1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Исро ва меърож

12:12 / 15.03.2017 14892 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида инсоният тарихидаги энг муҳим ҳодисалардан бири содир бўлган. Ўша кечада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Исро ва Меърожлари бўлган.

Аллоҳ таоло:
«Ўз бандасини кечаси Масжидул-Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул-Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир», деган.
Араб тилида «исро» сўзи-кечаси юргизиш маъносини англатади.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни Маккаи мукаррамадан Қуддуси Шарифга кечанинг бир қисмида олиб боргани ҳақида сўз юритилган.
Исро ҳодисаси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва оғир дамларда содир бўлди. Бу даврга келиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озорлари, қийноқлари кучайган, уларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддан ошган эди. Мусулмонлар учун ғоятда қийин бир ҳолат пайдо бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг ҳужумларидан ҳимоя қиладиган шахслар Абу Толиб ва Хадича онамиз ҳам вафот этганлар ва қийинчилик ҳаддан ошган эди. Ана шундай мудҳиш бир пайт-да Исро ва Меърож ҳодисаси бўлиб ўтди.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечаси Маккаи мукаррамадан бир зумда Байтул-Мақдисга олиб борди ва у ердан Меърожга олиб чиқди. Бу эса, ана шундай оғир бир пайтда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди.
Айни чоқда, Исро воқеаси кишилар иймонини синаш омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап-сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, мўмин-мусулмонман деб юрганларнинг иймони қанчалик мустаҳкамлигини синаш омили эди.
«Ўз бандасини кечаси Масжидул-Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул-Ақсога оят-мўъжизала-римизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир».
Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини-Ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни, кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда.
Оятдаги «Ўз бандаси»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳнинг бандаси эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар. Ушбу оятда у зотнинг номлари айтилмай, «Ўз бандаси» ибораси ишлатилиши ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фахр ҳамда энг оғир пайтда у киши учун тасаллидир.
Қуръони Каримда:
«Масжидул Ҳаром» ибораси уч нарсага ишлатилади: Биринчиси-Каъбаи муаззама атрофидаги масжид. Иккинчиси-Маккаи мукаррама шаҳри. Учинчиси-Маккаи мукаррама атрофида ҳаром учун белгиланган чегара; кофирлар кириб бўлмайдиган, ов овланмайдиган, ўсимликлари кесилиб ёки юлиниб бўлмайдиган, кўпгина маълум ишлар ҳаром этилган минтақага нисбатан ҳам ишлатилади.
Ушбу ояти каримадаги «Масжидул Ҳаром» ибораси Маккаи мукаррама шаҳри маъносида келган.
Исро кечасида Пайғамбаримиз Каъбаи муаззама атрофидаги масжидда эмас, ша-ҳарнинг бир тарафида жойлашган аммалари Умми Ҳониънинг уйида ухлаб ётган эдилар.
«Масжидул-Ақсо»дан мурод Шоми шарифдаги Байтул-Мақдисдир. «Ақсо» сўзи узоқ, чет маъноларини билдиради. Масжид эса, ибодатхона, саждагоҳ маъносини билдириши ҳаммага маълум.
Ўша пайтда Байтул-Мақдис Маккаи мукаррамага нисбатан узоқ ва энг четдаги ибодатхона ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам уни «Масжидул-Ақсо» деб номлади.
Аллоҳ таоло Масжидул-Ақсонинг атрофини баракали қилиб қўйганини ҳам айтмоқда.
«Ўз бандасини кечаси Масжидул-Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул-Ақсога»
Чунки Байтул-Мақдис ҳақиқатда ҳам Аллоҳ томонидан баракотли қилиб қўйилган бир жойдир. Қадимдан бу ер Пайғамбарлар маскани, ибодатгоҳи бўлган.
Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ва уларнинг ораларидаги Пайғамбарлар ҳам шу ерда ўтишган. Уларга Аллоҳнинг ваҳийси шу ерда тушган. Шунинг ўзи ҳам ҳар қандай баракотдан устун. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бу жойни моддий томондан ҳам баракотли қилиб қўйган. Об-ҳавоси, зилол сувлари, серунум тупроқлари туфайли бу жойни серҳосил қилиб қўйган.
«...оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун»
Исродан, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечаси Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога сайр қилдиришдан мурод, у зотга оят-мўъжизаларни кўрсатиш экан.
Дарҳақиқат, бу ҳодиса асносида, хусусан, Меърожда Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпдан-кўп мўъжизаларни кўрсатди. Бу ҳақда «Ван-Нажм» сурасида:
«Батаҳқиқ, у Роббининг улкан оятларидан кўрди», дейилади.
«Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир».
