1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Фалсафа ва файласуфлар

05:00 / 13.03.2017 11737 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Калом илмининг таназзули давом этар экан Ислом оламида фалсафа бош кўтара бошлади. Албатта, бу жараён бирданига содир бўлгани йўқ. Фалсафанинг тарқалишида калом илмидаги ҳаракатларнинг ҳам ўзига яраша ҳиссаси бор эди. Калом илми ўзига хос соф исломий илм бўлса ҳам унда бир озми-кўпми фалсафий қарашлар бор эди. Ана ўша омил мусулмонларга бегона бўлган фикрий ҳаракат, яъни фалсафанинг тарқалишига маълум даражада таъсир қилди, десак, муболаға бўлмайди.

Ўша даврда Ислом давлати ерларига айланган баъзи минтақаларда аввалдан Юнон, Форс ва Ҳинд маданияти таъсири ўтган эди. Шунингдек, юнон, форс ва сурён тиллари ҳам кенг тарқалган эди. Бунга Искандар Макидонийнинг ҳарбий юришлари қисман омил бўлганди.
Раҳо, Насийбийн, Ҳаррон, Жундисобур, Искандария, Антокия каби шаҳарларда юнон фалсафаси тарқалган ва унга оид адабиётлар юнон тилидан сурён тилига таржима қилинган эди.
Мазкур минтақа, шаҳар ва қишлоқлар Ислом ҳукми остига киргандан кейин маълум вақт ўтиши билан у ерлардаги фикрлар, фалсафалар ва илмий манбаълар мусулмонларнинг эътиборини торта бошлади. Араблар ҳам мазкур китобларни ўқишни исташди. Ўз-ўзидан, уларни араб тилига таржима қилиш эҳтиёжи туғилди.
Таржима ҳаракати умавийлар халийфалиги вақтида бошланган бўлса ҳам, аббосийлар даврида ўзининг чўққисига чиқди. Таржимонларнинг кўпи араб эмас эди. Бунинг устига, уларнинг ичида мусулмон эмаслари ҳам бор эди. Яна эътибор берилиши лозим бўлган омиллардан бири шуки, китоб таржимаси асосан сурён тилидан араб тилига бўлар эди. Яъни, юнон тилидан сурён тилига аввал таржима қилинган китобларни араб тилига таржима қилинар эди. Юнон тилидан бевосита араб тилига таржима қилинган китоблар жуда ҳам оз эди. Бу эса, таржималардаги дақиқликнинг йўқолишига сабаб бўлди. Умавийларнинг даврида таржима қилинган китоблар асосан тиб ва фалакиёт илмига оид эди. Шу билан бирга, мазкур таржималар шахсий уринишлардан иборат эди.
Аббосийлар даврига келиб таржима ҳаракати авж олди ва тартибга солинди. «Фалсафий фикр тарихи» китобининг муаллифи Самоҳ Рофеъ Муҳаммаднинг таъкидлашича (105-бет), биринчи ва энг машҳур таржимон асли форс бўлган адиб Абдуллоҳ ибн Муқаффаъ бўлган. У ҳинд ҳикмати ва юнон мантиқига катта эътибор берган одам эди.
Аввал у «Калила ва Димна»ни таржима қилган. Кейин Арастунинг мантиққа оид уч китобини таржима қилишни бошлаган. Аммо фақатгина биринчи китобни таржима қилиш билан кифояланган. Бошқа таржимонлар ҳиндларнинг қадимга фалакиётга оид китобларини, Батламуснинг китобларини ва баъзи юнон тиб китобларини таржима қилганлар.
Маъмуннинг вақтига келиб юнон китобларини, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат сиёсатига айланди. Баъзи кишилар ўзининг таржимонлик фаолияти билан шуҳрат қозонди.
