1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эрнинг хотини олдидаги муомалавий бурчлари (учинчи мақола)

09:05 / 22.07.2019 3238 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушлик қилишга ўхшаш ишларда мўътадиллик бўлиш шарт.

Бу масалада аёлларга жуда ҳам эрк бериб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига, шариатга хилоф ва мункар ишларга зинҳор рухсат берилмайди. Улардан нотўғри гап ёки иш содир бўлса, уни тўғрилаш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَرِضَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فَاشْتَدَّ مَرَضُهُ، فَقَالَ: مُرُوا أَبَا بَكْرٍ فَلْيُصَلِّ بِالنَّاسِ، قَالَتْ عَائِشَةُ: إِنَّهُ رَجُلٌ رَقِيقٌ، إِذَا قَامَ مَقَامَكَ لَمْ يَسْتَطِعْ أَنْ يُصَلِّيَ بِالنَّاسِ، قَالَ: مُرُوا أَبَا بَكْرٍ فَلْيُصَلِّ بِالنَّاسِ، فَعَادَتْ، فَقَالَ: مُرِي أَبَا بَكْرٍ فَلْيُصَلِّ بِالنَّاسِ، فَإِنَّكُنَّ صَوَاحِبُ يُوسُفَ، فَأَتَاهُ الرَّسُولُ، فَصَلَّى بِالنَّاسِ فِي حَيَاةِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот:

«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар. Оиша:

«У (кўнгли) юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса, одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди. У зот:

«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар. У (Оиша) яна гапини қайтарди. Бас, у зот (унга):

«Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар. Бас, ун(Абу Бакр)га хабарчи келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Рашк қилишда мўътадил бўлиш лозим. Эр хотинини беҳудага рашк қилмаслиги керак.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّ اللهَ يَغَارُ وَالْمُؤْمِنُ يَغَارُ، وَغَيْرَةُ اللهِ أَنْ يَأْتِيَ الْمُؤْمِنُ مَا حَرَّمَ اللهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки – мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидир», дедилар».

Термизий ва Бухорий ривоят қилганлар.

«Рашк», аслида, ҳақ эгасининг шерикчилик мумкин бўлмаган нарсасига бировнинг шерикчилик қилишидан ғазабланишини англатади. Одатда эса, эр‑хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғаниши «рашк» деб ўрганилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам мос нарса эканини айтиш билан бирга, мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Аллоҳнинг рашки Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишларнинг мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни Аллоҳ таоло учун тарк қилиниши лозим бўлган ишнинг содир қилиниши, Аллоҳ таолонинг эмас, бошқанинг амри бажарилиши Аллоҳ азза ва жалланинг рашкини, яъни ғазабини келтириши турган гаплиги айтилмоқда. Ожиз инсон ўзига тобе бўлган шахс бошқанинг айтганини қилса, қанчалар аччиғи чиқади. Аммо ўша инсон ҳамма нарсага Қодир Аллоҳ таолонинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради.

Аллоҳ таоло рашк қилганидан кейин, мўмин киши ҳам рашк қилмоғи лозим. Мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўътадил рашк – яхши нарса. Бу сифат Аллоҳнинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва ҳақиқий мўмин мусмонларнинг сифатидир.

Нафақада мўътадил бўлиши зарур. Жуда қисиб-қимтимайди ҳам, исрофга йўл қўймайди ҳам.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида шундай дейди:

ﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ

«Еб-ичинг ва исроф қилманг» (31-оят).

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма» (29-оят).

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ يَبِيعُ نَخْلَ بَنِي النَّضِيرِ وَيَحْبِسُ لِأَهْلِهِ قُوتَ سَنَتِهِمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Назирнинг хурмосидан сотиб, ўз аҳлларига бир йиллик емишларини сақлаб қўяр эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يَحْبِسَ عَمَّنْ يَمْلِكُ قُوتَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَلَفْظُهُ: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи молик бўлган одамларнинг қутини тутиб туриши етарлидир», дедилар».

Муслим, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг лафзида:

«Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи қутини берадиган кишини зое қилмоғи етарли», дейилган.

«Қут» сўзи инсоннинг вужудини ушлаб туриш учун керак бўладиган барча озуқа, овқат-озиқни ўз ичига олади.

Мусулмон одам ўз қарамоғидаги шахсларнинг турмуши учун зарур бўлган озуқани етарли миқдорда ўз вақтида етказиб бериши лозим. Агар бу мажбуриятни ўз вақтида адо қилмаса, бошқа гуноҳ қилмаса ҳам, шу ишнинг ўзи гуноҳкорликка кифоя қилади. Яъни мазкур камчилик етарли гуноҳ ҳисобланиб, унга йўл қўйган одам дунё-ю охират азобини тортади. Шунинг учун ҳар қандай мусулмон, гуноҳкор бўлмай деса, ўз қарамоғидаги кишиларни вақтида таъминлаб турмоғи, бу ишни ҳеч кечга қолдирмаслиги, бепарволикка йўл қўймаслиги лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: أَمَرَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم بِالصَّدَقَةِ، فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ عِنْدِي دِينَارٌ. فَقَالَ: تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى نَفْسِكَ. قَالَ: عِنْدِي آخَرُ قَالَ: تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى وَلَدِكَ. قَالَ: عِنْدِي آخَرُ. قَالَ: تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى زَوْجَتِكَ، أوْ قَالَ زَوْجِكَ. قَالَ: عِنْدِي آخَرُ. قَالَ تَصَدَّقْ بِهِ عَلَى خَادِمِكَ. قَالَ: عِنْدِي آخَرُ. قَالَ: أَنْتَ أبْصَرُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَصَحَّحَهُ ابْنُ حِبَّانٍ وَالْحَاكِمُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа қилишга амр қилдилар. Шунда, бир одам:

«Ё Расулаллоҳ, менда динор бор», – деди.

«Ўзингга нафақа қил», – дедилар.

«Менда яна бошқа ҳам бор», – деди.

«Болангга нафақа қил», – дедилар.

«Менда яна бошқа ҳам бор», – деди.

«Хотинингга нафақа қил», – дедилар.

«Менда яна бошқа ҳам бор», – деди.

«Хизматкорингга нафақа қил», – дедилар.

«Менда яна бошқа ҳам бор», – деди.

«Ўзинг биласан», – дедилар».

Абу Довуд, Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Энг муҳими, нафақанинг ҳалолдан бўлишини таъминлашдир. Эр ортиб қолган ва тез бузилиб қоладиган таомларни бошқаларга садақа қилиб туришни аёлига амр қилади. Бу, албатта, эҳсоннинг энг паст даражасидир. Бу каби ишларни аёл, эри буюрмаса ҳам, қилавериши керак. Эр алоҳида ўзи учун, аҳлу аёлидан айри ҳолда, яхши таомни ихтиёр қилмаслиги лозим. Оила аъзоларининг жам бўлиб таом тановул қилишлари яхшидир.

Охирига (Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

8473 12:00 / 24.06.2019
.Хулуъ, сўзи луғатда .кийим ечиш, маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса, хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашиши .хулуъ, дейилади. Чунки давоми...

2024 06:00 / 22.06.2023
Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.Эрнинг хотини олдидаги давоми...

6910 18:26 / 19.06.2019
Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади.Бобом .Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай, ndash деди..Онангга, отангга, опасинглингга, акаукангга ва улардан кейин келадиган давоми...

3298 15:20 / 16.09.2021