1446 йил 13 шаъбон | 2025 йил 12 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

8-боб. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатлайди

13:05 / 03.11.2018 3143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 عَنْ أَبِي الطُّفَيْلِ قَالَ: سُئِلَ عَلِيٌّ: هَلْ خَصَّكُمُ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم بِشَيْءٍ لَمْ يَخُصَّ بِهِ النَّاسَ كَافَّةً؟ قَالَ: مَا خَصَّنَا رَسُولُ اللهِ بِشَيْءٍ لَمْ يَخُصَّ بِهِ النَّاسَ، إِلَّا مَا فِي قِرَابِ سَيْفِي. ثُمَّ أَخْرَجَ صَحِيفَةً، فَإِذَا فِيهَا مَكْتُوبٌ: «لَعَنَ اللهُ مَنْ ذَبَحَ لِغَيْرِ اللهِ. لَعَنَ اللهُ مَنْ سَرَقَ مَنَارَ الْأَرْضِ. لَعَنَ اللهُ مَنْ لَعَنَ وَالِدَيْهِ. لَعَنَ اللهُ مَنْ آوَى مُحْدِثًا».

17. Абу Туфайлдан ривоят қилинади:

«Алидан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга кўпчилик одамларга хос

 қилмаган нарсани хослаб берганларми?» деб сўрашди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хос қилмаган нарсаларини бизга хослаб берган эмаслар. Фақатгина қиличимнинг қинидаги нарса бор», деб, бир саҳифани чиқарди. Қарасак, унда «Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйганни Аллоҳ лаънатлайди. Ер белгиларини ўғирлаганни Аллоҳ лаънатлайди. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатлайди. Ким муҳдисга жой берса, уни Аллоҳ лаънатлайди», дейилган экан».

Шарҳ: Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан баъзи кишилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга – аҳли байтларга бошқа кишиларга айтмаган бир хос нарсани қолдирганмилар?» деб сўрашди. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа одамлардан алоҳида қилиб, бизнинг ўзимизга хос бир нарса деганлари йўқ, фақат мана бу қиличимнинг қинида турадиган бир нарса, яъни бир варақ – саҳифа бор», деб ҳалигини чиқариб, очган эканлар. Ана шу саҳифага қарашса, у ерда ёзув бор экан:

«Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйганни Аллоҳ лаънатлайди».

Демак, ҳайвон фақат Аллоҳ учун, Аллоҳга атаб сўйилиши, у иш Аллоҳнинг номи билан бўлиши керак. Агар ҳайвон Аллоҳдан бошқага атаб сўйилса, яъни бир одам эътиқод қилиб сўяётган ҳайвонини бутга атайдими ёки бир қабрга атайдими, ёхуд бошқа бир нарсага атайдими, Аллоҳнинг лаънатига учрар экан.

Мўмин-мусулмон одам қурбонлик  қилмоқчи бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига атаб сўйиши керак. Аллоҳдан ўзгага атаб сўйган одам Аллоҳнинг лаънатига қолади.

Ўша саҳифадаги иккинчи нарса:

«Ер белгиларини ўғирлаганни Аллоҳ лаънатлайди».

«Ер белгисини ўғирлаш» нима дегани? Қўни-қўшниларнинг ери бор, ерларни бир-биридан ажратиш учун белги қўйилган. Хоҳ девор бўлсин, хоҳ қозиқ ёки сим тортилган бўлсин, хуллас, ҳар бир қавмнинг ўз вақтидаги белгилари бўлади. Ўша нарсани қўшнисига билдирмасдан, у ёқ-бу ёққа суриб қўйиб, бировнинг ерини қўшиб олса, бу катта хиёнат бўлади.

Бир қарич ер бўлса ҳам, бировнинг ерини ўзиники қилиб олиш қанчалик оғир гуноҳ бўлиши кўпгина ҳадисларда келган. Ана шу одамни ҳам Аллоҳ таоло лаънатлар экан, чунки у бировнинг ерини ўзига билдирмай, ҳаром йўл билан ўзиники қилиб олган. Белгини олиб қўйиш ёки жойидан суриш оқибатида ўзига ҳаромдан мулк орттирган. Бу ҳам ниҳоятда катта гуноҳ экан.

Ўша саҳифадаги учинчи ва бизнинг бобимизга керакли нарса:

«Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатлайди».

Бу иш икки хил бўлиши мумкин: биринчисида фарзанднинг ўзи ота-онасига лаънат сўзларини айтади, сўкади. Иккинчиси – фарзанд бошқа бировларни хафа қилади, ота-онасини сўкади-да, улар ҳам унинг ота-онасини сўкади. «Ота-онангга лаънат», «Сени туққан онангга лаънат», «Боққан отангга лаънат», дейиш ҳам ўз ота-онасини лаънатлаш бўлади.

Бундай ишни қилган фарзандни ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло лаънатлайди.

Ўша саҳифадаги тўртинчи нарса:

«Ким муҳдисга жой берса, уни Аллоҳ лаънатлайди».

«Муҳдис» динда йўқ нарсани бор деб, фитна чиқариб, эътиқод масаласида бузуқликка юрган фитначи кишиларга қўйилган номдир. Қуръонда йўқ, ҳадисда йўқ, Ислом жамиятида жорий бўлиб турган қонун-қоидаларда йўқ нарсани ўзидан чиқариб, мана шунга эътиқод қилиш керак, деб эътиқодий бидъатчилик қилса, ана шундай одамни ҳам Аллоҳ лаънатлайди. Шу билан бирга, унга жой бериб, ёрдам кўрсатган одамни ҳам Аллоҳ лаънатлайди.

Бундай нарсалардан ҳаммамиз эҳтиёт бўлишимиз керак. Аллоҳнинг лаънатидан кўра катта бадбахтлик йўқ. «Лаънат» сўзининг маъноси раҳматдан узоқлаштириш, Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишдир.

Бундай одам энди Аллоҳдан раҳмат кутолмайди. Раҳмат ўрнига У Зотнинг лаънатига, азобига дучор бўлади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли байтларини мусулмонлар оммасидан алоҳида бир нарса билан хосламаганлари.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларида қиличнинг қинида сақланадиган кичик бир саҳифа бўлгани.

3. Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйганни Аллоҳ таоло лаънатлаши.

4. Ер белгиларини ўғирлаганни Аллоҳ лаънатлаши.

5. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатлаши.

6. Ким муҳдисга жой берса, уни Аллоҳ таоло лаънатлаши.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
87. Абдурраҳмон ибн Жубайр ибн Нуфайр отасидан ривоят қилади.Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик, бир киши ўтиб қолди ва.Бу кўзлар қандай яхши кўзлара давоми...

2136 20:06 / 22.06.2019
71. Ибн Умардан ривоят қилинади.Умар сияро ҳуллани кўриб қолиб .Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сотиб олсангиз, жума кунлари, вақтлар келганда киярдингиз,, деди..Эй Умар, давоми...

2135 20:10 / 23.04.2019
Ибн Умардан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Барчангиз масъулдирсиз ва ўз масъулиятингиздан сўралурсиз.Омонатдор масъулдир. У ўз давоми...

1449 19:00 / 12.02.2021
Қиссалар насиҳат ва ибрат манбаидир. Қуръони Каримнинг маълум бир қисми айнан қиссаларни батафсил баён қилишга бағишланган. Шу боисдан ҳам Қуръони Карим билан давоми...

2244 11:14 / 11.12.2023