1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Мусулмонларнинг азобланиши

20:51 / 19.12.2017 3687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аммо ҳамма мусулмонлар ҳам ҳимоя остида эмас эдилар. Айниқса, заифҳол мусулмонлар ўта ҳимоясиз эдилар. Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ана шундай ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни динидан қайтариш мақсадида турли азобларга дучор қила бошладилар.

Макка кофирлари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солдилар. Кофирларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб, яна кофир қилиш эди.

Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар.

Мушриклар Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни турли йўллар билан азобладилар. Улар у кишини шиддатли иссиқ пайтида чалқанча ётқизиб, кўксиларига кун иссиғида қизиб турган оғир харсанг тошлар қўйиб, ё диндан қайтишни ёки шу ҳолатда ўлиб кетишни таклиф этдилар. Ҳазрати Билол эса «Аҳад, Аҳад» деган сўзларни такрорлар эдилар, холос.

Шунингдек, бошқа мусулмонлар ҳам қаттиқ қийноқларга чидадилар.

Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ясир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумайя розияллоҳу анҳони ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумайя розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ясир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар.

Бу икки улуғ инсон – эр-хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди ва мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар.

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам йиғлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган ишларни айтиб:

«Энди нима бўлади?» деб сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Қалбингни қандай сезмоқдасан?» дедилар.

Аммор розияллоҳу анҳу:

«Иймонга оромли», деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар улар такрорласалар, сен ҳам такрорлагин», дедилар.

Мусъаб ибн Умайр Макканинг энг гўзал ва энг эрка йигити эди. Ота-онаси уни яхши кўрар ва у билан фахрланар эдилар. Унинг онаси жуда ҳам бой аёл эди. У ўғли Мусъабга энг яхши кийимларни сотиб олиб берарди. Мусъаб юрган жойдан атир ҳиди келиб турар эди. Қисқасини айтадиган бўлсак, Маккада Мусъаб ибн Умайрга ўхшаш эрка ва нозу неъматга кўмилган эркатой йигит йўқ эди.

Ана шу йигит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Арқам ибн Абу Арқамнинг уйида одамларни Исломга даъват қилаётганлари ҳақида эшитиб қолди. Ҳеч кимга билдирмай, ўша ерга кириб борди ва Исломга кирди. Аммо қавмидан, хусусан, онасидан қўрқиб, иймонини беркитди.

Кунлардан бир кун Усмон ибн Толҳа Мусъабнинг намоз ўқиётганини кўриб қолди. У дарҳол бу хабарни Мусъабнинг қавмига ва онасига етказди. Мусъабнинг онаси забардаст хотин бўлиб, ундан эркаклар ҳам ҳайиқар эди. Ана шу забардаст аёл ўзининг эркатой ўғли мусулмон бўлганига чидай олмади. Уни қамаб қўйди ва ҳамма нарсадан маҳрум қилди. Қамоқ қийноқлари ва маҳрумлик азобларини бошидан ўтказган Мусъабни кўрган одам йиғлаб юборар эди. Лекин у ҳамма қийноқларга бардош берди ва Исломнинг мўъжизаларидан бирига айланди.

Усмон ибн Мазъун, Усмон ибн Аффон, Хаббоб ибн Артт каби бошқа мусулмонларга нисбатан ҳам мушриклар турли азоб чораларини қўлладилар. Мусулмонлар эса бу азобларни мардонаворлик ила енгар эдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг кунларда бошқа, янада оддий рибонинг таснифлари кенг тарқалган ссуда рибоси рибо алдуйун ва савдо рибоси рибо албуйу.Ссуда рибоси насия рибосининг икки давоми...

3648 11:00 / 21.11.2021
Сиз расмда кўриб турган ҳолат Марокаш давлатида бўлиб, у ерда Қуръонни ёдлаган қориларни мана шундай икром қилишар экан. Қуръони Каримни ўқувчилар, ёд олувчилар, давоми...

1252 09:00 / 04.05.2023
Жунуб ҳолатда, яъни ғусл вожиб бўлган ҳолатда азон ва иқомат айтиш макруҳи тахримийдир. Агар бирор киши жунуб ҳолатда азон айтса, иккинчи маротаба азон айтиш давоми...

3132 14:00 / 03 март
Ўтган сатрларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали Мадинаи Мунавварага етиб келмай туриб, Қубо масжидини қурганликлари, етиб келгандан кейин эса давоми...

4309 19:06 / 12.01.2018