1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғулувнинг сабаблари

08:04 / 07.07.2020 5147 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умумий тарзда динда ҳаддан ошиб, ғулувга кетишнинг бир қанча сабаблари бор. Улардан баъзиларини билиб олиш масалани пухта тушунишимизга ёрдам бериши турган гап.

1.Тамагирлик.

Тамагирлик инсон табиатида аслида бор нарса. Ўз ниятига етишга шошилиш ҳам инсон табиатида мавжуд нарса.

Аллоҳ таоло Исро сурасида:

«Инсон шошқалоқ бўлгандир», деган (11-оят).

Инсон ўзининг олий мақсадларига, жумладан, Аллоҳ таолонинг розилигига тезроқ эришишга ошиқади. Бу мақсадга етишиш учун энг қисқа йўлни ахтаради. Унга асл йўл мақсадга олиб боришга кифоя қилмайдиган бўлиб кўринади. Шошқалоқ инсон асл йўлда юрганлардан ҳам илгарироқ мақсадга етишга уринади. Ушбу хато туфайли ўзича динда кўрсатилгандан кўпроқ амал қилишга ўтади. Дин аҳкомларини шариат белгилагандан кўра қаттиқроқ тутишга ҳаракат қилади. Мана шунинг ўзи динда ҳаддан ошиб, ғулувга кетишдир.

Агар ўша хато инсоннинг ўзига маъқул келиб қолса, иш яна ҳам баттарлашади. Агар мазкур хато ақийдага айланиб қолса, ўзидан бошқаларни ҳам унга чақира бошлайди ва ўзига қўшилмаганларни залолатга кетганликда айблай бошлайди. Қарабсизки, динда ҳаддан ошганлар сафига яна битта янги аъзо қўшилиб турибди.

2. Маъсият ва гуноҳлар.

Гоҳида динда ҳаддан ошиб, ғулувга кетишга маъсият ва гуноҳлар ҳам сабаб бўлади. Баъзи одамлар аввал турли гуноҳ ва маъсиятларни тап тортмай қилиб юрган бўладилар. Ақли-ҳуши жойига келиб, тўғри йўлни топганида, ўтган нарсаларга афсус-надоматлар бошланади. У мазкур гуноҳ ва маъсиятларни тезроқ ювиш пайига тушиб қолади. Бу тушунмовчилик ва шошиш уни янги хатога бошлайди. Ўзича гуноҳларни тезроқ ювиш учун бошқалардан кўра кўпроқ амал қилиш ва динни маҳкам тутишни ўзига лозим кўради. Бу нарсаларни кўнгли тусаб боради ва охирги кўнглига тушган нарсани қилишга ўтади.

Зиёратчилардан бири ўзига керак бўлган бир неча саволлардан кейин жиддийроқ саволи борлигини айтди.

«Қани, эшитайлик-чи, қандай савол экан ўзи?» дедим.

«Баъзи биродарлар «Ҳозир ҳижрат қилиш фарз, бусиз иш битмайди», дейишмоқда. Бунга нима деймиз?» деди.

«Ҳижрат қилиш фарз бўлса, нима учун ўзингиз уни қилмай юрибсиз?» демадингизми?» дедим.

«Бу нарса эсимга келмабди. Аммо у одам жуда қаттиқ туриб, «Шу ишни қилиш керак», деб уқтирмоқда», деди.

«Фарзи айнларни адо этишга имкон бўлса, ҳижрат фарз бўлмайди. Бу гапни аввал нима қилса, қилиб юрганлар ўзларидаги нуқсонни хаспўшлаш учун айтишади. Улар шундай қилсалар, гуноҳлари енгиллаб қоладиганга ўхшайди. Сизлар тушуниб олдинглар, бунга ўхшаш гапларга эътибор берманглар», дедим.

«Ҳақиқатан, ўша одам ҳар хил ишларни қилиб юрарди. Сирни энди тушундим», деди мийиғида кулиб зиёратчи.

Бугунги кунда динда мана шу турдаги ҳаддан ошганлар бизда жуда ҳам кўп. Улардан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

ЗАМОНАВИЙ ҒУЛУВНИНГ САБАБЛАРИ

Мутахассис уламолар ҳозирги замондаги ақийдавий ғулувни атрофлича ўрганиб чиққанлар. Жумладан, унинг келиб чиқиш сабабларини ҳам. Улар ҳозирги замон ақийдавий ғулувининг келиб чиқиши сабабларидан қуйидагиларга алоҳида эътибор берадилар:

1. Ҳокимият масаласи.

Асримиздаги ақийдавий ғулувнинг келиб чиқиш томирлари етиб борадиган асосий масалалардан бири ҳокимият масаласидир. Ғулувга кетган шахслар ва тоифаларнинг асосий шикоятлари ушбу масала бўйича эканлигини мутахассислар алоҳида таъкидлайдилар.

Маслаҳатчи Солим Баҳнасовий ўзининг «Ал-Ҳукму ва қозияту такфийрил муслим» номли китобида ғулувчилардан бири ҳокимга қарши чиқишининг сабаби у ўзини Аллоҳнинг ўрнига қўйиб, одамларни ўзига ибодат қилдираётгани эканини даъво қилаётганини ёзади.

2. Билимсизлик.

Билимсизлик динда ҳаддан ошган ғулувчиларнинг асосий камчилиги ҳисобланади. Аммо уларнинг ўзлари билимсизлигини тан олмаганлари балонинг бошидир. Минг афсуслар бўлсинким, улар ўзларини алломаи замон ҳисоблайдилар. Аслини олганда эса улар дин соҳасида тузукроқ бошланғич таълимни ҳам олмаган бўладилар.

