1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ошкора даъватга ўтиш

20:47 / 19.12.2017 4717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзининг амри ила бўлди. У зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги икки оятни нозил қилди:

«Ва яқин қариндошуруғла­ринг­ни огоҳлантир. Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат» («Шуъаро» сураси, 214–215-оятлар).

Ушбу икки ояти карима нозил бўлганидан ке­йин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб, «Йаа собаҳа!» деб қичқирдилар. Одамлар у кишининг ҳузурларига тўпландилар. Кимдир ўзи келди. Кимдир вакил юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: 

«Эй Бану Абдулмуттолиб! Эй Бану Феҳр! Эй Бану Луаъй! Айтинглар-чи, агар мен сизга «Тоғнинг ортида отлиқлар сизларга ғорат қилишга шай бўлиб турибди», десам, ишонасизларми?!» дедилар. Улар: 

«Ҳа, ишонамиз!» дедилар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, мен сизларга шиддатли азобдан олдин келган огоҳлантирувчиман», дедилар.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятга мувофиқ, яқин қариндошларини огоҳлантира бошладилар. У зот фақат бу билан кифояланиб қолмай, энг яқин кишиларини ҳам огоҳлантирдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: 

«Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни ҳам умумий, ҳам хусусий равишда даъват қилдилар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй қурайшликлар, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринглар! 

Эй Бану Каъб жамоаси, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! 

Эй Муҳаммад қизи Фотима! ўзингни дўзах ўтидан қутқар! Аллоҳга қасамки, мен сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтаришга молик эмасман», дедилар».

Ана шу тарзда Исломга очиқчасига даъват қилиш бошланди. Аввалига мушриклар индамай туришди. Кейинроқ, Исломнинг иши ривожланиб кетаётганини кўрганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши адоват қила бошладилар.

Мушрикларнинг бу душманлигига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб тўсиқ бўлди. У ҳамма жойда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларини олиб, у зотни ҳимоя қила бошлади. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга ҳам қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам у зотни ҳимоя қилишда бардавом бўлди.

Иш жиддийлашиб кетгач эса Қурайш бошлиқларидан бир гуруҳи Абу Толибнинг олдига келдилар ва:

«Эй Абу Толиб! Укангнинг ўғли олиҳаларимизни сўкмоқда, динимизни айбламоқда, ақлимизни паст, демоқда ва оталаримизни залолатга кетган, демоқда. Сен уни тийиб олгин. Ёки бўлмаса, уни ўзимизга қўйиб бер. Ахир сен ҳам бизнинг динимиз ва ақийдамиздасан», дедилар.

Абу Толиб уларга мулойим гапириб, қайтариб юборди. Лекин мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳкам ёпишиб олдилар. У зотни ҳеч тинч қўймадилар. Бир-бирларини у зотга қарши қайрай бошладилар. 

Бир муддат ўтиб, яна бир гуруҳ қурайшликлар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларидан шикоят қилиб, Абу Толибнинг олдига келдилар. Улар:

«Эй Абу Толиб! Сен ичимизда ёши улуғимиз, шарафлимиз ва мартабалимизсан. Укангнинг ўғлини тийиб олишингни илтимос қилган эдик, қилмадинг. Аллоҳга қасамки, биз оталаримизнинг сўкилишига, ақлимизнинг паст дейилишига ва олиҳаларимизнинг айбланишига бундан ортиқ сабр қила олмаймиз. Уни тийиб олмасанг, у билан ҳам, сен билан ҳам охиригача олишамиз. Икки томондан бири ҳалок бўлмагунича тек қўймаймиз», дедилар.

Бу гаплар Абу Толибга қаттиқ таъсир қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, чақиртириб келди ва:

«Эй жияним! Қавминг олдимга келиб, бундоқ, бундоқ, дедилар. Ўзингга ҳам, менга ҳам раҳм қил. Менга тоқатимдан ташқари ишни юклама», деди. Шунда Расул алайҳиссалом:

«Эй амаки! Аллоҳга қасамки, агар шу ишни тарк қилишим учун қуёшни ўнг томонимга, ойни чап томонимга олиб келиб қўйсалар ҳам, Аллоҳ уни зоҳир (олий) қилмагунича ёки унинг йўлида ҳалок бўлгунимча уни тарк қилмайман», дедилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапларни айтиб туриб, йиғлаб юбордилар ва ўринларидан туриб, чиқиб кета бошладилар. У зот кетаётганларида Абу Толиб:

«Жиян, бу ёққа кел!» деб қолди. 

У зот қайтиб келганларида Абу Толиб:

«Эй жиян! Нимани хоҳласанг, гапиравер. Сени ҳеч қачон ҳеч кимга топшириб қўймайман», деди. 

У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ҳимоясида бўлишларига қатъий қарор қилди. Арабларнинг одатлари бўйича, улардан бири бировни ўз ҳимоясида эканлигини эълон қилса, бошқалари ўша ҳимоядаги одамга тега олмас эди. Шу одатга биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Абу Толибнинг ҳимояси жуда қўл келди. У ўзи Исломни қабул қилмаган бўлса ҳам, Ислом пайғамбарини ҳимоя қилар эди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дин бизнинг сулукимизда кўриниши лозим. Одамлар диндор ўқитувчи билан диндан узоқ ўқитувчининг фарқига боришлари керак.Одамлар диндор савдогар билан диндан узоқ давоми...

3225 11:17 / 04.02.2022
Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта давоми...

4348 17:34 / 05.05.2018
1. .Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар,. Духон сураси, 39оят.Илм ва маърифатга молик эмаслар.2. .Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра давоми...

2283 10:39 / 10.03.2022
Кўпчилигимиз эртаю кеч дуо қилишимизга қарамай, нега Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилмаяпти Ваҳоланки, саййидимиз Юнус алайҳиссалом ҳутнинг қорнида туриб дуо давоми...

75155 09:28 / 03.07.2018
Аудиолар

210932 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130190 14:35 / 11.08.2021