1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Сабр қилсанг зафар қозонасан

11:10 / 01.10.2019 4310 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тасаввур қилинг, дунёдаги энг донишманд одам билан сафарга чиқиш имкониятига эга бўлдиниз. У шундай бир донишмандки, сиздан олдин ҳам, сиздан кейин ҳам у билан сафарга чиқиш ҳеч кимга насиб этмади, этмайди ҳам.

Донишманд сизга ҳамсафар бўлишни биргина шарт билан қабул қилади. Сафар давомида донишманднинг бирор ишига аралашмайсиз. Ўзи сизга гапирмагунча савол бермайсиз. Донишманднинг ишларига аралашмаслик ва сафарда рўй берадиган воқеаларга сабр қилишга сўз бергач, сафарга чиқасизлар. Сафарингиз кемада бошланади. Кема эгаси сизларга иззат-икромни зиёда қилади. Фақат донишманд ҳеч бир сабабсиз кемани тешади. Кема секин – аста сувга тўла бошлайди. Сизларга шунча яхшиликлар қилган кема эгасига миннатдорчилик билдириш ўрнига, донишманднинг қилиғини кўриб жаҳлингиз чиқади.

«Одамгарчилигинг қаерда қолди? Нимага бундай қилдинг?!» дея ғазабланасиз. Донишманд «Сен ишларимга аралашмасдинг-ку? Нима қилсам ҳам савол-сўроққа тутмасдинг-ку?» деганида берган ваъдангиз эсингизга тушарди. Жаҳлингизни боса олмаганингиз, бошқа ишларига аралашмаслигингизни, савол бермаслигингизни айтиб, узр сўраганингиз учун донишманд сиз билан ҳамсафарликда давом этади. Бирга юра бошлайсизлар. Йўлда кичкина болага дуч келасизлар. Кўринишидан фақир ва қашшоқ бўлгани кўриниб турган болага яқинлашган донишманд, болага ҳеч нарса демай уни ўлдиради. Унинг қотилликка қўл урганидан ҳам кўра, бегуноҳ болакайни ўлдирганига чидолмайсиз.

«Бегуноҳ боланинг жонига нега қасд қилдингиз?! Бу бола сизга нима қилди? Бунча ҳам шафқатсиз одам бўлмасангиз?!» дея донишмандга жаҳл-ғазабингизни сочасиз.

Донишманд: «Сенга мен билан ҳамсафар бўлишга тоқат қилолмайсан, демаганмидим?» дея сафар аввалидаги огоҳлантиришни эслатганида, хатоингизни эслайсиз. «Менга сўнги имконни беринг. Ваъда бераман, агар бир бор ишингизга аралашсам, савол берсам, сизга берган ваъдамга хилоф иш тутсам, сиз билан сафарни давом эттирмайман» дея уни кўндиришга уринасиз.

Бир қишлоққа етиб борасизлар. Йўл чарчоғи, очлик ва сувсизликдан икковингиз ҳам чарчаб, ҳолдан тойигансизлар. Қишлоқдагилардан егулик, ичгулик сўрамоқчи бўласизлар. Қайси эшикни тақиллатсангиз, юзингизга қаттиқ ёпишади. Ҳеч ким сизларга эътибор бермайди. Қишлоқ ўртасидаги ҳовуздан сув ичиб, қўлингизга тушган бир-икки тишлам егуликни еб, бир четда дам оласизлар. Бироз дам олган донишманд, қишлоқдаги нураб, йиқилаёзган бир боғ деворини тиклашга тушади. Моҳир устадек деворни бақувват қилиб тиклайди. Ишини битириб, йўлда давом этишни ният қилганида «бу қишлоқдагилар бизга яхши муомала қилишмади. Егулик беришмади, сув беришмади. Сен буларнинг деворини таъмирладинг. Ҳеч бўлмаса деворни тиклаганинг учун пул олсайдинг, эҳтиёжларимизга ярарди!» дея донишмандга тикка келдингиз.

Сен билан ҳамсафарлигимиз шу ерда тугади!- дея сўз бошлади донишманд. — Берган ваъдаларингни бажаролмадинг. Энди сен билан ҳамсафар бўлолмайман! Учинчи бор мени савол-сўроққа тутяпсан. Сафарда гувоҳи бўлганинг воқеаларга сабр қилишинг осон эмасди, албатта. Сен билан йўлларимиз айрилмасдан йўлда кўрганларинг ҳақида тушунча бераман. Йўлга чиққанимизда биз чиққан кеманинг эгаси бизга иззат-икром кўрсатган бўлса-да, кемасини тешиб қўйганим учун мендан жаҳлинг чиққанди. Мен у кемани кема эгасини мукофотлантириш учун тешгандим. Камбағал ва йўқсил бўлишига қарамай, одамларга яхшилик қилишни севадиган кема эгасининг уловини тешмасам, жангга тайёргарлик учун атрофдаги барча бақувват кемаларни тортиб олаётган золим подшоҳ, унинг кемасини ҳам тортиб оларди. Кемаси қўлидан кетмаслиги учун уни тешиб қўйдим.

