1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Тавсия ва эътироф

11:07 / 21.05.2020 2247 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ асарларининг ҳар биридан беҳисоб фойдалар олганимни эътироф этаман. Ул зотнинг ўқимай ўтиб кетса бўладиган бирорта асарлари борлигини билмайман. Ҳажми кичик бўлган айрим асарларидан ҳам киши ўзига жуда кўп манфаат олишига гувоҳ бўлганман.

Сўз бошлашдан олдин айтиб ўтишим лозимки, мен асарга баҳо берадиган киши эмасман. Шайх ҳазратлари асарларининг қийматини Аллоҳ таоло кўпларнинг ҳидоятига сабабчи қилиб, ҳар қадамда, бардавом тарзда намоён қилиб турибди. Аслида, мен ҳам Роббимиз ул зотни ва асарларини сабабчи қилиб қўйган ўша ҳидоятдан насибадор бўлиш бахтига муяссар бўлган кишилардан бири бўламан. Шундай экан, айтмоқчи бўлаётганларимни шунга яраша тарзда қабул қилишларингизни сўраб қоламан.

Ҳазратнинг асарларидан қай бири ҳақида айтсам экан, деб ўйлаб қолдим. Мақсадим шу эдики, мусулмон биродарларимга шундай бир асарни тавсия қилайки, ундан оладиган манфаатлари бошқаларидан кўра кўпроқ бўлсин. Ва у бошқаларига ҳам етакласин. Шундай қилиб, «Сунний ақийдалар» китобини танладим. Эҳтимол, буни кўпчилик аллақачон ўқиб чиққан, дерсиз. Аслида, мен ҳам бунга шубҳа қилмайман. Шундай бўлса-да, сўзимда давом этаман.

Хуллас, танловимга уч нарса сабаб бўлди:

1. Аввал куни шайх Ҳазратларининг «Дин – насиҳатдир» китобларини «Hilol eBook» да ўқиб чиққан эдим. Шу китобдаги бир нарса ёдимга тушди. Унда айтилган эдики:

«Аҳамиятини тушуниб ва йўлга қўйишимиз ўта муҳим бўлган ишлардан бири жамиятда диний ҳолатни яхшилаб ўрганиб, тўғри йўналишга солиб боришни таъминлашдир.

Мисол учун, бугунги кунда Ислом оламида «Фиқҳул авлавиёт» деб аталган омилга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда ҳар бир жамиятдаги ҳолатни синчиклаб ўрганиб чиқиб, мазкур жойда долзарб ҳисобланган ишни аниқлаш ва айнан ўша нарсадан иш бошлаб, охирига етказиш, сўнгра муҳимликда кейинги ўринда турган ишга ўтиш йўлга қўйилади.

Айтайлик, бир жамиятда турли сабабларга кўра, кўпчилик одамлар иймон келтириш масаласидан бехабар. Албатта, бу жамиятда Исломнинг катта масалаларидан сўз юритиш ва қийин ишларни ўртага қўйиш кулгили бўлади. Аввал одамларга иймон масалаларини тушунтиришдан иш бошланади. Кейин таҳорат, намоз ва шунга ўхшаш диннинг рукни бўлган масалаларни ўргатиш ҳамда уларга амал қилишни йўлга қўйишга эътибор берилади» (иқтибос тугади).

Тўғри, бизда бугунги кунга келиб, иймон келтириш масалаларидан бехабар одам камдир. Лекин, иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга тақлидий тарзда эмас, илмий асосда, нима учун шундай қилиши кераклигини тўла-тўкис англаган ҳолда иймон келтираётган кишилар ҳам камдир, балки. Ахир, шу ҳам бир сабаб бўлиб, мусулмонларнинг ичида ҳам мусулмон бўлмаганларнинг ишларидан кўплаб ишлар намоён бўлаётгандир. Албатта, бундай бўлмагани ҳаммамиз учун яхши эди. Шу боисдан ҳам тавсия учун «Сунний ақийдалар» китобини танладим. Бунинг бошқа сабаблари ҳам шуни таъкидлаб келади:

