1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Барбод бўлган миссия

16:00 / 08.01.2019 4839 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Менинг исмим Юсуф Эстес. Авваллари насроний эдим, ҳозир – мусулмонман.

Мен Америка Қўшма Штатларининг ғарбида дунё келдим. Оилам ва аждодларимиз нафақат мактаб ва черковлар қуришган, балки бу ерларга биринчилардан бўлиб кўчиб келишган ҳам.

1949 йилда оиламиз билан Техасга кўчиб келдик. У вақтларда мен мактаб ўқувчиси эдим. Биз черковга мунтазам қатнар эдик, мени ўн икки ёшимда чўқинтиришган.

Ўсмирлик чоғларимда турли дин ва мазҳабларга (конфессияларга) қизиқиб кўрдим. Баптистлар, методистлар, католиклар, протестантлар, Епископал черкови, Масиҳ черкови, Худо черкови, Масиҳдаги Худо черкови ва бошқа черков вакиллари билан мулоқотда бўлдим. Мен бу билан чекланиб қолмай, ҳиндикуйлик, буддавийлик, ҳатто Америка ҳиндуларининг “дини”ни ҳам ўргандим. Негадир, шу ерда Исломни қолдириб кетибман.

Ўттиз йил давомида мен ва отам тижорат билан шуғулландик. Биз кўнгилочар дастурлар, аттракционлар ва шоуларни ташкиллаштирар эдик. Бундан ташқари, биз Техасдан Оклахомагача, у ердан Флоридагача мусиқа асбоблари дўконларини очдик. Ўша йилларда мен миллионлаб доллар топган бўлсам-да, аммо руҳий хотиржамликка муҳтож эдим. Кейин билсам, у  фақат ҳақни топганларга ва нажот йўлини англаганларга насиб этаркан.

Ишончим комил, сизлар ҳам ўзингизга: «Худо мени нима учун яратди?», «Худо мендан нима истайди?», «Худо ким?» деган саволларни бериб кўргансиз. Бундан ташқари, мен учлик назариясига ҳеч тушунмаганман. Ҳеч қайси роҳиб менга буни аниқ тушунтириб бера олмаган. Нима учун бир уч бўлади, нима учун ҳар нарсага қодир Худо инсонларнинг гуноҳини кечиб қўя қолмай, уларнинг гуноҳларини ўзига олиш учун ерга тушиб, инсонлар қатори инсон бўлади?

Кунларнинг бирида  мусулмонлар Инжил Аллоҳнинг китоби эканига ишонишларини билиб қолдим. Бундан кўп ҳайрон бўлдим. Бу қандай бўлиши мумкин? Аммо, бу ҳаммаси эмас эди. Бундан ташқари улар: Исо (алайҳиссалом) Худонинг ҳақиқий элчиси, пайғамбар эканига; мўъжиза орқали отасиз туғилганига; Инжилда зикри келган элчи эканига; ҳозир Аллоҳнинг хузурида эканига ишонишар экан.

Бир пайт отамнинг иши мисрлик бир тадбиркор билан боғлиқ бўлиб қолди. Отам у билан учрашишимни истади. Албатта бу яхши эди, чунки бу мендай бир тадбиркор учун жаҳонга чиқиш эди. Шу ўринда отам мисрлик тадбиркор мусулмон эканини ҳам эслатиб қўйди.

«Мусулмон?». Шунда мен отамга мусулмонлар ҳақида эшитганларимни бирма-бир айтиб бердим: улар террорчилар, босқинчилар, одам ўғрилари, менинг тушунчам бўйича улар Худога ҳам ишонмайдилар, беш маҳал ерни ўпишади, чўлдаги аллақандай қора Уйга сиғинишади.

«Йўқ! Мен мусулмон билан учрашмайман!», ўйладим мен.

Аммо отам мени бу учршувга кўндирди.

...Мусулмон билан учрашувга мен билан бирга хотиним ва икки қизим ҳам келганди. Мен дўконга кириб, отамдан «Мисрлик қани?» деб сўраганимда «анави ерда» деб менга уни кўрсатди.

Мен ридо кийган, бошида катта салла, кўксигача соқол қўйган кекса бир одамни кўрсам керак, деб тасаввур қилгандим. Рўпарамда соқолсиз, балки сочи деярли тўкилган тепакал одам турарди. У қўлимни тутиб, жуда илиқ, мулозамат билан кутиб олди. Бу эса менга қандайдир ҳақиқатдан узоқроқдай туюлди. Мен мусулмонларни террорчи – қароқчи сифатидагина танир эдим. У эса бу тасаввурга сира сиғмасди.

Тезда танишиб олганимиздан сўнг мен уни саволлар билан кўмиб ташладим:

– Сиз Худога ишонасизми?