1. Юҳанно ибн Битрийқ.
Бу шахс Маъмуннинг озод қилган қули эди. У Тимовус ва Афлотуннинг суҳбатларини, Арастунинг «Осмон», «Ҳайвон», «Нафс», «Олам» ва бошқа китобларини ҳамда Буқротнинг тибга оид баъзи китобларини таржима қилди.
2. Қусто ибн Луқо Баълабаккий.
Бу шахснинг миллати юнон, диёнати масийҳий эди. У юнон, сурён ва араб тилларини яхши билар эди. У Арастунинг баъзи китобларига ёзилган шарҳларни ва Афлотуннинг «Ҳандаса асослари» китобини таржима қилди.
3. Абдулмасийҳ Абдуллоҳ Ҳимсий.
У Арастунинг «Хатолар» китобини, Яҳё Наҳвийнинг Арастунинг «Табиий эшитиш» китобига ёзган шарҳларини таржима қилди. Шунингдек, у Афлотуннинг «Рубубият китоби» номли асарини ҳам таржима қилди. Бу китобни хато равишда Арастуга нисбат берилган эди. Ушбу хато кейинчалик исломдаги фалсафанинг йўналишига сабаб бўлди.
4. Ҳунайн ибн Исҳоқ ва унинг ўғли Исҳоқ ибн Ҳунайн.
Бу икки шахс энг машҳур араб таржимонлар эди. Улар кўплаб юнон китобларини таржима қилдилар.
5. Собит ибн Қурра.
У фалсафа ва таржима билан бирга тиб ҳамда фалакиёт билан ҳам шуғулланар эди. Собит ибн Қурра фалсафа, мантиқ ва тибга оид китобларни таржима қилди.
Юқорида зикр қилинганлардан бошқа таржимонлар ҳам кўп эди. Уларнинг ичида Абу Бишр Мутто Қиноий ва Абу Закариё Яҳё ибн Адий кабилар ўта машҳур эдилар.
Ўша даврдаги илмий ҳаракат тарихини ўрганлар олимлар, жумладан, «Фалсафий фикр тарихи» китобининг муаллифи Самоҳ Рофеъ Муҳаммаднинг таъкидлашича (107 – бет), таржима кўпгина хатоларга йўл қўйилган.
Мисол учун, муаллифининг номи маълум бўлмаган китобларни «Арастунинг китоби» деб аташ одатга айланган. Аввал ҳам айтилганидек, таржима юнончадан эмас, сурён тилидан қилинган.
Араб таржимонларнинг кўплари мазкур тилларни яхши билмаган. Натижада, ўша пайтда сезилмаган бўлса ҳам, кейинчалик аниқланишича, кўплаб китоблар асл муаллифидан бошқаларга нисбат берилган. Арастунинг китоби Афлотунга нисбат берилиши ёки аксинча бўлиши ҳеч гап бўлмай қолган.
Нима бўлганда ҳам, мазкур китобларни катта қизиқиш билан ўрганилди, шарҳ қилинди. Аввал бошда мантиқ, тиб, фалакиёт каби илмларга оид китобларни ўрганиб, уларда дийну диёнатга зарар йўқлиги, аксинча, фойдали нарсаларнинг борлигини мулоҳаза қилинган.
Бора-бора, мазкур китобларга мафтун бўлиш ортиб борган. Кейин эса, худди ўша мафтунлик ила фалсафа ҳамда метафизикага оид китобларга ўтилган ва юнон фалсафасига тақлид қилувчилар кўпая борган.
Юнон фалсафасининг бахтига мусулмонлар ичидан Киндий, Форобий, Ибн Сино ва Беруний каби даҳоларнинг унга қизиқиб қолишди. Уларнинг ўзлари ва шериклари мазкур фалсафани ҳақиқат сифатида қабул қилиб, унга ихлос билан унга хизмат қилишди.
Натижада, яна бир қанча машҳур файласуфлар етишиб чиқди. Улардан баъзилари билан яқнидан танишиб олиш фойдадан холий эмас.

