1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Шайх Ҳазратларининг илмдаги ҳозирги аҳволимиз ҳақида ёзганлари

17:26 / 07.07.2018 5846 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

101. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам ҳақлироқдир», деганлар. 

Бошқа бир ривоятда: 

«Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Ҳадиси шарифдаги «ҳикматли калима»дан мурод, фойдали илмдир. Ҳикмат илм эканлиги ҳаммага маълум. Ўша ҳикмат бир калима бўлса ҳам, мўмин киши уни олишга уриниши лозим.

«Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсасидек». 

Яъни, фойдали илм бир калима бўлса ҳам, мўмин уни худди йўқотиб қўйган нарсасини излаб юргандек излаши керак.

«Мўмин уни қаерда топса ҳам ҳақлироқдир».

Яъни, мўмин киши бир калима бўлса ҳам илмни қаердан топишидан қатъи назар, олиши зарур.

Бу ҳадиси шарифда мўмин инсон илмга доимо талабгор бўлиши, қаердан топса ҳам, уни олишга ҳаракат этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ақийда ва дийн илмларидан бошқа илмларни ғайридийнлардан ҳам олиш мумкинлигини қаттиқ тайинлайдилар.

Мусулмон инсон ўз ақийдасини ва дийнини маҳкам тутган ҳолда ўзи учун, жамияти ва эл-юрти учун фойдали бўлган илмларни ғайридийн кишилардан ғайридйин юртларда ҳам олиши мумкин. Илмни қаердан олишнинг фарқи йўқ. Албатта, мусулмон юртида, мусулмон кишилардан илм олиш яхши. Аммо мусулмонлар учун, эл-юрт учун зарур бўлган илмни ғайридийндан олмайман, деб, ўрганмай юриш мутлақо нотўғри эканлиги ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибди.

Минг афсуслар бўлсинким, бошқа исломий таълимотлар қатори, ушбу ҳадиси шарифга ҳам бугунги ҳаётимизда кам амал қилмоқдамиз. Бошқалар илм соҳасида ғоят катта ютуқларга эришган бўлишларига қарамай, бизнинг юртларимизга келиб, тарихимизни, асори-атиқаларимизни, илмий меросларимизни ва бошқа нарсаларимизни ўрганаётган бир пайтда ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларида ўзимиздан етарли мутахассислар тайёрлашга уринмаётирмиз.

Юртимизда кўпчилик муҳим соҳалар илмга рағбатсизлигимиз оқибатида ўзгаларга топшириб қўйилган. Баъзи бир илмга уринганларимиз эса дийндан бехабар бўлганларидан кимнинг олдида илм ўрганган бўлсалар, ўшанинг эътиқоди, урф-одати ва ҳаёт тарзидан таъсирланиб, ўшалар измига тушиб қолганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир калима илмни ҳам худди йўқотган нарсамизни қидириб юргандек излашимиз лозимлигини амр қилган бўлсалар ҳам, бизда умуман илмга қизиқиш йўқ. Бутун бошли илмлар бўйича етарли мутахассисларга эга эмасмиз.

Тараққиётдан орқада қолишимизнинг сабаби ҳам шунда!

Илм-маърифатдан, маданиятдан орқада қолишимизнинг сабаби ҳам шунда!

Мантиқан қараганда илм соҳасидаги қолоқлигимиз бошқалардан кўра илмга кўпроқ уринишимиз лозимлигини тақозо қилади. Воқеликда эса бунинг тескариси бўлмоқда. Бошқа тараққий этган халқлар йил сайин, ой сайин илмга кўпроқ маблағ сарфлаб, илмдан яна ҳам кўпроқ фойда олишга уринаётган бир пайтда биз, мусулмонлар бефойда нарсаларга керагидан ортиқ маблағ ва куч сарфлаб, илмга эса энг зарур бўлган нарсани ҳам ажратмаяпмиз. Илм учун амалга оширилаётган ҳамма ишлар хўжакўрсинга қилинмоқда.

Ислом юртларида илмий савияни ўқув юртларининг сони ва номига, талабаларнинг ададига қараб ўлчаш одат бўлиб қолмоқда. Бу эса ожизлик аломатидир. «Бизда фалонча дорулфунун бор, аҳолининг фалон фоизи талаба», дейиш билан нимага эришиш мумкин?

Аслида эса илмнинг савияси унинг жамиятга келтираётган фойдасига қараб белгиланади. Бошқалар ҳар бир илмдан инсон учун, инсоннинг яхши яшаши учун фойда олиш билан банд бўлиб турган бир пайтда биз кишилар саводхонлигини оширишни илм деб юрибмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердан бўлса ҳам, илм олишимиз зарурлигини қаттиқ тайинлаганларига қарамай, биз ўзимизда бор илмларни ҳам йўқотиб, буюк боболаримиз қолдирган илмий меросни бошқалар қўлига топшириб қўймоқдамиз.

Агар биз ҳақийқий тараққиётга эришмоқчи, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзгартиришимиз лозим. Фойдали бўлган бир калима илмни ҳам ўзимиз йўқотиб қўйиб, излаб юрган ва топиб олган нарсамиздек, ўзлаштириб олшга интилмоғимиз керак. Уни қаерда топсак ҳам, бошқалардан кўра унга ўзимиз ҳақли эканлигимизни билишимиз зарур. Ана ўшандагина ушбу ҳадисда васф қилинган мўминлик сифатига эришган бўламиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Диннинг маъномоҳиятини англамоқ керак .Диннинг ҳақиқати, ndash кўринишдан икки сўздан таркиб топган бўлсада, шарҳи узун бир маърузага айланиб кетади. Лекин мен давоми...

17398 17:00 / 24.07.2022
Ризқ ҳақидаги ҳадислар.Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло орангизда хулқ ва ризқни тақсимлади. Дунёни яхши кўрганига ҳам, маҳбуб бўлмаганига ҳам беради. Аммо динни фақат яхши давоми...

9774 17:24 / 21.09.2017
Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни, улар учун Ўзи рози давоми...

3854 18:31 / 26.02.2018
Оила, иш, омад, фаровонлик ва ҳоказолар тўлақонли бахтли бўлишимизнинг омилларидир. Мусулмон бўла туриб бизнинг икки дунё бахтсаодатимиз фақат Аллоҳнинг қўлида давоми...

36398 18:14 / 10.04.2018