1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Энг олий неъмат

11:30 / 03.10.2019 3246 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг жамоли

Аллоҳ таоло бор эди. У билан бирга ҳеч нарса йўқ эди ва У аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандай.

Аллоҳ таоло Зоти ва сифатларида ягонадир. Аллоҳ таоло жисм ҳам, жавҳар (яъни модда) ҳам, араз (ранг, ҳид каби) ҳам эмас. Унинг сурати ва шакли йўқ. Аллоҳ таоло бирор томонда ва маконда эмас. Зеро, У Зот макон ва томонни Ўзи яратган. Аллоҳ таоло охиратда мўминларга Ўз зотига муносиб, кайфиятсиз равишда кўринади.

Аллоҳ таоло бандаларнинг барчаси бу дунёда У Зотни кўрмасликларини ирода қилди. Зотан, Аллоҳ таолонинг Ўзи бандани тупроқдан яратди ва барча ҳолатларини тупроққа тортиб турадиган қилди. У Зот банданинг барча имкониятларини чегаралаб қўйди. Ана ўша хусусиятлар одамнинг ўз Роббини бу дунёда кўра олмайдиган бўлишига сабаб бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзининг иродасидир.

Бир кун келиб, бу дунё тугайди. Дунё билан охират орасидаги барзах ҳаёти ҳам тугайди. Қиёмат қоим бўлиб, бандалар қайта тирилтириладилар.

Ўшанда Аллоҳ таоло бандаларни, аъзоларини ва жисмларини бу дунёдагидан кўра бошқача қилиб, янгича хусусиятлар билан яратади. Чунки бандаларнинг бу дунёдаги жисмоний хусусиятлари у дунёга тўғри келмайди.

Шунингдек, жаннати бандаларнинг аъзолари, баданлари ва жисмоний хусусиятлари ҳам кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва башарнинг хаёлига ҳам келмаган ажойиб неъматлар ила ҳузурланишга мосланган бўлади. Мазкур неъматларнинг бошида Аллоҳ таолонинг жамолини ўз кўзлари билан кўриш неъмати туради. Агар улар бу беш кунлик бевафо дунёдаги чегараланган жисмлари, қувватлари ва имкониятлари билан қайта тирилсалар, мазкур неъматлардан ҳузурлана олмас эдилар.

Кўриш Аллоҳ таоло хоҳлаган вақтида, хоҳлаган шаклда бандага берадиган бир қувватдир. Бугунги кундаги кўриш кайфияти Аллоҳ таоло ато қилган кўплаб кайфиятлардан бири, холос. Аллоҳ таоло истаган пайтида истаган кўриш кайфиятини бандага ато қилишга қодир.

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (Бақара сураси, 20-оят).

Бу дунёда иймон, ибодат ва яхшилик билан ўтган мўминлар охиратда Роббларининг жамолини кўришлари ҳақдир.

Аҳли жаннат учун (Аллоҳни) иҳотасиз ва кайфиятсиз кўриш ҳақдир. Худди Роббимизнинг китоби нутқ қилганидек: «У Кунда яшнар юзлар бор – ўз Роббига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар).

Бу мўминлар ҳолатининг баёнидир. Яъни улар қиёмат кунида бахтга эришганлари юзларидан балқиб турган севинчларидан билинади ва улар ўша куннинг энг олий мақоми – Аллоҳнинг, ўз Роббларининг жамолини кўришга муяссар бўладилар.

«иҳотасиз ва кайфиятсиз» дейилиши Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва гўзаллиги камолидан Уни кўзлар кўрса ҳам, иҳота қила олмаслигини билдиради. Худди бир нарсани билиш мумкин-у, аммо уни илм билан иҳота қилиб бўлмаганидек, киши ақл кўзи билан Аллоҳни иҳота қилиб билмаганидек, очиқ кўзи билан ҳам кўриб, иҳота қила олмайди. Аллоҳ таоло:

«Уни илм ила иҳота қила олмаслар» деган (Тоҳа сураси, 110-оят).

Роббимиз яна: «Кўзлар Уни идрок эта олмас» деган (Анъом сураси, 103-оят).

Идрок қилиш деганда бирор нарсанинг моҳиятини тўлиқ қамраб олиш тушунилади. Идрок қилиш иҳота қилиш бўлиб, кўришга қўшимча нарсадир. Ҳа, Аллоҳ таоло кўрилади, аммо идрок қилинмайди. Билинади, аммо Уни илм ила иҳота қилиб – қамраб олиб бўлмайди.

«Кайфиятсиз» дейилганини «қандайдир бир ҳолатсиз» деб тушуниш мумкин. Масалан, «фалон жойда кўрдим», «ўтирганини кўрдим», «турганини кўрдим» кабиларсиз. Бандалар Роббиларини ана шундай бандаларга хос сифатларсиз кўрадилар.

Худди «Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига назар солинг» (Нисо сураси, 99-)оятидаги назар солиш кўз билан бўлганидек, Аллоҳга назар солиш ҳам кўз билан бўлади.

