1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эҳтиром ва олқишларга сазовор оила

15:00 / 04.12.2021 2154 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мақоламизда бахтли оила саройини қурмоқчи бўлган эр ва хотин билиб, риоя қилиши лозим бўлган одобларни Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда сиз азизларга баён этамиз.

Эр ва хотиннинг тотувлик билан яшашлари бутун oила аъзоларига бахт-саодат келтиради, уларнинг юзларига роҳат ва фароғат эшигини очади. Агар ота-она тарбияли, одобли ва бир-бирларига хушмуомалали бўлсалар, фарзандлари ҳам улардан намуна олиб, шундай тарбияда вояга етадилар.

Аксинча, тарбиясиз, жанжалкаш ота-онанинг фарзандлари ўзларига ўхшаган бўлиб улғаяди.

Тўғри, баъзан оилада аҳамиятсиз масалалар устида келишмовчиликлар бўлиб туради. Боболаримиз: «Жанжал давом этиб турган уйда барака бўлмайди, эр ва хотиннинг жанжали дока рўмол қуригунча бўлсин», деб жуда тўғри айтганлар. «Тома-тома кўл бўлур» деганларидек, майда-чуйда, бора-бора зўрайиб, кўнгилсиз воқеаларга сабаб бўлиши мумкин. Истиқболларини яхши тушунган эр ва хотин мана шундай кичик, аҳамиятсиз масалалар устида чиққан жанжалларга ҳам йўл қўймасликлари муҳим ҳисобланади.

Эркакнинг хотиридан чиқмасин: хотин — иззат ва ҳурматга сазовор бир зот, унинг хизматларини тақдир этмаслик инсоф ва мурувватдан эмас. Хотиннинг кўз ёриш пайтида чеккан азобларини, уқубатларини кўз олдимизга келтирайлик.

Болани дунёга келтириш хотин учун ё ҳаёт, ё мамот демакдир. Эсон-омон кўзи ёриб, чақалоқни бағрига босиб олгандан кейин ҳам уни тарбиялаб то вояга етказиб олгунча озмунча азоб чекадими?! Муҳтарама онани ҳар қанча ҳурматласак, шунча камдир. Тарбияли, одобли эркак ўз хотинини доимо ҳурмат қилади, унинг кўнглини ранжитмайди, аёли билан маслаҳатлашиб, иш тутади. Хотини ва фарзандларига очиқ юз ва ширинсўзлик билан муомала қилади, ейиш-ичиш ва кийинишда тангликка туширмайди, фароғатда яшашлари учун ғайрат қилади. Топганини беҳуда ерларга эмас, фақат оиласининг эҳтиёжи учун сарф қилади. Ўтин ёриш, сув келтириш ва бошқа шунга ўхшаш уй ишларида аёлига ёрдам беради.

Xoтининг ота-она, ака-ука ва қариндош-уруғларини ҳурматлаб, улар билан алоқасини узмайди. Хотинининг бирон ишидан норози бўлса, унга норозилигини мулойимлик билан билдириб, насиҳат қилади. Агар онаси билан хотини, яъни қайнона билан келин ўртасида келишмовчилик пайдо бўлса, ҳар иккисига насиҳат килиб, уларнинг орасидаги келишмовчиликни йўқотишга ғайрат қилади.

Оилада хотиннинг вазифалари

Ҳар бир ақлли, тадбирли хотин бу вазифаларга риоя килса, ўзи ва эри, фарзандларининг роҳатда яшашларига сабабчи бўлади. Эр доимо ўзи, хотини ва бола-чақасининг фароғатда яшаш йўлларини ахтаради, оиласини маиший жиҳатдан тангликда колдирмаслик учун елиб-югуриб ишлайди, шу йўлда ҳар турли машаққатларни ўз зиммасига олади. Эрининг хизматларини тақдир қилиб, унинг ҳурмат ва иззатини бажо келтирган хотин ҳамманинг олқишига сазовор бўлади.

Ақлли, номусли хотин эрининг шодлик ва қайғусига баробар шерик бўлади. Эри эрталаб ишга кетар экан, уни ширин сўз, хушмуомала билан кузатиб қўяди, ишдан қайтганда яна шундай гўзал муомала билан қарши олади.

Турмуш ўртоғининг кирлари ювилган, кийимлари топ-тоза, покиза бўлишига диққат қилади, овқатни ўз вақтида тайёрлаб келтириб, эри ва болалари билан бирга ўтириб, ўйнаб-кулиб овқатланади, овқат пайтида қовоғини солиб, болаларини уриб, эрининг кўнглини ранжитмайди.

«Эрни эр қиладиган ҳам хотин, уни қора ер қиладиган ҳам хотин, дейдилар. Шунинг учун одобли, тарбияли хотин эрининг топганини тозага чиқаради, исрофга йўл қўймайди, қаноатли бўлади. Болаларининг тарбиясига эътибор беради. Эрининг маслаҳатисиз бирор ишга киришмайди. Бўлмағур нарсаларни баҳона килиб, ҳадеб эри билан жанжал қилиб, ғалва кўтармайди. Эри ножўя бирон иш қилиб қўйган бўлса, мулойимлик билан тушунтириб, уни шу ишдан кайтаради. Эрига доим муҳаббат ва садоқатда бўлади. Унинг ота-она, ака-ука ва кариндош-уруғларини ҳурмат қилади. Эрининг қариндош-уруғлари ёки яқинлари келса, самимий қарши олади.

Мана шундай фазилатларга эга бўлган уй бекаси эҳтиром ва олқишларга сазовордир!

«Одоб ва одоблилар» китоби асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.Эрнинг хотини олдидаги давоми...

6678 18:26 / 19.06.2019
.Ақийқа, луғатда .ёрмоқ, маъносини англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига нисбатан қўлланган. Шаръий истилоҳда эса .Ақийқа ndash ният ва махсус шартлар билан, давоми...

15767 15:30 / 04.01.2020
Сир эмас, Аллоҳ таоло инсонни яратганда хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, жинсий туйғу ва эҳтиёж билан қўшиб яратгандир. Ўша хоҳишэҳтиёжни эса никоҳ йўли билан давоми...

79823 15:10 / 20.03.2019
Бизнинг одатимизда маҳр масаласи кўрилиб, келин ва куёвдан розиризолик сўраб бўлингандан кейинги домлаларимиз томонидан оҳанг билан ўқиладиган араб тилидаги давоми...

34215 14:15 / 25.01.2019
Аудиолар

133249 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53597 14:35 / 11.08.2021