Аллоҳ таоло ким нима деганини эшитиб, ким нима қилганини кўриб-билгувчи Зотдир.
Ушбу ояти каримада келган маълумотлар муносабати ила икки нарса–Исро ва Меърож нима эканини ҳам тўла тушуниб олмоғимиз лозим.
Исро, аввал айтилганидек, луғатда кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юришни англатади.
Шариатда эса, Аллоҳ таолонинг Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога сайр қилдиришига айтилади.
Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жасадлари, ҳам руҳлари ила қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу во-қеанинг мўъжизалиги қолмас эди.
Ояти каримада «бандасини» деб таъкидланиши ҳам Исро ҳодисаси ҳам жасад, ҳам руҳ билан бўлганини кўрсатади. Агар фақат руҳ билан бўлганида, бандасининг ру-ҳини, деган бўлар эди.
«Меърож» луғатда юқорига кўтарилиш маъносини англатади.
Шариатда эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул-Мақдисдан Сидратул-Мунтаҳога, Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишларига айтилади.
Муҳаддислар ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг Умми Ҳониъ бинти Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида Исро ҳодисаси бошланди. Ўша кечаси Байтул-Мақдисга Буроқ номли ҳайвонга миниб бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсанг тош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ўша тош устига қубба-гумбаз қурилган, сувратлари думалоқ бино шаклида бутун дунёга тар-қатилган. Кўпчилик билмасдан уни Масжидул-Ақсо деб тушунадилар.
Меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар осмонга етганда у киши эшикни очишни сўрардилар. Қўриқчи фаришталар:
«Ким?» деб сўрашарди. У киши:
«Жаброил», деб жавоб берардилар. Улар:
«Ёнингдаги ким?» деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом:
«Муҳаммад», десалар, улар:
«Шундайми? У Пайғамбар этиб юборилдими» дея, эшикни очиб сўрашишарди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар осмонда бир пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул-Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра ортга қайтдилар. Қиссани борича у зотнинг ўзлари Умми Ҳониъга айтиб бердилар:
«Пайғамбарлар тўпландилар, уларга намоз ўқиб бердим», дедилар. Сўнгра масжидга чиқмоқчи бўлиб ўринларидан турдилар. Умми Ҳониъ у кишининг кийимларига ёпишиб олди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга нима бўлди?» дедилар. Умми Ҳониъ:
«Агар бу хабарни айтсанг, қавминг сени ёлғончига чиқаришидан қўрқаман», деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ёлғончига чиқарса ҳам майли», дедилар.
Чиқиб бориб Абу Жаҳлнинг олдига ўтирдилар ва Исро хабарини унга етказдилар. Шунда Абу Жаҳл:
«Эй, Бани Каъб ибн Луай жамоаси, келинглар!», деб бақирди. Сўнгра уларга бўлган гапни айтиб берди. Улар ҳайрон бўлиб таажжубга тушдилар. Бири қарсак чалса, бошқаси бошини ушлаб ҳайронлигини билдирди.
Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди.
Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:
«У зот шу гапларни айтдими?» деб сўрадилар. Улар:
«Ҳа», дедилар. У киши:
«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди. Улар:
«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди. Абу Бакр:
«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди.
Шундан сўнг Абу Бакр «Сиддиқ»–ўта тасдиқловчи, деб атала бошладилар.
Одамларнинг ичида Байтул-Мақдисга борганлари бор эди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша ердаги масжид-ибодатхонани сифатлаб беришни талаб қилдилар. Масжид Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга масжидни–ибодатхонани васф қила бошладилар. Улар:
«Аммо васфини тўғри қилди», дедилар-да, сўнгра:
«Сен бизнинг карвонимиздан хабар бер», дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг карвонидаги туялар сони, аҳволи ҳақида тўлиқ хабар бериб, ниҳоясида:
«Карвон фалон куни, қуёш чиқиш пайтида етиб келади. Олдинда кулранг туя бўлади», дедилар.
Ўша куни ҳаммалари шаҳар четига чиқиб карвон келишини кута бошладилар. Улардан бири:
«Мана, қуёш ҳам чиқди», деди. Бошқаси эса:
«Мана, Аллоҳга қасамки, карвон ҳам кўринди. Олдинда, Муҳаммад айтганидек, кулранг туя келмоқда», деди.
Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Мен Байтнинг олдида уйқу билан уйғоқлик орасида, икки кишининг ўртасида эдим. Менга бир жом келтирилди. У ҳикмат ва иймонга тўла эди. Сўнгра томоқ-нинг пастидан қориннинг пастигача ёрилди. Кейин қорин Замзам суви ила ювилди ва ҳикмату иймонга тўлдирилди. Менга хачирдан кичикроқ, эшакдан каттароқ оқ улов-Буроқ келтирилди. Жаброил ила жўнаб кетдим. Дунё осмонига етиб бордик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?», дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?», де-йилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!», дейилди.
