1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фазодаги 11-мусулмон миллатдошимиз бўладими?

12:05 / 26.11.2018 5062 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ой Россия Президенти В.Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида: “Яқин келажакда Россия космик кемаларида ўзбекистонлик космонавт фазога учиши имконияти бор”, ­– деб  айтган эдилар.

Бунгача фазони ўзбекистонлик Владимир Жонибеков ва қирғизистонлик асли ўзбек миллатига мансуб фазогир Солижон Шариповлар забт этгандилар.

Маълумки, инсоният фазовий бўшлиқни деярли 60 йил аввал ўзлаштира бошлади. Бу вақт даврида беш юздан ортиқ фазогирлар ер тортиш кучини енгиб ўта олишди. 2018 йилнинг 9 октябрига қадар уларнинг сони 555 нафар эди.  Уларнинг орасида Исломга эътиқод қилганларнинг сони қанчалигини биласизми? Қуйидаги материалимизда айнан мусулмон фазогирлар ҳақида сўз боради.

 

Илк мусулмон фазогир

Биринчи мусулмон 1985 йилда фазода бўлган эди. Бу «Discovery» шаттли бортида STS-51G Америка фазовий миссияси таркибида фазога учган Саудия шаҳзодаси Султон ибн Салмон Абдулазиз ал-Сауд эди. Шаҳзода Султон  фазода бўлган илк қирол оиласи вакили бўлиш шарафига ҳам муяссар бўлди.

Саудия шаҳзодаси бутун дунё фазогирларининг нотижорат профессионал ташкилоти  «Фазо тадқиқотчилари ассоциацияси»ни таъсис этишда ҳам иштирок этди. У ушбу тузилманинг кенгашида бир неча йил давомида қатнашди.


Иккинчи мусулмон фазогир

Фазовий бўшлиқда бўлган иккинчи мусулмон фазогир суриялик Фарис Муҳаммад Аҳмад бўлди. У 1987 йилнинг 22 июлида «Союз ТМ-3» («Союз ТМ-2») совет фазо кемасида «Мир» орбитал станциясига экспедицияга отланди. Учиш пайтида фазовий тиббиёт ва материалшунослик бўйича тажрибаларни бажарди, шунингдек, фазодан туриб Сурияни тасвирга туширди.


Учинчи мусулмон фазогир

1987 йилнинг декабрь ойида фазога энди мусулмонларнинг учинчи вакили учди. Лак миллатига мансуб доғистонлик Муса Манаров совет Ҳарбий ҳаво кучлари полковниги эди. Унинг биринчи парвози роппа-роса бир йил – 365 кун 23 соат давом этди. Бу билан фазовий парвознинг давомийлиги бўйича жаҳон рекорди ўрнатилган эди.

1990 йилнинг 2 декабрида Манаров «Мир» орбитал комплексига  иккинчи фазо парвозини  амалга оширди. Бу сафар фазогир фазода 175 куну 2 соат бўлди. Фазо сафарлари вақтида Муса 34 соату 23  дақиқалик умумий давомийликда 7 маротаба очиқ фазога чиқишни амалга оширди.


Тўртинчи мусулмон фазогир

1988 йилнинг августида, Муса Манаровнинг биринчи фазо миссияси чоғида, «Союз ТМ-6» кемасининг бортида «Мир» орбитал станциясига ҳисоб бўйича тўртинчи мусулмон фазогир афғон Ҳарбий ҳаво кучлари капитани Абдул Аҳад Моманд етиб келди. У ўзи билан бирга кема бортига Афғонистон байроғи ва Қуръони каримнинг икки нусхасини олиб олган эди.

Абдул Аҳад Моманднинг номи саккиз кун 20 соат 26 дақиқалик парвоздан кейин Ерга қайтиш пайтида қилган тезкор ҳаракатлари туфайли машҳурлик қозонди.  Туширилаётган аппаратда тормоз двигателлари ва йўналтирувчи датчиклар ишламай қолганди. Жасур фазогир ўз ҳаракатлари билан миссия ва жамоа аъзоларининг ҳаётини эҳтимолий ҳалокатдан қутқариб қолди.