Уни мўминлар жаннатда турганларида бошларидаги кўзлари билан ташбиҳсиз ва кайфиятсиз кўрадилар. У Зот билан халқининг ўртасида масофа бўлмайди.

«Ташбиҳсиз» – «ўхшатишсиз» деганидир. Мўминлар Аллоҳ таолони қандай кўрганларини бирор нарсага ўхшатиб бера олмайдилар.

У Ўз махлуқотларидан бирортасига ўхшамайди. Унинг махлуқотларидан бирортаси Унга ўхшамайдики, то Унга қиёс қилинса ёки Унга ўхшатилсаю, қиёс ёки ўхшатиш ила таниб олинса.

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (Шууро сураси, 11-оят).

«Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган» (Ихлос сураси, 4-оят).

Масофа – икки нарса оралиғи, ёки бир ердан иккинчи ергача бўлган узоқлик. «масофа бўлмайди» дейилгани Ҳақ субҳанаҳу ва таоло маконни яратган Зотлиги учун. Қандай қилиб ана шундай Зотни макон билан чегаралаш мумкин?! Шунингдек, жаннатда ёнида туриш ва олдида туриш ҳам кайфиятсиздир.

«Улар учун унда (жаннатда) нима хоҳласалар, бор. Ва ҳузуримизда зиёдаси бор» (Қоф сураси, 35-оят).

Тобарий: «Али ибн Абу Толиб ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳум: «Бундан мурод Аллоҳнинг юзига назар солишдир», дейишган», деди.

«Яхшилик қилганлар учун яхшилик ва зиёдалик бордир» (Юнус сураси, 26-оят).

«Яхшилик» жаннатдир, «зиёдалик» эса Аллоҳнинг юзига назар солишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг ортларидан саҳобалар худди шундай тафсир қилганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиснинг охирида:

«... Бас, ҳижобни очади. Улар У Зотга назар соладилар. Уларга У Зот Ўзига назар солишдан кўра маҳбуброқ нарса ато қилмагандир. Зиёда шудир», дейилган.

Ибн Жарир бир гуруҳ саҳобалардан, жумладан. Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа, Абу Мусо Ашъарий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишича, улар ҳам худди шундай тафсир қилганлар.

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. У зот ўн тўрт кунлик ойга қараб туриб: «Сизлар Роббингизни мана шуни кўргандек кўражаксиз. У Зотни кўришда бир-бирингизга қийинчилик туғдирмассиз. Агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдинги намозни бой бериб қўймасликка қодир бўлсангиз, шуни қилинг», дедилар-да, сўнг «Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин Роббингнинг ҳамди ила тасбеҳ айт»ни тиловат қилдилар».

Ҳадиси шарифдаги қуёш чиқишидан олдинги намоз – бомдод намози, қуёш ботишидан олдингиси эса – аср намози.

Ушбу ҳадиси шарифга қаттиқ амал қилган ҳолда бомдодга ухлаб қолишнинг олдини олайлик. Асрни ўтказиб юбормаслик тадбирини кўрайлик. Ана шунда қиёматда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлиш учун тинмай интилаётганлар сафидан жой олган бўламиз.

Аллоҳнинг розилиги

Аллоҳ ғазаб қилади ва рози бўлади. Лекин одамлардан бирортасига ўхшаб эмас.

Яъни Аллоҳнинг ғазаби ва розилиги махлуқларнинг розилиги ва ғазабига ўхшаган эмас.

«Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий – боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса, улуғ ютуқдир» (Моида сураси, 119-оят).

Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?

«Ва уларни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар унда абадий қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлур. Улар Аллоҳдан рози бўлурлар» (Мужодала сураси, 22-оят).

«Ва уларни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар унда абадий қолурлар».

Бу, албатта, уларнинг бу дунёда келтирган иймонлари ва қилган солиҳ амаллари мукофотидир.

«Аллоҳ улардан рози бўлур. Улар Аллоҳдан рози бўлурлар».

Аллоҳнинг ризолигини топиш... Шу биргина гап замирида инсон зотининг бу дунёю у дунёлик ҳолати жамланган. Кимки яккаю ягона Роббимиз ризолигини топмас экан, мабодо, У Зот унинг иймонини сақлаб қолмас экан, бу бечоранинг синов дунёсидаги омонат умри алданиш билан, охиратда эса фақат азобга дучор бўлиш билан интиҳо топади.

«Уларнинг мукофотлари Роббилари ҳузуридаги (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган «адн» жаннатларидир. У ерда абадул-абад қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Бу, Роббидан қўрққанлар учундир» (Баййина сураси, 8-оят).

«Аллоҳ улардан рози бўлди...»

Яъни Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда қилган иймон-эътиқод ва тоат-ибодатларидан рози бўлди.

«...улар ҳам Ундан рози бўлдилар».

Яъни мўмин бандалар ҳам ўзларига берилган олий мартабалар ва яхшиликлар учун Аллоҳ таолодан рози бўлдилар.

«Бу, Роббидан қўрққанлар учундир».

