16-18 август кунлари Россия Федерациясининг Ингушетия Республикаси пойтахти Магас шаҳрида Қуръон тиловати бўйича иккинчи халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Тадбир республиканинг биринчи муфтийси, шайх Суламбек Шахбутович Ивлоев хотирасига бағишланди. У қийин тарихий шароитларда ҳам Исломни сақлаб қолиб, Кавказда исломий илмларни ёйишга улкан ҳисса қўшган.
Мусобақада 32 мамлакатдан машҳур қори ва ҳофизлар қатнашди. Улар орасида Россия, Туркия, Индонезия, Хитой, Ироқ, Малайзия, Кения, Германия, Фаластин, Иордания, Франция, Нидерландия, Эрон, Баҳрайн, Ўзбекистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар бор эди.
Россияни эса бир нечта ҳудудлар вакиллари тамсил этди: Татаристон, Бошқирдистон, Чеченистон, Ингушетия, Доғистон, Кабардино-Балкария, Омск ва Москва.
Тадбирнинг бош мақсади ёшларни Қуръон ёдлашга ва Қуръон илмларини ўрганишга ундаш, шунингдек, қироатдаги иқтидорларни аниқлаб, уларни қўллаб-қувватлашдир. Мусобақа икки йўналишда ўтказилди:
1 Қуръонни тўлиқ ёддан билиш;
2 Тўғри, чиройли тартил билан тиловат қилиш;
Мусобақани халқаро ҳайъат аъзолари баҳолади. Унда Россия, Сурия, Тунис, Туркия ва Ироқдан олимлар ва қори устозлар қатнашди. Уларнинг орасида Қозондан шайх Маъмун Ровий, шариат бўйича докторлик даражасига эга шайх Сайф ибн Али Асрий ҳам бор.
Фахрий меҳмон сифатида Татаристон муфтийси Камил Ҳазрат Самиғулин бошчилигидаги делегация ва бошқа машҳур олимлар қатнашиб, мусобақага илмий ва руҳий шукуҳ қўшдилар.
Иштирокчилар учун 51 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари ажратилди. Бундан ташқари, томошабинлар учун ҳам қимматбаҳо совғалар тайёрланди: ноутбук, смартфон, планшет ва Умра сафари учун йўлланмалар. Бу эса мусобақага кенг жамоатчиликнинг қизиқишини оширди.
Мусобақа «Фушал» хайрия жамғармаси томонидан Ингушетия ташқи ишлар ва миллий сиёсат вазирлиги ҳамда Ахборот вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Ҳар куни соат 15:00 дан 22:00 гача бўлиб ўтган дастурлар Қуръонга бўлган эҳтиром ва руҳий муҳитда ўтказилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, шайх Суламбек 1937 йилда Али Юрт шаҳрида туғилган. Олти ёшида сургун қилинган ва ҳаётда кўп қийинчиликларни бошдан кечирган. Имкони топиб шариат ва фиқҳ илмларини отаси ва бобосидан, шофеъий мазҳаби асосида ўрганган. Шу билан бирга, у муҳандислик соҳасида ҳам юксак даражага эришган. Шу соҳа бўйича ишлаб чиқаришда раҳбар лавозимларида ишлади.
У 2008 йил 14 феврал куни вафот этган. Карелиядаги Ислом маркази, Назран ва Али Юрт шаҳарларидаги кўчалар унинг номи билан аталади. Фарзандлари эса масжидлар, мадрасалар ва Қуръон марказлари барпо этишда давом этиб келмоқда.