1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Албатта қийинчилик билан енгиллик бордир

12:13 / 15.03.2017 4448 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг китобида икки қоида бор: бири Аллоҳ таолонинг (Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир) (Шарҳ, 5, 6) , деган сўзи. Бу қоида билан Аллоҳ таоло қайси бир инсонга бирор қийинчилик етса, албатта унинг орқасидан тезда уни аритадиган енгиллик келишини ваъда қилган. Лекин бунинг учун инсон Аллоҳ таоло ундан олган аҳдга вафо қилиши шарт. Ушбу шарт инсон қандай қийинчиликка тушмасин илтижо билан Аллоҳ таолога юзланиши, аввало, розилик ва сабр билан зийнатланиши, сўнг бу қийинчиликдан Аллоҳ азза ва жалланинг остонасига бош уриши, унга ёлворишидир. Бу эса иккинчи қоида.

Аллоҳ азза ва жалла бу икки қоидани бошқа бир ояти каримасида бир-бирига боғлаб, бундай марҳамат қилган: (...аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!) (Бақара, 40). Аллоҳнинг аҳди бу инсонга қийинчилик ва балолар етганда уларга сабр қилиши, шундай пайтда фақат Унгагина илтижо қилишидир. Гўё бу билан Аллоҳ таоло: “Менга илтижо қилиш, раҳматимдан умид қилиш билан аҳдимга вафо қилсангиз, Мен ҳам қийинчиликдан сўнг доимий енгиллик келтириш билан сизларга ваъда қилган аҳдимга вафо қиламан”, дегандай бўлади. 

Бу қоиданинг ҳаётимизда, шахс ҳаётида ҳам, жамият ҳаётида ҳам, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзининг тасдиғи эканини кузатамиз: (Сизларни, албатта, бироз қўрқув, очлик, моллар, жонлар ва меваларга етадиган нуқсон билан синаймиз) бу қийинчилик. Сўнг (Ва мусибат етганида “Биз Аллоҳникимиз ва албатта Унинг ҳузурига қайтувчимиз”, деб сабр қилувчиларга башорат беринг) (Бақара, 155, 156), деган. 

Демак, бандаларни синов, имтиҳон қилиш жорий бўлган қоида. Лекин Аллоҳ таоло қийинчилик, мусибат етганда фақат Ўзигагина илтижо қилинса, енгиллик беришини (Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир), деб ваъда қилган. Сўнг буни (Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир), дея таъкидлаган. 

(Сиздан олдинги умматларга элчи юбориб, ёлворишлари учун уларнинг бошларига қийинчилик ва зарарлар солганмиз. Уларга бизнинг азобимиз келганида тазарру-илтижо қилганларида эди. Лекин уларнинг қалблари қотди, шайтон уларга қилаётган амалларини чиройли қилиб кўрсатди) (Анъом, 43), деб ўша аҳдни ўзил-кесил олган. Мана Аллоҳнинг биздан олган аҳди ва Ўзи берган ваъда. Шундай экан, Аллоҳ таоло ваъдасига вафо қилиши учун биздан олган аҳдига вафо қилмаймизми(...аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!) (Бақара, 40) ояти тўғрисида яхшилаб фикр юритмаймизми?!

Шунга қарамай, баъзи инсонлар эътироз қилиб “Аллоҳ таолонинг инсон бошига қийинчилик солиб, синаши, кейин Аллоҳга илтижо қилса, уни аритишининг ҳикмати нима? Уни тўла енгиллик бўлган ҳаётда яшатиб қўйса бўлмайдими?”, деб эътироз қилиши мумкин. Ушбу савол кўпчиликни ўйлантирган. Бунинг қисқача жавоби шуки, биз яшаб турган бу ҳаёт доимий эмас, ўткинчи. Ўлим эшиги орқали кириладиган боқий ҳаётга кўприк, ўтиш йўлидир. 

