1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Тарбиянинг бир қисми болага одоб ўргатишдир (иккинчи мақола)

11:07 / 04.04.2020 2731 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», – дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Бола ота‑онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота‑онаси ва мураббийси шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг гуноҳига ота‑онаси ва мураббийси шерик бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан сақласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.

Ота‑она болани кичиклигидан, умрининг аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак. Уни фақатгина диндор ва ҳалол ейдиган аёлга эмиздирсин. Ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака бўлмайди.

Болада пайдо бўладиган сифатларнинг аввалгиси таомга ўчлик бўлади. Шунинг учун ота‑она унга овқатланиш одобларидан таълим берсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантирсин. Токи, нонга бошқа нарсани қўшиб ейиш лозим, деган хаёлга бормасин. Ота‑она боласига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Кўп таом емоқ ҳайвонлар иши эканини тушунтиради.

Ўғил болаларга оқ рангли кийимлар кийиш яхши экани, рангдор ва ипак кийимларнинг аёлларга хос экани тушунтирилади. Болани сернеъмат ҳаёт кечиришга одатланган болаларга қўшмаслик керак бўлади.

Вақти келганда мактабга бериб, барча керакли илмларни ўргатиш, жумладан, Қуръон, ҳадис ва яхшиларнинг қиссаларидан таълим бериш бошланади. Шу тариқа унинг қалбига аҳли солиҳларнинг муҳаббати солинади. Беҳуда, енгил-елпи куй-қўшиқларни тинглашига йўл қўйилмайди.

Боладан яхши хулқ ва мақтовга сазовор иш содир бўлса, уни тақдирлаш ва хурсанд бўладиган нарса ила мукофотлаш ҳамда одамлар ҳузурида мақташ лозим.

Баъзи ҳолатларда мазкур ишларга хилоф нарсани содир қилса, ўзини билмаганга солиб, унинг айбини ошкор қилмаслик керак. Агар ўша номаъқул нарсани яна қайтадан қилса, ҳеч кимга билдирмай, жазолаш ва одамлар билиб қолса, уят қилишларини уқтириш лозим.

Аммо, жазо кўпайтириб юборилмасин. Чунки бу нарса боланинг бетини қотириб қўяди. Кейин уялмай, ҳар нарсани қилишга одатланиб қолади. Ота боласининг ҳузурида ўз ҳайбатини сақлаб туриши керак.

Она боласини отаси ила огоҳлантириб турсин.

Кундузи ва бевақт ухлашга болани одатлантирмаслик керак. Бунда у дангасаликка ўрганиб қолади. Кечаси ухлаш ман қилинмайди. Ётар жойи юмшоқ бўлмагани яхши.

Бола ётоқ, кийим ва таомда дағалликка одатлансин.

Бола дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юришга, кўп ҳаракат қилишга ва бадантарбияга одатлансин.

Бола ота‑онасининг бойлиги, таоми ва кийими ила тенгдошлари олдида фахрланишга одатланмасин.

Бола ўзи билан бирга яшайдиганларга нисбатан тавозуъли бўлишга ва уларни ҳурматлашга одатланиши лозим.

Боланинг ўзига ўхшаган болаларнинг нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Унга бировнинг нарсасини олиш пасткашлик экани уқтирилади.

Болага тилла ва кумушга муҳаббат қўйиш ёмонлигини тушунтириш лозим.

Болага ўтирган жойида туфламаслик, бурнини тозаламаслик, бировнинг олдида эснамаслик, бир оёғининг устига иккинчисини қўймаслик ва кўп гапирмаслик каби одоблар ўргатилиш керак.

Болага камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби нарсалар ўргатилади.

Бола уят сўзларни гапиришдан ва уят сўзларни гапирадиганларга қўшилишдан ман қилинади. Зотан, болани муҳофаза қилиш уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборатдир.

Мактабдан қайтиб келганидан кейин болага чиройли ўйинлар ўйнашга шароит яратиб бериш керак. Бу билан у ўқишдаги чарчоғини ёзади.

Боланинг ота‑онасига ва устозига итоат қилишга одатланиши жуда ҳам зарурдир.

Бола балоғатга етганида намоз ўқишга буюрилади. Ўрганиши учун тоҳаратсиз юрмасликка одатлантирилади. Уни ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка чақирилади. Ўсмирлик чоғи яқинлашганида ундан ўша пайтда керакли бўладиган нарсалар талаб қилинади.

Ҳар бир мураббий билиб олиши лозим бўлган нарсалардан бири, боланинг ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигидир. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик боланинг қалбида собит бўлиб қолади.

Бунда ўтган салафи солиҳларимиздан ўрнак бўладиган тажрибалар кўп қолган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ қуйидагиларни айтади:

«Чамаси уч ёшли бола эдим. Кечаси уйғониб, тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишига назар солиб турар эдим. Бир куни тоғам менга:

«Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми?» – деди.

«Уни қандай зикр қиламан?» – дедим.

«Тилингни қимирлатмасдан, қалбингда уч марта: «Аллоҳ мен билан, Аллоҳ менга назар солиб турибди, Аллоҳ менинг гувоҳим», дейсан», – деди.

Мен у сўзларни бир неча кеча айтдим ва тоғамга хабарини бердим. У менга:

«Энди уларни ҳар кеча ўн бир мартадан айт», – деди.

Мен уни ҳам қилдим. Бир муддатдан сўнг қалбимда унинг ҳаловатини сездим. Бир муддат ўтгандан кейин тоғам менга:

«Мен сенга ўргатган нарсани ёдлаб олгин-да, то қабрга киргунингча уни давом қил», – деди.

Мен у ишни йиллар давомида узлуксиз қилиб юрдим. Уларнинг ҳаловатини ичимда топдим. Сўнгра тоғам менга:

«Эй Саҳл! Аллоҳ у билан бирга бўлган, унга назар солиб турган ва унинг устидан гувоҳ бўлган одам У Зотга осий бўладими? Маъсиятдан эҳтиёт бўл!» – деди.

Кейин мактабга бориб, олти-етти ёшимда Қуръонни ёд олдим. Сўнг нафл рўзани кўп тутадиган бўлдим. Ейдиган таомим арпа нони бўлди. Ундан кейин кечаларни бедор бўлиб, ибодат-ла ўтказадиган бўлдим».

Саҳл ибн Абдуллоҳдан келтирилган бу қисса боланинг тарбиясига, хусусан, руҳий тарбиясига кичиклигидан аҳамият бериш унинг яхши одам бўлиб етишишида қанчалар муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди.

(Тамом)

 «Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Арабча .оқ, сўзи луғатда .ёриш, ва .кесиш, маъноларини билдиради ҳамда озор бериш, осий бўлиш ва қарши чиқишни ифода қилади. Бир сўз билан айтганда, .оқ, сўзи давоми...

2759 15:00 / 04.11.2020
Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришидаги ҳикматни .сокинлик топишингиз учун, деб баён қилган. Эркак фақат аёлдангина сокинлик, ором, осойишталик давоми...

2303 09:00 / 14.08.2021
Ҳомиланинг жисмоний ва руҳий толиқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш.Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий давоми...

2615 19:29 / 19.10.2019
Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ қилганлар. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун давоми...

4090 19:00 / 31.01.2019