Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (86-дарс). Убайдуллоҳ ибн Масъуд

13:00 / 21.05.2020 5494 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу имомнинг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ Содруш-шарийъа ал-Асғар ибн Масъуд ибн Тожуш-шарийъа Маҳмуд ибн Содруш-шарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал Маҳбубий ал Бухорийдир.

«Содруш-шарийъа ал Асғар» «Кичик Содруш-шарийъа» деганидир. У кишининг катта боболарининг лақаби ҳам Содруш-шарийъа бўлганлиги насабларидан кўриниб турибди. Шунинг учун катта бобо «Содруш-шарийъа ал Акбар» – «Катта Содруш-шарийъа», набира эса «Содруш-шарийъа ал Асғар» – «Кичик Содруш-шарийъа» деб аталган.

Баъзи манбаларда икковлари «Содруш-шарийъа биринчи» ва «Содруш-шарийъа иккинчи» деб ҳам фарқланган.

Аммо Содруш-шарийъа лақаби асосан Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал Бухорий раҳматуллоҳи алайҳига нисбатан ишлатилган.

Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал Бухорий Бухоро шаҳрида, ота-боболаридан бошлаб барча авлодлари илм ва фиқҳ уламолари бўлиб келаётган оилада туғилиб, вояга етдилар.

Боболари имом Тожуш шарийъа Маҳмуд ибн Содруш-шарийъанинг тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб етишдилар.

Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал Бухорийнинг имом Абу Ҳанифага етиб борадиган санадлари қуйидагича:

1. Боболари Тожуш шарийъа Маҳмуд ибн Содруш-шарийъа.

2. Катта боболари Аҳмад ибн Жамолуддин.

3. Жамолуддин Убайдуллоҳ ал Маҳбубий.

4. Шайх имом Муфтий Имомзода.

5. Шайх Имодуддин.

6. Шамсул Аимма Заранжарий.

7. Имом Сарахсий.

8. Имом Ҳалвоний.

9. Абу Али Насафий.

10. Имом Маҳмуд ибн Фазл.

11. Имом Субазмуний.

12. Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабир.

13. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний.

14. Имом Абу Ҳанифа.

Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал Бухорий замонасининг кўзга кўринган алломаларидан бўлиб, айниқса усулул фиқҳ, фуруъул фиқҳ, хилоф, жадал, ҳадис, наҳв, луғат, адабиёт, илми калом, мантиқ каби илмларда пешқадам бўлганлар.

Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал Бухорий бир қанча китоблар таълиф қилганлар. Улар қуйидагилар:

1. «Ал-Вишоҳ».

2. «Таъдилул улум».

3. «Шарҳул Виқоя».

4. «Ал Муқаддимотул Арбаъа».

5. «Аш-Шурут вал Маҳозир».

6. «Ат-Танқийҳ».

7. «Ат-Тавзийҳ».

Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд ҳанафий мазҳабидаги машҳур усулул фиқҳ олимларидан биридирлар. Бу имомнинг «Ат-Танқийҳ» деб аталган китоблари усулул фиқҳ соҳасидаги мўътабар китоблардан ҳисобланади.

Имом ибн Масъуд бу китобларини ёзишни бошлашлари билан имомнинг дўст ва биродарлари унинг қўлёзмасидан кетма-кет кўчириб бордилар. Натижада асар ёзиб тугалланишидан олдин тарқалди. Кўчиришда баъзи хатоларга йўл қўйилган эди. Имом ибн Масъуд бундан огоҳ бўлгач, «Ат-Танқийҳ»га «Ат-Тавзийҳ фий ҳалли ғавомиз ат-Танқийҳ» номли шарҳ ёздилар.

8. «Ниқоя Мухтасари Виқоя».

Имом Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал Бухорий ҳижрий 747 йили Бухоро шаҳрида вафот этдилар. Имомнинг мақбаралари Бухоро шаҳридадир.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Витр бир салом билан вожиб бўлган уч ракъатдир. Учинчи рукуъдан олдин икки қўлини кўтариб, такбир айтади, сўнг доимо шу ўриндагина .Қунут, давоми...

4167 19:00 / 26.01.2023
Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам давоми...

4380 19:00 / 25.08.2023
. . Ҳар беш туяда бир дона қўйни закотга бериш фарз бўлади. Сўнгра йигирма бештада бинти мухоз, ўттиз давоми...

2472 19:00 / 25.07.2024
Аёл киши кўксига қўяди.Аёл киши учун шундай қилиш мосдир.Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади.Шунинг учун санода, қунутда ва жаноза намозида ҳам қўл давоми...

4718 20:00 / 28.04.2022