Кейин Одамнинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, ўғлим, пайғамбарим», деди.
Бошқа ривоятда айтилади:
«Дунё осмонига кўтарилсак, бир киши турибди. Унинг ўнг томонида одамлар қораси, чап томонида одамлар қораси кўринмоқда. У қачон ўнг томонига назар солса кулади, чап томонига назар солса йиғлайди.
«Солиҳ набий, солиҳ ўғил хуш келибди!» деди у.
«Эй, Жаброил, бу ким?», дедим.
«Бу Одамдир. Унинг ўнг ва чап томонидаги қоралар унинг болаларининг руҳларидир. Ўнг томондагилар аҳли жаннатдирлар. Чап томондагилар аҳли дўзахдирлар. У қачон ўнг томонига назар солса кулади, қачон чап томонига назар солса йиғлайди», деди у.
Кейин иккинчи осмонга келдик.
«Ким?», дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?», дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» де-йилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Ийсо ва Яҳъёнинг олдига бориб, салом бердим. Улар:
«Хуш келибсан, биродаримиз, пайғамбаримиз», дедилар.
Сўнгра учинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?», дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?», де-йилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Юсуфнинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Сўнгра тўртинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?», дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?», де-йилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!», дейилди.
Кейин Идриснинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Кейин бешинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?», дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?», дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!», дейилди.
Кейин Ҳоруннинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Кейин олтинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?», дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?», де-йилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Мусонинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Унинг олдидан ўтиб кетаётсам, йиғлади. Бас унга:
«Нега йиғламоқдасан?» дейилди.
«Эй, Роббим! Мана бу йигит мендан кейин юборилган бўлса ҳам унинг умматидан жаннатга кирадигани менинг умматимдан жаннатга кирадиганидан афзалдир», деди у.
Кейин еттинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?», дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?», де-йилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Иброҳимнинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, ўғлим, пайғамбарим», деди.
Шунда менга Байтул-Маъмур кўтарилди. Жаброилдан сўрадим. У:
«Бу Байтул-Маъмурдир. Ҳар куни унда етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Қачон чиқсалар унга қайтиб келмаслар. Уларнинг охири кўринмас», деди.
Менга Сидратул-мунтаҳа кўтарилди. Қарасам, унинг меваси худди Ҳажарнинг мешидек келади. Унинг барглари эса филларнинг қулоғидек. Унинг остида тўрт дарё бор. Икки дарё ботин. Икки дарё зоҳир. Жаброилдан сўрадим. Бас, у:
«Икки ботини жаннатдадир. Икки зоҳири Нил билан Фуротдир», деди.
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Сўнгра мени юқорига, қаламларнинг шитирлашини эшитсам бўладиган жойга олиб чиқилди. Кейин менга эллик намоз фарз қилинди. Юриб Мусога етишдим. Бас у:
«Нима қилдинг?» деди.
«Менга эллик намоз фарз қилинди», дедим.
«Мен сендан кўра одамларни яхшироқ биламан. Бани Исроилни жуда кўп муолажа қилганман. Умматинг тоқат қила олмайди. Роббингга қайтиб, Ундан енгилликни сўра», деди.
Мен Унга қайтиб бориб сўрадим. Қирқта қилди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра ўттизта бўлди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра йигирмата бўлди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра ўнта бўлди. Кейин Мусога келдим. Бас, у яна аввалгига ўхшаш гап айтди. У зот бешта қилди. Кейин Мусога келдим. Бас, у:
«Нима қилдинг?» деди.
«Уни бешта қилди», дедим. У яна аввалгига ўхшаш гап айтди. Мен:
«Хайрли нарсага таслим бўлдим», дедим. Шунда:
«Мен, батаҳқиқ фарзимни жорий қилдим. Бандаларимга енгил қилдим. Бир яхшиликнинг мукофотини ўн қилиб берурман», деб нидо қилинди.
Бухорий ва Муслим «Иймон»да ривоят қилган.
Унинг ибораси қуйидагича:
«Токи, Эй, Муҳаммад, булар беш намоздир. Бир кечаю бир кундузда. Ҳар бир намозга ўнта. Ҳаммаси элликта». дегунича Роббим таборака ва таоло билан Мусо алайҳиссаломнинг ораларида бориб-келавердим».
«Байтул-маъмур»-Обод уйнинг нима эканини билмоқ учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат қилиб кўрамиз.