Бу ҳаёт ўткинчи экан, Аллоҳ таолонинг уни ҳеч бир қийинчиликсиз доимий неъмат қилиб қўйиши ҳикматдан бўладими? Инсон қаерда ва қандай юрса ҳам тўла-тўкис ҳаёт кечириши ҳикматданми? Ундай бўлса, у боқийлар даъвосини қилади. Ўлим келганида яхши кўрган бу ҳаётдан узилиши, ажралиши жуда-жуда қийин бўлади. Унинг ҳаётга боғланиши тиконли дарахтга ўралиб қолган, қаттиқ тортилса, ажралгани ажралиб, қолгани қолиб кетадиган ипак ипларга ўхшаб қолади. 

Ҳикмат шуки, Аллоҳ азза ва жалла бу ўткинчи ҳаётни яхшилигидан Аллоҳга томон йўлимизда фойдаланишимиз, ёмонлик келганида эса, бу ҳаётдан юз буришимиз учун яхшилигу ёмонликдан иборат йўл қилганидир. Бундан биламизки, инсон бу дунёга берилмаслиги, уни севиб қолмаслиги керак экан. У бир кўприк, кўприкда эса, ундан ўтиб борадиган уйингдаги каби шароитлар бўлиши тўғри эмас. 

Бу биринчи ҳикмат. Иккинчи ҳикмат эса, Аллоҳ азза ва жаллага қуллигинг моҳияти кўринишидир. Мен қулман, лекин қандай қилиб қуллигимни Аллоҳга ҳақиқий кўрсата оламан? Бошимга балолар, синовлар келганида Унга илтижо қилсам, дардимни Унгагина айтсам, раҳматидан кўз узмасам, Унинг тақдирига розилигим ва сабримни кўрсатсам, шундагина Аллоҳга қуллигимнинг ҳақиқати намоён бўлади. 

Бу ҳақиқатни Аллоҳ азза ва жалла бизга неча-неча бор кўрсатган. Мисол учун бу икки қоиданинг Юсуф (алайҳиссалом) ҳаётларидаги кўринишига бир қаранг. Бу қиссада Аллоҳ таоло бизга Юсуф (алайҳиссалом) ҳаётидаги кетма-кет келган синовларни, сўнг сабр ва Аллоҳга доимий илтижо намунасини, кейин у зотнинг бошига тушган қийинчиликларни қандай енгилликка айлантирганини кўрсатади. Кичиклигида акалари уни ҳеч бир гуноҳсиз қудуққа ташладилар. Сўнг карвондагилар уни чиқариб олиб, Мисрда арзон баҳога қул қилиб сотдилар. Уни Миср ҳокими сотиб олиб, уйида хизматчи қилди. Балоғатга етганида эса, ҳокимнинг хотини уни йўлдан урмоқчи бўлди. Зиндонга ташланди. Буларнинг барчаси синовлар, имтиҳонлар эди. Юсуф (алайҳиссалом) бу қийинчиликларни қандай қарши олди? Сабр ва тақдирга розилик билан, Аллоҳга бу балоларни аритишини сўраб доимий илтижо қилиш билан қарши олди. Буларнинг натижаси қандай бўлди? У киши зиндондан озод бўлди, у ерда юксак мартабага эга бўлди, ота-онаси ва оиласини қайта топди. 


Муҳаммад Саид Рамазон Бутий


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирбирингизни ёмон кўришманг. Бирбирингизга ҳасад қилманг. давоми...

6882 05:00 / 14.03.2017
Шарҳ Ислом осонлик динидир. У ҳамма нарсада, жумладан, ибодатда ҳам бандалар учун осонлик ва енгиллик бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ислом давоми...

4084 05:00 / 13.03.2017
Абу Сирма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳим Албатта мен Сендан беҳожатлигимни ва мавломнинг беҳожатлигини давоми...

8274 05:00 / 13.03.2017
1. Қуръон ўрганувчи ва ўргатувчи киши мусулмонларнинг энг яхшисидир.Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларнинг давоми...

4424 12:09 / 15.03.2017