1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳар бир бидъат залолатдир

13:00 / 25.01.2019 6558 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида бир неча ҳақиқатни баён қилмоқдалар:

1. «Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир».

Шундай бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.

2. «Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир».

«Ҳидоят» сўзи луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари ўзларининг Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни топаман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!

3. «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир».

Аввал айтганимиздек, бу гап Ислом янгиликка қарши деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир. Ана шундай шароитда пайдо бўлган

«Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир». 

«Бидъат» сўзи луғатда янгидан ўйлаб чиқарилган нарсани англатади. Шариатда эса бидъат деб Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишига айтилади. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир.

«Ҳар бир бидъат залолатдир».

Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.

«Барча залолат дўзахдадир».

Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканлигини яхши ажрата билиш керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зарур.

Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари – Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одатда кўпчилик товуқни сўйгандан сўнг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солади. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан давоми...

5427 12:01 / 10.11.2020
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан.Нима бўлди сизга, нега кечаси ухламайсиз, деб сўрашди.Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар .Кечаси ухласам, давоми...

2599 02:10 / 25.06.2019
Эрларга насиҳат Оиланинг саодатли бўлишида эрнинг ўрни беқиёс. Аёли у билан бахтли бўлолмаган эр эрларнинг энг ёмонидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3840 06:03 / 18.02.2020
Маълумки, Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти Ўқиrdquo деган буйруқ билан бошланади. Дарҳақиқат, ислом илм динидир. Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида илм ва давоми...

6092 07:30 / 13.08.2019
Аудиолар

232063 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150575 09:35 / 11.08.2021