Ҳозирги замонда номи чиққан ғулувчиларни бирма-бир ўрганиб чиқилса, ичларида шаръий илмларни пухта ўргангани бўлмаслиги аниқ.

Ҳижрий 1426 сана, 29 жумодул аввал (2005 йил 6 июль) куни камина ходимингиз ва Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазири биринчи ўринбосари доктор Одил Абдуллоҳ Фалоҳ жаноблари иштирокида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги телевидениесида бир соатли суҳбат бўлди. Мазкур суҳбат давомида доктор Одил Абдуллоҳ Фалоҳ жаноблари Мисрдаги нодиний муассасалардан бири уч мингта ғулувга кетган шахсни ўрганиб чиққанлиги ва улардан бирортаси ҳам шаръий мутахассисликка эга эмаслигини айтдилар.

Бу масалани чуқур ўрганиб чиққан олимлар ғулувчиларнинг билимсизликлари қуйидаги соҳаларда эканини таъкидлайдилар:

1. Қуръонни билмаслик.

2. Суннатни билмаслик.

3. Шариат мақсадларини билмаслик.

4. Далилларни ва ҳукм чиқариш йўлларини билмаслик.

5. Уламоларнинг қавллари ва асарларини билмаслик.

6. Араб тилини ва унинг услубларини билмаслик.

7. Тарихни билмаслик.

8. Воқеликни билмаслик.

9. Одамларнинг ва ишларнинг тартибини билмаслик.

Динда ғулувга кетганларнинг услубда ҳам хатолари бор:

10. Матнларни фаҳмлашда ҳарфларга ёпишиб олиш.

11. Шомил назарнинг йўқлиги.

12. Таъвил қилишдаги хатолар.

13. Матннинг ўзидан тўғридан-тўғри ҳукм олиш.

14. Муташобиҳ нарсаларга эргашиб кетиш.

15. Далилларни жамлаб ўрганмаслик.

16. Холисликнинг етишмаслиги.

17. Мужтаҳидликни даъво қилиш.

Ҳар қандай муаммо фақат бир сабаб туфайли келиб чиқмаганидек, ғулув муаммоси ҳам бир ёки икки сабабдан келиб чиқмаслиги ҳаммамизга ойдек равшан. Албатта, биз юқорида айтиб ўтган сабаблар билан бир қаторда нафсоний – психологик, ижтимоий, иқтисодий, маҳаллий ва халқаро таъсирлар ва бошқа сабаблар ҳам бўлади. Биз дин маъносини ўзимизга вазифа қилиб олганимиз учун, баъзи диний сабабларни зикр қилиш билан кифояланамиз.

ҒУЛУВНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

Ақийдадаги ғулувнинг оқибатлари ҳам ғулувчининг ўзига, ҳам ундан ўзгаларга жуда ёмон бўлади. Чунки нотўғри ақийда асосида олиб борилган ҳар бир ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги тажрибадан ўтган нарса. Ҳозирги кунги мусулмонлар учун мусибатли ҳолатнинг юзага келиши ҳам шундан. Деярли барча мусулмон ўлкалари динда ғулувга кетганларнинг дастидан жонда, молда ва обрўда талафотлар кўрди ва кўрмоқда. Шунингдек, номусулмонлар ҳам бу балодан насибасиз қолмади. Иккинчилари дод солиб дунёни тўлдираётган бўлсалар ҳам, биринчилари асосий жафокашлар экани ҳаммага маълум.

Ғулувга кетганларнинг «Динга амал қиламан» деб, ўзларича олиб борган фаолиятлари натижасида динимизга қарши руҳият дунёни босиб кетди. Бошқалар қолиб, баъзи мусулмонман деб юрганлар ҳам Ислом ҳақида ҳар хил бўлмағур гаплар айтишдан тоймайдиган бўлиб қолди.

Ушбу ва яна айтиб ўтилмаган бошқа мусибатларга асосий сабаблардан бири ғулувга кетиш деб баҳоланмоқда. Шунинг учун динда ғулувга кетганлар кўтарган масалалар ва уларнинг оқибатлари ҳамда ечимлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлишимиз жуда ҳам зарур. Биз ўзимизнинг диёрларда тарқалган масалаларга эътибор қаратишни маъқул топдик. Аввало, мазкур масалаларни билиш зарур бўлгани учун, улар ҳақида истовчиларга қўлимиздан келганича маълумот беришни вазифамиз деб билдик. Қолаверса, ўзимизда йўқ нарсани гап қилиб кўтариб, ётган илоннинг бошини қўзғамаслик учун, бизда йўқ муаммолар ҳақида баҳс юритмадик.


"Васатия ҳаёт йўли" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молик ибн Динордан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулshyазиз халифалик тахтига ўтиргач, тоғтошларда қўй боқиб юрган чўпонлар .Одамларга волий бўлиб келган бу солиҳ давоми...

1714 07:00 / 13.07.2019
Ўтган мужтаҳид имомлар имомлик рутбасига илм талабидаги олийҳимматлик ва вақтларни зое қилишдан устунлик билангина эришдилар. Имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳё давоми...

2455 11:30 / 03.01.2022
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб давоми...

1908 09:25 / 18.06.2019
Агар аёл киши ва балоғатга етган қиз кўчаларда, жамоат жойларида, номаҳрамлар олдида авратларини очиб юриши калта кўйлак ва юбка, тор шим, юпқа, ҳарир либос давоми...

2652 15:00 / 25.04.2019