1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бутун борлиқ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтишини биласизми?

11:18 / 05.07.2020 2765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

Уни етти осмону ер ва улардаги зотлар поклаб ёд этурлар. Уни ҳамди ила поклаб ёд этмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар. Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир” (Исро сураси, 44-оят)

Қадимги кўплаб муфассир уламоларимиз ушбу тасбеҳни икки хил шаклда бўлади дейишади: қол ва ҳол тасбеҳи. Қол (сўз билан айтиш) тасбеҳи мукаллафлар (инсонлар ва жинлар) ва фаришталарнинг тасбеҳидир. Ҳол (ҳоли билан далолат қилиш) тасбеҳи эса мукаллаф бўлмаган ҳайвонлар, ўсимликлар, жонсиз нарсалар, инсон, жин ва фаришталардан бошқа барча нарсаларнинг тасбеҳи бўлиб, улар ўзларининг ўта нозик, мукаммал, бетакрор яратилишлари билан Буюк Холиқнинг яккалиги, азамати, қудратига далолат қилиб турадилар. Мана шу ҳол тасбеҳи дейилади. Шунингдек, уларга назар солган кишини ҳам уларнинг бетакрорлигини кўриб тасбеҳ айтиб юборишига сабаб бўлишлари таъкидланган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда кўп ўринларда тасбеҳ оятларини келтирган.

Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. Унинг Ўзи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир” (Ҳашр сураси, 1-оят)

У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир. У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир. У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва Унинг Ўзи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир” (Ҳашр сураси, 22-24-оятлар)

Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этдилар. Унинг Ўзи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир” (Софф сураси, 1-оят)

Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар барча нарсанинг эгаси, барча айблардан холи, ўта иззатли, ўта ҳикматли Аллоҳни поклаб ёд этадир” (Жумуъа сураси, 1-оят)

Қуръони Каримдаги тасбеҳ оятлари етмиш бешта бўлиб, ушбу оятларда саксон етти марта турли сийғаларда Аллоҳ таолога тасбеҳ зикр қилинган. Ушбу тасбеҳ оятлари бутун коинот, ундаги фаришталар, жинлар, инсонлар, барча тирик мавжудотлар, барча жонсиз нарсалар, суюқ ҳолдаги нарсалар, газсимон нарсалар, модданинг барча кўринишлари, энергия ва ҳоказолар Аллоҳ таолга тасбеҳ айтишини, У Зотга сажда қилишини, ҳамд айтишини, У Зотни улуғлашини, У Зотнинг улуғлигига номуносиб бўлган сифатлардан У Зотни поклашини, Унинг азобидан қўрқишини, раҳматидан умидвор бўлишини таъкидлайди.

Буларнинг ҳаммаси саҳиҳ тамйиз ва чуқур идрок билан бўлади. Гоҳида бу тамйиз ва идрок фаришталар ва мукаллаф махлуқларникидек бўлмаслиги мумкин. Аммо мазкур тамйиз ва идрок ўша жонзотларнинг ва коинотдаги нарсаларнинг ўзига мос, муносиб равишда бўлади. Баъзида эса коинотдаги нарсаларнинг Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши, идроки мураккаб қилиб, махсус тўқималар ва турли ҳужайралар билан яратилган инсоннинг идрокидан ҳам қадри улуғ бўлиши мумкин. Инсонлардан бошқа барча махлуқларнинг тасбеҳи ўзига хос шаклда бўлиб, уларни инсон тушунолмайди. Фақатгина Аллоҳ таоло тушуниш, англаш қувватини ато этган баъзи пайғамбарлар, фаришталар ва руҳи шаффоф, қалби соф ва ички дунёси пок бўлган баъзи солиҳ инсонларгина тушуниши мумкин.     

Шунингдек, ушбу тасбеҳ айтиш иккита катта қисмга бўлинади: ихтиёрий ва фитрий.

Инсон ва жин каби мукаллаф бўлганлар ихтиёрий равишда Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар.

Мукаллаф бўлмаган тирик мавжудотлар ва жонсиз барча нарсалар фитрий равишда Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар.

Бугунги кунда замонавий илм ҳам ўсимликларнинг ўз тили борлигини, улар ўзаро гаплашишини, ўзларига хос сезгиси борлигини, маълум миқдорда идрок қилиш туйғуси мавжудлигини, шунингдек, барча ҳайвонларнинг ҳам ўз тили, маълум миқдорда идрок қилиш қобилияти борлигини аниқлади. Уларнинг барчалари Аллоҳ таолога ибодат қилишга мослаб яратилган, уларга шундай фитрат жо қилинган.

Ўрганишлар шуни аниқладики, жонсиз нарсаларнинг асосини ташки этувчи атомлар, уларнинг ичидаги электронлар ҳам ядро атрофида вақти-вақти билан турли даражада ҳаракатланар ва айланаётганда турли товушлар чиқарар экан. Уларни оддий қулоқ билан эмас, ривожланган технологиялар воситасида аниқлашга муваффақ бўлинди. Олимлар ушбу овозлар муайян атомда вақти-вақти билан муайян кўринишда, бошқа атомларда эса ўзгача кўринишда бўлишини пайқадилар.

Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларда ўсимлик, ҳайвонот ва жонсиз нарсаларда ҳам ўзига хос идрок, сезиш қобилияти борлиги айтилган.

 

Али розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккада эдим. Унинг баъзи четларига чиқдик. У зотга дуч келган тоғ ҳам, дарахт ҳам, албатта, «Ассалому алайка, йаа Расулаллоҳ» дер эди», деди».

Термизий ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Ҳадис китобларида ҳайвон, дарахт кабиларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бергани, гапиргани ҳақида қиссалар кўп. Шунингдек, майда тошлар ҳам у зоти бобаракотга салом берар, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида тасбеҳ айтаётган тошларни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга берганларида ҳам тошларнинг тасбеҳ айтгани эшитилган, у киши бошқа бир одамга тошларни узатганларида тасбеҳ овози эшитилмаган. Бу Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаларига ато этадиган кароматдир.

Туркиялик машҳур жарроҳ юракнинг асосий мускули Аллоҳ деган ёзув билан якунланишини пайқаб қолди. У бир неча мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганларнинг юракларининг асосий мускуллари Аллоҳ ёзуви билан якунланишини расмга олиб, катта албом тайёрлади. Асаларилар ҳам ўз инини, катакларини асалга тўлдиргач, мумга Аллоҳ деб ёзиши аниқланди. Харснгтошларда ҳам Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари кўп учрайди. Ўзим ҳам бир неча марта харсангтош парчаларида ана шундай ёзувларни кўрганман.

Олдимга бир биродар келди. Ўзи Шариқа шаҳрида ишлар, исми Муҳаммад Матар бўлиб, муҳандис экан. Шариқадаги бир ташкилот мудири экан. У менга айтишича, унга бир неча ақиқ тошларни Ямандан келтиришибди. Тошнинг ичида лафзи жалола Аллоҳ ёзуви, Каъбанинг расми, Макка ёзуви аниқ кўриниб туради.

Ушбу ақиқ тошининг ёши йигирма беш – ўттиз миллион йилларга тенг. Буни кўрган ҳар қандай оқил инсон уни инкор қилиши мумкин эмас.

Бу эса Каъбаи мушаррафанинг расми. Ушбу ақиқ парчасида кўриниб турган Каъба қадимги пайтдаги Каъбанинг расмидир.

Буниси Макка ёзуви бор ақиқ тоши. Ушбу тошларни кўрган мутахассис олимлар бу ёзувлар ҳақиқий эканига, бу ёзувларга инсоннинг мутлақо алоқаси йўқлигига гувоҳлик бердилар.

Бу ҳам Каъбанинг расми. Унинг четидаги Ҳажарул асвад ҳам яққол кўриниб турибди.

Мана бу ҳам лафзи жалола – Аллоҳ деб ёзилган тош. Аниқ кўриниб турибди. Ақлли инсон бу ёзувлар тасодифан ёзилиб қолган демайди.

Ушбу тошни тўнтариб кўрилса, ҳуваллоҳ деган ёзув борлигини кўринади.

Бу ҳам Каъбанинг яна бир сурати. Бу тошлар жуда қадимийдир.

Мана бу ёзувга эътибор билан қаранг. Алиф, лом, лом ва ҳа ҳарфлари аниқ кўриниб турибди. Бу ёзув ақиқ тошининг ичида турибди. Бу тошларни Аллоҳ таоло инсонларни ва барча ҳайвонларни яратишидан олдин ерга нозил қилган.

Ислом дини бундай зоҳирий нарсаларга муҳтож эмас. Булар баъзи қалби қаттиқ кишиларга ижобий таъсир қилади. Уларнинг қалбларини уйғотишга бу ёзувли тошларнинг фойдаси бор. Баъзиларнинг ақлий суҳбатлар, тортишувларга тоқатлари, салоҳиятлари етмайди, улар мана шундай моддий мўъжизаларни исташади, бундай нарсаларни кўрганларида қалблари ҳаракатга келади. Аллоҳ таолонинг бизга раҳмати ўлароқ мана шундай мўъжизаларни ҳам ато қилиб туради.

Зағлул Нажжор суҳбати асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя қилишларича, Абдуллоҳ Умарий имом Моликка мактуб йўллаб, уни узлатга чекиниб, фақат тоатибодат билан машғул бўлишга чақирди. Имом Молик унга қуйидагича давоми...

3223 08:00 / 26.06.2020
Исро ва Меърож бирбиридан фарқланади. .Исро, сўзи луғатда .кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш,ни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида давоми...

2800 15:00 / 28.02.2022
Имом Ибн Ҳажар ва Имом Заҳабий .Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир,, деганлар.Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир.Қуръони Каримда давоми...

6010 10:04 / 07.07.2020
Яҳё ибн Маъийн қачон ҳаж қилса, Маккага Мадина йўлидан борар ва қайтишда ҳам Мадина йўлидан қайтар эди. 233 ҳижрий санада ҳаж қилиш учун йўлга чиққанида ҳаждан олдин давоми...

2279 11:45 / 17.02.2019