– Ҳа. (“Бу ҳозирча яхши!” – ўйладим мен)

– Сиз Одам ва Ҳаввога ишонасизми?

– Албатта.

– Авраам (Иброҳим алайҳиссалом) ҳақида нима дейсиз? Ўғлини Худо учун қурбон қилмоқчи бўлганига ишонасизми?

– Ҳа.

– Моисей (Мусо алайҳиссалом) ҳақида нима дейсиз? Исроил халқини ўтказиб юбориш учун Қизил денгиз очилгани ҳақида-чи?

У буларни ҳам тан олишини айтди.

– Сиз бошқа пайғамбарларга ҳам ишонасизми?

– Ҳа.

– Инжилга-чи?

– Ҳа.

Энди энг керакли саволни бериш пайти келганди.

– Сиз Исога (алайҳиссалом) ишонасизми? Элчи эканига-чи?

У яна аниқ ишонишини айтди, қарасам, ишим осон кўчадиганга ўхшади. Афтидан бу мисрлик чўқинишга тайёр, фақат буни қандай қилишни билмай турибди, деб ўйладим. Бир адашган мусулмонни қутқарсам, катта хизмат кўрсатган бўламан, деб ўйладим.

Шундан сўнг мен уни чойга таклиф қилдим. Суҳбат асносида мисрлик ёқимтой, юввош ва бир оз тортинчоқ экани аён бўлди. У ҳар бир сўзимни диққат билан тинглар ва гапимни бўлмас эди. Менга унинг ўзини тутиши ёқди. Шунда «мисрлик яхши насроний бўлади», деган хулосага келдим.

Лекин бу воқеанинг қандай натижа билан якун топиши маълум эмасди.

Ўша суҳбатдан сўнг мен у билан ишлашга рағбат билдирдим ва Техаснинг шимолий қисмига иш билан боғлиқ бўладиган сафаримда менга ҳамроҳ бўлишини таклиф қилдим. Биз сафар чоғида одамлар эътиқод қиладиган турли динлар ҳақида баҳслашар эдик. Мен доим уни насронийликка даъват қилардим.

Бир куни қадрдон дўстимнинг юраги хуруж қилиб, фахрийлар шифохонасига ётқизилди. Мен уни тез-тез кўргани борар эдим. Шифохонага Муҳаммадни ҳам бошлаб борардим, чунки шунда диний мавзуларда Муҳаммад билан суҳбатлашиш осон бўлади, деган фикр бор эди. Бу бемор дўстимга унчалик қизиқ туюлмади, чунки унинг Ислом ҳақида ҳеч нарса билгиси келмас эди.

Бир вақт дўстим ётган хонага қўшниси ногиронлар аравачасини ғилдиратиб кириб келди. Мен унинг ёнига бориб исмини сўрадим, у менга «бунинг аҳамияти йўқ» деб жавоб берди. Менинг: «Қаердансиз?» деган саволимга, у қўполгина қилиб «Юпитердан» деб жавоб қилди. Мен чуқур ўйга толдим.

Кейинчалик, бу одам тамоман ёлғиз бўлиб, ҳозир тушкунлик (депрессия) ҳолатида эканлиги маълум бўлди. Мен унга Худо ҳақида «гувоҳлик» бера бошладим, Инжилдан ўқиб бердим. Машғулотимни тугатганимдан сўнг у мендан кечирим сўради ва гуноҳларига тавба қилишини айтди. Мен унга бунинг иложи йўқлигини, чунки мен черков руҳонийи эмаслигимни айтганимда, у эътироз билдириб бу нарсаларни яхши билишини, унинг ўзи католик черкови руҳонийси эканини айтди.

Мен ҳайрон қолдим, демак черков руҳонийсини насронийлик динига даъват қилибман-да! Руҳоний ўн икки йил давомида миссионерлик билан Жанубий ва Марказий Американи, Мексика ва Нью-Йоркни кезиб чиққанини айтди. Касалхонадан чиққанидан сўнг мен уни уйимизга таклиф этдим, у бизникида яшай бошлади.

Йўлда мен руҳонийга Исломнинг айрим жиҳатлари ҳақида гапириб бердим. Ажабланарлиси шундаки, католиклар мусулмонлар билан бир фикрда эдилар. Мен янги дўстимдан яна шуларни билдимки, Ислом уларнинг ўқув дастурларига киритилмоқда экан, баъзи бирлари эса бу соҳада илмий ишлар (диссертация) ҳам ёқлашаётган экан.

Бир куни мен Муҳаммаддан: «Қуръон нозил бўлганига ўн тўрт аср бўлганини ҳисобга олганда, Қуръоннинг неча хили бор», деб сўрадим. Ундан: «Фақат битта, бирор маротаба ҳам ўзгартирилмагани бор», деган жавобни олдим.

