1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаёли бўлайлик!

17:00 / 09.06.2019 3456 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, ҳаё барча ёқимли ишни қилишга ва барча ёқимсиз, амални қилмасликка ундовчи хулқдир. Ҳаё нафсдаги мақталган сифатлардан биридир. У карамли хулқларнинг боши, иймоннинг зийнати, Исломнинг шиоридир.

Ҳадислардан бирида ҳаё ҳақида шундай дейилган:«Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир».

Ҳаё яхшиликка далолат қилувчи хулқдир. Ҳаё кишининг саломат эканидан хабар берувчи ва мазамматдан сақланишига сабаб бўлувчи хулқдир.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ раҳимаҳуллоҳ: «Иймон яланғочдир. Унинг либоси тақво ва зийнати ҳаёдир» деган эканлар.

Баъзилар бундай дейишган экан: «Кимга ҳаё ўз кийимидан кийдирса, одамлар унинг айбини кўрмайдилар».

Ҳаёда кўплаб фазилатлар ва фойдалар бор. Шариат бизни ҳаё билан хулқланишга буюрган ва унга тарғиб қилган. Шариат ҳаёни иймондан деб эълон қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа Илаҳа Иллаллоҳ” демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар». (Муслим ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда бундай дейилган: «Ҳаё ва иймон бир-бирига яқин нарсалардир. Агар улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади».

Ҳаё иймонданлигининг сири – уларнинг ҳар иккиси яхшиликка чорловчи, яхшиликка яқинлаштирувчи, ёмонликдан бурувчи, ёмонликдан узоқлаштирувчидир. Агар одамларда журъат, фаҳшни кўрсанг, билгингки, бунинг энг катта сабабларидан бири ҳаёнинг йўқолганлигидир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири «агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар». (Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган).

Ҳаёдан эмас

Албатта, баъзи одамлар баъзи яхши ишлардан, ҳақни гапиришдан, амру маъруф, наҳий мункар қилишдан ҳаёнинг даъвоси билан тийилади. Шубҳасиз бу – ҳаёнинг маъносини хато тушунишдир. Башариятнинг энг яхшиси бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг ҳаёлиси, ҳаёси энг кучлиси эдилар. У зот чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Аммо у кишининг ҳаёлари ҳақни айтишдан, амру маъруф, наҳий мункар қилишдан тўсмас эди. Агар Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсалари топталса, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ учун ғазаб қилардилар.

Шунингдек, ҳаё кишини илм талаб қилишдан, диний масалаларни сўрашдан тўсмаслиги керак.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Агар аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деб сўраганлар. У ансорияни ҳаё мазкур саволни беришдан тўсмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаё мазкур саволга жавоб беришдан тўсмади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа, агар сувни кўрса» деб жавоб берганлар.

Ҳаёнинг турлари

Аллоҳдан ҳаё қилиш;

Фаришталардан ҳаё қилиш;

Одамлардан ҳаё қилиш;

Нафсдан (ўзидан) ҳаё қилиш.

Аллоҳдан ҳаё қилиш

Банданинг нафсида «Албатта, Аллоҳ мени кўриб турибди. Албатта, У Зот ҳар доим мен билан бирга» деган эътиқод ўрнашса, у банда Аллоҳ уни бирор фарзда камчиликка йўл қўйган ёки бирор гуноҳни содир этган ҳолда кўришидан ҳаё қилади.

Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилган: «Албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?!» (Алақ сураси, 14-оят).

Аллоҳ таоло бандаларини кўриб, уларнинг қилаётган ишларини билиб турганига далолат қилувчи яна кўплаб оятлар бор.

Бир одам бир аёл билан холи қолганда, фаҳш ишга қўл урмоқчи бўлди ва у аёлга: «Бизни фақат юлдузлар кўриб турибди» деди. Шунда аёл: «Юлдузларни Яратувчисичи», деди.

Фаришталардан ҳаё қилиш:

Баъзи саҳобалар: «Албатта, сизлардан ҳеч ажрамайдиганлар (фаришталар) сизлар билан бирга юрадилар. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром қилинглар!» дейишган.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: «Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор сураси, 10-12-оятлар).

Одамлардан ҳаё қилиш

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши шундай деганлар: «Одамлардан ҳаё қилмайдиган кишида яхшилик йўқ».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёни кишининг қиладиган ишларига ҳукм қилиш омили қилганлар ва ҳаёни ўлчов, мезон этиб белгилаб шундай деганлар: «Одамлар кўришини ёқтирмаган нарсангни холи қолганингда ҳам қилма!».

Нафсдан (ўзидан) ҳаё қилиш

Ким одамлардан ҳаё қилиб, ўз нафсидан ҳаё қилмаса, нафси унинг наздида бошқалардан кўра пастроқ экан. Агар инсон бир қабиҳ ишни қилмоқчи бўлса, нафсини уни кузатиб турган бир киши деб тасаввур қилсин. Бу турдаги ҳаё иффат билан, холи қолган кезларда ўзини сақлаш билан, ични гўзал қилиш билан бўлади. Агар банданинг наздида ўз нафси катталашса, ўз нафсидан қиладиган ҳаёси бошқалардан қиладиган ҳаёсидан кўра каттароқ бўлади.

Баъзи салафи солиҳлар: «Ким ошкора содир этишдан ҳаё қилинадиган бир ишни яширин ҳолда қилса, унинг учун нафсининг қадри йўқ экан» дейишган экан.

Аллоҳ таоло барчамизни мукаммал ҳаё, қўрқув ва гўзал хотима билан ризқлантирсин!

Моҳир ас-Саййиднинг «Ҳаё – Исломнинг хулқи» номли мақоласидан

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Раббингизнинг Сизга ато этган барча неъмати ҳақида эса одамларга сўзлангrdquo, ndash деб марҳамат қилган. Зуҳо сураси, 11оят.Ушбу оятнинг давоми...

1635 11:45 / 30.08.2019
Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони каримда кўп марта таъкидланган. Жумладан Аллоҳ таоло .Аъроф, сурасида давоми...

3003 19:27 / 02.06.2020
Аҳмад ибн Абу Ҳаворий айтади .Бир куни Абу Сулаймон Доронийнинг ҳузурида эдим. Ҳансираб нафас олаётган эдим, у .Сен Қиёмат куни бундан сўраласан. Агар олдин қилган давоми...

1626 08:00 / 13.08.2020
Дам солиш дейилганда Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган давоми...

11800 09:20 / 16.10.2019