1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Набий солаллоҳу алайҳи васаллам таъбир қилган тушлар

05:00 / 03.03.2017 4598 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Мен (тушимда) боғни, боғнинг ўртасида устунни, унинг бошида ҳалқани кўрдим. Менга, кўтарил, дейилди. Мен, қодир эмасман, дедим. Бир ходим келиб кийимимни кўтариб турди. Мен кўтарилиб ҳалқани олдим. Сўнгра буни РасулуллоҳСоллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердим. Бас, у зот:
«Ўша боғ Исломдир. Ҳалиги устун Ислом устунидир. Ҳалқа бўлса, ишонч ҳалқасидир. Сен вафот этгунингча уни маҳкам тутасан», дедилар
».


Шарҳ: Бу ривоятда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг улуғ фазлларини шоҳиди бўлмоқдамиз. 

Биз «ишончли ҳалқа» деб таржима қилган маъно арабчада «ал-Урватул Вусқо» дейилади. Мақсадга етиш учун ишончли ҳалқа дегани. Биров оғир ҳолатдан қутилиш учун осилишга бирор нарса излаб турганда кучли ҳалқага осилиб қутилиб қолганига ўхшатилган. Бу маъно Қуръони Каримда келган. Ким ўша ҳалқани ушласа, дўзахдан қутилиб жаннатга тушади. Бу эса Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу учун катта башоратдир.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг тушларини Пайғамбар алайҳиссалом таъбир қилиб бердилар.

«Ўша боғ Исломдир. Ҳалиги устун Ислом устунидир. Ҳалқа бўлса, ишонч ҳалқасидир. Сен вафот этгунингча уни маҳкам тутасан», дедилар».

Бу ерда тушни мукаммал таъвил қилинган экан ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг Ислом боғида доимий бўлиб, Ислом устинига  қадалган ишонч ҳалқасини маҳкам тутган ҳолда бу дунёдан ўтишлари таъкидланган экан.

Албатта, бу Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу учун ҳар қандай одам ҳавас қилса арзийдиган фазлдир.


 Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Тушимда қўлимда бир парча шойи борлигини кўрдим. Унга жаннатнинг қаерига ишора қилсам, мени ўша ерга учириб олиб борар эди. Бас, мен уни Ҳафсага айтиб бердим. У НабийСоллаллоҳу алайҳи васалламга айтган экан:

«Албатта, уканг солиҳ одамдир», дептилар».

Икки шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг жаннатда юришларини Пайғамбар алайҳиссалом аҳли солиҳликка таъвил қилган эканлар. Бундан ким ўзини ёки бировни жаннатда юрганини тушда кўрса ўша жаннатда юрган кишининг тақвосига ишора бўлар экан.


Уммул Аъло розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади

«Тушимда Усмон ибн Мазъуннинг оқаётган булоғи борлигини кўрдим. Бас, ўшани Расулуллоҳ алайҳиссаломга зикр қилдим. Шунда у зот:

«Ўша унинг амали, унга оқиб келмоқда», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг эмикдош акалари бўлади. Улар бир аёлни эмиб катта бўлганлар. Пайғамбар алайҳиссалом Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг дафнларида ҳам у киши ҳақларида яхши гапларни айтганлар. Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин саҳобиялардан Уммул Аъло розияллоҳу анҳо У киши ҳақида яхши туш кўрган эканлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу тушни ривоятда келганидек таъбир қилибдилар.

Демак, тушда оқаётган булоқ кўрилса, амали солиҳнинг савоби келаётганига ишора бўлар экан.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Расулуллоҳ мен тушимда бир булутни кўрдим. У сарёғ ва асал томчилатмоқда. Одамлар ундан ҳовучлаб олаётганларини кўрдим. Кимдир кўпроқ, кимдир озроқ. Осмондан ерга етадиган тоғни кўрдим. Сиз уни ушлаб     юқори кўтарилдингиз. Сўнг сиздан кейин бир одам уни ушлаб, у ҳам кўтарилди. Кейин бошқа одам келиб, у ҳам кўтарилди. Сўнг яна бошқа бир одам келган эди. У узулиб кетди. Кейин унинг учун уланди. У ҳам кўтарилди», деди.

Шунда Абу Бакр:

«Эй Расулуллоҳ отам сизга фидо бўлсин, Аллоҳга қасамки, менга қўйиб берасиз. Уни мен таъбир қиламан», деди.

«Уни таъбир қил», дедилар у зот.

