1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Гуноҳни ювувчи нарса надоматдир

12:03 / 03.11.2018 3525 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шундайдир:

“Менинг ахлоқимга тобеъ бўлмаган ва менга салоту салом йўлламаган киши жаннат йўлини йўқотиб қўяди”. 

Омонат калимасининг ўзаги «амин»дир. Амин бўлмоқ, қўрқув ва андиша эҳтимолидан холи бўлмоқдир. Омонатга риоя қилинган жойда бировнинг ҳақи ўтганлиги тўғрисида андишага борилмайди. Омонатнинг тескариси хиёнатдир. Бу сўзнинг ўзаги «хайн» бўлиб, нуқсон, етишмовчилик маъносида келади. Чунки бир жойда кимгадир хиёнат қилинса, унга етишмовчилик (камомад) етказилган, яъни бир нарсаси йўқотилган (ё ўзлаштирилган) бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

“Ҳийлачи ва хоин киши жаҳаннамдадир. Ким инсонлар билан қилган олди-бердисида ва муомаласида уларга зулм ўтказмаса, гаплашган пайтида ёлғон сўзламаса, унинг инсонлиги камол топади, адолат кўзга ташланади ва биродарлик бурчи ижро этилган (бажарилган) бўлади”.

Тоғлик бир араб бир қабилани мақтаб шундай дейди:

– Омонатни эҳтиёт қилишни жуда яхши кўрадилар. Ўзларига қолдирилган омонатга ҳеч тегмайдилар, хиёнат қилмайдилар, бурчларидан қайтмайдилар. Мусулмон одамни ҳурмат қилишда қусурга йўл бермайдилар. Уларга қолдирилган омонат асло зое бўлмайди. Улар умматнинг энг яхшиларидандирлар.

Мен (Ғаззолий) дейманки:

– Бу тоғлик араб мақтаган инсонлар йўқ бўлиб кетишди. Биз бу замонда фақатгина либос кийган бўриларни кўрамиз.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам башорат қилиб дедиларки:

“Шундай бир замон келадики, омонатга риоят йўқ бўлажак. Инсонлар олди-бердиларида бир-бирларига ишонмаяжаклар. Омонат ўз эгасига топширилмаяжак. Мабодо биронтаси омонатни эгасига топширса, у ҳакда: «Фалон оилада омонатга риоят қиладиган бир киши бор!» – дейилажак”.

Эй биродарим, оятлар ва ҳадисларда қатъий бир нарса бор: тавба қилмоқ, яъни «Ёмон феъл-атворларни тарк этмоқ ва гўзал ахлоқли бўлмоқ» вожибдир. Аллоҳ буюради:

“Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оятнинг сўнгги).

Бу оят ҳамма учун амрдир. Бунга кўра ким бўлишидан қатъи назар, барча мўминлар тавба қилишларини, яъни ёмон феълларини агар бор бўлса тарк этишлари ва гўзал феъллар билан безанишлари вожибдир.

Яна Аллоҳ буюради:

“Эй мўминлар, холис тавба қилиб, Аллоҳга қайтинглар. Балки, Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни ярлақагин. Албатта, Сен барча нарсага қодирдирсан!, – дерлар (Таҳрим сурасидан).

Шу мазмундаги бошқа оят ҳам тавбанинг фазилатидан далолат беради:

“Албатта, Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оятнинг сўнгги).

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам тавбанинг фазилати борасида шундай марҳамат қиладилар:

“Тавба қилиб, ёмон феълларини тарк этган одам Аллоҳнинг дўстидир. Тавба қилиб, ёмон феълларини тарк этган одам гуноҳкор бўлмайди, гуноҳ қилмаган одамдай бўлади”.

Яна Аллоҳнинг Расули саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида айтадиларки:

“Аллоҳ, ўзининг мўмин бандаси ёмон феълларини тарк этса, ҳаддан зиёд севиниб кетади”.