Абу Юсуф Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Сабоҳ Киндий (796 - 873)

Киндий ўз замонидаги барча илм ва фанларни тўлиқ ва пухта эгаллаган катта ақл соҳиби эди. Шунинг учун ҳам, унинг ёзган китоблари ўн етти турли илм ва фанга оид бўлган.
Улар, жумладан фалсафа, мантиқ, сиёсат, ҳандаса, ҳисоб, фалакиёт, тиб ва бошқа мавзуларда бўлган. Киндий асосан фалсафага алоҳида эътибор берган ва шунинг учун ҳам «араб файласуфи» лақабини олган.
Киндий мусулмонлар орасида биринчи бўлиб юнон фалсафасини ўзлаштирган ва китоблар ёзган катта файласуф ҳисобланади. У аввал мўътазилийлар таъсири остида бўлган, кейин эса, ўзи бир неча китобларни таржима қилиб ва бошқа таржималарга раҳбарлик ҳамда муҳаррирлик қилиб, тўлиғича юнон фалсафаси таъсири остида қолди.
Киндий, шу билан бирга, Исломий муҳитда яшаган дийндор одам ҳам эди. У, ўзича, фалсафа орқали Исломни ҳимоя қилишга уринар эди.
У биринчи бўлиб барча халқлар оламни яратган зот борлигига турлича услуб ва шаклда бўлса ҳам ишонишини англаб етди. Аллоҳнинг биру борлигини ақлий йўл билан биринчи бўлиб исбот қилган шахс ҳам Киндийдир. Унгача файласуфлар турли худолар ҳақида фикр юритар эдилар. Худди шу ақлий йўл билан Киндий Аллоҳнинг сифатларини ҳам исбот қилди. Шу тарийқа Набийлар, олам, нафс, ақл ва бошқа мавзуларда ҳам фикр юритди.

