1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Асл бахт – Исломда

21:18 / 31.08.2017 9979 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маънавийлик муаммоларини тадқиқ этувчи замондошларимиздан бири бахтнинг моҳиятини аниқлашга уриниб кўрди. Унинг фикрича, бахт – бу инсон қалбидаги мунтазам шодлик ҳиссидир.

Умуман олганда, у бахтнинг табиатини тўғри ифодалаган, бахт қорами-оқми, қашшоқми-камбағалми, шаҳарликми-қишлоқими – ҳамма инсонлар интиладиган ҳолатдир. Чунки руҳшуносларнинг фикрига кўра, инсон ҳаётининг маъноси бахтга эришмоқликдир. Бахт эса доимий қониқиш, руҳий уйғунлик, хотиржамлик, хавотир ва қўрқувнинг йўқлигидир.

Инсон ўзидан ижобий қувват таратиб, ҳаммага хайрихоҳлик билан боқиб, барчани қучоқлагиси ва уларга бутун дунёни ҳадя этгиси келиб турадиган қалбнинг шодон ҳолатисиз бахт тўкис бўлмайди. Бахтнинг сифатларини узоқ санаш мумкин, аммо барибир тугатолмайсиз. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бахтнинг ташқи белгилари доимий табассум ва хайрли ишларга тайёрликдир.

Қуйидаги масала асрлар давомида энг муҳим бўлиб келган: юрак бахтдан куйлаб, инсон кўкларга парвоз қилгиси ва бутун Оламни қучгиси келадиган ҳолатга қандай эришиш мумкин? Нега табассумли инсонлар бу қадар кам?

Мақола муаллифининг кузатишлари қуйидагича. Узоқ йиллар давомида ишга автобусда қатнар экан, у шундай манзарани кўради: автобусдаги йўловчилардан, яъни 10-50 кишидан фақат унинг ўзи ва яна бир инсон табассум қилади. Кўп ҳолларда табассумли шериклар, афсуски, умуман бўлмайди. Улар соғ-саломат, қашшоқ эмас, йўловчиларнинг оиласи, фарзандлари бор. Бироқ юз ифодалари тунд, баъзида ҳатто қайғули. Нега уларнинг чеҳрасида табассумдан асар йўқ? Жавоб жуда оддий – чунки уларнинг бари бахтсиз.

Хўш, нега кимдир ҳаётдан завқланиб яшашга ва шукроналик табассуми ила олға одамлашга сабаб топадию, бошқа биров қувонч учун куч ва асос топа олмайди? Жавоб инсоннинг дунёга ва Аллоҳ таолога муносабати орқали топилади.

Айнан атеизм одамларни бахтсиз қилади – бизнинг тезисимиз шундай. Эътиқодсизлар ҳам хурсанд бўлиши ва табассум қилиши мумкин бўлса-да, бу уларда вақтинчалик, ўткинчи ҳолатдир. Гап шундаки, уларнинг қувончи маълум бир моддий нарса ёки ҳодисаларга боғланган. Атеист янги машина, уй, мебел ва ҳ.к. ларга эга бўлганда қувонади.

Инсон жуда хурсанд, мамнун, чунки унинг орзуси рўёбга чиқди – ўзи кўпдан истаган нарсасини сотиб олди. Аммо моддий нарсаларга эгаликдан, уларнинг янгилигидан юзага келадиган қувонч туйғуси тез орада йўқолади. Янги ошхона мебели нақадар чиройли бўлмасин, бир ойдан кейин оддий, кўникилган бир буюмга айланиб қолади.

Қувонч туйғуси йўқолади. Энди бошқа қувонч манбаларини топиш керак: ишхонадаги байрам базми, янги машина, костюм, янгиликлар излаб хорижга сафар ва бошқалар. Бутун умр қувонч изидан пойга ўйнаб ўтиб кетади, токи ўша ҳал қилувчи кун етмагунча: Аллоҳ инсонга ҳаётининг охирги сонияларида умри бекор ўтганини кўрсатади.

Имонли киши эса ҳаётдан доим қониқиб яшаш учун асосга эга, чунки унинг қувонч манбаи аллақандай жимжимадор моддий нарсалар ва жараёнларда эмас. Бахт ҳар доим бўладиган, ҳеч кетмайдиган туйғуларни олиб келади, зеро имонли инсон учун бахт манбаи мангу ва вақтдан ташқарида мавжуд Аллоҳ таолодир.

Шахснинг бундай руҳий ҳолати “бесабаб бахт” тушунчаси орқали аниқ ифодаланади. У шундай ҳолатки, инсон ҳамма нарсани – офтобни, баҳорни, аёлини, болаларини, қўшнисини, йўлида учраганларни – қувонч ва табассум билан қабул қилади. Юзидан шодлик ифодаси аримайди, чеҳрасидан нур ёғилади, яъни илоҳий нур. 

Аммо бу бахт деб аталмиш ҳолатнинг кичик бир нишонаси, холос. Умуман ҳеч қандай баҳонаю сабабсиз юзага келадиган бахт ҳақиқийдир. Кўча совуқ ва нам, хотинингиз бетоб ва асабий, болаларингиз гапга кирмайди, бошлиқ уришади, қўшни тинчингизни бузади, маошгача ҳали икки ҳафта бор, пулингиз эса фақат беш кунга етади – аммо сиз барибир юзингизда табассум билан кўчада юрасиз.

