1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Зарурий дуолар (2-қисм)

09:00 / 19.10.2017 7261 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимдан чиқаётганларида юзларини самога қаратиб доимо: “Ё Роббим, адаштириш ва мени адаштиришларидан, тойилиш ва тойишларидан, зулм қилиш ва менга зулм қилинишидан, жоҳиллик қилиб қўйиш, нодонлик ва менга жоҳиллик қилинишидан Сендан паноҳ сўрайман”, дер эдилар” (Абу Довуд ривояти).

Гоҳо инсон мушкул аҳволга тушиб қолади, баъзан эса адашиб қолади, гоҳида кимдир сизга: “Бугун кўнгилсиз кун бўлди”, – дейди. Баъзан биргина сўз сабаб тойилади, биргина гапи сабаб эркинлиги йўқолади.

Шунинг учун ким уйидан чиқса, уйдан чиқишда ўқиладиган мазкур дуони ўқиб чиқсин. Ушбу дуони уйидан чиқишда ўқиган ҳар бир инсон Аллоҳнинг зиммасида, Унинг ҳимояси ва қудрати остида бўлади.  

Масжидга кирар экансиз, Аллоҳнинг уйларидан бирига кирасиз. У ерда сиз Аллоҳнинг меҳмонисиз. Мезбон сизни, албатта, меҳмон қилади. Буни қуйидагича тушуниш мумкин: бир инсон (намоз вақтида) уйида ўтирса, демак, энг яхши жойда ўтирибди – аёли ёнида, фарзандлари атрофида. Агар ичгани чой ёки бошқа нарса сўраса, тезда муҳайё бўлади. Лекин у юмшоқ ўрнини, аҳли аёли ва болаларини уйда қолдириб, масжидга боради, Аллоҳнинг уйида тиз чўкиб ўтиради. Бунинг маъноси – у Аллоҳнинг меҳмони демакдир. Аллоҳ таоло Қудсий ҳадисда марҳамат қилади: “Менинг ердаги уйим масжидлардир. Албатта, уни зиёрат қилувчилар уни обод қилувчилардир. Уйида покланиб, сўнг Мени зиёрат қилган кишига Тубо бўлсин. Зиёратчини икром қилиш мезбоннинг адолатидир”.

Масжидга киришда ҳам ўқиладиган дуо борми? Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Маймунанинг уйида қолдим. Бироздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан туриб, ҳожатларини раво қилдилар, кейин юз ва қўлларини ювдилар, яна уйқуга ётдилар. Бироз вақт ўтиб тағин уйғондилар ва сув тўлдирилган мешнинг олдига бориб оз фурсат ичида икки марта таҳорат қилдилар. Сўнг намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам ўрнимдан туриб таҳорат қилдим. Расулуллоҳ алайҳиссалом эса намоз ўқир эдилар, чап томонларига бориб турдим. У зот алайҳиссалом қулоғимдан ушладилар, бу билан ўнг томонларига ўтиб олишимни ирода этган эдилар. Шу зайлда ўн уч ракат намоз ўқидилар. Намозни адо этиб яна дам олишга ётдилар. Кўп ўтмай Билол бомдод намози учун азон айтди. У зот алайҳиссалом намоз ўқидилар, аммо таҳорат қилмадилар. Тонгда эса қуйидагича дуо қилар эдилар: “Ё Роббим, қалбимга нур солгин, кўзимга нур бергин, қулоғимга нур бергин, ўнгу сўлимда нур пайдо қилгин, остим ва устимда нур пайдо қилгин, ортим ва олдимда нур пайдо қилгин. Мен учун бир нур пайдо қилгин” (Муттафақун алайҳ).

Масжидга киришда ўқиладиган яна бир дуо бор. Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз масжидга кирса, “Аллоҳим, мен учун раҳматинг эшикларини очгин”, деб дуо қилсин”, дедилар (Муслим ривояти).

Сиз масжидга қадам қўяр экансиз, Аллоҳнинг уйига кирагнингизни ҳис этинг. Аллоҳнинг уйларига эса Раҳмат ва сакина тушади. Унда шодлик бор, унда сурур бор. Ҳурмат ва эҳтиром бор унда. Исломий одоб-ахлоқ намуналари мужассам унда. У ерга кирган ҳар бир мусулмон солиҳ амалларни тинглайди, шаръий ҳукмлардан хабардор бўлади, саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳақларида ибратли воқеаларни тинглайди. “Аллоҳим, мен учун раҳматинг эшикларини очгин!”.

Яъни сиз у ерда эшитган нарсаларни ҳаётингизга татбиқ этинг. Садақа ҳақида эшиттингизми, садақа қилинг; кўзни ҳаромдан тийиш ҳақида эшиттингизми, кўзингизни ҳаромдан тийинг; дўстлик ҳақида эшиттингизми, содиқ дўст бўлинг.

Сиз фақатгина икки ўринда бўласиз – Аллоҳнинг уйида ва ундан ташқарида. Дуо эса Аллоҳ уйидан ташқарида Унинг фазлига эришишингизга сабабдир. Аллоҳ уйида Аллоҳ сизга раҳм қилганининг далолатидир.

