Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (35-дарс). «Сабаби нузул» илми

13:45 / 28.05.2019 6245 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улуми Қуръонга оид илмлар ичида «Сабаби нузул» илми алоҳида ўрин тутади. Қуръони каримни ўрганиш ва ундан шаръий ҳукмлар чиқаришда ушбу илмнинг фойдаси жуда ҳам каттадир. Бу борада Қуръони карим оятлари икки турга тақсимланади:

Биринчи тур: Ҳеч қандай сабабсиз, тўғридан-тўғри нозил бўлган оятлар.

Қуръони каримнинг кўпгина оятлари асосан ушбу турга киради. Улар инсониятни ҳидоятга бошлаш учун сабабсиз нозил қилинган. 

Бироқ «Аслида буларни ҳам сабабли дейиш мумкин, чунки улар ҳам қайсидир шахсий ёки ижтимоий ҳолат тақозосига кўра нозил қилинган», деган уламолар ҳам бор.

Иккинчи тур: Бирор сабабга боғлиқ равишда нозил бўлган оятлар.

Бундай оятлар маълум сабабларга кўра нозил этилгандир. Ушбу баҳсимизда худди шу тоифага кирувчи оятлар ҳақида батафсил сўз юритамиз.

«Сабаби нузул»нинг маъноси

Қуръони каримдан ваҳий нозил бўлишига боис бўлган нарса «Сабаби нузул» дейилади.

Бошқача қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бирор ҳодиса рўй беради ёки у зотга савол берилади. Шу муносабат ила бир ёки бир неча оятлар нозил бўлиб, Аллоҳ таоло уларда мазкур ҳодисага боғлиқ нарсани баён қилади ёки саволга жавоб беради. Ана ўша ҳодиса ва савол «Сабаби нузул» бўлади.

Ибн Жарир, Воҳидий, Фирёбий ва Ибн Абу Ҳотим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Ҳазраж қабиласига мансуб арабларнинг мажлис қуриб, гаплашиб ўтирган жойларидан ўтди. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг бундай улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашига тегди ва «Булар бирлашсалар, биз булар билан ёнма-ён яшай олмай қоламиз», деб, бир яҳудий болани чақирди ва унга: «Арабларнинг ичига бориб ўтиргин-да, уларга «Буъос» кунини эслат ва у ҳақдаги шеърлардан ўқиб бер», деб буюрди. («Буъос» кунида Авс ва Ҳазраж қабилалари қаттиқ урушиб, Авс ғолиб чиққан эди.) Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилди. Ўтирганлар тортишиб, аччиқлашиб, урушиб кетишди. «Қурол! Қурол!» деб бақиришди. Бу можаро Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга бориб етганда, ҳузурларидаги муҳожирлару ансорийларни олиб, уларнинг олдига бордилар. Уларга:

«Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилганидан кейин, жоҳилият ишини кесганидан кейин, орангизга улфатликни солганидан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми?» дедилар. 

Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтон йўлига юрганларини англаб етдилар. Қуролни ташлаб, йиғлаб, қучоқлашиб кетдилар. Расулуллоҳ билан бирга итоаткор ҳолда қайтдилар. 

Шунда Оли Имрон сурасидаги ушбу оят нозил бўлди:

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Ўтли жар ёқасида эдингиз, сизни ундан қутқарди. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз» (103-оят).

Демак, оятдаги хитоб аслида барча Ислом умматига бўлса ҳам, тушаётган пайтда мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларига қаратилган эди. Уларнинг ораларида бўлиб ўтган ҳодиса Ислом умматига қилинадиган умумий амрнинг ўша вақтда нозил бўлишига сабаб бўлган.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

ﯮﯯﯰﯱﯲﯳﯴﯵﯶﯷﯸﯹﯺﯻﯼﯽ

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» (85-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида икки ривоят келтирилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Насаий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон каби муҳаддислар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Қурайшликлар яҳудийларга: «Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик», дейишди. Улар: «Руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Шунда қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашди. Бу сўровга жавобан «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар…» ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса қуйидагилар айтилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина кўчаларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийларга дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Бундан руҳ ҳақида сўранглар», дейишди. Улардан бирлари ўринларидан туриб келиб, руҳ ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермай, жим туриб қолдилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Турган жойимда кутдим. Ваҳий нузули тўхтаганидан сўнг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар…» оятини тиловат қилдилар».

Шунинг учун ҳам баъзи тафсирчи уламоларимиз: «Ушбу ояти карима икки марта, яъни Маккада бир, Мадинада бир нозил бўлган», дейдилар.

Шу масалада келган бошқа ривоятларга кўра, яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан бирга, «Агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади», дейишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий Пайғамбар бўлганлари учун ҳам руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар, холос. Бу жавоб 

«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейиш эди.

Демак, бу оятнинг нозил бўлишига яҳудийлар тарафидан берилган савол сабаб бўлган.

 (давоми бор)

 «Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар.Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг нажот топишларига очиқойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Аввалида давоми...

3380 05:00 / 23.01.2017
биринчи мақолаҚуръони Карим ва Суннатдаги насх тўрт турли бўлади. Қуйида мазкур турлар ҳақида батафсил сўз юритишга ҳаракат қиламиз.Биринчи қисмҚуръоннинг давоми...

4534 11:20 / 14.04.2020
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни қўллаш, қалбларини қувватлаш.Маълумки, Набий алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, давоми...

5311 21:00 / 01.04.2019
«Энг муносиб жой» деганда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ жойларни кўзда давоми...

9291 18:36 / 06.04.2018
Аудиолар

131422 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51903 14:35 / 11.08.2021