1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Оиша онамизнинг сахийликлари

18:33 / 02.01.2019 3026 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўта сахий зот эдилар. У кишининг сахийликлари Аллоҳ таолонинг розилиги учун ўзларида бор молу дунёни чин дилдан, савоб умидида сарфлашдан иборат эди.

Имом Бухорий «Ал-адабул Муфрад» китобида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Оиша ва Асмо розияллоҳу анҳумога ўхшаш сахий аёлларни кўрмадим. Икковининг сахийлиги бир-бирига ўхшамас эди. Оиша нарсаларни тўплаб-тўплаб, кейин тақсимлаб берар эди. Асмо бўлса, эртанги кун учун бирор нарсани олиб қолмас эди».

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Умму Дурра розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Оишага юз минг олиб бордим. Бас, у уни тарқатиб юборди. Ўзи ўша куни рўзадор эди. Мен унга:

«Инфоқ қилган нарсангдан бир дирҳамига гўшт сотиб олиб, ифторлик қилсанг бўлмасмиди?» дедим.

«Аввалроқ ёдимга солганингда, қилсам бўлар эди», деди».

«Ҳулятул Авлиё» китобида Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳонинг етмиш мингни тақсимлаб берганини кўрдим. Ҳолбуки, ўзининг кўйлагининг ёқаси ямоқ эди».

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Барийра олдимга кириб:

«Аҳлим мен ила тўққиз йилда тўққиз увқия, ҳар йили бир увқиядан беришга мукотаба қилдилар. Менга ёрдам беринг», деди. Мен унга:

«Агар аҳлинг хоҳласа, уларга уни бир мартада, бир йўла санаб бераман. Сени озод қиламан, аммо вало менга бўлади», дедим.

Бас, у бориб, аҳлига буни зикр қилган эди, улар вало ўзларидан бошқага бўлишидан бош тортишди. У олдимга келиб, бўлган нарсани зикр қилди, мен ёқтирмадим. Шунда у:

«Аллоҳга қасамки, йўқ экан-да?!» деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб, мендан сўрадилар. Мен у зотга хабар бердим. У зот:

«Уни сотиб ол! Уни озод қил! Уларга валони шарт қил. Албатта, вало озод қилганникидир!» дедилар.

Бас, шундай қилдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки пайт хутба қилдилар. Аллоҳга муносиб ҳамду сано айтдилар. Сўнгра:

«Аммо баъд: Одамларга нима бўлди, Аллоҳнинг Китобида йўқ шартларни қўядилар. Аллоҳнинг Китобида бўлмаган ҳар бир шарт, агар у юзта шарт бўлса ҳам, ботилдир. Аллоҳнинг Китоби ҳақлидир! Аллоҳнинг шарти ишончлидир!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, у озод қилинди. Унинг эри қул эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни унинг ўзига берди. У ўзини танлади (эридан ажраган ҳисоблади). Агар у (эр) ҳур бўлганида, у(Барийра)га ихтиёрни бермас эдилар», дейилган.

Барийра розияллоҳу анҳо ўз хожаси билан тўққиз увқия тиллани ҳар йили бир увқиядан бериб, тўққиз йилда адо этиб, озод бўлишга мукотаба қилди.

Тасаввур қилиш учун бир увқия тилла 36,44 грамм эканини ҳам билиб қўйсак, яхши бўлади.

Барийра розияллоҳу анҳонинг Оиша онамиз билан танишликлари бор эди. Шунинг учун бу ишда у кишидан ёрдам сўрадилар.

Оиша онамиз Барийра розияллоҳу анҳо сўраган ёрдамдан кўра бир неча марта яхши таклифни қилдилар: ишни тўққиз йилга чўзиб юрмасдан, бир йўла тўққиз увқия тиллани санаб бериб, Барийрани тезроқ озод қиладилар. Аммо, бунинг учун бир шарт қўйдилар: Барийра розияллоҳу анҳонинг валолари – мерослари Оиша онамизга бўлади.

Албатта, Барийра розияллоҳу анҳо бу таклифдан хурсанд бўлди ва хожаларига, ўзларининг таъбирлари билан айтганда, «аҳлларига» бориб, бу гапни айтдилар. Улар эса «Вало бизга бўлмаса, бу таклифни ҳам, бошқа таклифни ҳам қабул қилмаймиз», дейишди.

Бу ҳодиса Исломда аёл кишиларнинг иқтисодий ва молу мулк эркинлиги қанчалик зўр йўлга қўйилганлигини кўрсатувчи далиллардан биридир. Исломда кўплаб қулларни озод қилган аёллар бўлган. Оиша онамиз ўшалардан биридирлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳаммаси бўлиб, олтмиш еттита қулни озод этганлар.

Ҳа, сахийликда Оиша онамиз розияллоҳу анҳога тенг келадиганлар кам эди.

Имом Заҳабий Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида:

«Мўминларнинг онаси ўз замонлари аҳли ичида энг карамли зот эдилар. У кишининг сахийлиги ҳақидаги хабарлар кўп», деганлар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Гўзал ва чиройли Ҳожар муборак Миср ерида бундан 4000 йил аввал дунёга келган эдилар. Фақир бир оилада униб ўсдилар. Гўзалликлари, зукко ва одобли эканликлари давоми...

2876 15:00 / 02.12.2020
. Умму Салама розияллоҳу анҳодан сўралди .Аёл киши қандай кийимда намоз ўқийди, .У химорда ва бутун жисмини тўсиб, икки қадамининг устини бекитиб давоми...

1919 16:33 / 18 сентябрь
Ҳар кеча аввалги кунни ўчириб, тонг отганда ҳаёт қайтадан бошланади. Аллоҳнинг қонуни шундай келди ва шундай кетади. Тоғлар, текисликлар, дарё ва ғорлар ndash ҳамма давоми...

1997 16:30 / 28.02.2022
Муслима аёлларга тавсияларmdash Доим таҳоратли ҳолда таом пиширинг.mdash Тарбия борасида энг биринчи нарса шуки, қачонки таом пиширсангиз, таҳоратли ҳолда пиширишга давоми...

5716 16:30 / 23.09.2019