинг. Сўровчининг ҳаққи бор. Албатта, бизнинг зиммамиздаги ҳақ сенга сила қилмоғимиздир», деди ва унга бир сидра кийим берди ҳамда:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қай бир мусулмон бошқа бир мусулмонга кийим кийдирса, модомики, ундан унинг устида бир парчаси бўлар экан, албатта, у Аллоҳнинг ҳифзи ҳимоясида бўладир» деганларини эшитганман», деди».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1.    Бирор киши ҳожати тушиб келганда унинг диндорлиги ҳақида саволлар бериш яхшилиги.

2.    Ҳожати тушиб сўраган одамнинг мўмин биродарида ҳаққи бўлиши.

3.    Мўмин-мусулмон киши ўзидан муҳтожлик юзасидан бирор нарса сўраган биродарига ёрдам бериши зарурлиги.

4.    Мусулмон киши бирор одамга яхшилик қилса, у одам унинг яхшилигидан фойдаланиб турган чоғида яхшилик қилган одам Аллоҳ таолонинг ҳифзи ҳимоясида туриши.

Ушбу ривоятнинг қаҳрамонлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу доимо одамларнинг ҳожатини чиқарар эдилар. У киши турли соҳаларда кўпчилик хизматида бўлишга ҳаракат қилар эдилар. У киши ўзлари билган илмга амал қилишда ҳам бошқаларга ўрнак бўлар эдилар.

Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўта сахий ва хайри эҳсон қилишни яхши кўрадиган зот эдилар. У кишининг замондошларидан бирлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Ибн Аббоснинг уйичалиқ таоми, шароби, ме-васи ва илми кўп уйни кўрмадик».

Имом Тобароний, Ибн Асокир ва бошқалар Ҳабиб ибн Абу Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Абу Айюб розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, қарзи борлигидан шикоят қилди. Бас, унинг ҳузурида ўзи хоҳлаган нарсани кўрмади. Балки, хоҳламаган нарсани кўрди ва:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мендан кейин «ўзим бўлайни» кўрасизлар деганларини эшитган эдим», деди.

«Ўшанда нима қилиш керак деган эдилар?» деди Муовия.

«Сабр қилинглар», деган эдилар», деди у.

«Ундоқ бўлса, сабр қил!» деди Муовия.

«Аллоҳга қасамки, бундан кейин ҳеч қачон сендан бир нарса сўрамайман!» деди.

Сўнгра у Басрага келиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига тушди. У унга ўз уйини бўшатиб берди ва:

«Албатта, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қандоқ қилган бўлсанг, мен ҳам сенга шундоқ қиламан!» деди.

Аҳлига амр қилган эди, уйдан чиқиб кетдилар. Сўнгра у унга:

«Уйда нима бўлса, ҳаммаси сеники!» деди ва қирқ минг пул ва йигирмата қул берди».

Имом ал-Ҳоким ва Тобаронийлар келтирган ривоятда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Биз ансорийлар жамоаси Умар ёки Усмондан (ровийлардан Абу Зинод шак қилган) бир нарсани талаб қилдик. Бас, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир неча нафарини ўзимиз билан бирга олиб бордик.

Шунда Ибн Аббос ҳам гапирди, қолганлар ҳам гапирдилар. Улар ансорийларни, уларнинг фазлларини зикр қилдилар. Биз талаб қилган иш оғир иш эди. Волий узр айтди. У уларнинг ҳар гапига жавоб топиб бераверди. Охири улар унинг узрини қабул қилиб, ўринларидан туришди. Илло, Ибн Аббос турмади. У ўз гапида давом этиб:

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, ансорийларга бундоқ қилиш тўғри келмайди. Ахир улар нусрат берганлар, жой берганлар» деб уларнинг фазлларини зикр қилаверди. У яна:

«Манависи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари, у зотни ҳимоя қилган», деди.

Ибн Аббос ўзининг жамловчи каломи ила барча узрларни тўсиб, мурожаат қилишда давом этаверди. Охири волийнинг бизнинг ҳожатимизни чиқаришдан бошқа иложи қолмади.

