1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳалолнинг аҳамияти

10:24 / 14.07.2019 5668 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одамларга бир замон келурки, унда киши молни нимадан олганига парво ҳам қилмайди: ҳалолданми, ҳаромданми», дедилар». 

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол-ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олмас эдилар. 

Чунки фақат ҳалол нарсани олиш, ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонман, деган одамларнинг фикри-зикрига айланган, бутун вужудига сингиб кетган эди. Аммо асрлар ўтиб, кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша бориб, охир-оқибат ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етдилар. 

Кишилар ҳалолни қўйиб, ҳаромга ўзини урадиган бўлдилар. Молу дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап торт­майдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблайдиган даражага етдилар. Шундай қилиб, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтган гаплари юзага чиқди.

Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқ­лашдир. Дуч келган нарсани суриштирмай, ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими, сўраб-суриштиради.

Мусулмон киши эса ҳар бир нарса шариат рухсат берган тарзда бўлиши кераклигини тўлиқ тушунган ва масъулиятни сезган ҳолда, ҳар бир ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилиб яшайди.

Ислом ақийдаси бўйича, шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир. Ҳаромнинг ҳаромлигини билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса гуноҳи азимдир. Шунинг учун мусулмон киши нима ҳалол, нима ҳаром эканлигини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак. 

Уламоларимиз «Мусулмон кишига бирор таом тақдим қилинса, ҳадя берилса ёки у бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлса, у нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўраб-суриштириб олсин. Чунки бундай нарсалар вазиятга қараб, гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида мандуб ва гоҳида макруҳ бўлади», дейдилар. 

1. Молнинг эгаси ҳаромхўрлиги билан машҳур бўлса ёки молининг кўп қисми ҳаром эканлиги маълум бўлса, сўраб-суриштириб, ҳаромхўрнинг ҳалол моли ва кўп ҳаром аралашган молининг ҳалол қисмидан муомала қилиш вожиб бўлади. 

2. Ҳаромхўрлиги маълум бўлмаган, ўзида ҳаромхўрлик белгиси, аломати ҳам бўлмаган кишининг молини сўраб-суриштириб, тафтиш қилиш эса беайб мусулмон кишидан ҳаромхўр­ликда шуб­ҳаланиш бўлганлиги учун ҳаром бўлади. 

3. Мол эгасининг ҳаромхўрлиги маълум бўлмаса, аммо унда ҳаромхўрликнинг аломатлари бўлса, у билан муомала қилиш жоиз, аммо тарк этган афзал. 

Демак, сўраб-суриштириш шубҳага боғлиқ. 

Бир одам ҳаром мол топиш гуноҳ эканлигини англаб етди. Қўлида ҳаром аралашган мол бор, нима қилади? Уламоларимиз бундай ҳолда қуйидагиларни маслаҳат берадилар: 

«Агар ҳаром молнинг жинси ва миқдори аниқ бўлса, ўша аниқ жинс ва миқдорни чиқаради. Агар аниқ бўлмаса, ғолиб чамасига кўра ажратса ҳам бўлади. Аммо кўнгли равшан бўладиган даражада ишонч билан чиқарса, яна ҳам яхши.

Кейин ўша молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини топиб, қайтариб беради. Агар у молнинг муайян эгаси бўлмаса ёки топилмаса, садақа қилади ёки мусулмонлар оммасига фойда келтирадиган нарсаларга ишлатади». 

Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазийлатларидан бири бўлганидек, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиш ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қусиб юборганлари маълум ва машҳур. 

Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳга оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб, қайт қилиб юборган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусилган. 

Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим. У зот: 

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуойинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганлари учун баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни у зотдан сўрашга журъат қилганлар. Албатта, у кишининг бу сафарги сўровлари катта саволлардан эди:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».

Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахт. У ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири.

Албатта, бундай вақтда одатда Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳуни дуолари қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади. 

Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо Набийимиз алайҳиссалом фақат Анас розияллоҳу анҳунинг ўзига етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар:

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуойинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар».

Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламийн Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди.

Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳалол касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги «Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди» деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бундан инсонга жуда оз миқдордаги ҳаром нарса илашса ҳам унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади. 

Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан. 

Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.

Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг ҳамма қилаётган касбимиз, топаётган молу мулкимиз ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми?

Энди нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етган бўлсак керак!

Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир. 

"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бишр Ҳофий бир жамоанинг олдидан ўтиб қолди. Одамлар уни кўриб, .Бу одам кечаси билан ухламайди, ҳар уч кунда бир марта ифторлик қилади,, дейишди. Бишр Ҳофий давоми...

1747 07:10 / 05.07.2019
Ибн Жарир 224ҳижрий санада таваллуд топиб, 310ҳижрий санада 86 ёшда вафот этган. Агар бу ёшдан балоғат ёшигача бўлган даврни ўн тўрт йил деб ҳисоблаб олиб ташласак, давоми...

1660 16:20 / 07.07.2019
Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам давоми...

6150 09:00 / 23.07.2022
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу румликлар устига бир қўшин юборди. Қўшинда саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Ҳузофа исмли зот давоми...

2142 08:00 / 27.12.2020