1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Телевизор биздан нимани олиб қўймоқда?

15:00 / 25.12.2018 4281 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Телевизор тафаккури заиф, мутолаа ва мулоҳазадан маҳрум одам учун  ихтиро қилинган афюндир”, деган эди ўтган асрларда яшаб ўтган турк адиби Жамил Мерич.

Ўринли иштибоҳ. Қаранг, ушбу иштибоҳ ўлкаларда фақат биттагина телеканал фаолият кўрсатадиган, саноқли кўрсатув ва фильмлар, куннинг маълум бир пайтида намойиш этиладиган, кишилар бугунгидек экран қаршисига “мих”ланмаган ўтган асрда ишлатилган. Бу иборани алам билан таъкидлаган моҳир ижодкор бугунги ҳолимизни, сутканинг йигирма тўрт соати тинимсиз ишлайдиган телевизору телеканалларга қарамлигимизни кўрганида нима деган бўларди?..

Телевизорни буткул қоралаб, унга қарши уруш эълон қилмоқчи эмасмиз! Зотан, меъёрни билган инсон учун телевизорнинг зараридан кўра фойдаси кўпроқдир. У ҳам Аллоҳнинг неъмати саналади. Неъматдан оқилона фойдалана билиш ақлли одамнинг иши. Таассуфки, оқиллар кам.

Телеканаллардаги маза-матрасиз қўшиқларга ишланган клиплар, ғайрумашруъ ошиқ-маъшуқликни тарғиб қиладиган хорижий сериалларга қаттиқ боғланиб қолганмиз. “Йигирма йилда оилада берилган тарбияни 5 дақиқалик клип, 30 дақиқалик сериал бузар эканми?!” дея оғзимизга уришга шайланган “қадрдон кишим”, сўзимизни бўлмай туринг, ўзимизни нима қилсак қилдик, лекин болаларимизнинг ҳам қалбини кирлатишдан чекинмаяпмиз. Гап тарбия ҳақида кетганда эса  “Ота-она болани дунёга келтиради, холос. Уни телевизор тарбиялайди” деган тушунчани ҳақли санашга мажбурмиз. “Бу болаларнинг келажаги нима бўлади?”, “Бизнинг болалигимиз бундай эмасди-ку?” деяётган ота-оналар билиб қўйсинларки, бундан 20-25 йил аввалги болалар телевизорнинг салбий таъсиридан бугунгидек зарарланмагандилар. Ҳатто бугуннинг ота-оналари орасида болалигида телевизор кўрмаганлар ҳам учрайди. Авваллари болани ота-она тарбияларди, ҳозир бу вазифа телевизорга юкланган. Агар буни тарбия дейиш мумкин бўлса, албатта.

Телевизор гўзал урф-одатларимизга ҳам раҳна солди. Меҳмонлар аввалгидек иззат-ҳурмат қилинмаяпти. Меҳмонларни уйга қабул қиламиз, ҳол-хотир сўраймизу, дастурхонга даъват қилиб ё сериал томоша қиламиз ё фильм кўрамиз. Уч-тўрт оғиз суҳбат ҳам  ё футбол ўйини ёки сериал қаҳрамонлари ҳаёти ҳақида бўлади. Ўзаро мулоқотлар орқали мустаҳкамланадиган қўни-қўшничилик ва қариндошчилик муносабатлари кинотеатрларга йўл олганларнинг муҳаббати билан чекланиб қолади.

Фарзандингиз улғаядиган хонадон муҳит-чи!  Бир гулни, ниҳолни ўстирар экан инсон тупроққа аҳамият беради. Гул экаётганда ахлатхонага яқин жойни мўлжаллайсизми?  Гул ўстириш учун балчиқ ва унумсиз ерга меҳант сарфлайсизми? Болангиз улғаядиган муҳитнинг ҳидини ҳам, борини ҳам, йўғини ҳам сиз танлайсиз. Бугун афсуски, аксарият оилаларнинг муҳити кинотеатрга айланган...

Руҳий муаммолар

Ҳар қандай маданият ёйилган ҳудудида ўзига хос муҳитни шакллантиради. Шу жумладан мультфильмлар ҳам. Улар биз ўйлаганчалик “маъсум томоша” эмас. “Дисней Ленд” мультфильмларининг бари, жумладан, Том ва Жерри ҳам болалар онгига таъсир қилади. Медиада намойиш қилинаётган мультфильмларнинг аксариятида ғарб маданияти тарғиб қилинади. Дунёда икки асосий маданият мавжуд: шарқ ва ғарб маданияти. Ғарб маданияти қандай бўлса-да, эришиш, бошқарувни қўлга киритиш, ҳукмрон кучга айланиш истагидаги худбинликни тарғиб қилади. Шарқона маданият эса баҳамжиҳатлик ва адолатга таянади.

Жисмоний муаммолар

Телевизор билганимиздан кўра кўп зарар етказади инсонга. Тадқиқот натижалари бош мияга гиёҳванд модда таъсирига ўхшаш таъсир кўрсатишини далолат қилади. Инсон бу техниканинг қаршисида бир неча соат қандай туриши мумкин?