Мен даъватни Инжил ёрдамида амалга ошириб бўлмаслигини тушуниб етдим. Инжил ёзилган тиллар ҳозир ўлик тил хисобланади, дастлабки манбаалар йўқолган.

Кунларнинг бирида руҳоний дўстим Муҳаммаддан масжидга олиб боришни сўради. Улар бирга масжидга бориб, тез орада қайтишди ва менинг у ерда қандай маросимлар ўтказилар экан, деган саволимга, руҳоний «деярли ҳеч қандай» деб жавоб берди. Руҳоний: «Мусулмонлар масжидга келишар экан, ибодат қилишар ва кетишар экан», деди. Мен ҳайрон бўлдим. «Нега кетишади? Ҳеч қандай нутқлар гапирмай, қўшиқлар айтмасдан-а?». «Ҳа, шундай», деди яна менинг ҳайронлигимни ошириб.

Бир неча кундан кейин руҳоний яна Муҳаммаддан масжидга олиб боришини сўради. Лекин бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди. Улар у ерда узоқ қолиб кетишди. Қоронғи туша бошлади, уларга бирон кор-ҳол бўлмадимикин деб, хавотир ола бошладик.

Хайрият улар остонада пайдо бўлишди, мен Муҳаммадни дарров танидим, лекин ёнидаги ким? Оқ ридо кийган, бошига оппоқ бош кийим кийган одам. Бир дақиқа! Ахир бу – руҳоний-ку!

«Пит сен мусулмон бўлдингми?» дедим. Унинг жавоби қатъий эди. Католик руҳонийси Исломни қабул қилса-я! Бу ёғи нима бўлади? – ўйладим мен.

Мен бир оз ўйланиб, хотиним билан бу воқеаларни таҳлил қила бошладим. Хотиним ҳам муслима бўлмоқчилигини, Ислом ҳақ йўл деб ҳисоблашини айтди.

Мен пастга тушиб, Муҳаммадни уйғотдим, биз кечаси билан гаплашиб чиқдик, тонг кирганда ҳақни қабул қилиш пайти келганини англаб турардим...

Тез орада Муҳаммад доим юзланиб турадиган тарафга қараб, ибодат қила бошладим.

Сажда вақтида: «Э, Худо! Мени ҳаққа йўллаб қўй, йўллаб қўй, йўллаб қўй», дея илтижо қилдим.

Кундузи соат ўн бирлар атрофида мен икки гувоҳ – Муҳаммад ва собиқ роҳиб олдида туриб шаҳодат калимасини такрорлар эдим: «Гувоҳлик бериб айтаманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва яна гувоҳлик бериб айтаманки, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расулидир». Бир неча дақиқадан сўнг аёлим ҳам шаҳодат келтирди. Унинг шаҳодатини энди уч гувоҳ эшитди – аввалги икки гувоҳга мен ҳам қўшилган эдим.

Кейинчалик отам ҳам Исломни қабул қилди. Пировардида отам, мен ва бошқа мусулмонлар қатори масжидга қатнай бошлади.

Биз фарзандларимизни насронийлар мактабидан олиб, мусулмонлар мактабига жойладик. Ҳозир бу воқеалар бўлиб ўтганига ўн йилдан ошган бўлса, фарзандларимиз Қуръондан анча суралар ёд олишган ва Ислом асосларини яхши билишади.

Исломни оиламиздан охирги бўлиб ўгай онам қабул қилди. У ҳақиқатдан ҳам Исо (алайҳиссалом) Худонинг ўғли бўлиши мумкин эмас, балки улуғ пайғамбарлардандир, деб тан олди.

Аллоҳ ўта қудратли ва меҳрибон Зот, У бизга ҳақ йўлни, ҳидоят йўлини кўрсатиб қўйди. Аллоҳ барчамизни яхшилик билан мукофотласин!

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир илмий ҳаракатни ривожлантиришда, уни илм толибларига етказишда ва ниҳоят ўша илмий ҳаракат самарасини келажак авлодга қолдириб кетишда китоблар муҳим давоми...

2022 09:30 / 27.08.2021
Мовароуннаҳр диёридан чиққан Мусо Муҳаммад алХоразмий, Аҳмад алФарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби олимларнинг номлари Ислом давоми...

1742 16:39 / 19.01.2023
Европа ва Осиё ўртасидаги бу буюк тўқнашув савдосотиққа ҳам катта таъсир кўрсатди. Европа икки аср давомида Шарққа юбориб турган асбобускуна, қуроласлаҳа, давоми...

1334 12:21 / 22.12.2023
Мусулмонлар яшаш санъатини қай тарзда амалга оширганларини ҳам қисқача ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.Ҳаётнинг барча жабҳаларида бўлгани каби мусулмон давоми...

2341 16:00 / 27.02.2021