1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг зикри буюкдир»

09:33 / 29.06.2017 6486 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолони зикр қилиш амалларнинг афзали ва яхшисидир.  Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга хожангиз ҳузурида амалларингизнинг энг яхшиси бўладиган, даражаларингизни кўтарадиган,  олтину кумушингизни инфоқ қилишдан кўра  хайрли бўлган, душманингизга йўлиққанингизда ўзаро Аллоҳ йўлида урушишингиздан кўра яхшироқ бўлган амал ҳақида хабар бермайми?» дедилар. Саҳобалар: «Хабар беринг», дейишди. У зот: «Аллоҳни зикр қилишингиздир», дедилар.

 Бу ҳадис зикрнинг фазилати улуғ эканини ифодалайди. Набий алайҳиссалом зикрни молни инфоқ қилиш, Аллоҳ йўлида душманга қарши урушиш билан тенглаштирдилар. Дарҳақиқат, китобларимизда зикр садақа ва шу каби солиҳ амаллардан кўра фазилатли экани кўплаб ўринларда  баён қилинган. Ривоят қилинадики, Абу Дардо розияллоҳу анҳуга бир киши юзта қулни озод қилганлиги ҳақидаги хабар келганда: «Албатта, киши ўз молидан юзта қулни озод қилганлик савоби кўпдир. Лекин бирингиз иймонли бўла туриб, эртаю кеч Аллоҳ таолонинг  зикри ила тили ҳўлланиб туриши ундан кўра афзалроқдир», деганлар.  Бу зот ушбу сўзлари ила қул озод қилишнинг фазилатини ва шу билан бирга Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тутиш ва унда бардавом бўлиш ундан кўра фазилатли эканини, қул озод қилиш фазилати зикрнинг фазилатига тенг бўла олмаслигини баён қилиб бердилар. Зикрнинг бошқа амаллардан фазилатли экани ҳақида саҳобалардан кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий алайҳиссаломдан сўради: «Ё Расулуллоҳ! Ибодатда жидду жаҳд қилувчиларнинг қай бирининг ажри буюкдир?» У зот: «Аллоҳ таоло учун зикрни кўпайтирганлари», дедилар. Яна у киши: «Рўзадорларнинг қай бирининг  ажри буюкдир?» деди. У зот: «Аллоҳ таоло учун зикрни кўпайтирганлари», дедилар. Сўнгра у киши у зотдан намоз, закот, ҳаж, садақа ҳақида ҳам шундай сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳар бирига: «Аллоҳ таоло учун зикрни кўпайтирганлари»,  дея жавоб беравердилар.  Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Зикр қилувчилар барча яхшиликни олиб кетдилар!!!» деганларида  Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳа, шундай», дедилар.                Набий алайҳиссалом хабар берганларидек, еру осмон Парвардигори учун ҳар қандай тоат, ибодат ва қурбатларни қоим қилувчи инсонларнинг ичида даражаси олий, ажри буюк инсонлар Аллоҳ таоло учун зикрни кўпайтирганларидир. Мана шу сўзлар ҳам барча ибодатларимизнинг мақсади бўлмиш зикрнинг нечоғлик аҳамиятли эканини билдиради.

Аллоҳ таоло зикри барча нарсадан буюкроқ ва афзалроқдир Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билур» (Анкабут сураси, 45-оят). Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Абу Дардо розияллоҳу анҳум бу оятни бундай тафсир қилишган: «Аллоҳ таолонинг сизларни савоб ва мақтов ила зикр қилиши  сизларнинг тоат-ибодатларингиздаги У зотни зикр қилишингиздан буюкдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилган бандаларини зикр қилувчидир». Баъзилар эса: «Намозингиздаги ва қироатингиздаги Аллоҳ таолони зикр қилишингиз ҳамма нарсадан афзалдир», дея тафсир қилганлар. Яна  баъзилар: «Аллоҳ таолонинг зикри фаҳш ва мункар ишлардан қайтарадиган, ҳақиқий намозда бардавом бўлиш ила буюк бўлади», дейишган. Ибн Зайд ва Қатода раҳматуллоҳи алайҳимо: «Аллоҳ таолони зикр қилиш барча нарсадан, зикрсиз бўлган ҳар қандай афзал ибодатлардан буюкдир», деганлар. Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: «Намозда иккита катта мақсад борки, бири бошқасидан буюкдир. Бири фаҳш ва мункар ишлардан қайтариши бўлса, иккинчиси, Аллоҳ таолонинг зикрини ўз ичига олганлигидир. Демак, намозда Аллоҳ таолонинг зикри борлиги унинг фаҳш ва мункар ишлардан қайтаришидан буюкдир».

