Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 196-дарс. Аёлларнинг жамоат бўлишлари ҳақида

19:00 / 11.08.2022 4793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам (макруҳдир).

Яъни, аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам макруҳ экан. Қадимги уламоларимиз бу гапни изоҳлаб: «Чунки аёлларнинг жамоатга тўпланишлари турли ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади», деганлар.

Агар шундай қилсалар, имомлари ўрталарида туради.

Агар аёллар намозни жамоат бўлиб ўқишса, имомлари олдинга чиқмасдан, биринчи қаторнинг ўртасида, бир сафда туради. Ана шунда уларнинг имоми учун ҳам сатрлироқ бўлади.

Ёш аёлнинг барча жамоатга, шунингдек, кампирнинг пешин ва асрга ҳозир бўлиши ҳам (макруҳдир).

Чунки ёш аёл-қизларнинг масжидга қатнашлари фитнага сабаб бўлиши мумкин. Қариб қолган кампирларда фитна эҳтимоли йўқ. Кейинги давр уламолари: «Кампирлар ҳам жамоатга бормаганлари маъқул», деганлар.

Бу қавлнинг далили қуйидаги ривоятдир:

Молик Яҳё ибн Саъиддан хабар қилади, у Амрадан, у Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар пайдо қилган нарсани (зийнатларни) кўрганларида эди, уларни Бану Исроил аёллари қайтарилгани каби (масжиддан) қайтарган бўлардилар».

(Яҳё бундай дейди) «Мен Амрадан: «Улар қайтарилганмиди?» деб сўрасам, «Ҳа» деди».

Учовлари ривоят қилишган.

Таҳоратли таяммумлига, ювган масҳ қилганга, тик турган ўтирганга, имо қилувчи имо қилувчига ва нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилаверади.

Таҳоратли таяммумлига иқтидо қилиши жоизлиги қуйидаги ривоятга биноандир:

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Fусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб, таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот:

«Эй Амр, жунуб бўлиб туриб, шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар.

Мен у кишига ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини бердим ва:

«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта раҳмлидир», деганини эшитганман», дедим.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ювган масҳ қилганга иқтидо қилиши жоизлиги махсига ёки жавробга тортилган масҳ худди ювилган каби эканлигидандир.

Тик турган ўтирганга иқтидо қилиши жоизлиги, ўтириб имом бўлган рукуъ ва саждага қодир бўлиши шарти биландир.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Шаҳарнинг қурилишига давоми...

5004 15:01 / 28.11.2018
Инсоннинг аврат жойлари яъни, ёпилиши лозим бўлган уят жойлари ва уни қаерда очиш мумкину қаерда очиш мумкин эмаслигини билиб олсак. Зеро, жумла уламолар давоми...

20288 05:00 / 18.01.2017
.Fусл, сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади.Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга .ғусл, давоми...

3784 13:01 / 13.08.2020
Қуръони карим, Суннати мутоҳҳара, исломий илмлар ва хусусан, фиқҳий илмлар сабабли араб тили жуда ҳам ривожланди, оддий саҳровий халқ тили шеър ва хутба тилидан давоми...

5451 13:50 / 24.05.2019