1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Жаноби... Воқелик

15:20 / 17.11.2017 4845 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи қисм. ТАРИХ

Ислом тарихига назар ташлаб қуйидаги мулоҳазага келамиз – қачонки уммат қийин аҳволга тушиб, нима қилишини билмай қолганда, Аллоҳ таолонинг инояти ила кимдандир ақлли фикр чиқадию, ишлар яна юришиб кетади.

«У қандай фикр бўладики, бутун умматнинг ишларини юриштириб юборадиган?» деган ўринли савол туғилади.

Мисоллардан бири ваҳдатул вужуд деган таълимот билан боғлиқ. Ўшанда баъзи кишиларнинг саъй-ҳаракати билан дунёга келган бу таълимот ўз жозибаси ила мусулмонларни ром қилиб, кенг ёйилиб кетган,кейин эса аччиқ меваларини бериб, буюк фасодга сабаб бўлган экан. Вақти-соати келганда Аллоҳ таолонинг раҳмати ўлароқ Имом Раббоний бир оғиз гап айтиб, ҳолатни муолажа этган эканлар...(Бу тўғрида тўлиқроқ маълумот ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобида бор).

Баъзан эса умматнинг қийин ҳолатда қолишининг сабаби – ВАЗИЯТНИ ҲИСОБГА ОЛМАСЛИК бўлган экан. Янги вазиятга янгича ёндашиш кераклиги эътиборга олинмаган, бунинг натижасида эса муаммолардан иборат бир тўсиқ – деворга дуч келиниб, уммат ривож йўлидан тўхтаб, бошига улкан муаммолар тушган пайтлар бўлган экан. Аммо бир ёки икки олим вазиятга тўғри баҳо бериши туфайли ишлар яна юришган экан.

Масалан. Асри саодатда ақийдавий масалалар муҳокама этилмаган. Юксак фаросат эгалари сифатида ул авлод бундай муҳокамалардан устун бўлиб, уларга эҳтиёж сезмаган, битта-иккита чиққан бидъатчиларга эса ўз вақтида одоб берилиб, фасод чиқаришларига йўл қўйилмаган экан.

Аммо, Ислом давлати кенгайиб кетган даврда ҳолат ўзгариб, аввалги усуллар ила бидъатга барҳам беришнинг имкони топилмай, баъзи бидъат тўқиганларнинг оғзини ёпиш билан муаммо ҳал бўлмай қолган экан. Зеро,ўшанда ақийда мавзусида савол бермайдиган одамнинг ўзи қолмаганди дейишади тарихдан хабардор олимлар. Битта нарса ҳақида мингта тушунча пайдо бўлиб, тўғри ақида йўқ бўлиб кетиши, уммат жарга қулаши хавфи юзага келган.

Шундай пайтда Аллоҳ таолонинг тавфиқи ила баъзи олимлар вазиятни тўғри баҳолаб, «энди ақийдавий саволларга жавоб бериш керак», деган хулосага келган. Ул олимларнинг ёндашувларида ўзгариш содир бўлиб, аввалгиларнинг йўлидан воз кечиб, ҳолат ўзгарганлигининг эътиборини қилиш лозимлиги тушунилган. Яъники, ВОҚЕЛИК эътиборга олинган экан. Имом Ашъарий, имом Мотурудий каби кишилар шу тариқа саҳнага чиқиб, ҳар бир савол остига қўйилган ақийдавий масалага имкон қадар изоҳ беришга киришганлар. Бундай жонбозликнинг маҳсули ўлароқ соф ақида таҳдидлардан ҳимоя этилиб, омон қолган. Булар тарихдан мисоллар эди.