2. Бу ҳам яқин кунларда бўлган эди: Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг «Аллоҳнинг гўзал исмлари» номли асари асосида Анвар Аҳмад томонларидан тақдим этиб келинаётган таржималарни ўқиётган эдим. Тавсия учун китоб танлашга сабаблардан бири бўлиб, шу нарса ёдга тушди. Таржималардан бирида, жумладан, қуйидагилар бор эди:

«Мўмин киши тасдиқлайди, итоат қилади, амалий татбиқ қилади. Эшитган заҳоти амалга ўтади. Масалан, боғда бир илонни кўриб қолдинг. Уни сезиб қолганинг аломати қаттиқ ҳаяжонга тушиб, қўрқиб, бақиришингдир. Демак, идрок қилганинг аломати ҳаяжондир. Ҳаяжоннинг аломати ё ўша илонни ўлдириш ёки ундан қочиб кетишингдир. Ҳаракатсиз ҳаяжон ёлғон ҳаяжондир. Ҳаяжонсиз идрок ҳам ёлғон идрокдир. Идрок қилдингми, албатта, ҳаяжонга тушиб, ҳаракатланасан. Агар биздан бирортамиз Қиёматнинг ҳақиқатини билса, албатта, ҳар бир қилган амалига ҳисоб-китоб қилинишини билади. Билганидан кейин Аллоҳга итоат қилишдан ўзга чораси қолмайди. Лекин, бизнинг идрокимизда заифлик борлиги учун ҳаяжонда ҳам заифлик содир бўлади ва оқибатда, татбиқда ҳам заифлик юзага келади.

Инсон ҳаётидаги муомалотларда Аллоҳнинг чизиб қўйган дастурига мувофиқ яшамас экан, у охиратни амалий ҳолда ёлғонга чиқарувчидир. Охиратга иймон келтириб ишониш, агар таъбир жоиз бўлса, 180 градусга ўзгартириб юбориши керак. Агар шу даражада ўзгартирмаса, демак, охиратга бўлган ишонч ёлғон бўлади. Унинг иймони шаклий бўлиб, ҳақиқий тасдиғини топмаган бўлади. Мусулмон ҳаётидаги энг хатарли нарса тили билан ёлғонга чиқариш эмас, балки амали билан ёлғонга чиқаришдир» (иқтибос тугади).

Ҳа, ақийдамиз бизни ҳаракатга келтириши керак. «Сунний ақийдалар» китобининг ўзида ҳам бу нарса таъкидланади .Унда айтилганки:

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.

Аслида бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун аввало ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.

Қачонки, маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим» (иқтибос тугади).

Ҳа, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим. «Сунний ақийдалар» китобини тавсия қилишимга ундаган учинчи сабаб ҳам шуни таъкидловчи бир ҳодисадир.

3. Буниси ҳам яқинда бўлди: Инглиз тилини ўрганиш жараёнида эшитиб-тушуниш малакасини ҳосил қилиш учун инглиз тилидаги исломий манбалардан видео ва аудио маълумотларни қидираётган эдим. Бунда қидирув учун «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати томонидан бир савол-жавобда инглиз тилидаги исломий манбалар сифатида китоблари тавсия қилинган бир нечта уламоларни асос қилиб олдим. Ўшаларнинг ичида нисбатан кўпроқ аудио ва видео чиқишлари мавжуд бўлган киши Нуъмон Алихон (Nouman Ali Khan) жаноблари экан, назаримда. Орада у кишининг ўзбекчага таржима қилинган гаплари бор бўлган видеога ҳам дуч келдим. Унда, жумладан, қуйидагилар айтилган эди:

«Агар сиз динда ниманидир тушунмаётган бўлсангиз, кўпроқ билимга эга бўлганлардан сўранг. Агар жавоб сизни қониқтирмаса, уларга: «Жавобингиз мени қониқтирмади. Мен буларни яхшироқ тушунишим керак», деб айтинг. Сиз тушунмаганингизни сўрашга шунчаки ҳақли эмас, балки мажбурсиз. Қачонки, уммат фикр юритишдан тўхтаса, қачон уммат тафаккурни мерос қолдиришдан тўхтаса, улар улкан парчаланишга юз тутишади. Кейинги авлод уларнинг ота-онаси мусулмон бўлгани учунгина мусулмон бўлади. Бу уммат дуч келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг энг ёмонидир.

