1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ота қизини турмушидан ажратиб юборишга ҳақлими?

21:00 / 30.12.2018 8393 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрат, турмушга чиққанимга икки йил бўлди, лекин ҳали ҳам фарзанд кўрмадим. Турмуш ўртоғим чет элда ишлайдилар, у киши мени олиб кетмоқчи бўлсалар, дадам рози бўлмаяпти. Ажратиб юбормоқчилар. Мен ҳам, хўжайиним ҳам буни истамаймиз. 

Отанинг қизини ажратиб юборишга ҳаққи борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Икки йил бола кўрмаслик катта мусибат эмас. Аллоҳдан фарзанд сўраб, дуо қилиб туринглар. Ўзи истаган пайтида ато қилади. Фарзандининг оиласини бузишга ота-онанинг ҳаққи йўқ. Бу каби ношаръий талабни қўйган ота-онага итоат қилмаслик жоиз.

Ислом динида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг итоатида бўлишга кенг тарғиб қилинади. Ота-онанинг фарзанддаги ҳақлари юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, ота-онага яхшилик ва итоат қилишнинг ҳам чегараси бор.

Муовия ибн Райёндан ривоят қилинади:

«У бир кишининг Атодан бир одамнинг онаси ва хотини борлиги, она хотинини талоқ қилишидан бошқага рози бўлмаслиги ҳақида сўраганини эшитди. Шунда у:

«Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», деди. 

«Хотинини қўйиб юборадими?» деди. 

«Йўқ», деди Ато. Шунда ҳалиги одам: 

«Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», деди.

«Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ. Тутиб қолса ҳам танглик йўқ», деди».

Шарҳ: Ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Шариатимизда «Агар талоқ тушса, Раҳмоннинг Арши ларзага келади», дейилади. Ушбу ривоят она боласидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ туриб талаб қилса ҳам, бунга рухсат йўқлигига далилдир.

Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади ва ота-онанинг ҳаққини қўлидан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, унинг хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.

Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш Шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан, қуйидагилар айтилади:

«Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни буюрса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпчилиги зикр қилган».

Шайх Тақиюддин онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида: «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган.

Ҳозирги фиқҳий китобларда ҳам худди шу маънодаги ҳукмлар келган.  

Қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам худди шу гаплар айтилади.

Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин, ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак.

«Бир киши имом Аҳмадга:

«Отам хотинимни талоқ қилишни буюрмоқда», деди.

«Уни талоқ қилма!» деди.

«Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» деди.

«Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам талоқ қиласан», деди».

Яъни «Отанг Умарга ўхшаб ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргаш-масликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур» («Мавсуъа Фиқҳийя», 80-жуз. 71–72-бетлар).

Ҳумайддан ривоят қилинади:

«Ҳасанга:

«Бир кишига онаси хотинини талоқ қилишни буюрди», дейишди. Шунда Ҳасан:

«Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас», деди».

Шарҳ: Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга: «Бир одамнинг онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилади?» дейилибди. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган ишлардан эмас», деган эканлар. Яъни: «Онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган иш эмас». Бу дегани онаси: «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас. Онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Бу талабни бажармаган бола гуноҳкор бўлмайди, деганидир.

Машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори ота-она зулм қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида: «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди», деган. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволБаъзида жаноза намозига борганимизда жаноза намози ўқилаётганда бош юқорига кўтарилиб, тепага қаралади. Баъзан эса бу ҳол бўлмайди. Савол шуки, жаноза давоми...

4592 16:05 / 18.02.2020
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади.Басранинг жоме масжидидаги бир мажлисга келсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир тўп саҳобалари Абу Бакр ва Умар давоми...

3358 08:30 / 17.12.2018
Қуръони карим оятларидан бирида .Аллоҳ кимни ҳидоят қилмоқни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, давоми...

2607 09:05 / 01.11.2018
Ашжаий айтади .Бир куни кечаси Мисъар ибн Кидомнинг онаси сув сўради. Лекин Мисъар идишда сув олиб келгунича онаси ухлаб қолибди. У тонггача идишни қўлида кўтариб турди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2373 08:04 / 26.03.2020