Бегуноҳ гўдакни ўлдирганим учун мендан жаҳлинг чиққанини биламан. Боланинг ота-онаси диндор ва яхши инсонлар. Бола тирик қолса катта бўлиб ота-онасига зулм қиларди. Шундай яхши одамлар фарзанди зулмидан азият чекмасин дея, у болани ўлдирдим. Бу бола ўлди, улар яна бир фарзанд кўрадилар. Иншааллоҳ, туғилажак фарзандлари уларни хафа қилмайди, ўзларига муносиб фарзанд бўлади.

Бизга яхши муносабатда бўлмаган қишлоқдагиларнинг деворини тиклаб берганим учун мендан ҳам жаҳлинг чиқди, ҳам ҳайратландинг. Қишлоқда тиклаганим девор етим боланинг девори эди. Бу деворни мен тикламасам, ҳеч кимга яхшилик қилмайдиган қишлоқ аҳли, етим боланинг деворига ва девор тагидаги хазинага эгалик қилмоқчи бўлишарди. Деворнинг тагида хазина борлигини ҳеч ким билмайди. Етим бола катта бўлиб, ўз молига ўзи эгалик қила оладиган бўлгунича, хазина кўринмасин дея деворни тиклаб қўйдим. Энди тушуниб етдингми, ўғил? Кемасини асраб қолиш учун тешганимни, фарзандидан азият кўрмасин дея фарзанд доғини кўрсатганимни, етимга ёрдам бериш учун девор тиклаганимни энди тушуниб етдингми, ўғлим? Мен билан ҳамсафар бўлиб кўрганларингга сабр қилолмадинг. Умид қиламанки, бу эшитганларинг сенга дарс бўлади ва бошингга тушадиган ташвишларга сабр қиласан.

Майли, Аллоҳга омонатсан!

(«Каҳф» сурасида келган оятлардан илҳомланиб  (“Каҳф” сураси 65 – 82 оятлар) ёзилган ҳикоя.)

Қуръони каримни қабристонда ўқиш учун туширилган китоб каби тушунадиганлар, пайшанба оқшомлари «Ёсин» ўқиш учун Қуръонни қўлига оладиганлар, Рамазон ойида хатм қилишдан ташқари Қуръон билан муносабати бўлмаганлар, Ҳизр алайҳиссалом қиссасидан ҳаёт сабоғи олишлари ақлга сиғмайди, албатта. Қуръонни ҳаёт кўз ойнаги қилмай, диний маросим ва маълум бир кунларда ўқиладиган китоб қабилида иш тутадиганлар, ҳаёт ташвишлари қаршисида Аллоҳга эмас, дори – дармонларга топинишга мажбур қолишади. Ҳизр алайҳиссалом қиссаси перспективасидан ҳаётга қарашни уддалай олган мусулмон, бошига тушадиган мусибатларга сабр қилишни билади.

Бизнинг ёнимизда кезиб юрган, бизга бошимизга тушган мусибатлар ҳикматини англатадиган Ҳизр алайҳиссалом ёнимизда эмас-ку! дея ўйлайдиганларга икки нарсани тавсия қиламан: Қуръон тафсири ва Пайғамбарлар тарихини албатта такрор ва такрор ўқинг! Чунки, Қуръон ҳаёт раҳбари, Пайғамбарлар тарихи эса — изтироблар тарихидир. Фақат изтироблар тарихи эмас, Пайғамбарлар тарихини ўқиган инсон изтироблар қаршисида ўзини тутиш ва охиратдаги мукофотларни ҳам кўра олади. Ҳаёт сафарида Ҳизр алайҳиссалом билан юрган Мусо каби юришни ва ниҳоясига етказишни Аллоҳ ҳаммамизга насиб этсин!


«Стресс ва иймон» китобидан

Умида Адизова таржимаси

Таржимон
Умида Адизова
Мавзуга оид мақолалар
Намоз ўқиш учун кўп йиллар нафсим билан олишдим.mdash Сен ишлайсан, журналистсан, бошинг очиқ юрибсан, сенинг намозинг қабул бўлмайди, деди айримларhellip Фақат давоми...

4747 19:41 / 04.10.2019
.Коронавирус, бу Аллоҳдан келган балодир, лекин дуо қилиб бирлашсак, орқасида гўзал ҳикматни кўрамиз.Мен бунинг орқасида қандай ҳикматлар бор экан деб роса ўйлаб давоми...

4143 13:30 / 30.03.2020
Аллоҳ таолонинг жамолиАллоҳ таоло бор эди. У билан бирга ҳеч нарса йўқ эди ва У аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандай.Аллоҳ таоло Зоти ва сифатларида ягонадир. давоми...

3182 11:30 / 03.10.2019
Эрхотин орасида жанжал чиқди. Жаҳлдан ақлини йўқотиб, тилини тиёлмаган эр хотинигаmdash Сендан ажраламан Ва сени фақат бахтсиз, нурсиз ва омадсиз бир кунда давоми...

6144 13:45 / 26.09.2019
Аудиолар

135107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55382 14:35 / 11.08.2021