1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Никоҳи ҳаром қилинган аёллар (иккинчи мақола)

09:01 / 27 ноябрь 5288 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ

«Оталарингиз никоҳлаб олган аёлларни никоҳлаб олманг! Аввал ўтгани мустасно. Албатта у фаҳш иш, жирканч ва жуда ҳам ёмон йўлдир!» (22оят).

Жоҳилият даврида ўгай онага уйланиш одати бор эди. Бу кўпинча «азл»га – аёлларни зулм ила беҳуда тутиб туришга ҳам сабаб бўлар эди. Чунки аксар пайтда боланинг катта бўлиб вояга етишини, сўнгра отасининг хотинига – ўгай онасига уйланишини кутишга тўғри келар эди. Агар ўғил отаси ўлган пайтда вояга етган бўлса, ўгай онаси унга мерос тариқасида хотин бўлиб қолар эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, бу қабиҳ ишни ҳаром этди.

«Оталарингиз никоҳлаб олган аёлларни никоҳлаб олманг! Аввал ўт-гани мустасно».

Яъни, ушбу ояти карима нозил бўлгандан кейин отанинг никоҳида бўлган аёлга ўғил никоҳланиши тамоман ҳаром этилди. Бу иш ояти карима нозил бўлишидан олдин, жоҳилият одати бўйича содир этилган бўлса, кечирилади. Аллоҳ таоло мусулмонларга ўз оталари уйланган аёлга уйланишни шу йўл ила ҳаром этди. Ҳаром этганда ҳам, отанинг никоҳида бўлган аёлларга ўғилнинг уйланиши мумкин эмаслигини эълон қилиб қўйиш билан кифояланмай, бу ишнинг ғазабнок эканини ҳам айтди, Аллоҳ та-олонинг ғазабини келтирадиган иш нақадар ёмон йўл, деб таърифлади:

«Албатта у фаҳш иш, жирканч ва жуда ҳам ёмон йўлдир!»

Ҳақиқатдан ҳам, бу иш инсонгарчиликка тўғри келмайди. Чунки ота билан муқаддас алоқада бўлган аёл ўғилга она ҳисобланади. Отанинг ҳурмати бор, ахир! Иккинчидан, одатда эр ўз хотинининг биринчи эрини ёмон кўради. Агар ўғил отасининг хотинига уйланса, марҳум отасига муносабати қандай бўлади? Оятнинг бу ишни ғоят катта разолат сифатида таърифлашининг боиси ҳам шу.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلمقَالَ: يَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ الْوِلَادَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Туғилиш туфайли ҳаром бўлган нарса эмизиш туфайли ҳам ҳаром бўлади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Туғишганлик, яъни насаб алоқаси бўйича қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали ҳам шундай бўлади. Яъни бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли содир бўладиган эмикдошлик яқинлиги ўша тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилади.

Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо.

Никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги далилларни ўрганиб чиққан уламоларимиз уларни бир неча гуруҳларга тақсим қилганлар:

1. Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.

2. Никоҳи вақтинча ҳаром қилинган аёллар.

Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар уч хил бўлади:

а) насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар;

б) эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар;

в) қудачилик асосида никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар.

Насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар:

1. Она. Бунга момолар ҳам киради.

2. Қиз.

3. Опа-сингиллар.

4. Аммалар.

5. Холалар.

6. Ака-укалар, опа-сингилларнинг қизлари.

Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар:

1. Эмизган она. Бунга момолар ҳам киради.

2. Эмикдош қиз.

3. Эмикдош опа-сингиллар.

Бу хилдаги опа-сингилларда эмиш йўли билан турли ҳолатлар юзага келиши мумкин:

а) бир боланинг онасини бегона қиз эмса, улар орасида эмикдошлик – ака-сингиллик ёки опа-укалик пайдо бўлади;

б) бир бола бегона аёлни эмса, аёлнинг туққан қизлари боланинг опа-сингилларига айланади;

в) бир-бирига мутлақо бегона бир бола ва бир қиз ўз оналаридан бошқа бир аёлни эмсалар ҳам, эмикдош ака-сингил ёки опа-ука бўладилар.

4. Эмикдош аммалар.

Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг эрининг опа-сингиллари унга эмикдош аммаларга айланадилар ва боланинг уларга уйланиши ҳаром бўлади.

5. Эмикдош холалар.

Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг опа-сингиллари мазкур болага эмикдош холаларга айланадилар ва унинг уларга уйланиши ҳаром бўлади.

6. Эмикдош ака-укаларнинг қизлари.

