1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жинлар илон шаклига кириш имконига эгадир

11:02 / 17.11.2019 2995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғринча эшитиб олиб, инсдан бўлган ўз яқинларига етказиб турар эдилар.

Аллоҳ таоло Жин сурасида марҳамат қилади:

«Ва албатта, биз осмон(га етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик. Ва албатта, биз у(осмон)да тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўладир» (8-9-оятлар).

Яъни жинлар осмонга аввалгидек ғайб хабарларини ўғриликча эшитиш, кишилар тақдирини билиш учун кўтарилганларида тамоман бошқа ҳолатга дуч келганликларини айтмоқдалар. Чунки жинлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлгунларича осмонга чиқиб, ўз ҳожатларини раво қилиб қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлагач, осмонни кучли фаришталар қўриқлашга ўтдилар ва жинларни турли жойлардан учқунлар билан қувиб, ҳайдадилар. Оятда жинларнинг ана шу ҳолатларига ишора қилинмоқда. Бу оятнинг иккинчи бир жиҳати шундаки, у жинлар бизнинг ер куррамиздан ташқарида ҳам ҳаёт кечириш хусусиятига эга эканига далилдир.

Жинларнинг таом ейишлари ҳам бор.

Аммо уларнинг таомланиши қандай ва унинг моҳияти нима эканини билмаймиз.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тезак билан ҳам, суяк билан ҳам истинжо қилманглар. Улар жин биродарларингизнинг зоди(озуқаси)дир», деганлар».

Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жинлар ҳайъати келганда: «Эй Аллоҳнинг Расули, умматингизни суяк, тезак ва кўмир билан истинжо қилишдан қайтаринг. Аллоҳ бизнинг ризқимизни ўшаларда қилган», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни ўша нарсалардан қайтардилар». 

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Жинлар турли шаклларга, масалан, илон шаклига кириш имконига эгадир.

Бу ҳақиқат ҳадиси шарифларда собит бўлган.

Бир ривоятда:

«Мадинада жинлардан бир гуруҳи Исломга келган эди. Ким ушбу уйларда яшовчи(илон)ларни кўрса, уч марта изн берсин. Агар ундан кейин ҳам кўринса, ўлдирсин! Чунки у шайтондир», дейилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Албатта, бу уйларнинг обод қилувчилари бордир. Улардан бирортасини кўрсангиз, уни уч марта огоҳлантиринг. Кетса, кетди, бўлмаса, ўлдиринг, чунки у кофирдир», дейилган.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Қадимда кишилар яшайдиган уйлар табиий ҳолатга жуда яқин бўлган. Оддий ва содда бўлиши билан бирга, атрофлари беркитилмаган. Шу маънода турли жониворларнинг кириб-чиқиши, баъзиларининг деворлар орасида, шифтда ёки бошқа жойларда яшаб қолиши ҳам оддий ва табиий бир ҳолат бўлган. Яқин-яқинларгача бу ҳолат одатий эди. Ҳозир ҳам баъзи чет жойларда шундай ҳолат бўлиши мумкин. Ушбу ҳадисда ана ўша ҳолдаги илонларга бўладиган муносабат ҳақида сўз кетмоқда.

Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларда бўладиган илонларни аввал уч марта огоҳлантиришга амр қилдилар? Бу саволга ривоятнинг охирида келган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари жавоб бўлади:

«Мадинада жинлардан бир гуруҳи Исломга келган эди. Ким ушбу уйларда яшовчи(илон)ларни кўрса, уч марта изн берсин. Агар ундан кейин ҳам кўринса, ўлдирсин! Чунки у албатта, шайтондир».

Демак, Мадинада Исломга келган жинлар илон шаклида баъзи бир уйларда пайдо бўлиши мумкин экан. Илонни уйда кўрган одам уни дарҳол ўлдирса, ўша мусулмон жинлардан бирини ўлдириб қўйиш эҳтимоли бор экан. Агар инсон илонни уйда кўрганидан кейин огоҳлантирса, ўша илон мусулмон жин бўлса, у ердан кетар, қайтиб кўринмас экан. Аммо уч марта огоҳлантирганидан кейин ҳам келаверса, мусулмон жин эмас, ҳақиқий илон бўлар ва уни ўлдириш жоиз экан.

Уйда бўладиган илонлардан икки хилини: думи кесик ва ортида икки қора чизиғи борини огоҳлантирмай ўлдираверишга ижозат берилган. Бунинг нима ҳикмати бор? Афтидан, мусулмон жинлар ўша васфга эга илон шаклига кирмасалар керак. Қолаверса, мазкур илонларнинг бу икки тури кўзни кўр қилади, ҳомилани туширади. Улар ўта заҳарли, тезкор ва одамга ҳамла қиладиган бўлиб, инсоннинг кўзига қараб сапчир, эҳтиёт бўлмаган одамнинг кўзи зарар кўриши мумкин экан. Шунингдек, у илонларнинг даҳшатидан қўрққан ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласи тушиш эҳтимоли ҳам кучли экан.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога бандани яқинлаштирувчи энг савобли ибодатлардан бири ndash қурбонликдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар Одам давоми...

1886 11:00 / 10.08.2019
Савол 1. Нима учун ой Ислом рамзи сифатида танланган У нимани англатади2. Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаввонинг қабрлари қаердаЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм1. давоми...

7855 22:10 / 12.11.2018
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймОламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсинҲозирги давоми...

7821 12:20 / 22.05.2013
Савол Ўртоғим Тошкент шаҳрида ўқийди, ҳали уйланмаган. Келажакда Тошкентда яшаб қолмоқчи. Тошкентга боришкелишда намозларини қаср ҳолатда адо этади. Шахсий давоми...

2887 16:12 / 24.01.2020