Фаробий

Абу Наср Фаробий Ўтрор шаҳрида (Ҳозирги Қозоғистоннинг Чимкент вилояти ҳудудида жойлашган шаҳар) 256-257 ҳижрий санада туғилди. Унинг отаси ҳарбий саркарда эди. Ёш ва зеҳни ўткир Абу Наср илмга эрта қизиқди, араб, форс тилларини мукаммал даражада ўзлаштирди. Форобий  санскрит (қадимий ҳинд тили) тилини ўрганди ва уни яхши биларди. Ўзи туркий халқларга мансуб бўлиб, туркий тилларни яхши билар ва ёшлигида турли тилларни ва илмларни пухта эгаллаган эди. У кўпроқ Бағдодда яшаган. Араб тилини жуда ҳам яхши билар, кўпроқ фалсафа, мантиқ ва дийний илмларга қизиқар эди.
Фаробий турли илмларни яхши ўзлаштирган мавсуъий олим эди. У, фалсафа, мантиқ, илоҳиёт, ахлоқ, сиёсат, фалакиёт, кимё, мусиқа ва бошқа илмларга оид ўнлаб китобларни ёзган.
Фаробийнинг мусиқа бўйича ёзган китоби ислом маданиятида ёзилган энг асосий арабча китоб бўлиб, ҳозиргача асосий манбаълардан бўлиб келмоқда. У «Қонун» номли мусиқа асбобини ихтиро қилган.
Абу Наср Фаробий машҳур мутаржим Абу Башир Матта билан биргаликда Арасту (Аристотел) асарларини таржима қилди ва уни доҳиёна шарҳлар ила бойитди.
Шундан кейин унга «ал-Муаллим ас-соний» («Иккинчи муаллим») ва Шарқ Арастуси унвони берилди. Абу Наср Фаробий илм истаб Самарқанд, Бухоро, Ҳирот, Ғазна, Ҳаррон, Шом ва яна кўплаб мусулмон шаҳарларида бўлди.
Абу Наср Фаробий ҳижрий 336 йилда Дамашқ яқинидаги қишлоқларнинг бирида вафот этди.
Абу Наср Фаробий 260дан зиёд илмий иш яратди. Улардан айримлари қуйидагилардир:
«Рисола фи Аъза ил Инсон»,
Рисола фи Аъза ал-Ҳайвон»,
«Рисола фир-Радди ала Жолинус фима Наказа фиҳа Аристотелис»,
«Китобун фи Арои аҳлил Мадийнатил Фазила»,
«Рисола фил миллатил фазила»,
«Таълийқот»,
«Рисола фи Таҳсилис-Саодат»,
«Рисола уюнул-масоил»,
«Рисола ал-Муфаррақот»,
«Рисола фи Маснил ақл» ва ҳоказо.
Фаробийнинг китоблари икки турга тақсимланади. Биринчиси, фалсафа ва бошқа соҳаларда ёзган китоблари. Иккинчиси Афлотун, Арасту ва уларга эргашганларнинг китобларига ёзган шарҳлари. Баъзи тадқиқотчилар мазкур китобларнинг сони қирқ донага етганини айтадилар.
Фаробий ўзининг фалсафий фаолиятида Афлотун ва Арасту ҳамда юнон фалсафаси ва Ислом дийни тушунчаларини мувофиқлаштиришга қаттиқ уринган. Унинг ўзи дийнини маҳкам тутадиган мусулмон бўлган. Шу билан бирга, у Афлотун ва Арасту мазҳабига ўхшаш фалсафий мазҳабга асос солган биринчи мусулмон файласуфдир.
