1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

ҚИРОАТЛАР ВА ҚОРИЛАР

05:00 / 19.01.2017 6325 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида Жиброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У зотга Қуръони Каримни Жиброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олишни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг ўзида ўргатганини аввал ўрганиб ўтдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиброил алайҳиссаломдан Қуръони Каримни эшитиб ўрганиш билан бирга у кишига ўқиб ҳам берар эдилар. У зот ҳар йили Рамазон ойида бир марта Қуръони Каримни Жиброил алайҳиссаломга бошидан охиригача ўқиб берар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари вафот этадиган йиллари Қуръони Каримни бошдан охиригача икки марта ўқиб берганлар.

Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида қабул қилиб олар эдилар. Аста-секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони Карим қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар.
Ўша қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дарда, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумларни мисол тариқасида зикр қилишимиз мумкин.
Катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ Исломга кирганларига қироатни ўргатар эдилар.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеъинлар ҳам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеъинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқа ларга Қуръони Карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.
Тобеъинларнинг вақтига келиб Ислом кўп ерларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди.
Шунинг учун ҳам тобеъинлардан қироатга моҳир ва устоз бўлганлар ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак уларни турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз.
Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Мадийнада машҳур бўлганлари; Ибн Масаййиб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулайман ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муоз ибн Ҳорис, Абдурроҳман ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жудуб, Зайд ибн Аслам ва бошқалар эди.
Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Маккада машҳур бўлганлари; Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Малика ва бошқалар.
Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Куфада машҳур бўлганлари; Алқама, Ал-Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шурҳабийл, ал-Ҳроис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурроҳман Силмий, Саъид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.
Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Басрада машҳур бўлганлари; Абу Олия, Абу Рожа, Наср ибн Осим, Яхъя ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сийрийн, Қатода ва бошқалар.
Юзинчи ҳижрий санага келиб худди ақоид, фиқҳ каби бошқа соҳаларда мусулмонларни сонлари, миллатлари, ирқлари, тиллари ва эҳтиёжларининг ҳаддан ташқари кўпайгани эътиборидан қироат бобида ҳам алоҳида илмий асосга суянган йўналишлар пайдо бўлди. Бу давр ва шароит талаби эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийигн эмасди. Улар ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилар эдилар.
Энди эса арабмас мусулмонлар араблардан кўпайиб кетган эди. Араблар ҳам аввалгиларига ўхшамас эди. Ушбу ва яна бошқа бир неча омиллар Қуръони Карим қироати бўйича алоҳида илм пайдо бўлишига ва илмнинг имомлари пайдо бўлишига олиб келди.
Бир вақтлар қироатлар ва қорилар анча кўпайиб кетди. Аста секин уларни тартибга солиш бошланди. Ўн тўрт қироат, ўн қироат ва ниҳоят етти қироатга иттифоқ қилинди. Бу қироатларнинг бир-биридан фарқи баъзи бир сўзларни талаффузида ва шунга ўхшаш кичик нарсаларда эди, холос. Улар худди бир қанча фиқҳий мазҳаблардан тўрттаси танлаб олинганга ўхшайди.
Энди ўша иттифоқ қилинган етти қироат ва уларнинг имомлари кимлар эканлиги ҳақида қисқача маълумот олайлик.
1-Амр ибн ал-Алоъ қироати.
Имом Зайён ибн ал-Алоъ Мозаний Басрий. 154 ҳ.с.да вафот қилган.
У кишининг икки ровийлари; Даврий ва Сусийлар бор.
Қироат имомининг ровийси унинг қироатини илмий равишда қабул қилиб олиб бошқаларга етказишда хизмат қилган бўлади.
Даврий-Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Даврийдир. 246 ҳ.с.да вафот этган.
Сусий-Абу Шуъайб Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ Сусийдир. 261 ҳ.с.да вафот қилган.
2-Ибн Касир қироати.
Имом Абдуллоҳ ибн Касир Маккий. 120 ҳ.с.да вафот қилган.
У кишининг икки ровийлари; Баззий ва Қунбуллар бор.
Базий-Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Базза Маккий. 250 ҳ.с.да вафот этган.
Қунбул-Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Саъид Маккий. 291 ҳ.с.да Вафот этган.
3-Нофеъ қироати.
Имом Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурроҳман ибн Абу Нуъайм Лайсий. 169 ҳ.с.да вафот этган.
У кишининг икки ровийлари; Қолун ва Варшлар бор.
Қолун-Ийсо ибн Миняя Маданий. 220 ҳ.с.да вафот этган.
Варш-Усмон ибн Саъид Мисрий. 197 ҳ.с.да вафот этган.
4-Ибн Омир қироати.
Имом Абдуллоҳ ибн Омир Яҳсибий. 118 ҳ.с.да вафот этган.
У кишининг икки ровийлари; Ҳишом ва Ибн Заквон бор.
Ҳишом-Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Қозий. 245 ҳ.с.да вафот этган.
Ибн Заквон-Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон Қараший. 242 ҳ.с.да вафот этган.
5-Осим қироати.