Ҳар бир янги юзага келган вазиятнинг

  • милионлаб тафсилоти бор;
  • айнан ўша тафсилотлар янги ҳолатнинг ўзига хослигини белгилайди;
  • ва айнан ўша тафсилотларнинг эътиборини қилиш воқелик билан «дўстона» муносабатда бўлиш учун асосдир.
  • Ҳозирда жамиятимиз таркиби жуда мураккаб бўлиб,турфа фикр ва тушунчали инсонлардан таркиб топган.
  • Жамиятимиз манзараси аввалги асрлардан фарқли бўлиб, ҳатто бир дин доирасида ҳам турли қарашларга эга гуруҳлар мавжуд.
  • Дунёни тўғри англаш масаласида аҳолининг катта қисмини жоҳилият даврига қиёслаш мумкин.

Воқеликнинг эътиборини қилмаслик эса кўплаб балоларга сабаб бўлар экан.Нега?

Иккинчи қисм. АҚЛ УВОЛИ

Ҳазрати Инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларнинг қалбдан кейинги аълоси ақл эканлиги маълум ҳақиқат.Инсон дейилмиш зотнинг ХОС белгиси ҳам шу – ақл.

Ақлий фаолият йўналтирилиши керак бўлган жисм эса айнан атроф воқеликдир.

Эскиси кетиб, янгиси келиши асносида жаноби воқелик ақл неъмати ила сийланган жаноби одам олдига ўз қатъий талабини қўяди – ақлни ишлатиш.

Янада теранроқ фикрлаш қасди бизни янада мазмундор маънога етаклайди: бир воқелик ўзгасига алмашишининг олий ҳикматларидан бири балки айнан шудир –ақл неъмати берилганлар устига мазкур неъмат юзасидан келган имтиҳондир?..

Қуръони Каримда такрор-такрор келадиган «ақл ишлатмайсизларми?!» чақириғи тафаккур қилиш инсоннинг фундаментал вазифаси эканлигини яққол билдириб турибди. Инсонни ўраб турган воқеликнинг ўзгариши эса бундай масъулият ва вазифанинг аҳамиятини геометрик прогрессияда юксалишини тақозо қилади десак, муболаға бўлмайди.

Чунки турғун воқелик ичра яшаб келаётган инсон учун атроф ҳолат ногаҳон ўзгариб қолишининг ўзи унинг онгига тўғридан тўғри йўналтирилган, ишораларга тўла АХБОРОТ ОҚИМИДИР.

Дунёда ҳеч бир нарса беҳикмат эмаслиги ҳақиқатини билувчи аҳли иймон бундай вазиятда бошқалардан шаксиз устундир. Зеро, ўзгарган воқеликни аҳли иймон имтиҳон деб билмоғига комил асоси бордир.

Учинчи қисм. ЯНГИ МЕҲМОН

Юз тутиб турган ҳолатимиз ҳам ўзгарган, янги воқеликка мисолдир.

Тарих ўгитларидан тўғри хулоса чиқариб, эндиликда баъзи нарсаларга янги, ҲАЛИ УЧРАМАГАН РАКУРСДА нигоҳ ташламоқ кераклигини мулоҳаза қилишимиз керак.

Эътиборли нуқталар:

Бу ҳақиқат мусулмон зиёлилари олдига ўзига хос вазифаларни қўяди. Ўша, имом Ашъарий, имом Мотурудий каби зотлар дуч келган вазият бугунда яна такрорланиб, қалб ва ақлимиз олдига ўз шартларини қўймоқда.

Ҳозирда ҳам бир-икки кишининг«оғзини ёпиб», умумий ҳолатни ислоҳ этишнинг имкони йўқ. Буни тан олмоқ зарур. «Сен гапирма, сен жим тур» каби чиқишлар, «ёпиқ қозонни ёпиқлигича қолдиришга»уринишлар бесамар кетади, зеро бу усуллар ўз замонасига хос эди.

Ўзимизнинг замонамиз билан уйғун муносабатда бўлишимиз учун ул жанобнинг – воқеликнинг – эътиборини қилмоғимиз лозим.