Гап шундаки, биз фарзандларимизни ўзлари Ислом ҳақида фикр юритишларига ўргатмаймиз. Улар нима учун мусулмон? Нима учун улар Аллоҳни ўз Роббилари деб тан олишлари керак? Нима учун улар Қуръонни тан олишлари лозим? Бизнинг динимиз «Шунчаки эргаш, бўлди!» дейиладиган, кўр-кўрона қабул қилиб кетавериладиган дин эмас. Асло! Иброҳим алайҳиссалом: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деб одамлардан эмас, Аллоҳнинг ўзидан сўради. У Зот: «Ишонмадингми?» деди. У: «... лекин қалбим ҳотиржам бўлиши учун», деди. Бу ҳолат Бақара сурасининг 260-оятида ҳам келади. Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни мисол қилиб, бизни қалбимиз ҳотиржамлик топгунича сўрашга ўргатмоқда. Сиз ривожланишингиз, фикр юритишингиз керак ва буни фарзандларингизга ҳам ўргатмоғингиз лозим. Афсуски, бугунги кунимизда, ҳатто, диний таълим ҳам фикр юритишга эмас, балки фақат сураларни ёдлаш, тўғри таҳорат қилишни ўргатишгагина йўналтирилган. Айтганларни бажар ва намозингни вақтида ўқи, бўлди – нуқта. Тажвидинг яхши, зўр! Фарзанд Қуръонни ёд олди, бўлди: гўё жаннатга чипта унинг чўнтагида. Бола Қуръон ўқийди, лекин ҳаёти давомида лоақал бир кун бирор оят устида бош қотирмайди. Бундай бўлиши мумкин эмас, ахир. У ўқияпти: «أَفَلَا تَعْقِلُونَ – Ақл юритмайдиларми?» Аммо, ўзи ақл юритмаяпти. Кўрдингизми, бу бола бутун Қуръонни ёд олди. У таровеҳда имомликка ўтиб ўқияпти: «Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар!» (Бақара сурасининг 171-ояти.) У шуларни ўқияпти, лекин ҳеч нарсани тушунмаяпти. Мана шу бу умматнинг ҳақиқий фалокатидир. Буни тузатиш керак. Буюк ва қудратли Аллоҳ ҳаққи, бизнинг авлод буни тузатиши шарт. Инсонларни диндан куфр томон етаклайдиган омил нима эканини биласизми? Улар: «Мен фанга ишонаман, Худога ишонмайман», дейишади. Фанда, фалсафада сиз фикр юритишингиз талаб қилинади. Балки, бошқа динлар ҳам бунга ўргатар. Биз эса динимизда бунга ўргатмаяпмиз. Аслида бизнинг динимиз инсоннинг доимо фикр юритишига асослангандир» (Иқтибос тугади).

Ҳа, Ислом тақлид тушмани. Исломнинг ҳамма таълимотлари илмий доирададир.

Шу ерда нега «Сунний ақийдалар» китобини тавсия учун танлаганимнинг бош сабаблари тугади.

Мусулмонларни бирлаштириб турадиган энг бош омил – бу уларнинг ақийдаси, иймон-эътиқоди бирлигидир, десам, асло хато қилмаганимга шубҳа қилмайман. Энди, ана шундай аҳамиятли нарса тақлидий бўлса, нима бўлади. Тўғри, у ҳам иймон бўлади. Лекин ортида уни суяб турадиган илм бўлмагани боис ҳар турли ёмон таъсирлар остида тебраниб туриши мумкин. Ҳар лаҳзада ушбу таъсирлар уни ўзлари томон тортиб кетишининг эҳтимоли йўқ эмас. Бу оддий ҳақиқат-ку! Ўзингиз айтинг: жисмоний бақувват кишини йиқитиш осонми ёки заифҳолроқ кишиними? Иймон-эътиқод борасида ҳам шу каби гапни айтиш мумкин. Илм – бу маънавий қувват. Исломда туриши тақлидий бўлиб, илмга асосланмаган, нафсигина уни ҳаракатга келтирувчи мусулмон билан ақийдаси уни ҳаракатга келтирувчи мусулмоннинг ўртасида ҳам, албатта, жуда катта фарқ бор. Шунинг учун ҳам мусулмонлигимиз фақатгина юзаки бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлмоғимиз лозим. Бунда бизга шайх ҳазратларининг «Сунний ақийдалар» китоби жуда катта фойда беради.