Имом Осим ибн Абу Нажжуд Куфий. Имом Осимнинг кунялари Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлганлар. Муҳаррирлик, балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлганлар. Имом Осим тобеъинлардан бўлиб Қуръони Карим қироатини Зирр ибн Ҳубайш ва Абудллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳулардан олганлар. У киши яна имом Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларнинг устозлари Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Силмийдан ҳам Қуръони Карим қироатини олганлар. Бу киши эса қироатни ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан олганлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.
Имом Осим ибн Абу Нажжуд Куфада 128 ҳ.с.да вафот этганлар.
У кишининг икки ровийлари; Ҳафс ва Шўъбалар бор.
Ҳафс-Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғийра ал-Баззоз Куфий. Куняси Абу Амр. Бу киши имом Осимнинг ўгай ўғли бўлган. У кишининг тарбиясида ўсган. Ёш болалигидан имом Осимдан Қуръони Карим қироатини ўрганган. Шунинг учун қироатни жуда ҳам дақиқи ўрганган.
Ҳафс ибн Сулаймон роҳматуллоҳи алайҳи 150 ҳ.с.да вафот этган.
Айнан имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат ҳозирги кунда бутун олам бўйлаб тарқаган. Бизнинг диёримизда ҳам қадимдан шу қироат жорий бўлган. Бизнинг қироат имомимиз имом Осим, ровиймиз Ҳафсдир.
Шўъба-Абу Бакр Шўъба ибн Аббос ибн Солим Куфий. 193 ҳ.с.да вафот этган.
6-Ҳамза қироати.
Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора Зайят Таймий. 156 ҳ.с.да вафот этган.
У кишининг икки ровийлари; Халаф ва Халлодлар бор.
Халаф-Халаф ибн Ҳишом Баззоз. 229 ҳ.с.да вафот этган.
Халлод-Халлод ибн Холид Сайрафий Куфий. 220 ҳ.с.да вафот этган.
7-Кисоий қироати.
Имом Али ибн Ҳамза Кисоий. 189 ҳ.с.да вафот этган.
У кишининг икки ровийлари; Абу Ҳорис ва Ҳафс Даврийлар бор.
Абу Ҳорис-Лайс ибн Холид Бағдодий. 240 ҳ.с.да вафот этган.
Ҳафс Даврий-Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Даврийдир. 246 ҳ.с.да вафот этган.
Баъзи бир уламолар мазкур етти қироатга яна учни қўшиб ўн қироат, яна бошқалар ўнга тўртни қўшиб ўн тўрт қироат ҳам қилишган. Аслида эса улардан бошқалари ҳам бўлган.
Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлари ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.
Агар қироатлар орасидаги фарқлар асосан баъзи бир сўзларни талаффуз қилиш оҳангида эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, мусулмон умматининг Қуръони Каримга қанчалар аҳамият берганига қоил қолмай илож йўқ. Фақат Қуръони Каримнинг талаффузи учун шунчалар катта ва мислсиз илмий ишларни амалга ошириш ҳеч бир китобнинг, ҳеч умматнинг тарихида бўлмаган.
Ҳозирга келиб мазкур қироатлар ичида қўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.
Биринчиси Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат.
Бу қироат Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафининг барчасига кенг тарқалган.
Иккинчиси Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат. Бу қироат Ливиядан бошлаб Ислом оламининг мағрибига тарқалган.
Бу икки қироатдаги фарқларни фақат мутахасис бўлган одамлар аниқ фарқлашлари мумкин. Фарқли жойларнинг ўзи ҳам жуда оз. Мисол учун Осим қироатида «Яаа аююҳаннабиюю» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Яаа аююҳаннабийъу» деб ўқилади. Осим қироатида «Ваззуҳаа» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Ваззуҳее» деб ўқилади. Ҳолбуки, бу сўзлари мусҳафи шарифда бир хил ёзилади.
Албатта, ҳар бир қироатнинг имоми ўз устозидан эшитганини шогирдларига айнан ўзини нақл қилган. Бирор ҳарфнинг талаффузида бошқача бўлишга йўл қўйилмаган. Шундоқ тарзда силсила давом этиб келаверган.
Қайси бир талаба қироатни тўғри қиладиган бўлиб етишса устози унга «ижозат» деб аталувчи ҳужжат берган. Ўша ҳужжатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган ўз устозлари санади ҳам аниқ келтирилган. Бу эса ҳар бир қорининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланишини таминлаган. Устоздан расмий шаҳодатнома олган қори Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етадиган санадга эга бўлган.
Шунинг учун ҳам устоз кўрмаган, ўзича Қуръони Каримни ўқиб олган ёки устозидан «ижозат» олмаган кишилар қори деб ҳисобланмаган.
Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ улкан меҳнат ҳар қанча мақтовга сазовордир.
Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ эҳтиёткорлик ҳар қанча мақтовга сазовордир.
Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ фидокорлик ҳар қанча мақтовга сазовордир.
Дунёда ҳеч бир китоб бу шаклдаги эҳтимомга сазовор бўлган эмас.
Дунёда ҳеч бир уммат ўз китобига бу шаклда фидокорлик қилган эмас.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусо алайҳиссаломнинг даврларидан кейин бир неча асрлар, қанчаданқанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари унутилди ёки бузилди. Сен давоми...

6613 15:15 / 28.01.2019
133. Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва давоми...

20950 05:00 / 23.01.2017
Имом Али алКисоий қироати.1 Абу Амр адДурий ривояти.Бизга уни Муҳаммад Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Умар ибн Муҳаммад алМуаддал хабар берган. У айтганки.Бизга давоми...

1779 13:30 / 02.03.2021
1. Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар.Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг нажот топишларига очиқойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Аввалида давоми...

3454 05:00 / 23.01.2017