Умумий мувозанатни андишага, «имомларни ҳурмат қилиш»га чақириш ила сақлашнинг имкони бўлмай қолган даврни бошимиздан кечиряпмиз. Эндиликда ҳурмат-эъзозни ҳар шахснинг ўзи хос ўзининг уринишлари эвазига қозониши шарт бўлмоқда. Зеро, аввал айтганимиздек, жамият таркиби ўта ранг-баранг бўлиб, шахсиятларнинг бир тоифаси албатта бундай чақириқларга кўнмаслиги,тафтишни, ошкораликни талаб қилмоғининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Воқеликнинг бундан хусусиятини қабул этиб, тегишли хулоса чиқариш ҳолатни ислоҳ этишга, чигалларни ечишга хизмат қилган бўларди.

Фозил мусулмон кишилар ҳолатни чуқур таҳлил этиб, аҳли мусулмон ўрнак назари билан қарайдиган мақомдаги кишиларнинг шахсий масъулияти ҳақида алоҳида урғу ила сўз айтишлари керак бўляпти.Бошқача қилиб айтганда, шахсий масъулиятни трендга айлантириш вақти келди. Зеро, ошкораликнинг, шаффофликнинг олдинги сафида, авангардида аҳли мусулмон бўлиши айни муддао ва айни адолатдир.Ўрнак бўлишга аҳли мусулмондан бошқа ким лойиқроқ?! Ошкоралик танқислигидан азият еб келган жамият эндигина ошкораликка қайтаётган пайтда аҳли ибодат пешқадам бўлмаса, ким бўлади?!

Ахборот алмашиш ва хабарларнинг тарқалиши шиддати мислсиз даражага етган мазкур воқелигимиз мувозанат сақлашнинг эски усулларини бесамар қилиб қўймоқда.Омманинг кўз ўнгида бўлган ҳар бир дин аҳлининг масъулият даражасини юқорилаб қўйган бу янги воқелик янги талабларни олдимизга қўймоқда.Айтиш мумкинки, имом аҳли учун махсус кодекс ишлаб чиқилиши ўша талаблардан биридир (Бу кодексга амал қилмаганлар тор доирада итоб қилиниши имом аҳлининг муҳокамаси омманинг кўз ўнгида бўлмаслигини таъминлайди).

Диний шахсиятларга, идора ва ташкилотларга нисбатан ахборот воситалари орқали қилинадиган даъволарга ўша ахборот воситалари орқали ўз вақтида изоҳ ва раддиялар бериш одат тусига кириши лозим. Шу билан бирга, бундай раддияларни эҳтироссиз, юқори савия ва босиқлик билан беришни йўлга қўймоқ лозим. Бу ҳам замон талаби.

Илмий раддияларни бериш қоидалари ҳам ишлаб чиқилмоғи лозим. Зеро, илмий раддия илмий қоидага мувофиқ бўлмаса, фойдага хизмат қилиши мушкуллиги билиниб қолди. Илмнинг ҳайбати жорий бўлмоғи учун олимнинг салобати кераклиги ошкор бўлиб турибди. Ҳайбатга путур етиши эса илмсизликнинг журъатига озуқа бўлиши аён.

Янги воқелик ўзининг барча тафсилотлари ила борлиғимизни забт этяпти ва унинг йўлини тўсувчи йўқдир. Бирдан бир йўл ул жаноб – янги воқеликнинг эътиборини қилмоқ, бунинг уддасидан чиқмоқдир.


Муҳаммад ШАКУР

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг Албидая ванниҳая китобида, Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг Тариху Димашқ китобида, Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг Сифатус давоми...

1410 09:00 / 11.07.2023
.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик қилувчи ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган давоми...

21391 20:19 / 10.05.2018
Ислом тарихи мобайнида мусулмонлар нуфусининг ортиши ҳамда замон тақозоси сабаб икки ҳарам ndash Масжиди Ҳаром ва Масжиди Набавий ҳудудида вақтивақти билан давоми...

1592 16:13 / 03.11.2023
Илмнинг даражаси буюк. Одамлар ризқ келишига сабаб бўлувчи илмларни орзу қилишади. Лекин адаштирмайдиган, ҳалолҳаромни ўргатадиган илмгина ибодатнинг асли давоми...

4269 21:39 / 19.05.2017