Инсон гоҳида валима ёки байрам-тантана сингари шовқин-суронли зиёфатларда иштирок этади. Зиёфат дастурхонида эса турли ноз-неъматлар бор. Меҳмон ундан бир-икки луқма тановул қилади, холос. Бундай шовқинда нима ҳам қила оларди. Лекин Аллоҳнинг уйидаги зиёфат қўполлик ва шовқинлардан йироқ. Ундаги гўзаллик масжидда экансиз, Аллоҳ қалбингизда тажаллий этишидир. Шу онда тавсиф этиб бўлмас туйғуларни ҳис этасиз. Қалбингиз ва шуурингиз нурга тўлади. Бутун вужудингиз нурга тўлган ҳолда масжиддан чиқасиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар. Сизнинг амалларингизни солиҳ қилур” (Аҳзоб сураси, 70-71 оятлар).

Яна қуйидагича марҳамат қилинади:

“Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (Анфол сураси, 29-оят);

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиринглар. У зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир ва сизларнинг юришингизга нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ кечирувчи, раҳмли зотдир” (Ҳадид сураси, 28-оят).

Яна бир ҳадисда келган “Ё Роббим, гуноҳимни мағфират эт ва мен учун фазлинг эшикларини очгин” дуосида дақиқ бир маъно бор. Ким масжидда камчиликка йўл қўйса, хато қилса, олдида бир тўсиқ пайдо бўлади. Агар мазкур дуони ўқиса, Аллоҳ уни мағфират қилиб, унинг олдида Ўз фазл эшикларини очиб қўяди.

Масжиддан чиқишдаги дуо қуйидагича:

Бисмиллаҳи вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ. Аллоҳим, мени мағфират эт ва мен учун фазлинг эшикларини оч”. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар тонг ва кеч кирганда ҳам махсус дуо қилар эдилар. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий алайҳиссалом саҳобаларига таълим бериб қуйидаги сўзларни айтар эдилар: “Сизлардан бирингиз тонг оттирганида “Ё Роббим, Сен билан тонгга етдик, Сен билан тун зулматига кирамиз, Сен билан ҳаёт кечирамиз, Сен билан вафот этамиз. Қайтмоқ Ўзингадир”, десин. Агар кечки пайтга етиб келса, “Аллоҳим, Сен билан тун зулматига кирамиз, Сен билан ҳаёт кечирамиз, Сен билан вафот этамиз. Сенинг ҳузурингда тириламиз”, десин”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом кеч кирганда: “Тунга кирдик ва Аллоҳнинг мулки ҳам тундадир. Ҳамд ва сано ҳеч бир шериги бўлмаган Аллоҳгадир. У ҳар бир нарсага қодирдир. Ё Роббим, Сендан ушбу кечанинг яхшиликларини сўрайман, бу ва бундан кейинги кечалар ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, Сендан дангасаликдан ва ёмон қариликдан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим, дўзах ва қабр азобидан паноҳ сўрайман”, дер эдилар” (Муслим ривояти).

Набий алайҳиссалом тонг пайти: “Тонгга етиб келдик, Аллоҳнинг барча мулки ҳам. Ва Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деб дуо қилардилар.

Ва яна: “Ё Роббим, бу куннинг аввалини эзгулик ва яхшилик, ўртасини бахт-саодат ва нажот, охирини муваффақият ва омадли қилгин, эй меҳрибон Зот!”, дер эдилар,

Инсон қачон роҳат-фароғатда бўлади? Қачонки, кичиккина ҳажмда бўлган дуолар китобини ўзи билан олиб юрса. Агар дуоларни ёдлашни хоҳласангиз, уларни ўқинг. Дуони икки ёки уч марта такрорлаш билан ёдлайсиз. Тўртинчи марта ўқиганингизда эса доимий эсингизда қолади. Инсоннинг дуолар захираси жуда ҳам бой бўлиши лозим. Баъзан йўлда бўласиз,  йўл бўйи дуо қилинг, гоҳида автоуловда бўласиз, бунда ҳам дуо ва зикрлар сизнинг ҳамроҳингиз бўлсин.  

  Ҳасанбой Эргашев таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслима аёл фақат мусулмон эркак билангина турмуш қуриши мумкин. Ғайридийн эркакка эрга тегиш муслима аёлга қаттиқ ман қилинган. Бу борада эркак аҳли китоб бўлса давоми...

8708 17:47 / 06.01.2018
Истиғфор астағфируллоҳ банда Роббисидан гуноҳларини кечиришини сўрашидир. У тавба ва енгил тортиш калитидир. Мўмин хавотирга тушган заҳот ихлос билан истиғфор давоми...

333863 20:05 / 26.09.2017
Одатда одамлар муаммоларга дуч келганида, убу нарсага эҳтиёж сезиб ҳожатманд бўлиб қолганларида биринчи ўринда бошқаларга мурожаат қилишади. Гўёки, ўша бошқалар давоми...

8547 20:03 / 22.09.2017
Аллоҳ таолони зикр қилиш амалларнинг афзали ва яхшисидир. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларга давоми...

6488 09:33 / 29.06.2017