1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Энг тотли лаззат

19:00 / 24.09.2021 2858 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг инсониятга берган неъматлари беадад, беқиёсдир. Уларнинг ичида энг ажойибларидан бири ‒ уни лаззатларга буркаб қўйганидир. Ўйин‑кулги лаззати, таом‑шароб лаззати, оилавий муносабатлар лаззати, обрў‑мансаб лаззати, мол‑дунё лаззати, истироҳат лаззати, ибодат‑зикр лаззати, гўзал оҳанг лаззати, лутф‑зарофат лаззати ва бошқа лаззатлар борки, инсон уларнинг оғушида юз йиллаб ҳаёт кечирганини ҳам билмай қолади ва ҳеч қачон лаззатларга бир йўла тўймайди. Мазкур лаззатларнинг ҳаммаси ҳам инсонга ўзига хос ҳузур берса-да, лекин уларнинг қаторида саналмаган яна бир лаззат борки, ҳеч бири ундан ўта олмайди. Зеро, у инсоннинг инсонийлигини таъминловчи руҳ туядиган лаззатлардандир. У бу дуёндаги энг тотли лаззатдир. У илм лаззатидир.

Ҳа, илм олиш, бирор ҳақиқатни кашф этиш шундай ҳузурбахш бир неъматки, уни чин маънода тотган одам бошқа лаззатларнинг нашъу намосини писанд қилмай қўйиши тайин.

Имом Шотибий «Мувофақот»да айтади: «Нарсаларни билишда ҳеч бир лаззат тенг кела олмайдиган лаззат бор, чунки бу билинмишни қўлга киритиш, унга эга бўлишнинг бир туридир. Қўлга киритишни яхши кўриш эса инсон табиатига сингдирилгандир, қалблар унга майл қилади».

Абу Аббос Ҳарроний раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳеч шубҳа йўқки, илмнинг лаззати энг кучли лаззатдир», дейди. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Илм дунё лаззатларидан биридир. Агар унга амал қилинса, охиратники бўлади».

Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Илм ошиқларига келсак, улар илмга шундай ошиқи беқарор, хуштор бўладиларки, ҳеч бир ошиқ ўз маъшуқига уларчалик шайдо бўлмайди. Уларнинг кўпларини башардаги энг гўзал сурат ҳам илмдан бура олмайди... Агар илмга сурат берилса эди, қасамки, у энг чиройли сурат бўлар эди».

Муҳаммад ибн Фазл Балхий: «Ким илм лаззатини тотса, ундан жудо бўлишга сира сабр қила олмайди», дейди.

Имом Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Илм ҳар қандай лаззатнинг ўрнини босади ва ҳар қандай шаҳватдан беҳожат қилади».

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ баъзида жумбоқли масалалар устида баҳс бўлиб қолса: «Подшоҳлар бу лаззатлардан қаерда‑я?! Агар улар буни билишса, шу учун биз билан жанг қилишлари аниқ», деб қўяр экан.

Бошқа бир ривоятда келишича, имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ илмий завқлар бўлганда: «Подшоҳларнинг фарзандлари бу лаззатлардан қаёқда‑я?!» дер экан.

Аллома Муновий айтади: «Толиби илм уни тушунган сари лаззат олади. У ушбу лаззатни кўпроқ тотиш пайида бораверади. Талаб қилган сари лаззати ортади. У бу лаззатнинг энг охирги даражасини истайди, лекин унинг ниҳояси йўқ».

Одам зотнинг табиати шундайки, қайси бир нарсанинг лаззатини тотиб қолса, ўшанга эришиш пайига тушиб қолади ва бу йўлда машаққатлар ҳам унга ҳузур бахш этаверади. Илм олиш лаззати ҳам шундай, унинг мазасини тотган одам бу йўлда барча нарсани осонгина фидо эта олади: илм учун мол‑пулини, кечаю кундузларини бахш этади, аҳлу авлод фироқига ҳам чидайди, ҳатто илм ҳаловатида бўлиб, очлик‑ташналикни ҳам унутиб юборади. Бошқача қилиб айтганда, инсон ана шу даражада илмга ошиқ, харидор бўлмагунича чин маънода илмга эриша олмайди.

Назр ибн Шумайл айтади: «Киши илм йўлида оч қолиб, очлигини‑да унутмагунича илм лаззатини тотмайди». Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий айтади: «Ким илм олиш аламини тотмаса, илм лаззатини туя олмайди. Ким қийналмаса, зафар қучмайди».

Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Аллоҳга қасамки, мен қадри баланд ҳолда ҳаёт кечирган бирор кишининг ўзидан бошқалар етиша олмаган лаззатга эришганини билмайман. Фақат Ҳасан Басрий ва Суфён каби мухлис уламолар ҳамда Маъруф каби ҳақиқий обидлар бундан мустасно. Зеро, илм лаззати ҳамма лаззатдан устундир. Уларнинг оч қолишлари, озорлар билан синалишларига келсак, бу ҳам уларнинг даражаларини зиёда қилади».

