1446 йил 16 Рамазон | 2025 йил 16 март, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг фазллари: Ҳижрат

17:03 / 05.11.2018 3928 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёш бўлишларига қарамай, Оиша онамиз оталарининг уйида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташвишларига шерик бўлар эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини ташкил қилишда ҳам иштирок этганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Бир куни ҳаво роса қизиган пайтда Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик. Биров Абу Бакрга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини тўсган ҳолларида келмоқдалар», деб қолди.

Одатда бундай вақтда у зот бизникига келмас эдилар. Абу Бакр:

«Ота-онам у зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, у зотни бу соатда муҳим иш олиб келган бўлса керак», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот кирдилар ва Абу Бакрга:

«Олдингдагиларни ташқарига чиқар», дедилар.

«Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули. Булар ўз аҳлингиз, холос», деди.

«Менга чиқиш учун изн берилди», дедилар.

«Ҳамроҳликми, отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули?» деди Абу Бакр.

У зот:

«Ҳа», дедилар. Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, анави икки уловимдан бирини олинг», деди. У зот:

«Ўз баҳосига», дедилар.

Оиша айтади:

«Икковларини чиройли қилиб жиҳозладик. Бир қўйни қовуриб, мешга жойладик. Опам Асмо белбоғидан йиртиб, мешнинг оғзини боғлади. Шунинг учун у Зотуннитоқ – «белбоғ эгаси» деб номланган.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Савр тоғидаги бир ғорга етиб бордилар. Унинг ичида уч кеча беркиниб ётдилар. Икковларининг олдида Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ҳам тунни бирга ўтказар эди. У ёш, сезгир ва ўткир зеҳнли эди. У икковларининг олдидан тонг қоронғусида чиқиб, тонгни Қурайшнинг ҳузурида, Маккада тунагандек оттирар эди. У икковлари ҳақида бўлган ҳар битта гапни яхшилаб эшитиб олиб, қоронғу тушиши билан олдиларига келар ва хабарини етказар эди.

Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра қўй боқар, хуфтондан кейин қўйларни ғор тепасида роҳатлантирарди. Икковлари тузуккина таом, қўйларнинг сутига эга бўлар, Омир тонг қоронғусида қичқириб, қўйларни ҳайдагунча тинч бўлар эдилар.

У мазкур уч кечанинг ҳар бирида шундай қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Бани Дайлдан бир моҳир кишини ижарага йўл бошловчи қилиб олишди. У Ос ибн Воил ас-Саҳмийнинг аҳли ила аҳднома учун қўл ботирган эди. У Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга ишонишди. Уловларини унга бериб, уч кечадан сўнг ғор оғзида учрашишга келишишди. У учинчи кечанинг тонгида уловларни олиб, икковларининг олдига келди. Икковлари билан Омир ибн Фуҳайра ҳам юриб кетди. Йўл бошловчи пастқам йўлларни танлади» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ушбу ривоятдан маълум бўладики, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуларнинг ҳижратларининг ҳар бир лаҳзасини зийраклик билан кузатиб турганлар, улар учун бутун вужудлари билан қайғурганлар.

Икки муҳожир жўнаб кетишлари билан иш тугаб қолмаган. Ундан кейин ҳам ўзига яраша ташвишлар чиқиб турган.

Оталари ва эрларининг хавф-хатар остида ҳижрат қилаётганларини тўлиқ англаб етган Оиша онамиз эшикнинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб кетадилар. У киши гап нимадалигини билмай, турган жойларида қотиб қоладилар. Эшикни опалари Асмо очади. Ташқарида бутун важоҳатидан таҳдид ёғилиб, Абу Жаҳл бошлиқ бир гуруҳ Қурайш жоҳиллари турар эди. Абу Жаҳл Асмога қараб:

«Эй Абу Бакрнинг қизи, отанг қани?» деб бақиради.

«Аллоҳга қасамки, отам қаердалигини билмайман», деб жавоб беради Асмо.

Ҳақиқатда у отаси қаерда эканини билмас эди. У отасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан чиқиб кетганидан кейин кўрмаган эди.

Абу Жаҳл жаҳл устида Асмога тарсаки тортиб юборади, бечора қизнинг қулоғидаги исирғаси учиб кетади.

Оиша онамиз ана шундай жафоларни бошқалар билан тенг тортар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага келиб, жойлашгач, ўз оила аъзоларини олиб келиш учун Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Маккаи Мукаррамага юбордилар.

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг Маккаи Мукаррамага кетаётганидан фойдаланиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга мактуб юбориб, оила аъзоларини олиб, Мадинаи Мунавварага келишини тайинладилар.

Ҳаммалари йўл ҳозирлигини кўришди. Кофирлардан яширин ҳолда учрашиб, ҳеч кимга кўринмай, ҳижрат сафарини бошладилар. Сафарнинг икки куни тинч ўтди.

Кейин Оиша онамизни туялари олиб қочди. Ўшанда ҳамманинг бошидан ҳушини учирган бу ҳодисани ‎имом Тобароний Оиша онамиздан қуйидагича ривоят қиладилар:

«Муҳожир бўлиб кетаётган эдик. Бир қийин оралиқ йўлга юрдик. Бирдан мен миниб олган туя чунонам қаттиқ ва ёмон қочдики, Аллоҳга қасамки, онамнинг «Вой Оишам! Вой келинчагим!» деганини ҳеч унутмайман. Туя мени бошига миндириб олди. Шунда бировнинг «Тизгинни қўйиб юбор!» деганини эшитдим. Мен тизгинни ташлаб юбордим. Туя худди одам ушлаб тургандек, жойида айланиб қолди».

Абдуллоҳ ибн Абу Бакр, Зайд ибн Ҳориса, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абу Рофеъ розияллоҳу анҳум қочган туяни тезда тутиб келишди. Муҳожирлар Аллоҳ таолога шукр қилиб, Мадинаи Мунаввара томон йўлларини давом эттиришди.

Улар Мадинаи Мунавварага етиб келганларида Оиша онамиз оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Сунҳдаги ҳовлисига тушдилар. У киши ўша ерда икки йил истиқомат қилдилар.


“Ҳадис ва ҳаёт” 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
IХадийжа бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қурашийя Асадийя .Фил воқеаси,дан ўн беш йил илгари Маккада, эътиборли оилада таваллуд топган. У киши бизнинг давоми...

5621 08:10 / 10.10.2018
Ойнанг бўлсин, лекин у ойнага сиғинма. Фоний эканингни унутма. Чиройли бўл, лекин гўзаллик сени еб битирмасин. Бошингдан тортиб оёғинггача бутун тананг сенга давоми...

2297 14:00 / 07.08.2022
Қуръони Каримда .Нисо, Аёллар деган сура бор.Аёл кишининг илтимоси туфайли бир сура нозил бўлди. Бу Мужодала сурасидир.Оиша онамизнинг покликларини таъкидлаб давоми...

4053 11:00 / 11.07.2021
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сабабларидан Аллоҳ таоло мусулмон умматига қўпгина яхшиликлар, жумладан, енгилликлар берган вақтлар кўп бўлган.Имом Бухорий Оиша давоми...

3142 12:02 / 02.12.2018