Ўша пайтда Афлотуннинг «ат-Тосуъот» номли китоби таржима қилиниб хато тарийқасида Арастунинг китоби деб билинган эди. Арабчада «Рубубият» номи билан машҳур бўлган бу китобни ўқиган Форобий Арастунинг фикрлари худди Афлотунникига ўхшар эканлигига ҳужжат ва далил топилганидан хурсанд бўлган ва мазкур икки файласуфнинг бошқа китобларини ҳам мувофиқлаштириш учун ҳаракат қилган. Фаробий ҳам Афлотунни, ҳам Арастуни бир хилда яхши кўрар ва қадрлар эди.
Шу билан бирга, бу икки шахснинг фикрлари бир-бирига зид бўлишини тасаввур қила олмас эди. Унинг «Ал-Жамъу байна раъйай ал-Ҳакимайни Афлотун ал-Илоҳий ва Арастутолис»–«Икки ҳаким–Афлотун илоҳий ва Арастуларнинг фикрларини жамлаш» деб аталган китоб Фаробийнинг бу борада олиб борган ҳаракатининг гултожи ҳисобланади.
Фаробий ўзининг бу иши ила биринчи бўлиб Ислом оламида Афлотун фалсафасининг тарқалишига сабаб бўлди. Шу билан бирга, худди шу ишнинг ўзи мусулмон файласуфларга юнон фалсафасини дийний масалаларда тап тортмай ишлатишга йўл очиб берди.
Фаробий биринчи бўлиб, Аллоҳ таолонинг борлигига оламни далил қилиб кетирмай, У зотнинг борлигини ёлғиз ақлий далил билан исбот қилишнинг янги услубини келтирди. У бор нарсаларни иккига–вужуди мумкин ва вужуди вожибга тақсимлайди. Мумкинул вужуд дунёдаги мавжудотлар бўлиб, уларнинг бўлиши мумкин бўлганидек, бўлмаслиги ҳам мумкин. Уларга қарасак, баъзилари йўқолиб, ўрнига бошқалари пайдо бўлиб турганини кўрамиз.
Ана ўшалар ўзидан бошқа нарсанинг таъсири туфайли ўзгаради ва алмашади. Уларнинг ҳар бирига алоҳида назар солсак ҳам шу ҳолни кўрамиз. Бу силсиланинг охирги нуқтаси бўлиши керак. Ана ўша охирги нуқта, ҳамма мумкинул вужудларнинг бориб тақаладиган нуқтаси вожибул вужуд – вужуди вожиб бўлган, у бўлмаса бошқа нарсалар бўлмайдиган зотдир.
Фаробийнинг фалсафасида Аллоҳ – вожибул вужуддир. Мазкур ақлий далилга биноан, вожибул вужуд қуйидаги сифатларга эга:
1. Аллоҳ таолони таърифлаш мумкин эмас.
2. Аллоҳ таолонинг бошқа нарсаларга ўхшаб моҳияти йўқ.
3. Аллоҳ таоло зарурат юзасидан ёлғиздир, шериги йўқдир.
4. Аллоҳ таоло модда эмас. У холис ақлдир. У холис яхшиликдир.
Фаробийнинг Ислом ақийдасига тўғри келмайдиган фалсафасидан бири «Аллоҳ жузъий нарсаларни билмайди» дейишидир.
Шунингдек, Фаробий оламнинг яратилиши, нафс, ақл, нубувват ва эътиқодга тегишли яна бошқа мавзуларда ҳам фалсафа юртиган.