Бас, Абу Бакр:

«Аммо булут-Ислом булути. Сарёғ ва асал томчилаб тургани. Қуръон-унинг ҳаловати ва юмшоқлиги. Ундан одамлар ҳовучлаб олиши. Қуръондан кўп ёки оз олгани. Осмондан ерга етиб турган арқон бўлса, сиз келтирган ҳақдир. Сиз уни тутасиз ва Аллоҳ сизни у билан юқорига кўтаради. Сўнгра сиздан кейин уни бир одам тутади ва юқорига кўтарилади. Кейин уни бошқа бир одам тутади ва юқорига кўтарилади. Кейин уни яна бошқа бир одам тутади. Шунда у узилиб кетади. Сўнг унинг учун уланади ва юқорига кўтарилади. Менга хабар берингчи, Эй Расулуллоҳ отам сизга фидо бўлсин, тўғри айтдимми ёки хато қилдимми?» деди.

«Қасам ичма», дедилар у зот».

Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу тушдаги Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин арқонда кўтарилган биринчи киши Абу Бакр, иккинчи киши Умар ибн Хаттоб, учинчи киши Усмон розияллоҳу анҳу. У кишига келганда арқоннинг узилиши Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларидаги фитналар. Арқоннинг қайта уланиши, у кишининг юқорига кўтарилиши мартабалари аввалгилар каби олий бўлганидир.

Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан кейин бўладиган нарсаларни беркитиш учун Абу Бакрга қасам ичма деб гапни тамомлаб қўйганлар.

Уламоларимиз Абу Бакрнинг ушбу тушни таъбир қилишда битта хатога йўл қўйганлари, у тушдаги сарёғ Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатлари эканини таъкидлайдилар.


 Бир киши:

«Эй Расулуллоҳ мен осмондан бир тарозу тушганини кўрдим. Бас, сиз ва Абу Бакр тортилдингизлар. Сиз оғир келдингиз. Кейин Абу Бакр ва Умар тортилдилар. Абу Бакр оғир келди. Сўнг Умар ва Усмон тортилдилар. Умар оғир келди. Кейин тарозу кўтарилди», деди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг юзларида ёқимсизликни кўрдик», деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Тушдаги тарозуда оғир келиш афзалликдир. Расулуллоҳ алайҳиссалом Умар ибн Хаттобдан кейин Ислом уммати ишида тушкинлик бошланиши аломатини сезганларидан кейин юзларида нохушлик аломати пайдо бўлган.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади

«Хадийжа Расулуллоҳ алайҳиссаломдан Варақа ибн Навфал ҳақида сўраб:

«У сизни тасдиқлаган эди. Аммо юзага чиқишингиздан олдин вафот этди», деди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Тушимда мен уни оқ кийимда юрганини кўрдим. Агар у аҳли дўзахдан бўлганида, кийими ундан бошқача бўлар эди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Тушда кўрилган кийимлар ҳам тушни таъбир қилишда аҳамиятга эга эканини шу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳонинг амакилари Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломни пайғабарликларини тасдиқлаган одам эди. Балки, у зотга пайғабар бўлганларини айнан шу одам биринчи бўлиб англаб етган эди ва баъзи бир гапларни ҳам айтган эди. Аммо Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келганидан ва у зотнинг пайғамбар бўлганларини тушунганидан кейин ҳали даъват бошланмасдан аввал вафот этган эди. Хадийжа онамиз розияллоҳу ан-  ҳонинг тушлари ва ўша тушга Расулуллоҳ алайҳиссалом томонларидан қилинган таъбирга биноан Варақа ибн Навфал дўзахга тушмаган бўлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир дин ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Отаонанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи давоми...

4647 05:00 / 02.03.2017
Саломлашиш деганда кишиларнинг учрашган чоғда биринчи бирshyбирларига тилак маъносида сўз айтишлари тушунилади. Саломлашиш ҳамма миллатларда қадимдан мавжуд. давоми...

4050 05:00 / 04.03.2017
Шаҳват қозонлари қайнаб турганда ва ҳавои нафс қора булутдек уюлиб турганда такаллуф юзасидан ўтириб олган эса ўзини куйдирди ва кўрликда яшади. У қай бир давоми...

4332 15:48 / 21.10.2017
Муқаддас динимиз Исломда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлинади. Зеро, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ҳар бир инсон ҳурматэҳтиромга давоми...

3703 05:00 / 04.03.2017