Ушбу китобда, аввало, Ислом динининг илм дини эканлиги, ундаги ҳар бир таълимот ўта пухта илмий асосга эга эканлиги, ҳеч бир кўр-кўроналик йўқлиги, ҳар бир ҳужжатнинг қоим бўлиши учун ҳам ўзига хос маълум бир илмий асосдаги шартлар қўйилганлиги, ҳар бир хабар ўта дақиқ ўрганилганлиги, бу борада бошқа дин ва тузумлар Ислом дини олдига яқин ҳам кела олмаслиги исботлаб берилган. Ва бошқа бир қанча нарсалар тафсилоти келади.

Китобнинг «Илоҳиёт» қисмида бир қанча бош масалалар қатори, жумладан, қуйидагилар ҳақида маълумот берилган:

Аллоҳнинг борлиги, исмлари ва сифатлари, сифатларнинг шарҳи; қазо ва қадар; савоб ва иқоб; ибодат ва дуо, дуо ва савобни бағишлаш; касб ва таваккул, ризқ масаласи; Аллоҳни кўриш масаласи.

Кейинги «Нубувват» қисмида эса нубувват ва ваҳий, анбиё ва расулларга иймон келтириш ва уларнинг сифатлари, мўъжизалари, Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошқа набийлардан фарқлари; илоҳий китобларга иймон кабилар ҳақида сўз боради.

Тўртинчи қисм «Кавниёт» деб аталиб, унда инсон, фаришталар, уларнинг сифатлари, вазифалари, жинлар ва сабабият қонуни ҳақида баёнотлар келади.

Бешинчиси «Ғайбиёт» номли қисм бўлиб, ушбу қисмдан ҳозирги кунда кўзимиздан ғойибда бўлса-да, эртами кеч юзага чиқиши муқаррар бўлган ҳолатларнинг тафсилоти ўрин олган. Дастлаб, бошқа ғайб масалаларидан фарқли равишда кофир ҳам унга йўлиқишини тан олмай иложи йўқ бўлган ўлим ҳақида «Ўлим ва унга боғлиқ масалалар» сарлавҳаси остида сўз боради. Сўнгра, қабр саволи; қиёматнинг катта ва кичик аломатлари; қиёматнинг қоим бўлишига далиллар ва бунинг қандай рўй беришининг тафсилоти; қайта тирилиш ва ҳашр, тарози ва амалларни тортиш, сирот ва ундан ўтиш, шафоат; жаннат ва дўзах; лавҳул маҳфуз ва қалам кабилар ҳақида сўз боради.

Шундай кейин, олтинчи қисмда келтирилган турли масалалар ҳақидаги баёнотлар билан асарга якун ясалади.

Ушбу айтиб ўтилганлар асар ҳақида қисқача тушунча ҳосил бўлиши учун эди. Албатта, ҳар бир мусулмон, аввало, ақийда борасида ҳам тайинли бирор китоб ўқиган бўлиши керак, деб биламан. Шу ўринда шайх ҳазратларининг ақийдага оид бошқа асарлари – «Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талхийси» ва «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар»ни ҳам «Сунний ақийдалар» билан кетма-кет ўқишни тавсия қилган бўлардим. Чунки, бир мавзу доирасидаги асарларни жамлаб ўқиш ўша мавзуни пухта ўзлаштиришга имкон беради. Мавзу бир бўлгач, баъзи бир такрорлар бўлиши табиий. Лекин, шуниси керак-да! Янги маълумот ўқилса, янги илм ҳосил бўлади, такрор эса борини мустаҳкамлайди.

«Сунний ақийдалар» – бу менинг илк ўқиган асарларимдан эди. Ўшанда Исломнинг нақадар илм дини эканлигига гувоҳ бўлгандим. Ва мендан олдин ҳам бошқалар томонидан кўп бора айтилган бир гапни айтаманки, ушбу динни инсоф билан ўрганган киши ўзи учун Исломдан бошқа йўл топмайди.

Китоб яна, ўз мақсадига кўра, ақийдани мустаҳкамловчи, уни тақлидий бир даражадан илмий асосга эга бир ҳолатга ўтишига хизмат қилувчидир, ин шаа Аллоҳ.

