1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Никоҳда ишбошиларнинг розилиги

08:15 / 22 январь 5370 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги пайтда ёш йигит-қизлар ўзлари топишиб олган шахс билан оила қуришни мода қилиб олишга ҳаракат қилишлари кўпайиб бораётганлиги маълум. Бу маънода оилаларда келишмовчиликлар чиқаётганлиги ҳам сир эмас. Ўғил-қизларини оққ қилганлар ёки қилмоқчи бўлаётганлар ҳам оз эмас.

Ота-она болани туғиб, боққан, ювиб-тараган, тарбия қилиб, ўстирган, тунларни бедор ўтказган, турли машаққатларни чеккан. Бу ишларнинг ҳаммаси катта бўлганда ундан яхшилик кўриш ниятида қилинган. Аммо бола катта бўлиб, вояга етиши билан бировни ёқтириб қолиб, у билан оила қурмоқчи бўлмоқда ва ўзининг ушбу иши билан ота-онасининг иродасига қарши чиқмоқда, улар билан жанжал қилмоқда, уларнинг «оққ қиламан», деган гапига ҳам эътибор бермоқчи эмас.

Ўз-ўзидан, «Бундай вазиятда шариатнинг ҳукми қандай бўлади?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб ахтариб динимиз таълимотлари баён этилган асосий манбаъларга қараймиз.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أَيُّمَا امْرَأَةٍ نَكَحَتْ بِغَيْرِ إِذْنِ مَوَالِيهَا فَنِكَاحُهَا بَاطِلٌ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، فَإِنْ دَخَلَ بِهَا فَالْمَهْرُ لَهَا بِمَا أَصَابَ مِنْهَا، فَإِنْ تَشَاجَرُوا فَالسُّلْطَانُ وَلِيُّ مَنْ لَا وَلِيَّ لَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси аёл ўз валийларининг изнисиз никоҳланса, бас, никоҳи ботилдир», деб уч марта айтдилар. Ва:

«Агар (эр) у билан қовушса, у(аёл)дан ҳузурланганлиги учун унга маҳр (беради). Агар тортишиб қолсалар, валийси йўқнинг валийси султондир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Уламолар жумҳури ушбу ҳадисни дастак қилиб: «Валийсиз ва унинг розилигисиз никоҳ жоиз эмас», – дейдилар. Бунга қўшимча равишда яна бир неча оят ва ҳадисларни ҳам далил қилиб келтирадилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса: «Никоҳнинг тўғри бўлишига валийнинг иштироки шарт эмас», – дейдилар. Улар ҳам учта оят ва бир нечта ҳадисларни далил қилиб келтирадилар. Ушбу ҳадисни эса, комил никоҳ ҳақида, дейдилар. Яъни валий иштирок этмаса, комил никоҳ бўлмайди, деганидир, дейишади.

Ҳанафий уламолар ўз ижтиҳодларини қувватлаш учун нақлий далилдан ташқари, ақлий далил ҳам келтирадилар. «Шариат – дейишади улар – балоғатга етган қиз болага ўз молу мулкида ўз ихтиёри билан тасарруф қилиш ҳаққини берган, нафс унинг учун молдан кўра яқинроқ ва азизроқ. Қандай қилиб аёл киши ўз нафсида ўз ҳолича тасарруф қила олмайди?!»

Лекин бу тортишув кўпроқ уламолар орасидаги назарий тортишувлар доирасидан нарига ўтмайди. Амалда эса, валий ҳамма жойда бор. Ҳанафийлар ҳам валий кимлигини, уни ихтиёр қилиш қандай бўлишини ва ҳоказо масалаларни батафсил баён қиладилар.

Валий, кўпинча, ота бўлишини, ота йўқлигида унинг ўрнини босувчи киши бўлишини эътиборга олсак, бу масала яна ҳам ойдинлашади.

Оила қураётган ёш йигит-қизлар ота-онасини, яқин қариндошларини норози қилиб, никоҳдан ўтишларини ҳеч ким маъқулламайди. Чунки ота-она, яқин қариндошлар ўз боласига, яқинига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайдилар. Улар никоҳ, оила, эр-хотинлик масаласида катта билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлганликлари учун, ўз фарзандлари ва яқин кишиларига маслаҳат бериш, яхши йўл кўрсатишга ҳаракат қиладилар.

Ёш йигит-қизлар эса, бошқа турли ишлар каби, никоҳ масаласида ҳам билим ва тажрибалари кам бўлади. Шунинг учун ҳам ота-оналари, яқин қариндошларининг насиҳатларига амал қилишлари лозим бўлади. Ҳамма уламоларимизнинг насиҳатлари – шу.

Валийсиз никоҳ бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинганда, мабодо шу хилда никоҳ бўлиб, эр аёл билан қовушмай туриб никоҳлари бузилса, ҳеч гап йўқ. Аммо қовушиб қолган бўлсалар, никоҳи бузилган тақдирда ҳам, эр қовушганлиги сабабли аёлга маҳр беради.

Никоҳ валийсиз бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинган чоғда насабий валийлар топилмаса, султон – ҳоким валий бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَلَفْظُهُمَا: لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ وَشَاهِدَيْ عَدْلٍ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Валийсиз никоҳ йўқдир», – дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Аҳмад ва Байҳақийнинг лафзида:

«Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», – дейилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу мақола эркак киши уйланмоқчи бўлган аёлга бериши керак бўлган 12 та савол ва аёл киши турмушга чиқмоқчи бўлган йигитга бериши лозим бўлган 10 та саволдан иборат. давоми...

8391 17:00 / 20.10.2021
Талоқ икки қисмга бўлинади ражъий талоқ ва боин талоқ.1. Ражъий талоқ.Ҳақийқий духул ndash жинсий яқинликдан кейин, очиқойдин лафз билан қилинган, турли сифатларни давоми...

11416 09:00 / 08.05.2023
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

9455 12:00 / 24.06.2019
Бир ғаройиб илмий тадқиқотда олимлар солиҳа хотиннинг уйдаги саодатга кучли таъсир қилишини исботладилар. .Никоҳ ва оила, журналида чоп этилган маълумотда давоми...

1964 11:12 / 11 май
Аудиолар

213585 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132792 14:35 / 11.08.2021