Фазога экспеция вақтида Моманд Афғонистонинг ўнлаб фотосуратларини олган эди, бу биринчи афғон харита атласини яратишга имкон берди.


Бешинчи мусулмон фазогир

Қозоқ миллатидан чиққан Айбакиров Токтар Онгарбаевич фазога учган бешинчи мусулмон фазогир бўлди. У Александр Волков ва австриялик фазогир Франц Фибёк билан бирга 1991 йилнинг 2 октябрида «Союз ТМ-13» фазо кемаси фазогир-тадқиқотчиси сифатида  фазога учди. Бир ҳафта давомида  «Мир» орбитал комплекси бортида ишлаган.  Фазода бўлишнинг давомийлиги 7 кун 22 соат 13  дақиқани ташкил этди.


Олтинчи мусулмон фазогир

«Союз ТМ-19» кемасида бортмуҳандис бўлиб 1994  йилда фазога йўл олган яна бир қозоқ  Мусабоев Талгат Омонкелдиевич олтинчи мусулмон фазогир бўлди. У яна икки бор 1998 ва 2001 йилларда, аммо бу сафар кема капитани сифатида,  фазога учиш бахтига муяссар бўлади. 2001 йилдаги парвоз шуниси билан ҳам ёдда қолдики, унда кема бортида халқаро космик станциясидаги ўз парвозини тўлаган дунёдаги биринчи турист  бор эди.


Еттинчи мусулмон фазогир

1998 йилнинг 22 январида фазога ҳисоб бўйича еттинчи мусулмон фазогир парвоз қилди. Дунёнинг 372-фазогири, Россиянинг саксон саккизинчи ва биринчи ўзбек фазогири Солижон Шарипов «Индевор» америка шаттли экипажи таркибида фазо парвозини амалга оширди.  Парвоз дастури  «Мир» орбитал комплекси билан уланишни ўз ичига олган эди. Бу воқеа шуниси билан эътиборга лойиққи, бунда иккинчи бор икки мусулмон фазода учраша олди. «Мир» станциясида Талгат Мусабоев бор эди.

Бу парвози чоғида  Россия ва Қирғизистон қаҳрамони унвонлари, Ўзбекистоннинг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган Солижон Шарипов бошига дўппини кийиб, қўлида Ўзбекистон байроғини ушлаб суратга тушган.

Шарипов 2004 йилнинг  14 октябридан 2005 йилнинг 25 апрелигача «Союз ТМА-5» фазо кемаси командири ва  Халқаро космик станцияси 10-асосий экспедицияси бортмуҳандиси сифатида  иккинчи фазо сафарини  амалга оширди. Бу парвози пайтида икки маротаба очиқ фазога чиқди.  Коинотда жами 201 кун бўлган Шарипов айни пайтда Россияда Космонавтларни тайёрлаш илмий-тадқиқот синов маркази қошидаги космомарказга раҳбарлик қилмоқда.


Саккизинчи мусулмон фазогир

Фазода бўлган мусулмон умматининг саккизинчи вакили аёл бўлди. Келиб чиқиши эронлик бўлган америкалик аёл Ансари Ануше нафақат фазода бўлган биринчи муслима, балки фазодаги биринчи аёл-турист эди. Халқаро космик станциясига у  «Союз ТМА-19» кема бортида 2006 йилнинг 18 сентябрида йўл олди.

Муслима фазодан туриб интернет-блогни олиб борган биринчи инсон бўлди. Станцияда ўтказилган саккиз кун давомида Ануше фазовий радиация ва вазнсизликнинг  экипаж аъзолари ва микроорганизмларга таъсири билан боғлиқ бир нечта илмий тажрибаларни бажарди.