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан: «Қайси амал афзал?» деб сўралганда, у зот: «Қуръон ўқимайсанми? Албатта, Аллоҳнинг зикри буюкдир», дея жавоб берганлар. Хусусан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ҳам: «Қайси амал афзал?» деб сўралганда, у зот ҳам: «Аллоҳнинг зикри буюкдир», деганлар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Ўз Китобида тик турганда, ўтиргану ёнбошлаганда, кечасию кундузида, қуруқлигу денгизда, сафардаю ҳазорда, бойликдаю фақирликда, саломатликдаю беморликда, ошкораю сирликда, ҳар қандай ҳолатда зикр қилишга буюрди. Шу билан бирга, бунинг эвазига улар учун беҳисоб ажр, буюк савоблар, гўзал оқибат тайёрлаб қўйди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар.  Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар.  У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтувчи Зотдир. У мўминларга ўта раҳмли бўлган Зотдир. У зотга йўлиқадиган Кундаги сўрашишлари «Салом»дир. Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, сураси, 41−44-оятлар);

«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни  ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул  юбордик. Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (Бақара сураси, 151−152-оятлар).   Бу ояти карималарда Аллоҳ таоло бандаларни кўп зикр қилишга ундаб, бунинг эвазига бериладиган буюк ажр ва катта яхшиликни баён қилмоқда. Амалнинг мукофоти шу амалнинг жинсидан  бўлади. Ким Аллоҳ таолони ёлғиз зикр қилса, Аллоҳ таоло ҳам у бандани Ўз ёлғиз зикр қилади. Ким жамоат ичида зикр қилса, У зот ҳам уни унинг жамоатидан кўра яхшироқ бўлган жамоат  ичида зикр қилади.

Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркагу аёллар баланд даражалар ва юқори мақомотлар ила насибаланган, яхшиликларда пешқадам бўлган муфарридлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка йўлларида кета туриб: «Муфарридлар ўзиб кетдилар», дедилар. Саҳобалар: «Муфарридлар кимлар, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашганда, у зот: «Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркаклар ва кўп зикр қилувчи аёллардир», дедилар».

Банда бу мақомга қандай етади? Бу савол барча мусулмонларни қизиқтирган саволдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагича жавоб берганлар: «Улар Аллоҳ таолони намозлари ортидан, кечасию кундузида, тўшакка ётганларида, уйқудан уйғонганларида, манзилларига киришдаю чиқишда зикр қиладиганлардир». Аллома Абдурраҳмон ибн Саъдий бундай деганлар: «Инсон барча ҳолатларда, субҳда, кечасида, беш маҳал намоз сўнггида ўзи учун вирд (вазифа) қилиб олишлиги ҳамда шу амалида барча вақт ва ҳолатларда бардавом бўлиши лозимдир. Шунда бу банда пешқадамлардан бўлади. Бундай буюк ибодат бандани Аллоҳ таолонинг муҳаббатию маърифатига етаклайди, яхшиликларга бошлайди. Тилни турли қабиҳ каломлардам сақлайди».

Аллоҳ таоло барчаларимизни кўп зикр қилувчи бандаларидан қилсин.


Фарҳодбек АСАТУЛЛАЕВ 

таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Сияру аъломин нубало, китобида келтиради.Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мажлисларига давоми...

1577 17:03 / 25.11.2023
Бизнинг динимизда фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билан чегараланиб қолинмаган. Бу иш кенг миқёсда бўлиб, мусулмонлар билан бир диёрда яшаб турган давоми...

3939 21:52 / 08.05.2018
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетаётганимизда у зотга яқинларида бўлиб қолдим. давоми...

6927 19:15 / 19.05.2018
Эй дўстим, қаранг, ўлим келмасдан олдин ишларингизни ислоҳ қилиб олинг. Чунки сиз қачон ўлим келиб қолишини билмайсиз. Билингки, умр оз, ҳасрат эса узоқдир. Эй давоми...

5291 16:00 / 19 февраль