Ибн Қосим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ўн етти йил Моликнинг остонасида бўлдим. Бу давр ичида бирор нарса сотмадим ҳам, сотиб олмадим ҳам. Бир куни унинг ҳузуридалигимда бир мисрлик ҳожи келиб қолди. Мўйлаби энди сабза урган ёш йигит экан. У олдимизга кириб келиб, Моликка салом берди ва: «Ичингизда Ибн Қосим борми?» деб сўради. Улар мени кўрсатишди. Шунда у келиб, кўзларимдан ўпди. Мен ундан ширин бўй, фарзанд бўйини туйдим. Билсам, у ўғлим экан».

Ибн Қосим раҳматуллоҳи алайҳ амакисининг қизига уйланган эди. Илм йўлида сафарга чиқар экан, хотинига никоҳда қолиш ёки ажрашиш ихтиёрини беради. Аёл муддат қанча узоқ бўлмасин, олимнинг никоҳида қолишни, уни кутишни танлайди. Ўшанда у ўша мусофир йигитга ҳомиладор эди.

Илм таҳсили ҳар жиҳатдан лаззатдир. Саломатликда ғайрат, беморликда қувват ва сукунат бахш этади. Илм отасизга ота, онасизга она, боласи йўққа бола бўла олади. У кўпчилик ичида шараф ва зийнат, ёлғизликда энг яхши ҳамнишин, ҳамроҳдир.

Буюк муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборакка: «Бир ўзингиз китоб ўқиб ўтираверасиз, ёлғизликдан ҳувилламайсизми?» дейишди. Шунда у: «Қандай қилиб, ахир мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил ва бошқа салафи солиҳлар билан ҳамиша бирагаман‑ку», деб жавоб берди.

Илм лаззати кишини барча тарафдан қамраб олади ва ҳар қадамда ҳузур беради. Билмаганини билиб ҳам, бирор жумбоқни ечганда ҳам, қийин жумлаларни фаҳмлаганда ҳам, китоб мутолаа қилгандан ҳам маза қилади, ҳузурланади. Шунингдек, китоб таълиф этганда, илм таратганда янада ўзгача роҳат ва лаззат туяди.

Мутақаддим уламолардан Абу Убайд раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Мен ушбу китоб(«Ғарибул‑ҳадис» китоби)ни қирқ йилда ёзиб битирдим. Гоҳида уламоларнинг оғизларидан фойдаларни олиб, ушбу китобдан жойини топиб қўяр эканман, бундан хурсанд бўлганимдан туни билан ухламас эдим».

Шу ўринда беихтиёр устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ ёдга келади. У киши бир умр илм ичида яшаб, ҳар жабҳада чуқур илмга эга бўлишларига қарамай, илмга худди талабалардек ташна эдилар, ҳамиша янги илм ҳосил қилишга ҳарис эдилар. Илмий янгиликлардан баҳри диллари очилар, баъзан худди энди илм йўлига кирган толибдек қувониб кетар эдилар. Шунинг учун ҳам ана шундай илмий ечим келтира билган, янгиликка интиқ, буни уддалай оладиган шогирдларига ўзгача меҳр берардилар. Илмий фойда келитаридан мажлис соатлаб бўлса ҳам чарчамас, зерикмас эдилар. Баъзан ана шундай илмий музокара ортидан у кишининг ҳузурларида пешиндан шомгача қолиб кетган пайтларимиз ҳам бўлган.

Имом Шофеъийдан сўрашди:

‒ Илмга иштаҳангиз (шаҳватингиз) қандай?

‒ Эшитмаганим бирор ҳарфни эшитгудек бўлсам, бутун аъзойи баданим қулоққа айланиб, уни тинглаб маза қилади.

‒ Унга ҳирсингиз қандай?

‒ Мол тўплашга ўч, қизғончиқ одамнинг дунёга ҳирси каби.

‒ Илм талабида ҳолатингиз нечоғлиқ?

‒ Ёлғиз фарзандини йўқотган аёлнинг боласини қидириши каби.

Айтишларича, баъзи бир илм толиблари илм таҳсили лаззатини нафақат руҳиятида, балки жисмларида ҳам туйишган экан. Яъни илм олиш билан худди ширин таом егандек танаси яйрар, вужуди маза ҳис қилар экан.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, бундай лаззат барча илмларда ҳам бирдек бўлмайди. Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Деҳқончилик ва тикувчилик илмининг лаззати сиёсат, одамларни бошқариш илмининг лаззатидек эмас. Наҳв, адабиёт илмининг лаззати Аллоҳ таолони, У Зотнинг сифатларини, фаришталарини, еру осмон сир‑синоатларини ўрганиш илмининг лаззатидек эмас. Балки илмнинг лаззати унинг шарафига боғлиқ. Илмнинг шарафи эса у орқали билинадиган нарсанинг шарафига кўра бўлади».