Ибн Сино

Башарият тан олган ўрта аср улуғ қомусий олими. Абу Али Ибн Сино ҳижрий 380 йилда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилди.
Алломанинг болалиги ўша ерда ўтди. 16-17 яшар чоғидаёқ, хусусан тиббиёт соҳасида шу қадар кенг илм соҳиби эдики, ҳатто самоний шоҳ Нуҳ ибн Мансурни оғир дарддан халос этди. Унинг хизмати эвазига китоблар миқдори ва аҳамиятига кўра Шероз кутубхонасидан кейинги ўринда турадиган машҳур шоҳ кутубхонасидан фойдаланишига рухсат берилди.
Ибн Сино бу ерда ҳаётида сира кўрмаган ва номларини ҳам эшитмаган муътабар манбаъларга дуч келди. Шоҳ кутубхонаси ёш алломага тиббиёт ва фалсафа соҳаларида илмини янада бойитишга имкон берди.
Ибн Сино Абу Райҳон Беруний, Абулхайр ал Хаммар кабилар билан замондош эди. У Хоразм пайтахти Урганчда яшаган пайтида ўн икки йил муттасил улар билан алоқада бўлиб турди.
Айнан шу ерда Ибн Сино ўзининг машҳур китоби «Қонун фит-тиб» («Тиббиёт қонуни») ва яна кўплаб асарларини яратишга киришди. Бу китоблар ўрта асрнинг мумтоз меросигина бўлмай, бизнинг кунларимизда ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ.
Улуғ алломанинг «Китоб аш-шифо», «Китобу лисани араб», «Китобул инсаф», «Уржуза фит-тиб» ва яна бошқа кўплаб асарлари фикримизнинг далилидир.
Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Али ибн Сино ёшлигидан дийн, ҳисоб, ҳандаса, фиқҳ, мантиқ, фалакиёт, тиб каби бир қанча илмларни пухта эгаллаган. Ибн Сино ёшлигидан ўз тенгдошлари ичида даҳоси билан ажралиб турар эди. У устозларидан дарс олиш билан бирга мустақил равишда жуда ҳам кўп китоб ўқир эди.
Ибн Синонинг ҳукмдорларга яқин бўлиши уларнинг кутубхоналаридан унумли фойдаланишига сабаб бўлди. Охир-оқибат у ўз давридаги кўзга кўринган мавсуъий алломалардан бири бўлиб етишди.
Ибн Сино фалсафага Форобийнинг китоблари орқали кириб келган. Аммо Арастунинг «Метафизика» номли китобини ўқиб, тушуна олмаган ва фалсафани тарк этган.
Маълум муддатдан кейин бир китобфуруш унга мазкур китобга Форобий томонидан қилинган шарҳни ёлбориб юриб сотган. Ибн Сино шарҳни ўқиб китобни яхши тушунган ва Форобийга бўлган ҳурмати яна ҳам зиёда бўлган. Сўнгра у Форобийнинг ҳамма китобларини шавқ билан ўқиб чиққан. Ибн Сино фалсафани чуқур эгаллади ва ниҳоят мусулмонлардан биринчи бўлиб Арасту тарзида фалсафий мазҳабга асос солди. У ҳам устозлари Киндий ва Форобийга ўхшаб юнон фалсафаси ва Ислом орасида мувофиқлаштириш ишларини олиб борди.
Ибн Сино Аллоҳ таоло ва олам ҳақидаги Киндий ва Форобий фалсафаларининг давомчиси бўлди ва тўлдирди. У Ислом фалсафасида нафс ҳақидаги ўзига хос назарияси билан шуҳрат қозонди. У нафснинг борлиги, абадийлиги ва жасадга боғлиқлиги ҳамда бошқа масалаларни ҳужжат ва далиллар билан исботлаб берди.
Ибн Синонинг ёзган китоблари илм-маърифатнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Унинг таълийф қилган китобларининг сони икки юздан ортиб кетган. Шунинг учун ҳам, тарихчилар Ибн Синонинг китобларини турли илмларга тақсимлаб ўрганадилар.
Фалсафага оид китоблар:
«Аш-Шифо» - асл нусха қўлёзмаси ўн саккиз жуздан иборат. Уни узоқ вақт давомида ёзган.
«ан-Нажот»–аввал зикр қилинган китобнинг мухтасари.                  
«Ал-Ишоротул Ислоҳия».
«Ҳикматул аруз».
«Уйунул ҳикмати».
Мантиққа оид китоблар:
«Ал-Мужаз ал-Кабир фил мантиқ».
«Ал-Авсат фил мантиқ».
«Ас-Сағир фил мантиқ».
Мантиқ ҳақидаги узун қасида.
Тибга оид китоблар:
«Ал-Қонун фит-тиб».
«Ал-Уржуза фит-тиб» ва бошқалар.
Тасаввуфга оид китоблар:
«Ҳикматул мавт».
«Рисола».
«Ҳайй ибн Яқазон».
«Ал-Ҳикматул Машриқия».
Шу билан бирга, зуҳд ва тасаввуфга оид бир қанча ажойиб қасидалари ҳам бор.
Турли илмларга оид китоблар:
Ибн Синонинг кимё, мусиқа, фалакиёт, тил, адабиёт, шеърга оид кўплаб китоблари мавжуд. Тадқиқотчилар унинг араб тилидаги шеърларини юқори баҳолайдилар.