Суддий айтадиларки, бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига:
«Обод уй» («Байтул-маъмур») нима, биласизларми?» дебдилар. Улар:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир», дейишибди. Шунда у зоти бобаракот:
«У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Улар бир кириб чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дебдилар.
«Байтул-маъмур» зикри, аввал ўрганиб ўтганимиздек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот мазкур кечада ўша уйни кўрадилар, фаришталарнинг тавофи «Байтул-маъмур» эканини айтадилар. Яна, у уйга Иброҳим алайҳиссалом суяниб ўтирганларини кўрганликларини ҳам айтганлар.
Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Байтул-маъмур» еттинчи осмонда, Каъбаи Муаззаманинг тепасидаги бир уйдир (масжиддир). Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади ва уларнинг кўплигидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбатуллоҳ қандай улуғланса, осмонда «Байтул-маъмур» ҳам шундай улуғланади.
Сидратул-мунтаҳа ва Меърождаги бошқа нарсалар ҳақида Қуръони Каримда ҳам маълумотлар бор. Келинг, улар билан қис-қача танишиб чиқайлик.
Келгуси оятларда зикр этиладиган нарсалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун Меърож кечасида содир бўлган эди.
«Ва дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди.
Яъни, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилни яна бир марта,
Сидратул-мунтаҳа (тугаш дарахти) олдида», кўрдилар.
Сидра-дарахт, мунтаҳа-интиҳо, тугаш демакдир.
Бу дарахтнинг Сидратул-мунтаҳа-тугаш дарахти деб номланишининг сабаби бор. Осмонда фаришталар ўша дарахт олдигача бора олар эканлар, холос, ундан нарига ўта олмас эканлар. Ундан нариги томонда нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмас экан.
«Унинг ҳузурида Маъво жаннати бор».
Яъни, тугаш дарахтининг олдида жаннати Маъво исмли, тақводорларга ваъда қилинган жаннат бор.
«Ўшанда, у(дарахт)ни ўрайдиган нарса ўраб турибди».
«Ўрайдиган нарса»нинг нима эканлиги оятда очиқ айтилмаган, шунинг учун тафсирчилар бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Жумладан, Аллоҳнинг нури ёки фаришталар ҳам дейилган.
Лекин оятда муайян бир нарса айтилмаганлигининг ўзи «ўрайдиган нарса» васфдан ташқари улкан эканлигига далолат қилади.
Имом Аҳмад Ибн Масъуддан қилган ривоятларида: Исро кечаси Пайғамбар алайҳиссалом тугаш дарахтига бориб етдилар, у еттинчи осмонда эди. Ердан чиққан нарсалар ҳам, юқоридан тушган нарсалар ҳам унга етиб тўхтайди. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссаломга беш вақт намоз, Бақара сурасининг охири, умматларидан ширк келтирмаганларининг мағфират қилиниши хабарлари берилган, дейилган.
«Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам».
Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг нигоҳлари бурилиб, Меърожда ортиқча нарсаларни кўрганлари йўқ. Шунингдек, ҳаддиларидан ошиб, амр бўлмаган нарсаларни ҳам кўрганлари йўқ.
«Дарҳақиқат, ўз Роббисининг улкан белгиларини кўрди».
Муҳаммад алайҳиссалом Меърож кечасида Аллоҳнинг қудратига далил бўлувчи улкан белгиларни, жумладан: жаннатни, дўзахни, Обод уйни (Байтул-маъмурни), ўтган пайғамбарларни, Жаброил алайҳиссаломнинг асл ҳолатларини ва бошқаларни кўрдилар.
Ғойбга тааллуқли мазкур нарсаларни Пайғамбар алайҳиссаломга кўрсатилишининг ҳикмати кўп. Жумладан, у зот кишиларни даъват қиладиган нарсаларини ўз кўзлари билан кўриб, қалбларидан тасдиқлаб олсалар, даъват осон кечади. Халойиққа ҳужжат келтириш осон бўлади, мўминларнинг қалблари таскин топади ва ҳоказо.
Муҳаммад алайҳиссалом ўз кўзлари билан очиқ-ойдин кўрган, қалблари ишонч ила тасдиқлаган, ҳужжатли ва далилли нарсага кишиларни чақирганлар.

ИСРО КЕЧАСИ ТЎПЛАНИШИ

Исро кечасида тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб, бу ишни ўтказишган.
Аммо Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Киши ўз биродарига у золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам берсин. Агар у золим бўлса, давоми...

4400 05:00 / 13.03.2017
Кўпчилик инсонлар истаган пайтимизда кулиб, истаган пайтимизда йиғлай оламиз деб ўйлайдилар. Лекин улар бу гап мутлақо нотўғрилигини, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким давоми...

4831 12:31 / 15.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1431 йил 7 зулқаъда, мелодий 2010 йил 15 октябрда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. давоми...

5304 12:30 / 15.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 2002 йил 4 январда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5251 12:29 / 15.03.2017
Аудиолар

118757 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40716 14:35 / 11.08.2021