1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сарф-харажатдаги исроф

08:30 / 15.12.2018 3182 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда қандай сарф-харажат бўлмасин, унда исрофга йўл қўймаслик доимий равишда таъкидланади. Бу маъно Қуръони карим оятларида ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:

ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ

«Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон мол-дунёни исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги лозим.

Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкини ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишга ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-харишга ишлатиш ман қилинган.

Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» номини бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – «эсипаст» дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг молу мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.

Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама ҳақларини олиб беради.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«У киши Аллоҳ азза ва жалланинг «Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У Зот ризқ берувчиларнинг яхшисидир» деган сўзи ҳақида: «Исроф ҳам, мумсиклик ҳам қилмасдан», деган».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, банданинг моли бўлатуриб, уни исроф қилиб юборса ҳам, Аллоҳ таоло бунинг ўрнини тўлдириб бермас экан. Шунингдек, хасислик қилиб, маҳкам ушлаб турса ҳам, мол кетганда унинг ўрнига бошқа мол бермас экан.

Ўртача, мўътадил туриб, хасислик ҳам қилмасдан, исроф ҳам қилмасдан, молини Аллоҳ таоло айтганидек, шариат кўрсатганидек тасарруф қилса, Аллоҳ таоло унинг садақаси, хайр-эҳсонининг ўрнига ўзи кутмаган томондан яна бошқа неъматлар ато этар, баракасини бериб қўяр экан.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

«Албатта, Аллоҳ сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди». 

Аҳмад ва Табароний ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда ман қилинаётган нарсалардан бири – молни зое қилиш. Товламачилик, зўравонлик, ўғрилик, рибохўрлик, ҳаром моллар савдосидан тушган моллар ҳаром ҳисобланиши шубҳасиз. Лекин ҳалол йўл билан топилган молни ҳам ҳою-ҳавасга, риёкорликка, хўжакўрсинга, одамлар орасида шуҳрат топиш учун беҳуда ишларга ва ҳаром-харишга сарфлаш ҳам молни зое қилиш, исроф қилиш ҳисобланади.

Бир банданинг қўлидаги мол фақат ўзиники эмас, балки бу молда унинг оила аъзолари, ўзи яшаб турган жамиятнинг ҳам ҳаққи бўлади. Шунинг учун ҳам унга омонат сифатида қараш, исрофдан сақлаш лозимдир.

Исрофчилик мўмин кишига тўғри келмайди, мўмин киши молини тежаб, тадбир билан ишлатиши, зое қилмаслиги лозим.

Мол-мулкни зое қилиш Аллоҳ таоло берган неъматни беҳуда сарфлашдир. Бу нарсани қилувчилар шайтоннинг биродари бўладилар. Ушбу номаъқул иш инсонларнинг ўзига ҳам, улар яшаётган жамиятга ҳам катта зарар келтиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бу ишдан қайтариб, бир нечта оятлар нозил қилган.

Аллоҳ таоло бандага мол ато этгач, уни исроф қилмасликни тайинлади. Жойини топиб, Аллоҳ таолонинг йўлида, Аллоҳни рози қиладиган ҳолатда, шариатнинг кўрсатмасига мувофиқ равишда сарф қилиш, ишлатиш, бериш керак бўлади.

“Исроф” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Келинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонавий илм тасдиқлаган одатлари ҳақида суҳбатлашамиз. Эрта туришНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни эрта давоми...

9009 12:10 / 03.06.2019
Эзгу амаллар қилиш учун имкон бериб, шаъбон ойига етказган Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин.Шаъбон mdash улуғ ва фазилатли ой экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1494 11:48 / 21.02.2023
Подшоҳ Хусрав балиқни яхши кўрар эди. Бир куни у хушманзара жойда Сийрин исмли хотини билан ўтирган эди, бир овчи қўлида катта балиқ билан келиб, уни подшоҳга ҳадя давоми...

3478 07:30 / 05.08.2019
VI боб Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Одамлар ҳадиснинг маъносини ривоят қилиш давоми...

1861 15:00 / 08.04.2019