Ушбу китобни ҳали ўқимаганлардан у билан танишиб чиқишларини, ўқиб чиққанлардан эса китобнинг юқорида таъкидлаб ўтилган аҳамиятига яна бир бор назар ташлаб қўйган ҳолда, уни ўз атрофидагилардан ушбу илмга муҳтожларига улашиб боришларини сўраб қолган бўлардим. Ахир, ҳамма ҳам билмаслигини билавермайди. Имкони борларимиз бундай ҳолдаги биродарларимизга китоб совға қилиш ила ёрдам беришга ҳаракат қилиб кўришимиз керак, албатта.

Шу ўринда, аввал бошда айтиб ўтган гапларимдан бирига қайтсам. Айтганимдек, «Hilol eBook» да ҳазратнинг «Дин – насиҳатдир» китобларини яқиндагина ўқиб чиққан эдим. Асарда диндан бўлмаган нарсаларни саводи йўқларга, мана шу дин бўлади, дея тақдим қилувчи, асли бузуқ нарсаларга даъват қилувчи тоифаларнинг қиёфасини улардан бир тоифа мисолида кўрсатиб берилибди. Ушбу китобни ҳам ҳазратнинг бошқа асарлари қатори жуда фойдали экан, деб билдим. Айниқса, муаллифнинг «Кириш сўзи»да келадиган қуйидаги сўзлар эътиборимни тортди:

«Исломда илм уни билган олимнинг эмас, балки ўша олим яшаётган жамиятнинг мулки ҳисобланади. Олим эса уни ўзида омонат сақлаб турган ишончли одам ҳисобланади. Жамият қачон муҳтож бўлиб қолса, олим ўша омонатдаги илмдан бериши лозим. Бўлмаса, мазкур олим ўз жамиятига хиёнат қилган бўлади. Бу дунёда қутулиб кетса ҳам, охиратда, албатта, жазосини олади» (иқтибос тугади).

Тўғриси, ушбу сатрлар мени кўп ўйлантириб қўйди...

Агар ҳазратнинг шахсиятларини ўзлари ёзган ушбу сўзлар ила солиштириб кўрадиган бўлсак, ул зотнинг бу омонатни қай даражада ҳис этганларини кўришимиз мумкин бўлади.

Ҳа, шайх ҳазратлари ана шу омонатни гўзал бир тарзда адо этиб кетдилар, ин шаа Аллоҳ. Роббимизнинг изни ила бизни Исломнинг ҳар бир соҳасига доир китоблар билан таъминлаб кетибдилар-а! Энди, биз ҳам ўз вазифамизга – ана шу китоблардан фойдаланиб, доимий илм талабида бўлишга, бу билан ислоҳни лозим тутишга ўтишимиз керак.

Сўзим якунида ўзим ва мусулмон биродарларимга Аллоҳ таолодан илмимизни ва бу йўлда ҳимматимизни зиёда қилишини, манфаатли илмларга соҳиб ва соҳибалар бўлишимизни сўраб қоламан.

Охунжон Охунов

Мавзуга оид мақолалар
Ёшлар тарбияси борасида танқидлар кўпайиб кетди. Қайси газета, журнални олиб қараманг, ёшларнинг юриштуриши, кийиниши, муомала маданияти тўғрисида фикрлар, давоми...

3048 13:50 / 19.09.2019
Биздан кимлар Аллоҳ менинг зиммамга аҳлимни нафақа билан таъминлашни юклаган, шуни бажаришим керак. Қолаверса, одамларнинг мендаги ишга эҳтиёжлари бор, давоми...

1689 09:15 / 07.10.2019
Киши чарчаган пайтда хордиқ олиш мақсадида кўнглига, қалбига таскин берадиган малҳам излайди. Аксариятимиз бундай ҳолларда телевизору интернетга мурожаат давоми...

2689 12:40 / 04.09.2019
.Коронавирус, бу Аллоҳдан келган балодир, лекин дуо қилиб бирлашсак, орқасида гўзал ҳикматни кўрамиз.Мен бунинг орқасида қандай ҳикматлар бор экан деб роса ўйлаб давоми...

4106 13:30 / 30.03.2020
Аудиолар

131065 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51589 14:35 / 11.08.2021