1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғончиларга қиёмат куни аламли азоб бор

10:00 / 01.06.2019 2822 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда ёлғончиларга қиёмат куни аламли азоблар бўлиши уқдирилади.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

 «Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар зафар топмаслар. Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор», дейилади (116-117-оятлар).

Инсон бандадир. У неъматни Розиқ Аллоҳдан олади. Шунинг учун инсоннинг ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқдир. Кимки ўзи ҳақсиз бўлган нарсага аралашиб:

«Бу ҳалол, бу ҳаром», деса, Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган бўлади. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганларга эса

«Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор».

Яъни Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганларга бу дунёда «озгина матоҳ» бор. Эҳтимол, ўша тўқиган ёлғонлари сабабли ушбу беш кунлик дунёнинг арзимаган фойдасига етишарлар, аммо у дунёда улар учун «аламли азоб бор»лиги муқаррардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ҳадисларида ҳам ёлғон қаттиқ қораланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар – Қуръони каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жаннат амали нимадир?» деб сўради. У зот:

«Ростгўйликдир. Агар банда рост гапирса, яхшилик қилади, яхшилик қилса, мўмин бўлади, мўмин бўлса, жаннатга киради», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?» деб сўради. У зот:

«Ёлғончиликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандалигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин! Омин!

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Мўмин қўрқоқ бўладими?» дейилди.

«Ҳа», дедилар. 

«Мўмин бахил бўладими?» дейилди.

«Ҳа», дедилар.

«Мўмин ёлғончи бўладими?» дейилди.

«Йўқ», дедилар».

Молик ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар.

Қўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда, айтиш лозимки, кимда бу иллатлар мавжуд бўлса, энг аввало ўша одамнинг ўзи зарар кўради. Одатда, Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу қўрқоқлик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан, жамиятга, халқ оммасига кўпроқ зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради.

Исломда банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин. Бироқ бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради.

Демак, бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар экан.

Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, миқдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан.

Ёлғон ҳақида улуғларимиз айтган гаплардан намуналар:

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Ёлғондан ҳазир бўлинглар! Албатта, ёлғон иймондан четлатувчидир», деганини эшитдим».

Байҳақий ривоят қилган. 

Ушбу гапдан ёлғоннинг қанчалик даҳшатли гуноҳ эканини билиб олиш қийин эмас. Мўмин киши учун иймондан ажраб қолишдан кўра даҳшатли мусибат йўқдир. Ёлғон эса айнан бандани иймондан четлатувчи даҳшатли гуноҳ экан. 

Иймон нима, иймонсизлик нима – фарқига борадиган киши учун иймонсизлик нақадар катта бадбахтлик эканлиги маълум.

Умар ибн Хаттоб: 

– Мени рост пастлатгани – аслида у пастлатиши нодир – ёлғон кўтарганидан – аслида унинг кўтариши нодир – яхшироқдир», – деган.

Арваа исмли аёл Саъид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл билан ҳовли талашиб хусумат қилди. Шунда у: «Бу аёлни ўз ҳолига қўйинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ноҳақдан бир қарич ерни олса, қиёмат куни етти қават ер унга тавқи лаънат бўлади», деганларини эшитганман. Аллоҳим! Агар бу аёл ёлғончи бўлса, кўзини кўр қилгин ва қабрини ҳовлисида қилгин», деди.

Мен ўша аёлнинг кўр бўлиб, деворларни пайпаслаб юрганини кўрдим. У: «Менга Саъид ибн Зайднинг дуоси тегди», дер эди.

Бир куни ҳовлисида кетаётиб қудуққа тушиб кетди ва ўша қудуқ унга қабр бўлди».

 

“Ёлғон” китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Масжидлар бу дунёдаги Ислом меъморчилигининг энг ажойиб намуналари. Eвропанинг энг яхши меъморчилик услублари черковларда такомиллаштирилгани каби, давоми...

2082 09:00 / 01.04.2021
Табарий .Адабуннуфус, номли китобида зикр қилади .Ҳаким ибн Муҳаммад Аҳмасий деди .Эшитишимча, жаннат зикр билан бино бўларкан. Бас, қачон зикрдан тўхташса, бино давоми...

3362 19:00 / 23.05.2021
Дам солиш дейилганда Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган давоми...

11452 09:20 / 16.10.2019
Билгилки, фақат тортишув, мунозара ва жадал билан машғул бўлувчилар қилмишларини оқлаш учун .Бу мунозара ndash баҳсдан мақсадимиз ҳақиқатни одамларга билдириш. давоми...

1546 14:30 / 19.05.2019
Аудиолар

133284 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53633 14:35 / 11.08.2021