Бас, Аллоҳ унинг каломи ила бизнинг ҳожатимизни раво қилганидан кейин чиқдик. Мен Абдуллоҳнинг қўлидан ушлаб олиб, уни алқаб, ҳаққига дуо қилиб борар эдим. Бас, масжидда у билан бирга бўлиб, у қилган ишни қила олмаган жамоа олдидан ўтиб қолдим. Мен улар эшитадиган қилиб:

«Албатта, у ичингизда бизга энг яхшиси экан», дедим.

«Шундоқ!» дедилар.

Шунда мен Абдуллоҳга:

«Аллоҳга қасамки, бу нубувватнинг қолдиғидир. Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросидир. У ичингизда ўша нарсага ҳақлироғи экан!» дедим».

Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ушбу муносабат ила Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мадҳларида ажойиб байтлар ҳам айтганлар.

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Мусулмонлардан бир оилани бир ой, бир ҳафта ёки Аллоҳ хоҳлаганича боқмоқлигим мен учун ҳаж кетидан ҳаж қилганимдан кўра афзалрокдир. Аллоҳ азза ва жалла йўлдаги биродаримга табакда бир дониқ нарсани ҳадя қилмоғим мен учун Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида бир динорни инфоқ қилмоғимдан афзалдир»

(Бир дониқ дирҳамнинг олтидан бир оғирлигига тенг нарса)

Имом Тобароний, Байҳақий ва ал-Ҳокимлар ривоят қиладилар:

«Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжиддарида эътикоф ўтирган эди. Унинг олдига бир одам келиб салом берди ва ўтирди. Бас, Ибн Аббос унга:

«Эй Фалончи, сени ғамгин, маҳзун кўрмоқдаман?» деди.

«Ҳа, эй Расулуллоҳнинг амакисининг ўғли! Фа-лончининг менда ҳаққи бор. Ушбу қабр соҳиби ҳаққи, мен уни адо этишга қодир эмасман».

«Унга сенинг ҳақингда гапирайми?» деди Ибн Аббос.

«Агар малол келмаса», деди у.

Ибн Аббос туриб кавушини кийди ва масжиддан чикди. Шунда ҳалиги одам унга:

«Сен ўзинг нимада эканингни унутиб қўйдинг шекилли!?» деди.

«Йўқ. Аммо мен ушбу қабр соҳиби алайҳиссаломнинг: «Ким ўз биродарининг ҳожати учун ҳаракат қилса ва чиқарса, унинг учун бу ўн йил эътикоф ўтиргандан яхширокдир. Ким Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир кун эътикоф ўтирса, Аллоҳ у билан дўзахнинг орасини уч хандақ узоқ қилур. Ҳар хандақнинг узунлиги мағрибу машриқнинг орасидан ҳам узундир», деганларини эшитганман», деб туриб, йиғлаб юборди Ибн Аббос розияллоҳу анҳу».


Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рўза, намоз ва садақанинг даражасидан афзал даражанинг хабарини берайми? Одамлар орасини ислоҳ қилиш, одамлар орасини бузиш эса, қирувчидир», дедилар
».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу иш ҳам одамларга кўрсатиладиган хизматлар ичида энг муҳимларидан биридир. Бу ҳакда аввалги китоб ва бобларда батафсил сўз юритилган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга .Умри узоқ бўлгир, нима деди, дедилар. Унга ўхшаган умри узоқ аёлни давоми...

4814 05:00 / 03.03.2017
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен тушимда боғни, боғнинг ўртасида устунни, унинг бошида ҳалқани кўрдим. Менга, кўтарил, дейилди. Мен, қодир давоми...

4600 05:00 / 03.03.2017
Ўзининг каломи шарифида Эй иймон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, давоми...

4088 05:00 / 02.03.2017
Олтиндан қиммат, ғамимизни кетказадиган ва Аллоҳнинг изни билан биздан сиқилишни узоқ қиладиган бебаҳо насиҳатларга қулоқ солайликАллоҳнинг муҳаббатини давоми...

6071 20:53 / 21.05.2017