Тўққизинчи мусулмон фазогир

2007 йилда 35 яшар малайзиялик шифокор, тўққизинчи мусулмон фазогир Муҳаммад Шайх Музаффар Шукор ал Масри бин Шайх Мустафо  фазога парвоз қилди. Мусулмон фазога 11 минг номзодлар ичидан танлаб олинган эди. Халқаро космик станциясида Шайх Музаффар  Малайзия миллий дастури манфаатларида ва Европа космик агентлиги учун тажрибаларни бажарди. Хусусан, кўз ва бош ҳаракатлари мувофиқлашиши, вестибуляр мослашиш, саратон ҳужайраларидаги ўзгаришлар ва фазода оқсилларнинг кристалланишининг микрогравитацияга таъсирини ўрганди.

Малайзия фуқароси фазога муқаддас Рамазон ойида кўтарилган биринчи мусулмон фазогир эди. Унинг фазога учиши олдидан илк бор мусулмон фазогирлар учун «Халқаро космик станциясида мусулмон анъаналарига риоя қилиш қўлланмаси» номи остида эслатма ишлаб чиқилди.

Унда қандай қилиб ер орбитасида бўлиб туриб диний урф-одатларни бажариш, хусусан, таҳорат олиш, ибодат учун қибла, намоз вақтини аниқлаш, шунингдек, Рамазон ойида қандай қилиб рўза тутиш қонун-қоидалари батафсил кўрсатилган.

«Кун ва тун» тушунчаси  бўлмаган фазода намознинг вақти қуёшнинг чиқиши ва ботишга қараб ҳаракатланиши бўйича аниқланмайди, балки 24 соатлик ҳаёт меъёрига қараб аниқланади.  Бунда соат стрелкаси учиш бошланган минтақа вақти билан ҳисобланади. Масалан, Байконурдан кўтарилган сунъий йўлдош Байконурда учиш чоғида соат неча бўлганидан бошлаб ҳисобланиб кетаверади. Бундан ташқари, мусулмонлар космосда чоғида намозларини қаср қилиб ва бирлаштириб ўқиши мумкин. Вазнсизлик шароитида намоз ўқиётганда, агар саждага бориш чоғида юзи билан йиқилиб тушиш эҳтимоли бўлса, намоз бемор кишининг намозига ўхшатиб ўтирган ҳолда ёки ишора билан ўқилади. Фазода Рамазон ойида рўза тутиш жуда ҳам осон иш. Мусулмонлар тонгдан шомгача рўза тутадиган вақтда айтиб ўтилганидан учиш нуқтасидан мўлжал олинади. Малайзиялик фазогир Музаффар рўзани айнан шу тартибда тутган эди.


Ўнинчи мусулмон фазогир


2015 йилда фазога  ўнинчи мусулмон фазогир – Қозоғистон фуқароси Айдин Аимбетов бўлди. У 2 дан 12 сентябргача  «Союз ТМА-18М» кема 2-бортмуҳандиси сифатида Халқаро космик станцияга парвоз қилди.

Фаозо парвози чоғида  Аимбетов бир қатор физикавий-космик тажрибалар ўтказди, хусусан «Бўрон», «Релаксация», фазода инсонга радиациянинг таъсири тажрибаси, шунингдек Орол ва Каспий денгизлари экологик ҳолатининг космик мониторингини ўтказди.


Islom.uz портали таҳририяти


Мавзуга оид мақолалар
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикормонополиядир.Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким эҳтикор қилса, ўша давоми...

2723 06:01 / 06.11.2018
Гарчи шахсий кутубхонамдан Шайх ҳазратларининг .Тафсири ҳилол, 30жуз, .Ислом тарихи,, .Кифоя,, .Иймон,, .Бахтиёр оила,, .Ижтимоий одоблар,, .Соф табиат дини,, .Амаллар давоми...

2106 17:00 / 25.01.2021
Бугунги кунда мусулмон одам гирифтор бўлаётган ҳар қандай балоофат, қийинчиликлар ndash улар умумий бўлсин, хос бўлсин ndash инсонларнинг зулми туфайли берилган давоми...

7299 12:11 / 18.06.2020
Муртазо Аҳмад Юсуф Аллоҳ таоло инсонни мукаммал яратиб унга тил неъматини инъом этди. Инсон истеъмол қиладиган барча нарсанинг таъмини ажрата олишга ёрдам давоми...

4842 17:00 / 05.06.2019