Мана шу ҳақиқий бахтдир, чунки ҳеч ким ва ҳеч нима сизнинг қувончингизни тортиб ололмайди, сабаби, у моддий манбалар, яъни буюмлар ва ҳодисалар туфайли юзага келмаган. Аллоҳга эътиқодингиз бор, муҳаббатингиз бор, бу эса шу қадар буюк бахт манбаидирки, биров тортиб олиши мумкин эмас.

Фақат Аллоҳга чин дилдан ишонган одамгина оламни шундай қабул қилиши мумкин, чунки у бу дунёдаги ҳамма нарса Парвардигордан келишини яхши билади. Ўзимизни ҳақиқий мусулмон ҳисоблар эканмиз, қалбимиздагги қувончни асраш бизнинг вазифамиздир.

Рўза тутаётган ёки маъюс қиёфада дуо ўқиётган яҳудийларнинг тиришишлари билан Парвардигорга эътиқод ўртасида ҳеч умумий нарса йўқ. Улар ўзларининг азобланишлари, қайғу ва ҳасратлари Худога керак, буларга сабр қилиб Яратганнинг марҳаматига сазовор бўламиз деб ўйлайдилар. Яҳудийнинг мантағига кўра, юз қанчалик қайғули бўлса, шунча яхши, чунки у шу орқали ўз сабрини кўрсатяпти.

Ислом – некбинлик ва бахт дини, чунки Аллоҳ бизга бу дунёда ҳам, нарига дунёда ҳам қалб ва жисм қувончини беради. Мусулмоннинг вазифаси Яратган берган ҳар бир нарсадан қувонишдир. Бизнинг вазифаларимиз “Раъд” сурасининг 28 ва 29-оятларида келтирилган:

“Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур! Иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганларга тубо – хушнудлик ва гўзал қайтар жой бор.”

Албатта, қалб ва руҳ хотиржамлигисиз, шукроналиксиз бахт имконсиздир. Хотиржамлик инсон ҳамма нарсам бор, соғлиғим, оилам, ишим ва жамиятдан розиман деганда юзага келадиган ҳолатдир. Ва аксинча, қўрқув, келажакдан хавотир одамларни бахтсиз ва қайғули қилади.

Хотиржамлик, Аллоҳ берган ҳамма нарсалардан қониқиш, шукрона айтиш, бу оятда айтилганидек, мангу Жаннат қувончига эришиш учун бизга катта имконият беради. Сабаби, Аллоҳ мусулмонларга “...гўзал манзил” беради.

Худди шу ерда биз қалбни тинчлантириш ва уйғунликка эришиш орқали бахтли бўлиш усулини кўриб чиқамиз. Бу усул зикр ёки Яратганга ибодатнинг бошқа йўллари орқали Аллоҳни ёд этишда намоён бўлади. Сир эмаски, Аллоҳнинг исмларини ёки махсус иқтибосларни такрорлаш асабни тинчлантиради ва руҳий мувозанатга эришишга ёрдам беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари қувонч ва бахтга эришиш масалаларини янада аниқ қилиб қўяди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонларга зулм қилганларида, имон келтирганлар унга илтимос билан мурожаат қилдилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мушрикларга қарши Аллоҳга дуо қилинг”. У зот шундай жавоб бердилар: “Мен дуоибад қилиш учун эмас, хайрли ишлар учун юборилганман” (Муслим).

“Баъзида мен ҳазил қиламан, аммо ҳеч қачон ҳақиқатдан бўлак нарсани гапирмайман”. Худди шундай Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Сиз биз (саҳобалар) билан ҳазиллашяпсизми?!” Ул зот жавоб бердилар: “Ҳа, аммо мен ҳақиқатдан бўлак ҳеч нима гапирмайман” (Термизий, Имом Аҳмад).

Бу ерда САХОВАТ ВА ҲАЗИЛ муҳим тушунчалар сифатида келяпти.Чунки бу ҳисларсиз бахт ҳақида гапиришга асос йўқ. Фақат қалбимиздаги қувонч туфайли биз Аллоҳга ҳамда у яратган барча нарсаларга шукрона айтишимиз мумкин.

Қувонч эса ҳазилга мойиллик туғдиради, бундан ташқари, эркин бир қувватни ифодалайди. У Аллоҳ йўлида ижод қилиш ва ҳаётни тўкис ҳис этиб яшаш имконини беради. Ўзига хизмат қилишимиз йўлида марҳаматини дариғ тутмасин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилигимиз эртаю кеч дуо қилишимизга қарамай, нега Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилмаяпти Ваҳоланки, саййидимиз Юнус алайҳиссалом ҳутнинг қорнида туриб дуо давоми...

61863 09:28 / 03.07.2018
4569. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламshyнинг.Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўз ҳузурида давоми...

4391 19:40 / 20.10.2017
Мўминнинг ҳар куни, бутун ҳаёти Аллоҳга ибодат қилишдан иборатдир. Кундалик ибодатлар бомдод намозига уйғонган дақиқалардан бошлаб кун бўйи давом этади. Аллоҳ давоми...

26481 21:54 / 25.09.2017
Бир киши бойнинг қўлида беш дирҳам пул эвазига ижарачи бўлиб ишлаши, топган пули ҳеч нимага етмаётганидан Имом Шофеъийга шикоят қилди.Ҳазрат бойнинг олдига бориб давоми...

2998 20:35 / 02.01.2023