Ибн Рушд

Абул Валид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушд. Ҳижрий 520 йилда Қуртубада туғилди. У «Қози Абул Валид» номи билан ҳам машҳур. Чунки, у Андалусда қозилик қилган. Ибн Рушднинг яна бир лақаби «аш-Шориҳул Акбар»–«катта шарҳчи»дир. Чунки у Арастунинг ҳақийқий фалсафасини бошқаларникини аралаштирмасдан шарҳ қилган ягона шахсдир. У аслида дийний илмларни пухта эгаллаган бўлиб, узоқ вақт қозилик қилган. Охири бош қози бўлган.
Ибн Рушд дийний илмлардан ташқари фалсафа, тиб ва бошқа илмларни ҳам яхши ўзлаштирган эди. У яхши табиб ҳам бўла туриб, илми каломда кучли эди ва мутакаллимларни танқид қилар эди. У Форобий ва Ибн Синонинг фалсафасини чуқур ўрганди. Бу билан кифояланиб қолмай, Арасту фалсафасини бевосита ўрганиб чиқди, унинг китобларини шарҳ қилди ва ҳақийқий ҳолида тарқатди.
Ибн Рушд ҳукмдорларга яқин бўлган эди. Аммо душманлари халийфа Абу Юсуф Мансурга турли гапларни етказиб Ибн Рушднинг кофир деб эълон қилинишига, фалсафий китобларининг куйдирилишига ва фалсафанинг манъ қилинишига сабаб бўлдилар.
Ибн Рушд чеккадаги бир шаҳарчага сургун қилинди. Бир йилдан кейин ҳақийқат юзага чиқди, Ибн Рушд сургундан қайтди, халийфа унга эҳтиром кўргазди. Ҳижрий 595 санада вафот этди.
Ибн Рушд ўзидан кейин бир қанча илмий асарларни қолдирди:
1. Фаслул мақол фий маа байнал ҳикмати ваш шарийъати минал иттисол–Фалсафа ва шариат орасида боғлиқлик ҳақида ҳал қилувчи сўз.
2. Ал-Кашфу ан маноҳижил адиллати фии ақоидил миллати–Миллатнинг ақийдаларидаги далиллар йўлларини кашф қилиш.
3. Зомийматун ли масъалатил илмил қадийм – Қадимий илм масаласига қўшимча.
4. Таҳофутут-таҳофут–Қулашнинг қулаши.
Бу китобда Ғаззолийнинг «Таҳофутул фалосифа»–«Файласуфларнинг қулаши» китобига раддия қилинган.
5. Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул муқтасид.
(Фиқҳ бўйича.)
6. Китобул куллиёт.
(Тиб бўйича.)
Ибн Рушднинг бошқа китоблари, асосан, Арастунинг китобларига қилинган шарҳ ва мухтасарлардан иборат бўлиб, уларнинг адади ўн бешдан ортиқ.
Ибн Рушднинг фалсафий ҳаракатининг асосини дийн билан фалсафани мувофиқлаштириш ташкил этади. Уни бу нарсага ундаган омиллар бир неча:
1. Юнон файласуфлари ҳам ўзларининг фалсафий фикрлари билан дийний эътиқодларини бир-бирига боғлашга уринганлар.
2. Ғаззолийнинг ҳужумидан кейин фалсафанинг обрўси тушиб, унга куфр ва дийнсизлик деб қараладиган бўлиб қолди. Аслида эса, аксинча эди.
3. Арасту юнон ва инсон даҳосининг тимсоли бўлиб, уни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас.
4. Дийн ва шариат инсонга фалсафий назарни вожиб қилган. Қуръони Каримда ақлни ишлатишга, осмонлару ерга ва улардаги нарсаларга назар солишга амр қилувчи бир қанча оятлар бор.
5. Шариат зоҳир ва ботинга тақсимланади. Зоҳири овом халқ учун, ботини ҳукамолар учун.
Ибн Рушд ўзининг «Таҳофутут-таҳофут» номли китобида Ғаззолийнинг «Таҳофутул фалосифа»–«Файласуфларнинг қулаши» китобига раддия қилиб, ундаги файласуфларга нисбатан қилинган танқиднинг нотўғрилигини баён қилишга уринган. Мисол учун, оламнинг қадимлигини, Аллоҳ таолонинг жузъий нарсаларни билмаслигини ва охиратда жисмлар эмас, руҳларгина ҳашр қилинишини ёқлаб чиққан.

Ботинийлар

Ўша пайтда юнон лоҳут фалсафаси асосида мусулмонлар ақийдасига оид ўз фалсафасини тарқатганлар ичида ботинийлар ҳам бўлганлар. Ботинийлар ўз ақийдалари, фикрлари ва таълимотларини тарқатишда юнон фалсафасидан кенг фойдаланганлар.
Ботинийлар, асосан, Ислом келганидан кейин ўз мансаби ва мартабасини йўқотган аламзадалар эди. Улар аслида шаҳват ботқоғига ботган, фоҳишабоз ва шахсга сиғиниш тарафдорлари эди.
Ботинийлар Исломга очиқ-ойдин ҳужум қилмадилар. Аксинча, усталик билан ниқобланган ҳолда мусулмонларга зарба беришга ўтдилар.
Ботинийлар мусулмонлар оммаси ичида «нубувват», «рисолат», «фаришта», «охират», «жаннат», «дўзах», «шариат», «фарз», «вожиб», «ҳалол», «ҳаром», «намоз», «закот», «рўза», «ҳаж» каби истилоҳлар катта обрўга экани ва уларни дийну диёнат билан маҳкам боғлаб туришини яхши тушуниб етган эдилар. Ботинийлар худди шу кучли ва муқаддас робитага зарба беришни қасд қилдилар.
Ботинийларнинг фалсафасига мисол тарийқасида айтишимиз мумкинки, улар сиртда бошқаларга ўхшаб намоз ўқишлари мумкин аммо ботин(ич)ларида намозни имомларидан «Тийб ибн Омир учун ўқидим» деб ният қилади. Шунингдек, ҳаж қилишлари мумкин, аммо Каъбаи Муъаззамани имомнинг рамзи деб эътиқод қиладилар.
Улар Қуръони Карим ва ҳадиси набавийларнинг зоҳири ва ботини, яъни, сирти ва ичи бор, дейдилар. Зоҳир пўчоқ, ботин мағз кабидир. Зоҳир муҳим эмас, ботин муҳимдир. Улар ушбу қоидага биноан, исломга оид ҳар бир истилоҳни ўзларига мос равишда таърифлаб чиқадилар.
Кейинроқ эса, умуман бошқача дийний таълимот томон юзланадилар. Ботинийлар Ислом учун катта зарар еказганлар.
Охир-оқибат Ботинийлар махфий муассасага айланиб қолди. Қадимда исмоилийлар ва қарматийлар ботинийларнинг намояндаси бўлса, ҳозирда қодиёнийлар ва баҳоийлардир.