Бола ўз онасини эмган бегона болалар билан, ўзини эмизган бегона аёлнинг болалари билан ва ўзи билан бирга бошқа бегона аёлни эмишган болалар билан эмикдош ака-укага айланадилар. Ана ўша эмикдош ака-укаларга бир-бирларининг қизларига уйланиш ҳаром бўлади.

7. Эмикдош опа-сингилларнинг қизлари.

Эмикдош опа-сингиллар ким эканини аввалда айтиб ўтдик. Уларнинг қизларига уйланиш ҳам ҳаромдир.

8. Эмикдош қайноналар.

Бунда хотинининг эмизган онаси ва момоси кўзда тутилган. Яъни аёл эркак билан ақди никоҳ қилгач, худди насаб жиҳатидан унга она ва момо бўлган аёллар унинг эрига ҳаром бўлганидек, аёлнинг эмикдошлик она ва момоларининг никоҳи ҳам эрга ҳаром бўлади.

9. Эмикдошлик бўйича ўгай она ва момолари.

Бошқача қилиб айтганда, эр кишига уни эмизган аёлнинг эрининг бошқа хотинлари ва уларнинг оналари ҳам ҳаром бўлади.

10. Эмикдош фарзандларнинг хотинлари.

Аёл бир болани эмизган бўлса, ўша аёлнинг эрига боланинг хотини ҳаром бўлади. Чунки бу ҳолда эмикдошлик ўғилнинг хотини, у эркакка эмикдош келин бўлади. Насабий келинга уйланиш абадий ҳаром бўлганидек, эмикдош келинга уйланиш ҳам абадий ҳаромдир.

11. Хотинининг эмизган қизи.

Бир киши хотин олди. У аёл бошқа эрнинг никоҳидалигида бир қизни эмизган эди. Ўша қиз янги эрга эмикдошлик бўйича ўгай қиз бўлади. Агар эркак ўша аёл билан эр-хотин бўлиб, қовушиб яшаган бўлса, қиз унга абадий ҳаром бўлади. Агар аёлга никоҳ ақди қилиб, бирга яшамай, ажрашса, унинг эмизган қизига уйланса бўлади. Зотан, насаб масаласи ҳам шунга ўхшаш.

Эмикдош қариндошлар билан никоҳда бўлишнинг ҳаром қилинишининг тўла ҳикмати, бошқа ҳукмларнинг тўла ҳикмати каби, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум.

Аммо бу ҳукмнинг ҳозирча бизга маълум бўлган ҳикматлари ҳам бор. Гўдак фарзанднинг суяги ва эти она сути билан шаклланади. Бу, инсоннинг бутун вужудида унинг эмган сутининг доимий таъсири бўлади, деганидир. Чунки суяк ва эт инсонда умр бўйи қоладиган ва ҳар лаҳзада вужудга ўз таъсирини ўтказиб турадиган нарсалардир.

Ана шундай таъсирга эга бўлган бир хил сутдан эмиб, катта бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари ўта зарарли бўлади. Уларнинг соғлиқларига ҳам, улардан пайдо бўладиган зурриётга ҳам катта мусибат етиши мумкин. Бунинг устига, аёл киши гўдакни эмизганида унга фақат сутинигина ўтказмайди, балки меҳр-муҳаббатини, ўзидаги ҳис-туйғуларини, руҳий-маънавий ҳолатларини ҳам ўтказади. Ана ўшандай нарсаларда шерик бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари яхши эмас.

Илоҳий таълимотлардан юз ўгирганлар ҳам бу ҳақиқатни энди-энди тушуниб келмоқдалар. Улар она сутидаги хислатларни тан олмоқдалар ва бир кун келиб Исломнинг бу ҳукмини ҳам тан олишлари турган гап.

 

“Бахтиёр оила” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола Духул қилинмаган хотинга .сен уч талоқсан, деса, айтгани тушади.Уламолар жумҳури, жумладан, тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам .Бир лафз билан айтилган .уч давоми...

1372 11:00 / 07.01.2023
Оилада эрни рози қиладиган ишга эътибор бермаслик ва ҳистуйғуларини инобатга олмаслик доим муаммо сифатида қараб келинган. Мазкур муаммонинг ечими ўлароқ, давоми...

2730 17:01 / 12.03.2022
Совчилик ишлари, юқорида зикр қилинганидек, доимо енгил кўчавермайди. Баъзи ҳолатларда бир оиланинг ўзининг ичида ҳам фикр ва рағбатлар тўқнашиб қолиши рўй давоми...

6338 14:30 / 22.12.2018
Арабча .оқ, сўзи луғатда .ёриш, ва .кесиш, маъноларини билдиради ҳамда озор бериш, осий бўлиш ва қарши чиқишни ифода қилади. Бир сўз билан айтганда, .оқ, сўзи давоми...

2748 15:00 / 04.11.2020