Илмий изланишлардан шу жавобни топамиз: Болалар ҳаракатчан бўлади. Бир жойда ўтирмаган, гапга қулоқ тутмаган боланинг телевизор қаршисига келиб тинчиб қолишига нима сабаб? Телевизор инсонни “михлаб” қўяди. Радио фақат эшитилгани учун телевизор билан таққослаб бўлмайди. Телевизор қаршисида ўтирган, томоша қилаётган дастурига шўнғиб кетган одамни кўрганмисиз?

Олмониялик психолог шундай дейди: “Бир соат телевизор томоша қилган одамнинг хотира тамбаллигини йўқотиш учун, ўша одам билан бир ҳафта давомида “хотира машқлари” олиб бориш керак бўлади”. Телевизор тафаккурни ўтмаслаштириб, кўрадиган, аммо мулоҳаза қилмайдиган кишиларни кўпайтиради. “Болаларимиз фақат болалар учун мўлжалланган дастурларни томоша қилади” деган баҳона билан ўзингизни алдаманг. Болалар мультфильмлар орасидаги рекламалардан ҳам салбий таъсирланиб, оммавий маданият қурбонига айланаяпти.

Психолог Юрий Бронфенбреннер телевизор ҳақида шундай дейди:

“Телевизор инсонни инсоний хислатлардан узоқлаштиради”. Чиндан шуни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бугундан бошлаб уйингизда телевизор бўлмаса турмушингизда нималар ўзгаради? Сиз нима қилардингиз? Эрингиз ёки хотинингиз нималар билан машғул бўларди? Болаларингизнинг вақти қандай ўтади? Тафаккурга ундовчи саволлар, шундай эмасми?

Бир кунда уч соат телевизор кўриш, бир йилда 1095 соатни эгаллар экан. Бу бир йилда 45 кундан ортиқ дегани. Бир кунда уч соат телевизор томоша қилган киши етмиш беш йил умр кўрса, ҳаётининг тўққиз йилини телевизор қаршисида ўтказган бўлади. Бир кунда олти соат телевизор кўрган киши етмиш беш йил умр кўрса, ҳаётининг 18 йилини телевизор қаршисида ўтказган бўлади.

Даҳшатли рақамлар, шундай эмасми? Бир инсон, бир оила ва бир миллат учун жуда катта йўқотиш бу рақамлар. “Беҳуда ўтган вақт исроф эмас, жонига қасд қилишдир” дея ўйлаган одам вақтнинг қадрини англаган бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бекор ўтирган кишига, ҳатто салом бермай ўтганларини ҳаммамиз биламиз. “Йўқотиш”  деганда фақат вақт йўқотишни тушунмаган маъқул. Телевизор қаршисида ўтган уч соатни фойдали машғулотларга сарфлаш ҳақида ўйласак. Масалан, бир кунда уч соат китоб ўқилса... Ўртача олганда, бир кунда уч соат китоб ўқиган лицей ўқувчиси бир йилда университетни тамомлаган инсон каби маданият ва маърифатга эга бўлиши мумкин. Бир кунда  уч соат давомида хорижий тил билан машғул бўлса, бир йилда ўша хорижий тилни мукаммал ўрганишига филологлар кафолат беради.

Медиа ва бола мавзуида Абдурраҳмон Оқтош шундай дейди:

“Бугун телевидение орқали намойиш қилинаётган фильмлар, сериал ва кўнгил очар дастурлар учун ҳеч ким пул тўламайди. Телевизордаги фильмларни кинотеатрларда кўришга тўғри келса, бир ойлик маошимиз ҳам етмайди. Театр томошаси, кино учун тўлов бору, телевизор учун ҳеч қандай тўлов йўқ. Бунча нарсани нега бепул намойиш қилишади? Демак, инсонлардан жуда қадрли нарсани олмай туриб, текин намойиш қўймайдилар. Телевизор орқали инсонларнинг эркинлиги, мияси, ўй-хаёллари ва олди-сотдисини бошқараётганлари учун ҳамма нарсани текинга беришади...”

Умида Адизова тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Соиб Абдий айтади .Солиҳ Муррий бизнинг олдимизга кирган эди, .Қаердан келяпсан, эй Абу Бишр, дедим. Солиҳ шундай деди .Уйимдан келяпман. Бу ерга келгунча кўп давоми...

2336 08:00 / 26.12.2019
Савдо борасида бўлиб ўтган жараёнлардан бири тармоқли маркетинг деб номланган савдо тури бўлди. Одамлар бу каби ишдан аввал хабардор бўлмаганлари учун алданиб давоми...

2426 17:05 / 20.10.2019
Ҳумайд Руъос айтади .Тушимда Кисоийни кўриб, .Қаердасиз, деб сўрадим. .Жаннатга кирдим,, деб жавоб берди. .Нима сабабдан, дедим. У .Аллоҳ таоло Қуръон сабабли менга давоми...

1331 08:00 / 24.10.2019
Ёмон хаёлларнинг келиши қалбда иймон борлигининг аломатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан васваса ҳақида сўралди. Абдуллоҳ ибн Масъуд давоми...

3008 15:00 / 24.11.2020