Фараз қилинг: бир киши ёнида егулиги билан чўлда йўлга чиқади, бир жойда манзил қуради ва бошини ерга қўйиб, ухлаб қолади. Уйғонганида егулиги ғойиб бўлганини кўради. Ўнгу сўлини ахтаради, очлик ва ташналикдан хароб бир ҳолга келади ва ўз-ўзига шундай дейди: «Майли, егулигимни йўқотган еримга бориб, тўйиб ухлай ва ўлиб қўя қолай»! Бошини қўлларига қўйиб, ўлиш нияти билан ётади ва ухлайди. Бир оздан сўнг тўсатдан уйғониб кетади, қараса, егулиги ёнида! Мана шундай, Аллоҳ, бир мўмин тавба қилиб, ёмон феълларини тарк этган пайтда, чўлда егулигини йўқотиб, сўнгра уни топган бу кишининг севинишидан ҳам кўпроқ севинади.

Ривоят этилишича, Аллоҳ Ҳазрати Одамнинг тавбаси қабул қилинишини билдирган вақтда барча малаклар уни табрикладилар. Бу орада Жаброил ила Микоил уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин! – келишди. Кейин:

– Қутлуғ бўлсин, Аллоҳ тавбангни қабул этди, дейишди.

Одам сўради:

– Тавбам қабул қилинган бўлса, энди бундан буён қаерда яшашимни билсам бўладими?

Шунда Аллоҳ ваҳий йўли билан унга шуларни билдирди:

“Эй Одам, сен наслингга мерос қилиб, заҳмат ва машаққат қолдирдинг. Мен эса уларга тавба қолдирдим. Ким мени чақирса, унинг чақириғига жавоб бераман. Сенинг чақириғингга ҳам жавоб бердим. Ким мендан афв тиласа, афвимни қизғанмайман, қозонган афвини бераман. Чунки мен бандаларимга кўп яқинман. Муножотларининг ҳақини бераман. Гуноҳларига тавба қилиб, ёмон феълларини тарк этганларни қабрларида севинч ичида, ўйнаб-кулган ҳолда турғизаман. Ёмон феълларини тарк этиб, гўзал феъллар билан безанганларнинг дуоси ҳар вақт ҳам мақбулдир.

Аллоҳ Расули саллоллоҳу алайҳи васаллам билдирадиларки:

– Аллоҳ, тунда гуноҳ қилган кишининг кундузи тавба қилиб, ёмон феълидан воз кечишини кутади. Яна кундузи гуноҳ қилган кишининг ҳам тунда тавба қилишини ва бу ёмон феълидан воз кечишини қуёш ботгандан қуёш чиққунга қадар кутади. Осмон бўйи гуноҳ қилган бўлсангиз ҳам, сўнгра қаттиқ афсусланиб тавба қилсангиз ва ёмон феълларингизни тарк этсангиз, тавбангизни қабул қилишни марҳамат қилади. Бандаси бир гуноҳ қилиб қўйиши мумкин, сўнг шу гуноҳи кечирилиб, жаннатга ҳам киради.

Саҳоба сўради:

– Бу қанақаси, эй Аллоҳнинг Расули?

Расул айтдики:

– Бандаси гуноҳ қилади, лекин тавбани кўз ўнгида тутади, гуноҳдан қочади. Гуноҳни ювувчи нарса надоматдир. Гуноҳларига тавба қилиб, ортиқ бундай қилмаганлар гуноҳ қилмаганлар кабидир.

Бир кун ҳабашистонлик бир киши Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

– Эй Аллоҳнинг Расули, мен кўп ёмон ишлар қилдим. Энди бундай қилмаслик шарти билан тавба қилсам, қабул бўладими?

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

– Ҳа!

У киши кетди, сўнгра орқага қайтди, кириб шундай деди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, мен ёмон феълимда тураверсам, Аллоҳ мени кўрадими?

Расул саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

– Ҳа!

Бу жавобни эшитган ҳабашистонлик киши бир «оҳ» урди ва шу ондаёқ жон таслим этди.


Абу Ҳомид Ғаззолий

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юмуш билан бир киракаш машинага ўтирдим. Ҳайдовчи тўлиб турган эканми, ҳали нафасимни ростламай туриб юрагидагиларни тўкиб сола бошладиndash Уч кун олдин машинамга давоми...

24436 16:21 / 17.04.2017
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ учун зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат давоми...

2803 19:00 / 31.12.2022
Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний қуддиса сирруҳуБу зотнинг туғилган ерлари ва йиллари ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Аммо ҳижрий 1135 сана, милодий 1722 санада Бадавунда давоми...

5695 14:00 / 22.02.2019
биринчи мақолаИслом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, давоми...

3695 17:11 / 01.01.2020