Айрим кишилар Қуръон ёдлатиш ёш болаларга оғир келмайдими, деб сўраб қолишади. Агар мажбурлаш, калтаклаш каби воситалар орқали илм ўргатилса, бу ҳар қандай одамга оғир тушиши табиий. Аммо бола илм олиш завқини тотиб қолса, ана шунга эришилса, у илм олиб маза қиладиган бўлади, илм таҳсили у учун ўйиндек ҳузурбахш машғулотга айланади.

Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида бўлган пайтларини бундай эслайди: «Илм талабида бўлган кезларим шундай бир ҳузур‑ҳаловатда эдимки, ўзим истаган, умид қилган нарсам йўлидаги қийинчиликлар менинг учун асалдан‑да тотли эди. Кичкина бола эдим. Ёнимга қотган бурдаларни солиб, ҳадис ўргангани бордим. Ийсо дарёси канорида ўтириб олиб, ўша бурда нонларни ер ва сувдан ичар эдим. Бир луқма еб, устидан сув ичардим. Ҳимматимнинг кўзлари фақат илм таҳсили лаззатини кўрар эди».

Еттинчи ҳижрий аср моликий уламоларидан Шарафуддин Тилмисоний илм талабига болалигидан киришган эди. У ҳали гўдаклик чоғидаёқ устози Ибн Абу Зайднинг дарсларига қатнар эди. Бир гал тафсир дарсида Шайх жаннат неъматлари хусусидаги оятларни ажойиб жонли суратда, балоғатли услубда тафсир қила кетди. Кичкинтой толиби илм Шарафиддин Тилмисоний ўрнидан туриб, одоб билан Шайхга ғаройиб савол билан мурожаат қилди: «Устоз! Бир нарса сўрасам. Мана, ҳозир сиз жаннат неъматлари, унинг лаззатлари ҳақида гапириб бердингиз. Айтинг-чи, жаннатда илм ва илм олиш борми?» деди. Шайх бу кутилмаган саволга умумий шаклда жавоб беришга мажбур эди: «Жаннатда кўнгил нимани тусаса, кўз нимадан қувнаса, ҳаммаси бор. Илм истасанг, илм ҳам бор, бўтам». Бу гапни эшитган болакай тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан қайдланган қуйидаги гапни ийрод этди: «Устоз, агар сиз жаннатда илм йўқ деганингизда, мен ҳеч иккиланмай: «Унда жаннатда лаззат йўқ экан», дер эдим».

Ҳа, қадимги уламоларимиз илмга ана шундай шайдо бўлишган ва шунинг учун ҳам улар илм чўққиларини бемалол забт этишган. Уларнинг бу борадаги ажойиб хислатларини айтиб тугатиш мушкул. Бироқ илм гуноҳ‑маъсиятга кўмилган, дунё лаззатига берилган киши илм‑ибдоат лаззатини ҳис қила олмайди.

Уламоларимиз айтадиларики, кимда илм лаззати жисмоний лаззатлардан устун келмаса, у ҳеч қачон илмга эга бўла олмайди. Илм лаззати руҳоний бўлиб, фаришталарнинг лаззатланишига менгзалади. Жисм лаззати эса ҳайвонийдир. Ёмонлик, зулму ситам, бузғунчиликдан лаззат олиш иблиснинг хислатларидан. Барча лаззатлар руҳ танадан ажраши билан якун топади. Илло илм лаззати бардавом қолади, руҳ фойдали илм сабабли ҳузур ва роҳатда бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, илмнинг лаззати бетакрор ва беназирдир. Ҳолванинг мазасини уни томаганлар тасаввур қила олмаганидек, илм лаззатини ҳам унинг мазасини туйганлар билади. Бу лаззат илмнинг шу дунёдаги савоби ва баракаларидандир. Унинг бошқа лаззатлардан фарқини ‒ «мағизга етишиш учун данакни ёриб ўтиш керак». Зотан, юқори мазали лаззатлар арзон эмас, машаққатсиз қўлга кирмайди.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

«Ҳилол» журналининг 11(20) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Холид Доббий айтади .Хайсама ибн Абдурраҳмон ибн Абу Самура касал бўлмагунича унинг Қуръонни қандай ўқишини билмас эдик. Бир куни унинг аҳволи давоми...

1565 07:20 / 15.07.2019
Хатна қилиш таъкидланган суннатлардан ҳисобланади. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом Хатна қилиш эркакларга суннат, аёлларга икромдирrdquo деганлар. Имом давоми...

5805 21:06 / 31.10.2018
Усмон бин Савда Тафовийдан ривоят қилинишича, у кишининг онаси Роҳиба исмли обида аёллардан бўлган экан. Онаси ўлимидан олдин бошини осмонга кўтариб, .Эй менинг давоми...

2535 08:00 / 17.06.2020
Абу Бакр ибн Айёш айтади .Мужаммиъ Таймийнинг олдида Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш ҳақида гапиришди. У .Менинг наздимда ҳеч нарса бунга тенг давоми...

2140 08:00 / 14.11.2019