Ихвонус сафо

Ҳижрий тўртинчи асрда Ироқда массонийликка ўхшаш махфий жамоат юзага келди. Бу жамоа юнон фалсафаси ва ботиний ақийдасини жамлаб қоришма фалсафага асос солган эди.
«Ихвонус Сафо» жамоаси аъзолари Афлотун, Пифагор, Арасту ва бошқа юнон файласуфларининг фикрлари билан Ислом ибодатлари, Исмоилийлар мазҳаби ақийдаси ҳамда барча дийнларда мавжуд бўлган поклик, мурувват, ахлоқ қадриятларини жамлаб, ўзига хос аралаш тузум тузмоқчи бўлдилар.
«Ихвонус Сафо» жамоаси ўз фикрларини тарқатиш ниятида эллик битта рисола ёздилар. Бу рисолалар фалсафа ва фикр тарихини ўрганувчи мутахассислар томонидан «Ихвонус сафо рисолалари» деб аталади. Мазкур рисолаларда табиат, математика, илоҳиёт, ақлиётга оид масалалар ҳақида сўз юритилган.
«Ихвонус Сафо» жамоаси ўзларининг ҳақийқий исмларини яшириб, китобларини китобфуруш ва одамларга бепул тарқатишган. «Ал-Имтоъ вал муонаса» китобининг соҳиби Абу Ҳайён Тавҳидийнинг ёзишича, бу китоблар «Турли фанлардаги тарқоқ, саёз ва қониқарсиз фикрлардан иборат  бўлиб, уларда жасаднинг қайта тирилиши инкор қилинган, охират, жаннат ва дўзах мусулмонлар ичида машҳур бўлган эътиқодга хилоф равишда тафсир қилинган.
Хулоса тарийқасида айтиладиган бўлса, «Ихвонус сафо рисолалари»да янгича ахлоқий, илоҳий ва илмий низом тузишга ҳаракат қилинган. Бу билан ислом шариатини тарқатиб юборишни қасд қилишган. «Ихвонус Сафо» жамоаси фикрича, ўша пайтда шариат эскириб қолган эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фатво беришда тойиладиган жойлардан бири бир неча асрлар муқаддам фиқҳ ёки фатво китобларида ёзилганларга қотиб қолиб замон ва макон шароитларини, урф ҳамда давоми...

3003 05:00 / 14.03.2017
...Мусулмон инсонни бу дунёдан кетиши олдидан қилинадиган энг охирги ва энг аҳамиятли иш унга жаноза намози ўқишдир. Ҳа, айнан намоз, бошқа нарса эмас. Бошқа нима давоми...

3638 05:00 / 13.03.2017
Оламларга раҳмат бўлмиш зот ndash расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари ислом умматининг ҳар бир давоми...

3054 05:00 / 14.03.2017
Уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, давоми...

4538 05:00 / 14.03.2017