«Аллоҳ таолодан қўрқиш» деганда, арслон ёки бошқа шунга ўхшаш нарсадан даҳшатга тушиш англанмайди. Балки маъсиятлардан ўзини тортиш ва тоатларни ихтиёр қилиш тушунилади. Шунинг учун ҳам «Ким гуноҳларни тарк қилмаса, қўрқувчи эмасдир», дейилган.

Аллоҳ таоло барчамизни Роббидан қўрққанлардан қилсин. Омийн!

«Агар шукр келтирсангиз сиздан рози бўлур» (Зумар сураси, 7-оят).

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади.

Ферузободий айтади: «Шукр беш қоида асосига бино қилинган:

1. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига хузуъси.

2. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига муҳаббати.

3. Шукр қилувчининг шукр қилинувчининг неъматини эътироф этиши.

4. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига берган неъмати учун мақтов айтиши.

5. Шукр қилувчининг ўзига етган неъматни неъмат берувчига ёқмаган нарсага ишлатмаслиги.

Бас, бу қоидалардан бирортаси йўқ бўлса, шукрда ўша миқдорда нуқсон бўлади».

Шарҳ:

1. Хузуъ. Аллоҳга Унинг ҳар бир бераётган неъматига муҳтож ва тобеъликни англаган ҳолда ибодат қилиш.

2. Муҳаббат. Ҳеч нарсани Аллоҳдан устун қўймаслик.

3. Эътироф этиш. Неъматнинг Аллоҳ таолодан эканини ва У Зотдан ўзга неъматлантирувчи йўқлигини тан олиш.

4. Мақтов айтиш. Масалан, «Алҳамдулиллаҳ» дейиш.

5. Неъматни Аллоҳга ёқмаган нарсага ишлатмаслик. Ундан Ўзи буюрганидек фойдаланиш.

Шокирларнинг даражалари:

1. Авомларнинг даражаси. Улар Аллоҳнинг фақат неъматларигагина шукр қиладилар.

2. Хосларнинг даражаси. Улар неъматларга ва кулфатларга шукр қиладилар.

3. Хосларнинг хосларининг даражаси. Улар фақат Аллоҳнинг Ўзига шукр қиладилар. Неъматни ҳам, кулфатни ҳам кўрмайдилар. Уларнинг наздида Унинг бергани ва манъ қилгани баробардир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтганидек, бу – муҳаббатнинг чўққисидир.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ аҳли жаннатга:

«Эй аҳли жаннат!» дейди.

«Лаббай Роббимиз, амрингга мунтазирмиз! Яхшилик Сенинг қўлингда!» дейдилар.

«Рози бўлдингизми?!» дейди.

«Бизга не бўлдики, рози бўлмасак?! Ҳолбуки, Сен бизга махлуқотларингдан бирортасига бермаган нарсангни бердинг», дейдилар.

«Сизларга бундан ҳам афзал нарсани бераман», дейди.

«Эй Роббимиз, қайси нарса бундан ҳам афзал?!» дейдилар.

«Устингиздан розилигимни тушираман. Ундан сўнг сиздан абадул-абад норози бўлмайман», дейди», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

«Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал қилишимга муваффақ этгин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен Сенга тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман» (Аҳкоф сураси, 15-оят).

Охунжон Охунов

 

Манбалар:

I. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

2. «Тафсири Ҳилол».

3. «Сунний ақийдалар».

4. «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар».

5. «Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талхийси».

6. «Хислатли ҳикматлар шарҳи» (1-5-жузлар).

7. «Руҳий тарбия» (2-жуз).

8. «Ҳадис ва Ҳаёт» (5-жуз).

9. «Олтин Силсила. Саҳиҳул Бухорий» (6-жуз).

II. Hilol Nashr nashriyoti (электрон нашр):

1. Абдулқодир Абдур Раҳим, «Эътиқод дурдоналари» («Бадъул амолий» шарҳи).

2. Aн-Нававий, «Риёзус солиҳийн» (Анвар Аҳмад таржимаси).

III. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2006. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» (электрон нашр).

IV. islom.uz сайти.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарс тугади. Кейингисигача ўн дақиқа бор. Ҳамма дарсхонани тарк этиб, кейинги дарс ўтиладиган хонага йўл олди. У ҳам дарс анжомларини йиғиштириб, хонадан чиқиб давоми...

3788 09:05 / 24.09.2019
Биздан кимлар Аллоҳ менинг зиммамга аҳлимни нафақа билан таъминлашни юклаган, шуни бажаришим керак. Қолаверса, одамларнинг мендаги ишга эҳтиёжлари бор, давоми...

1738 09:15 / 07.10.2019
418Укоз номлик бозордаги, эшитган сўз мафтун қилди,Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўйлантириб, ҳаётдан кўп маҳзун қилди,Одамлардан узоқ кетиб, ёлғизликда давоми...

3457 10:05 / 30.10.2019
Қалб унга тўлган нарса билан жисмни ҳаракатга келтиради. Кўз ва қулоқларимиз қалбимизни тўлдирувчи маълумотларни қабул қилувчи тана аъзоларимиздир. Қалб нима давоми...

3136 17:15 / 16.09.2019